close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Заиф ҳадисга амал қилишни мутлақо рад этганлар ва уларнинг қарашлари

Заиф ҳадисга мутлақо амал қилинмайди, деган фикр нисбат берилган уламолар

Бу фикр нисбат берилган уламоларни икки гуруҳга ажратамиз.
Биринчиси - бу фикр очиқ-ойдин гап билан далил келтириб, нисбат берилган уламолар.
Иккинчиси - очиқ-ойдин бўлмаган, эҳтимолли гап билан бу фикр нисбат берилган уламолар.
Аллоҳ таолонинг ёрдами ила биринчи масала остида ушбу фикр нисбат берилган уламоларнинг исмларини келтираман ва кейин иккинчи масала остида уларнинг сўзларига жавоб бераман. Иккинчи масалада уларнинг далиллари ҳақида, иккинчи мавзуда эса бу нисбатнинг нотўғрилиги ҳақида сўз юритаман.
Бу фикр бир неча уламоларга нисбат берилган. Аллома Жамолиддин Қосимий «Қоваидут-тахдис»да бу фикрни Ибн Маъин, Ибнул Арабий, Бухорий, Муслим ва Ибн Ҳазмларга нисбат берган.
Кавсарий ҳам «Заиф ҳадислар ҳақида» деган мақоласида бу мазҳабни зикр қилар экан, уни Бухорий, Муслим, Ибнул Арабий ва Ибн Ҳазмларга нисбат бериб, Абу Шома Мақдисий ва Шавконийларни ҳам қўшимча қилган. Шавконий Кавсарийнинг наздида ҳужжат эмас. Лекин Шавконийни ҳужжат ва асос деб билган бошқа бир ёзувчига Кавсарий рад қилаётиб, шу жумладан зикр қилиб кетган. Валлоҳу аълам.
Икки шайх - Қосимий ва Кавсарийлар бу мазҳабни мазкур имомлардан нақл қилишларига қарамай, мавзунинг хулосасидаги сўзларидан аён бўладики, ўзлари маълум шартлар асосида заиф ҳадисга амал қилишни жоиз деб биладилар.
Сўнг шайх Носир Албоний келиб, «Заиф ва мавзуъ ҳадислар силсиласи» номли китобининг муқаддимасида «Бу Бухорий, Аҳмад, Ибн Маъин ва Абу Ҳотимларнинг мазҳаби», деган. Шундай қилиб, у юқоридаги етти кишига Аҳмад ва Абу Ҳотимларни қўшган ва жами тўққизта бўлган.
Замондош изланувчилардан бири заиф ҳадис ҳақида алоҳида китоб ёзиб, бу тўққиз кишига Ҳофиз Яҳё ибн Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий (ваф. ҳ. 267 сана), Абу Зуръа, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Ҳиббон, Абу Сулаймон Хаттобий, Ибн Таймия, Даввоний, Сиддиқ Ҳасанхон, Аҳмад Муҳаммад Шокир ва Албонийларни қўшган. Булар мутақаддим ва мутааххир, муҳаддису ғайри муҳаддис, аввал ўтгану кейин ўтган уламолардан иборат яна ўн кишидир.
Буларнинг қаторига шайх Муҳаммад Тоҳир Жазоирийнинг сўзини ҳам қўшишимиз мумкин. Шу тариқа улар йигирмата олим бўлади. Аллоҳ улардан ва барча олимлардан рози бўлсин!
Бунга айтадиган мужмал ва тез жавоб шуки, ҳали, иншааллоҳ, батафсил жавоб келади, бу фанда иқтидо қилинадиган бирон имомдан заиф ҳадисга мутлақо амал қилинмайди, деган гап йўқ ва бўлмайди ҳам. Исмлари зикр қилинган Ибн Маъин, Ибн Таймия ва у икковларининг орасидаги давр мобайнида яшаб, ижод қилган уламолар бу фанда иқтидо қилинадиган имомлардир. Лекин уларнинг биронтасидан бу масалада очиқ матн йўқ. Улардан нақл қилингани эса тамоман бунинг акси. Энди улардан кейин яшаб, ижод қилганларнинг масаласи бошқа.
Мен ёки бошқа бир одам бу мазҳабни илгари сурадиган замондошларнинг сўзларини излаб, текшириб чиқса, исми «заиф ҳадисга амал қилиш жоиз», дейдиган Ислом имомларининг қаторида зикр қилинишидан уяладиган, хижолат қиладиганларнинг кўп эканини кўради. Улар «жоиз эмас», деб очиқ айтадилар ёки шу гапни айтадиганларни айблайдилар.

Муҳаммад Аввоманинг
"Заиф ҳадисга амал қилиш ҳукми" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Раддиялар
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase