close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Байден Исроилда, Иорданияга бормайдиган бўлди (кечаги жиноятларидан сўнг)

  • Чоршанба, Окт 18 2023
  • Муаллиф 

Америка раҳбари Жо Байден Исроилга йўл олар экан, Ғазода касалхона портлатилган. Юзлаб инсонларни ўлдирган бу воқеа Вашингтоннинг Исроилни шартсиз қувватлашига нисбатан қаршиликни кучайтирган.

Америка раҳбари Жо Байден Исроилга йўл олар экан, Ғазода касалхона портлатилган. Юзлаб инсонларни ўлдирган бу воқеа Вашингтоннинг Исроилни шартсиз қувватлашига нисбатан қаршиликни кучайтирган.
Портлаш кетидан араб лидерлар Иорданияда Байден билан учрашувни бекор қилган.
ХАМАСга кўра, касалхонага бомбаларни Исроил ташлаган. Фаластинликлар яҳудий давлатларни уларни қириб ташлашга бел боғлаганликда айбламоқда. ХАМАС Исроилни террорист ва фашист, дея қораламоқда.
Фаластин раҳбариятининг билдиришича, камида 500 одам нобуд бўлган, кўпи болалар, аёллар ва кексалар.
Исроил қуролли кучларига кўра эса уларнинг портлашга алоқаси йўқ, Касалхонага Фаластиннинг Исломий Жиҳод гуруҳи ракеталари тушган, дея билдирмоқда Тев-Авив. Исломий Жиҳод буни инкор этмоқда.
Президент Байден Тел-Авивдан кейин Иорданияга ўтиб, қироллик ва Миср раҳбарлари билан гаплашишни режалаган эди. Учрашувда Фаластин лидери Маҳмуд Аббос ҳам кутилаётган эди.
Фаластиннинг БМТдаги вакили Риёд Мансур дейдики, Америка президенти "сулҳ хабари билан борсагина, у билан мулоқот қилишга арзийди".
Оқ уйга кўра, Байден Иордания қироли Абдулла ва Фаластин раҳбари Аббос билан маслаҳатлашиб, музокарани қолдирган. Миср томон ҳам буни маъқуллаган.
“Президент бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлгани юзасидан ҳамдардлик билдириб, жароҳатланларга шифо тилайди", - дейилади АҚШ баёнотида.
Президент Байден араб лидерлар билан мунтазам алоқада эканини айтиб, вазият бағоят танг эканини тан олган.
Исроил Ғазодаги портлаш унинг иши эмаслигини таъкидлар экан, Вашингтон унга ишонишини билдирмоқда.
Оқ уй яҳудий давлат Ғазони ўққа тутаётгани халқаро қонунларни бузиш эмас, ўз ҳимояси йўлидаги ҳаракат деб билади.
Америка назарида ХАМАС террорист ташкилотдир ва уни ер тишлатиш керак.
Байден маъмурияти Исроил Ғазога бостириб киришига қарши ва инсонпарварлик ёрдами учун йўлларни очишга ундамоқда.
Европа Иттифоқи назарида Исроил Ғазони сув, овқат ва энергиядан узганини халқаро қонунларга зиддир.
Рамаллоҳда Исроилга қарши намойишлар авжида. Аҳоли Президент Аббосдан халқи ҳимояси учун чора кўришни талаб қилмоқда.
Ливан, Эрон, Туркия ва жаҳон бўйлаб ҳам норозилик чиқишлар тинмаяпти.
ХАМАС 7-октабр куни Исроилнинг 1400 фуқаросини ўлдирганидан бери Яқин Шарқдаги азалий бу можаро кескинлашиб, қарийб 3000 фаластинлик ҳалок бўлган, жароҳатланганлар 13 мингга яқин.
БМТ Хавфсизлик кенгаши масала юзасидан тарқоқ, ҳануз бирор қарорга кела олмаган.
Президент Байден Исроилга сафари чоғида бу давлатнинг ХАМАСга қарши чоралари билан яқиндан танишиб, бегуноҳ ва тинч аҳоли ҳаётини эҳтиёт қилишга ундайди, шунингдек, гуманитар вазиятни яхшилаш учун зарур қадамлар муҳокама қилинади, дейди Давлат котиби Энтони Блинкен.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Янгиликлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase