close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳиндлар кутаётган охирги пайғамбар - Калки Аватар

Ҳинд профессори Ведапракаш Упадҳйай(Vedaprakash Upadhiai)нинг даъво қилишича, Ҳинд динининг муқаддас китобларида номи зикр қилинадиган «Аватар» сўзининг ифодаси муҳтарам Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга тўғри келар экан.

Аватар сўзи ҳинд мифологиясида Худонинг ердаги кўриниши деган маънони англатади. Ҳинд профессори буни ислом динидаги Пайғамбар тушунчасига мос тушишини исботлаб берди. Калки сўзи эса ҳинд мифологиясида сўнгги — энг катта аватарга нисбатан ишлатилади. Луғатда ёмонликни кетказувчи, тушунмовчиликка барҳам берувчи маъноларини англатувчи калки сўзи ҳозирги замон ҳинд тилида «кал ки» — «эртага рўй берадиган» деган маънони ҳам англатгани учун, замонавий ҳиндлар эртанинг келишини кутиб ётишибди. «Калки Аватар» сўзининг мантиқий таржимаси — «тушунмовчиликларга барҳам берувчи охирги пайғамбар» дегани. (http://en.wikipedia.org/wiki/Kalki)

Яқинда Ҳиндистонда шунга далиллар келтирилган китоб нашр этилди. Бу китоб бутун мамлакат бўйлаб баҳс ва миш-мишларнинг асосий мавзуига айланди.

Агар китобнинг муаллифи мусулмон бўлганида, эҳтимол, ҳибсга олинган ва мусулмонлар томонидан таҳқирланган бўларди. Эҳтимол китобнинг барча нусхалари йўқ қилинган ва таъқиқлаб қўйилган бўларди. Ҳиндларнинг умидига айланган шахсни Муҳамад алайҳиссалом дейиш, мусулмон учун Ҳинд заминида яшашга имконият бермаслиги турган гап эди.

Ажабланарлиси, китоб муаллифи — пандит (олим) Ведапракаш Упадҳйай ўқимишли ва таниқли ҳинд профессори, Аллоҳобод университетининг изланувчан олими, келиб чиқиши жиҳатдан Бенгали сулоласи браҳмани. Китоб номи — «Калки Аватар».

Бир неча йиллик изланишларидан сўнг у шу китобни нашрдан чиқарди ва саккизтадан кам бўлмаган пандитлар ҳам бу далил юзасидан унинг қарашлари тўғри эканини расмий тарзда қўллаб-қувватлашди, тасдиқ этишди. Ҳинд эътиқодига кўра, бугунги Ҳиндистон Калки Аватар номли «йўлбошчи ва ҳидоят пешвоси»ни кутиб яшамоқда. Бироқ, Ҳинд битикларидаги ифода фақат Арабистонда яшаб ўтган Муҳаммад алайҳиссаломгагина тўғри келар экан, холос. Демакки, бутун оламдаги ҳиндлар учун энди Калки Аватар деб аталмиш шахснинг келишини кутишидан маъно қолмаган. пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломни Калки Аватар дея иқрор бўлишса, яхши бўлади!

Қуйида бошқа саккизта пандитлар томонидан текширилган ва маъқул деб топилган далиллар келтирилган. Муаллифнинг айтишича, ҳинд халқининг Калки Аватар келишини саросима билан кутaётгани шунчаки ўзларини тузалмас бир дардга мубтало қилишдан бошқа нарса эмас экан. Чунки бундай буюк элчи ўн тўрт аср олдин келиб, аллақачон бу дунёдан ўтиб ҳам кетди.

Муаллиф ўз даъвосининг тасдиғи сифатида ҳиндларнинг Ведас ва бошқа муқаддас китобларидан қуйидаги аҳамиятга молик далилларни тузиб чиқди:

1. Ҳинд битикларидан бири бўлмиш Пуранада айтилишича, Калки Аватар Аллоҳнинг сўнгги элчиси сифатида кўрсатилган. У бутун оламга ва инсониятга ҳидоят олиб келади, дейилган.
2. Ҳинд битикларидаги башоратга кўра, Калки Аватарнинг таваллуд топадиган манзил-макони бир оролга ва яна ҳинд битикларига кўра, Араб ўлкасига тўғри келар экан.
3. Ҳинд китобларида, Калки Аватар ота-онасининг исми эҳтиром ила ВИШНУБҲАГАТ ва СУМААНИ дея кўрсатилган. Агар биз бу исмларнинг маъносини кўриб чиқадиган бўлсак, жуда қизиқ хулосага келишимиз мумкин:
ВИШНУ (маъноси: Худо) БҲАГАТ (маъноси: қул) - Худонинг қули. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) оталарининг исми Абдуллоҳ ҳам Аллоҳнинг қули деган маънони англатади. СУМААНИ (маъноси: тинчлик, омонлик) Пайғамбар (с.а.в) оналарининг исми Оминага мос келади.
4. Ҳинд диний китобларида таъкидланишича, Калки Аватарнинг асосий емиши хурмо ва зайтун бўлади. У юртининг энг виждонли ва ҳақгўй кишиси сифатида ном таратади. Бизга маълумки, Муҳаммад (с.а.в) шундай фазилатлар соҳиби дея тавсифланганлар.
5. Ҳиндларнинг муқаддас китоби Ведасда келтирилишича, Калки Аватар олийнасаб қабилада таваллуд топар экан. Бу Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) мансуб бўлган қурайш қабиласига тамоман мос келади.
6. Яна айтилишича, Тангри бир ғорда ўзининг элчи (фаришта)си орқали Калки Аватарга таълим берар экан. Аллоҳ таоло Ҳиро ғорида ўзининг элчиси Жаброил алайҳиссалом орқали Муҳаммад алайҳиссаломга таълим берди.
7. Тангри Калки Аватарга миниш учун жуда учқур от бериб, бутун оламни ва етти осмонни сайр қилдирар экан. Бу Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) етти қават осмонни сайр қилган Меърож кечаси ва дулдул от Буроқнинг таърифидир.
8. Тангри Калки Аватарга илоҳий кўмак ато этар экан. Бу айнан Уҳуд жангида ўз исботини топди.
9. Калки Аватар ҳақида бошқа бир ҳайратланарли тафсилот — у ойнинг ўн иккинчи кунида таваллуд топиши айтилган экан. Бу шунга далолат қиладики, Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) ҳижрий Робиъул-аввал ойининг ўн иккинчи санасида таваллуд топганлар.
10. Калки Аватар моҳир чавандоз ва қиличбоз бўлади, дейилган экан. Шу ўринда муаллиф ҳиндларнинг диққатини бир нарсага жалб қилмоқчи бўладики, ҳозир отлар ва қиличлар даври ўтган, ҳозирги давр тараққий этган қурол-яроғлар даври. Демакки, ҳали ҳам моҳир чавандоз ва қиличбоз Калки Аватарнинг келишини кутиш аҳмоқликдан бошқа нарса эмас экан.

Дарҳақиқат, Калки Аватарга таъриф берилган фазилатлар ва аломатлар илоҳий китоб — Қуръони каримда Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга берилган таърифларга айнан мос келади.

Муаллиф ўзининг Калки Аватар ҳақиқатан айнан Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) эканлари ҳақида кўплаб далилларни келтирганки, энди Калки Аватарнинг келишини кутаётганлар вақтни бефойда кўкка совураётган бўлиб чиқишади! Ҳозир бу ҳодиса Ҳинд халқини берк кўчага қамаб қўйган, десак, муболаға ишлатмаган бўламиз.

Фахриддин Раҳматов тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Раддиялар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase