«(Иблис) айтди: «Эй, Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман» (Ҳижр, 39).
Олимлардан бири айтади: «Ақлни сеҳрлашга ҳаракат қилиш шайтоннинг-доимий ҳийлаларидан биридир. Аллоҳ хоҳлаган кишиларгина шайтон сеҳридан саломат бўлади. У зарарли амалларни шундай зийнатлайдики, инсон бу амални одатларнинг энг фойдалиси деб хаёл қилади. Фойдали амалдан, аксинча, нафратланади, уни зарарли деб ўйлайди. Аллохдан ўзга илоҳ йўқ! Қанча-қанча инсонлар шу сеҳр билан фитнага солинди!
Шайтон ҳақни ўзича бемаъни нарсага чиқарди! Қанча-қанча сохта шуҳратпарастлар танқидчилар устидан ғалаба қозонди! Қанча-қанча сохта нарсалар орифлар зарарига муомалага киритилди».
Шайтон ақл эгаларини сеҳрлади. Уларни залолат йўлига бошлади. Ким шайтон йўлини тутса, ҳалокатга учрайди. Шайтон уларга куфр, фисқ ва осийлик билан бирга жаннатни ваъда қилади. Уларга ширкни улуғ суратда кўрсатади. Инсонлар орасида ўзаро муҳаббатни йўққа чиқариш учун амри-маъруф ва наҳйи-мункарни зое қилади. Агар халқ Аллоҳнинг ушбу қавлига амал қилса, чиройли бўлади:
«Эй имон келтирганлар! Ўзингизга қарангиз! Модомики, ҳидоят топган экансиз, адашганларнинг сизларга зарари йўқ» (Моида сураси, 105-оят).
Расулуллоҳ алайҳиссаломдан келган нарсани тан олмаслик, тақлиддан юз ўгириш ва ўзбошимчалик, кишининг сўзи билан кифояланиш ва мунофиқлик қилиш бандани йўлдан оздиради.
Воҳид Абдусалом Балийнинг
"Жин ва Шайтондан сақланиш йўллари" китобидан