close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом тинчлик ва оқибат дини

Дин номидан, унинг манфаатлари йўлида ҳаракат қиляпмиз, деган даъвода бўлган айрим одамлар ўз динлари таълимотини тушуниб, ҳаётга нотўғри тадбиқ этаётганлари беш қўлдай аён. Шунинг учун у ёки бу дин ҳақида ана шундай одамларнинг хатти-ҳаракатига қараб баҳо бериб бўлмайди. Зеро иймон-эътиқодли бўлишнинг ҳақиқий йўли илоҳий китобларни, ана шу динни нозил қилган Парвардигорнинг ваҳий - кўрсатмаларини англаб етиш орқали ўтади.

Дин номидан, унинг манфаатлари йўлида ҳаракат қиляпмиз, деган даъвода бўлган айрим одамлар ўз динлари таълимотини тушуниб, ҳаётга нотўғри тадбиқ этаётганлари беш қўлдай аён. Шунинг учун у ёки бу дин ҳақида ана шундай одамларнинг хатти-ҳаракатига қараб баҳо бериб бўлмайди. Зеро иймон-эътиқодли бўлишнинг ҳақиқий йўли илоҳий китобларни, ана шу динни нозил қилган Парвардигорнинг ваҳий - кўрсатмаларини англаб етиш орқали ўтади.

