close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Британия мультикультурализм моделининг муваффақиятлари

Ўтган асрнинг 60- ва 70-йилларида ирқий ва синфий белгилар орасида чамбарчас боғлиқлик бўлган. Муҳожирлар ирқи бўйича «ўзгача» ва синфи бўйича «паст» бўлган, уларнинг талаблари эса биринчи навбатда уларга ижтимоий ҳуқуқлар тақдим этишдан иборат бўлган.

Бироқ Берлин девори қулагани ва совуқ уруш тугаганидан сўнг эса бошлаган глобаллашув шамоли тез орада ҳукмрон мафкурага айланди, бу эса қайсидир жиҳатдан ўзига хосликка даъволар ва айнан ўхшашлик низоларига сабаб бўлди. Кўпчилик учун маданият, тил ва дин айнан ўхшашликнинг асосига айланди. Мунозаралар фақат ижтимоий масалалар доирасидан ташқарига чиқди ва энди муҳожирларнинг туб жойли британ халқи билан тенг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашга бўлган талаблари билан чегараланиб қолмади. Этник озчиликларнинг маданий, тилга оид ва диний ҳуқуқлари кафолатланишини талаб қиладиган овозлар тобора баландроқ янграй бошлади.
Шундай қилиб, мультикультурализм ижтимоий лойиҳадан маданий лойиҳага айланди: озчиликка мансуб бўлган одам фақат ўзининг маданий жиҳатдан фарқланиб туришини ҳамда бундай ўзгачаликнинг ифода этиши ижтимоий ва сиёсий жиҳатлардан мақбул эканлигини билган ҳолдагина ўзини британиялик деб ҳис қила олади. Бирлашган Қиролликнинг омади бор экан: бундай сиёсат британ жамиятида плюрализм руҳининг шаклланишига ўз ҳиссасини қўшди.
Масалан, Британия чегара полициясида сикҳча салла кийган офицерни кўриб ҳайрон қолмаслик керак: бу моҳиятан, маданият плюрализмининг расмий тан олиниши ҳисобланади. Бу шахс масъулиятли постда хизмат қилади ва бу ерга келадиган одамлар нигоҳида Британия жамияти ҳақида биринчи таассурот уйғотади. Бироқ давлат бу шахсни барча учун дин рамзларини тақиқлаш тенг ҳуқуқлилик ғоясига хизмат қилиши баҳонаси остида унинг озчиликка мансуб эканлигини акс эттирадиган кийим-бош кийиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Британия моделининг муваффақияти ҳам мана шунда. Ўйлайманки, у Бирлашган Қиролликда мультикультурализм сиёсати турли маданиятлар ўртасидаги тафовутларни ҳисобга олиши ва уларнинг низога айланиб кетишига йўл қўймаслигига асосланади. Бу эса, ўз навбатида, Британия жамияти «жамиятлар жамияти» (une communauté des communautés). Ҳисобланиши сабабли ўринга эга бўлиши мумкин.
Британия мультикультурализм модели «тан олиш сиёсати»га асосланадиган Канада модели каби муваффақиятли эмаслиги ҳам тўғри, бироқ унинг ижобий жиҳатлари маданиятлар ўртасидаги тафовутлар ошкора низо ва тўқнашувларга айланиб кетган ёки айланаёзган француз модели билан таққослаганда устун эканлиги яққол кўриниб турибди. Францияда иш улардан бири айнан эркинлик саналган республика қадриятларини ҳимоя қилиш баҳонасида шахсий эркинликка тажовузгача (буркини муаммоси[1]) бориб етди. Шундай қилиб, ўйлаб чиқилмаган плюрализм сиёсати озодлик учун эркинликларнинг бузилишига олиб келади ва уларни ҳимоя қилиш учун миллий қадриятларга зарар етказади.
Бу жиҳат ғарб мамлакатларида мультикультурализм моделлари ўртасидаги фарқни яна бир бор кўрсатади. Француз ҳуқуқ-тартибот ҳимоячилари мусулмон хотин-қизлардан Ниццадаги пляжда, шахсий эркинликларнинг қўпол бузилиши тарзида, ёпинчиғини ечишни талаб қилаётган бир пайтда Канада ҳукумати федерал полицияда хизмат қиладиган мусулмон хотин-қизларга агар улар шуни истасалар, ишда ҳам ҳижобга рухсат бериш ҳақида қарор қабул қилмоқда!
Эслатиб ўтамизки, бу рухсат Канада мусулмонлар озчилигининг талабига жавобан эмас, балки мамлакатда плюрализм йўналишининг асосий шиори саналган «тан олиш сиёсати»га мувофиқ, мусулмон хотин-қизларни федерал полиция сафига жалб қилиш бўйича кампания доирасида қабул қилинди. Ушбу сиёсат Канада маданиятининг Чарльз Тейлор[2] каби энг ёрқин вакиллари томонидан ишлаб чиқилган ва бош вазир Пьер Трюдо томонидан расмий йўналиш сифатида қабул қилинган. У 1971 йил қабул қилган қарорга кўра, мультикультурализм фуқароларнинг маданиятга оид эркинликларини ҳимоя қиладиган ҳамда Канада жамияти умумий айнан ўхшашлигида бор хилма-хилликлар билан озчиликлар маданий ҳиссасини тан оладиган ҳукуматнинг расмий сиёсати ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, бу қарор қабул қилган ҳукумат бошлиғи ҳозирги бош вазир Джастин Трюдонинг отасидир.
--------------------------------------
[1] Буркини - ливанлик дизайнер Ахеда Занетти томонидан ишлаб чиқилган мусулмон хотин-қизлар учун чўмилиш кийими. 2016 йил Франциянинг бир қатор курорт шаҳарларида буркини тақиқланган. Буркини кийган аёллар 38 евро миқдорида маъмурий жазога тортилган. Бош вазир Мануэль Вальс буркини Француз республикаси қадриятларига зид келади деб эълон қилган. Мусулмон хотин-қизлар чўмилиш кийимига нисбатан қарши позицияни собиқ президент Николя Саркози ҳам қўллаб-қувватлаган. Ўз навбатида, Франции Давлат кенгаши буркини кийишнинг тақиқланишини инсон ҳуқуқларининг бузилиши сифатида баҳолаган ва коммуналардан бирида бу тақиқни бекор қилган. Лекин шунга қарамай, 2017 йил Марсель Апелляция суди муниципал пляжларда буркинининг тақиқланиши ҳақидаги қарорни қонуний деб тан олган.
[2] Чарльз Маргрейв Тейлор (1931 йил туғилган) – канадалик файласуф, сиёсий ва ижтимоий фалсафа, фалсафа тарихи бўйича қатор асарлар муаллифи. Ер Хартияси – XXI асрда адолатли, барқарор ва тинч глобал жамият яратиш учун асосий тамойиллар ва қадриятлар халқаро декларацияси яратига сезиларли ҳисса қўшган.

Профессор Муҳаммад Бишарий, Мусулмонлар умматлари Бутунжаҳон конгресси бош котиби
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase