Ташиевнинг айтишича, икки давлат ўтрасидаги давлат чегарасини делимитация ва демаркациялаш комиссиясининг Тошкентда бўлиб ўтган мажлисида тегишли баённома имзоланган. МХДҚ раисига кўра, икки давлат ўртасида баҳсли чегара ҳудуди қолмаган.
Қирғиз хабар агентликлари Ташиевнинг "қирғиз-ўзбек чегарасидаги барча баҳсли ҳудудлар масаласи ечилди. Энди улар (баҳсли ҳудудлар) бўлмайди", - деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.
Ташиевнинг сўзларига кўра, чегаралар масаласида "ютганлар ва ютқизганлар йўқ".
Kaktus.media нашри Ташиевдан иқтибос келтиришича, икки давлат ўртасида "ер бериш бўлмайди, балки ер алмашилиши" ҳақида сўз кетмоқда.
Ташиев бошчилигидаги қирғиз ҳукумат ҳайъати 23-25 март кунлари Тошкентда Ўзбекистон ҳукумат комиссияси билан давлат чегарасига доир музокаралар олиб борган. Музокараларда Ўзбекистон томонидан Бош вазир Абдулла Арипов қатнашган. ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, "музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон – Қирғизистон Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича қўшма йиғилиш тўғрисидаги баёнот имзоланди".
Бироқ ЎзА хабарида қўшма баёнот мазмуни очиқланмаган.
Баённома мазмунини қирғиз томони очиқлади.
Кимга нима ўтди?
Бу ҳақда Қирғиз Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев бундай деди: "Ўртатўқай (Косонсой) сув омбори қирғиз тарафда қолди. Омбордаги сувнинг 95%дан ўзбек томони фойдаланади. Биз тарафга Кўксерек (Қорақўрғон) қишлоғи ва 105 гектар ер биз тарафга ёзилди. Олабуқадаги Баястан участкасидаги 212 гектар, Қорасувга қарашли Оқтошда 100 гектар, Ункуртоғдан 35 гектар, Ункуртоғ тўлиғича бизга ёзилди. Қорабелес участкасидан 25 гектар ерни қайтариб олдик. Ўртатўқай сув омборининг ҳисобидан бизга ўтди".
Шунингдек, ҚР МХДҚ раисининг айтишича, Жалолобод ва Наманган вилоятлари чегарасидаги Ғовасой участкасидаги 8 минг гектар ер Қирғизистонга ўтган. “Қирғиз қишлоқларининг яйлови бор ерлари бизга ўтадиган бўлди”, деган Ташиев.
Айни пайтда Қамчибек Ташиевнинг айтишича, Шаҳрихонсой тўғони атрофидаги 50 гектар ер Ўзбекистонга ўтган, бироқ бу ер эвазига Ўзбекистон Ўзганга яқин ердан 50 гектар берадиган бўлган.
ҚР МХДҚ раиси Капирровот сув омбори масаласи қандай ҳал бўлгани тўғрисида бундай деди:
"Кампирровот сув омбори тақрибан 5737 гектар. Шундан 1300 гектари Қирғизистонга ўтди. Сувдан қирғизистонликлар тўлиқ фойдалана олади, улар сув четига тўсиқ қўймайди".
Бу Қамчибек Ташиевнинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ҳукуматлари делегацияларининг Ўзбекистон – Қирғизистон Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича 24-25 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган қўшма йиғилиши баённомаси мазмунидир. Эндиликда баённома тегишли идоралар тасдиғидан ўтиши, икки давлат раҳбари имзолаши ва парламентлари ратификациялаши керак.
Манба: Озодлик радиоси