Инсониятга ислом неъматини ато этган илоҳий ваҳий - Қуръони каримнинг ахлоқий асоси оқибат, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, ҳавойи нафсдан воз кечиш, ҳурмат ва тинчликка асосланган. Ана шу илоҳий кўрсатмаларга амал қилувчи мусулмонлар ҳамиша фавқулодда юмшоқ феълли, раҳм-шафқатли, адолатпарвар ва софдил бўладилар.
Умумлашган тушунчада «террор» дегани у ёки бу кўринишда сиёсий мақсадларга эришиш учун ҳарбий бўлмаган объектларга, тинч аҳолига қарши куч ишлатишдир. Бошқача айтганда, ҳеч бир гуноҳсиз кишилар террорнинг нишони бўлишади. Террорчилар наздида ана шу одамларнинг бирдан-бир айби уларнинг «бошқа томонда» бўлганларидир. Демак, террор бегуноҳ одамларга қарши зўравонликни англатади, уни маънавий жиҳатдан ҳеч қачон оқлаб бўлмайди. Террорчиларнинг қилмишлари Гитлер ёки Сталиннинг буйруғи билан гуноҳсиз кишиларни оммавий равишда қатл қилишларидан ҳеч қандай фарқланмайди. Буларнинг ҳаммаси инсониятга қарши жиноят ҳисобланади.
«Ислом» сўзининг маъноси Аллоҳга бўйсуниш, итоатни билдириб, унинг ўзаги тинчлик, сулҳ маъносидан олинган. Аллоҳ таоло ислом ақидасини нозил қилиш билан одамларга бемисл меҳрибончилигини ато қилган, буйруқларига бўйсунганларга тинчлик, осойишталик ва фароғат неъматларини ваъда қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида юксак ахлоқ асосларига риоя қилишга, шайтоннинг йўлидан юрмасликка - зулм қилмасликка чақиради: «Эй мўминлар, тўла ҳолдаги Исломга кирингиз! (Яъни Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз!) Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара, 208).
Қуръони карим таълимотига кўра, мусулмон киши ҳар бир хатти-ҳаракати учун Парвардигори олдида масъулдир, у адолатпарварлик ва раҳм-шафқат кўрсатиши, мусулмон ёки номусулмонлигидан қатъий назар, барча одамларга эзгулик олиб бориши, ожиз ва муҳтож кишиларни асраб-авайлаши ва ҳимоя қилиши, бошқаларни «ер юзида бузғунчилик» қилишдан қайтариши керак. Тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча хатти-ҳаракатлар, бошбошдоқлик ҳамда террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик-фасод ишлар саналади. Қуръони каримда мусулмонларга шундай хабар берилган: «Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди» (Бақара, 205).
Ҳеч қандай гуноҳи, айби бўлмаган одамни ўлдириш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни шундай огоҳлантиради: «Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди» (Моида, 32).
«Бошқа бировни ўлдирмаган ва бузғунчилик қилмаган» одамни ўлдирган киши бутун инсониятни ўлдиришга тенг улкан гуноҳни қилган бўлади. Мутлақо равшанки, минглаб бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлаётган террорчиларнинг гуноҳи бениҳоядир.
Қуръони карим таълим берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва биронта мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши мумкин эмас. Бундан ташқари мусулмонлар Парвардигорлари олдида бошқа одамларни жиноят содир қилишдан қайтаришга масъулдирлар. Ҳар бир иймонли кишининг бурчи – «ер юзида бузғунчиликка» йўл қўймаслик, дунёда фаровонлик ва осайишталикни қарор топтириш учун курашишдан иборат.
Аллоҳ таоло ер юзида ёвузлик қилмасликка буюради ҳамда ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик, одам ўлдириш, қон тўкишни таъқиқлайди. Аллоҳ таолонинг ана шу буйруқларига бўйсунмаслик йўлини тутган кимсаларни Қуръони карим «Шайтоннинг изидан эргашганлар» деб атайди. Мана инсонларни огоҳлантирган Қуръони карим оятлари: «Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр – жаҳаннам бордир» (Раъд, 25). «Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар, ер юзида бузғунчилик жиноятларини қилманглар» (Бақара, 60).
Парвардигорнинг иродасига қарши бориб, бегуноҳ одамларни ўлдирган ва хўрлаган кимсалар дунё ҳаётида ютуққа эришамиз, деб ўйласалар қаттиқ хато қилган бўлар. Аллоҳ таоло ер юзида ҳар қандай бузғунчиликни таъқиқлайди, ёвузлик йўлига кирганларни лаънатлайди. Зеро, Қуръони каримда шундай дейилган: «Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди» (Юнус, 81).
Таассуфлар бўлсинки, бугунги кунда ер юзининг турли бурчакларида гуноҳсиз одамларни оммавий ўлдириш, террор ва геноцид ҳолатларининг саноғига етиб бўлмай қолди. Сунъий равишда пайдо қилинган тўқнашувлар бир мамлакат ёки миллат ичида қонли тўқнашувларга олиб келаяпти, одамларнинг қони ва кўз ёши беҳисоб тўкиляпти. Мутлақо аниқки, барча кулфат ҳамда кўнгилсизликларнинг заминида том маънода Худодан қўрқишнинг ва иймон-эътиқоднинг йўқлиги ётибди, негаки у ёки бу диннинг номидан амалга оширилаётган бўлишига қарамай, чин эътиқод ва иймоннинг қон тўкилиши ҳолатларига асло алоқаси йўқ. Эътиқодсизликда улғайган жамият Аллоҳ таолонинг жазолашидан қўрқмайди, Парвардигорнинг ҳисоб-китоб кунида ҳар бир киши дунё ҳаётида қилган амаллари учун жавоб беришига ва ҳар бир киши амалига яраша мукофот ёки жазо олишига ишонмайди. Ўз динларининг асл моҳиятидан бехабарлар ҳар қандай шафқатсизлик ва золимлик, бузғунчилик ва ёвузликка қодирлар, чунки уларни ҳеч нарса тўхтатолмайди, Худонинг қаҳри-ғазабидан қўрқув ҳам уларни тийиб қўя олмайди.
Қуръони каримда жиноят содир этиш мақсадида бирлашган мунофиқлар қавмининг мавжудлиги, Аллоҳ таолонинг унга лаънатлари, қавмнинг Аллоҳ номи билан ва гўёки ақида учун ҳаракат қилаётгани алоҳида эслатилади. Ояти карималардан бирида Аллоҳ таоло «Аллоҳ номига қасам ичиб», пайғамбарни ўлдириш режасини тузган тўққиз кишидан иборат гуруҳ ҳақида хабар беради: «У шаҳарда (ўзларини) ўнгламай ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз нафар кимса бор эди. Ўшалар Аллоҳ номига қасам ичишиб, (бир-бирларига) айтдилар: Албатта (Солиҳни) ва унинг аҳли-тобеъларини тунда ҳалок қилурмиз, сўнгра унинг валий - ҳомийига: «Бизлар (на Солиҳнинг ва на) унинг аҳли-тобеъларининг ҳалокатига гувоҳ бўлган эмасмиз. Албатта бизлар ростгўй кимсалардирмиз», деймиз. Улар (Солиҳ ва унинг тобеъларига қарши ўз) макрларини қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолларида (уларни ҳалок қилиш билан) бир «макр» қилдик» (Намл, 48-50).

