Ҳозирги замон инсон ҳуқуқлари васиқа ва ҳужжатларида ҳар бир инсоннинг таълим олиш ҳақига алоҳида эътибор берилган. Ўша ҳужжатларнинг кўпларида бошланғич ва асосий таълим бепул бўлиши зарурлиги, шу билан бирга бошланғич таълим мажбурий бўлиши кўрсатилган. Олий таълимнинг йўллари осонлаштирилиши лозимлиги ва иқтидорга қараб ҳаммага бир хил шароит яратилиши кераклиги уқтирилган. Ушбу ҳужжатлар билан Ислом таълимоти ва тарихидан хабардор одам танишса, бу-Ислом дини ўн беш аср олдин илгари сурган ғоянинг ўзику, дейиши турган гап.
Аллоҳ таоло Ўзи билган ҳикматга кўра, илмни Ислом динининг мўъжизаларидан бири қилди. Дунё халқлари ичида ўқиш ёзишни энг кам биладиган миллат ичидан, онадан туғилган бўйича ўқиш-ёзишни ўрганмай юрган шахс, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бу динга пайғамбар қилиб танлади.
Шу билан бирга Исломни илмга асосланган ақийда ва тузум қилиб қўйди. Оқибатда, ўқиш ёзишни билмайдиган халқ, дунё халқлари ичида илм байроғини баланд кўтариб чиқди. Бутун дунёнинг кўзини очган маълум ва машҳур Исломий илмий ҳаракат ва унинг самараси юзага чиқди.
Бу албатта ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Аввал бошланғич таълимни, кейин умумий таълимни ва олий таълимни йўлга қўйиб, уларда улкан натижаларга эришгандан сўнгина, мазкур илмий мўъжиза содир бўлди.
Бу борада Исломнинг муқаддас китоби «Қуръон»нинг маъноси «ўқиш» эканини, у илоҳий мўъжиза ҳисобланмиш китобнинг биринчи сўзи «Ўқи!» деган илоҳий хитоб эканини эслатиб ўтишнинг ўзи кифоядир. Ўша лаҳзадан бошлаб аввало Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, қолаверса у кишининг дини бўлмиш Исломга мансуб бўлган ҳар бир кишига ўқиш, илм олиш фарз бўлди. Нима учун Қуръони каримнинг биринчи калимаси, иймон келтир ёки ибодат қил каби фармон бўлмай, айнан «Ўқи» деган фармон бўлди? Чунки, Исломда ҳамма нарса, жумладан иймон ва ибодат ҳам илм асосида бўлиши керакдир. Шунинг учун «Ўқи!» деган фармон ҳаммасидан олдин кел-ди.
Ушбу ояти карима маъносини тасдиқлаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Илм талаб қилиш ҳар бир муслимга фарздир»-дедилар.
Бу бутун мусулмон уммати учун илм талаб қилиш мажбурийдир, дейилгани эди. Амалда ҳам шундоқ бўлди. Ҳатто оғир шароитларга қарамай таълим ишларига алоҳида эътибор берилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам урушда асир тушган кишилардан саводлилари бўлса, мусулмонларнинг фарзандларидан маълум ададига ўқиш-ёзишни ўргатиб қўйса озоддир, деб эълон қилдилар.
Ислом юртларида таълим ишларини ўрганган ғарблик олимлардан бирлари, ўша илм талаби қизиган пайтларни васф қилиб, Ислом уммати-мадрасага қатнаётган бутун бошли бир умматдир, деган эди. Чунки, каттаю-кичик ҳамма талаби илм қилади. Бешикдан то лаҳадгача талаби илм қилиш керак, деган ҳикмат ҳам мусулмонларга хосдир.
Ислом илм талаб қилишни ибодат даражасига кўтаради. Уламоларнинг сиёҳини шуҳадоларнинг қонига тенглаштирди. Қуръони каримда илмга тарғиб қилувчи кўплаб оятлар нозил бўлди. Улардан бирида, «Мужодала» сурасида келган оятда Аллоҳ таоло:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм берилганларнинг даражасини кўтарур»-дейди.
Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким илм талаб қилиш йўлидан юрган бўлса, Аллоҳ унга ўша йўл орқали жаннатга борадиган йўлни осон қилиб қўяди»-деганлар.
Бунга ўхшаш ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп.
Исломда бошқа ишлар қатори илм ишида ҳам қуруқ тарғибот ва шиорлар билан кифояланиб қолинмаган. Балки, амалий ишга катта эътибор берилган. Илм ўргатиш ва ўрганиш йўлларини осонлаштириш учун барча чоралар кўрилган.
Аввало таълим-тарбия ишлари пулсиз қилинган. Исломда илм ўрганиш ва ўргатиш ибодат ҳисоблангани учун, ибодатга ҳақ олиб бўлмагани сабабидан устозлар, илмий ишларда машғул кишилар пул олиши дуруст эмас, деган қарор чиққан. Ким илм ўргатгани учун пул оладиган бўлса, худди намоз ўқигани учун пул олгандек бўлади, деб эълон қилинган.
Толиби илмларга, илмий ишда машғул кишиларга Ислом жамияти ўзи бошқа томондан моддий таъминот бериб турган.
Илм талаби учун бошқа имтиёзлар ҳам яратилган. Мисол учун илмий эҳтиёжлар закот бериш масаласида ҳам ҳисобга олинган. Илм учун кетадиган сарф ҳаражатлар закот бериладиган моллар ҳисобидан чиқариб ташланган. Закот бериладиган молларга бўлиши лозим бўлган шартлардан бири ўша мол аслий ҳожатдан ортган бўлиши керак бўлган. Аслий ҳожат нима? деган савол жавобига эса, одамни ҳалокатдан сақлайдиган нарсалар: таом, турар жой, кийим-кечак, шахсий қурол ва илм асбоблари, деганлар. Эътибор берайлик-а, Исломда илмни кишини ҳалокатдан сақлаб қоладиган энг зарурий нарсалардан бири, деб ҳисобламоқда.
Ана шундоқ таълимотлардан келиб чиқиб, Ислом оламида илм кенг тарқалди. Ҳамма сарф-ҳаражатсиз илм олиш имконига эга бўлди ва илм олди. Мусулмонлар оммавий равишда, илмли умматга айландилар.
Дунёда биринчи бўлиб махсус таълим юртлари Ислом оламида ишлай бошлади. Толиби илмлар ётоқхона, таом, кийим ва бошқа зарурий нарсалар билан таъминландилар. Турли илмларни, ҳунар ва касбларни ўргатувчи илм масканлари фаолият кўрсатишга ўтди.
Дунёдаги энг биринчи дорулфунун, университет, ҳам айни Ислом оламида таъсис топиши ҳам бежиз эмас.
Буларнинг ҳаммаси Исломда таълим олиш ҳаққи юқори қўйилганидан, унга тўлиқ амал қилинганидан дарак беради.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