Қуръони карим иймон эгаларини огоҳлантирадики, Парвардигорнинг номини тез-тез тилга олиш ва Унинг номига қасам ичиш кишининг иймони ва тақводорлигига далил бўла олмайди. Бунинг устига эҳтимол бу одам зоҳиридаги худо жўйликнинг остига даҳшатли шаккоклик ва куфрини, Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига ва иймоннинг ахлоқий асосларига тубдан зид бўлган кирдикорларини яшириб қўйгандир. Агар кимдир Аллоҳнинг номи билан ниқобланиб, «ер юзида тартиб ўрнатмай, бузғунчиликни тарқатиб» юрса, унда қаршингизда ҳеч қачон иймонга кирмайдиган ва Парвардигорга хизмат қилишни мақсад этмаган мунофиқлар турган бўлади.

Аллоҳ таолонинг иродасига бўйсунган, Парвардигорнинг иқобидан қўрқувга тушадиган ва Исломнинг чинакам ахлоқий асосларини англаб етган кишининг шафқатсизлик, ҳақсизларча куч ишлатиш тарафдори бўлиши ва Аллоҳга номақбул қандайдир ҳаракатларда қатнашишини ҳатто тасаввур қилиб бўлмайди. Худди шунинг учун ҳам Ислом таълимоти террорчилик балосини таг-томири билан тугатиш йўли ҳисобланади. Қуръони каримнинг олий ахлоқий амр-фармонларини англаб етган ва зиммасига олган ҳар бир киши одамлар қалбига тартибсизлик, душманлик ва нафрат уруғларини сочадиган кимсаларнинг хатти-ҳаракатларини ҳеч қачон қўллаб-қувватламайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай огоҳлантирган: «(Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди. Қачон унга: «Аллоҳдан қўрққин», дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади-етаклайди. Унга жаҳаннам бас келар. Нақадар ёмон жой-а!» (Бақара, 205-206).
Тақводор, чинакам иймонли киши инсониятга зарар етказувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатга кўз юмолмайди. Аллоҳ таолонинг барҳақлигини инкор этувчи худосиз кимса эса жоҳиллиги ва нодонлиги туфайли ўзининг жазосиз қолишига ҳамда дастининг узунлигига ишонади ва ўз истагига кўра ҳар қандай ёвузлик қилишдан ўзини тўхтатолмайди. Террорчиликка қарши кураш йўлида зудлик билан қўйилиши керак бўлган биринчи қадам – бу жамиятда маърифат, маънавий ва диний тарбияни жорий этиш, одамлар онгидаги иймон ва динга бўлган хато андоза ҳамда тасаввурларни тузатишдир. Одамларда тақводорлик ва художўйликни тарбиялаш, Қуръони каримда нозил бўлган кўрсатмаларни тўғри англатиш орқалигина ана шу балони даф қилиш мумкин.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Муносабат
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase