"Ислом терроризми", "Ислом фашизми" каби бир-бирига қовушмаган ибораларга аллақачон қулоқлар ўрганиб ҳам қолди. Ҳолбуки, Ислом динимиз дунёга ҳурлик ва адолатни келтирган диндир. Бу ҳақиқатни инсофли кўзларгина кўради, инсофли юракларгина ҳис этади, инсофли онгларгина қабул этади.
Бу ҳақсизликларга карамай, Ислом динимиз ўзининг бағрикенглигини, инсонпарварлигини яна бир бор кўрсатди. 2006 йили дунёнинг турли мамлакатларидан ўттиз саккиз нафар Ислом дини арбоби Рим Папаси Бенедикт XVI га Очиқ хат ёзиб, Ислом дини билан насроний дини вакиллари ўртасида ўзаро фойдали мулоқотлар бошлаш таклифи билан чиқди. Орадан бир йил ўтиб, 2007 йил октябрида жаҳондаги етакчи Ислом уламолари, мусулмон ташкилотлари раҳбарлари ва мутафаккирларидан бир юз ўттиз саккиз киши дунё насронийларининг руҳоний раҳбарларига мактуб юборишди. Бу иккала хатга дунё жамоатчилиги катта эътибор берди, матбуот кенг ёритди.
Натижа ўлароқ бутун олам католиклари маркази Ватикан билан яқиндан алоқалар ўрнатилди, Ислом ва насронийлик олимларидан иборат доимий ишлайдиган мажлис ташкил этилди, яқин вақтларда Ватиканда Папа билан Ислом олимлари учрашуви кутиляпти. Католик ва протестант руҳоний пешволаридан катта бир гуруҳи мусулмонларга жавоб хати йўллади.
Дунё насроний дини пешволарига очиқ хат
Рим Папаси Бенедикт XVI га
Константинопол патриархи Варфоломей I га
Александрия ва Бутунафрика патриархи Фёдор II га
Улуғ Антиохоя ва Бутун шарқ патриархи Игнатий IV га
Иерусалим патриархи Феофил III га
Москва ва Бутунрусия патриархи Алексий II га
...ва барча насроний черкови раҳбарларига
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила. «Мусулмонлар билан насронийлар ер юзи аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этишади. Бу икки жамоа ўртасида тинчлик ва адолат бўлма-са, дунёда тинчлик-осойишталик бўлмайди. Одам болаларининг келажаги мусулмонлар билан насронийларнинг ўзаро муросасига боғлиқ. Ҳолбуки, ўртамизда бир-биримизни тушунишга асос бор. Бу асос иккала диннинг ҳам энг буюк амридир. Бу амр Ягона Аллоҳга муҳаббат, атрофдагиларга муҳаббатдир. Бу амрни биз Ислом ва насроний китобларида қайта-қайта учратамиз.
Ягона Яратувчи, Унга муҳаббатнинг лозимлиги, атрофдагиларга муҳаббатнинг лозимлиги — Ислом билан насроний дини ўртасидаги умумий замин (асос) мана қаерда.
Қуръони каримда: "У — Аллоҳ Ягона, Аллоҳ эҳтиёжсиз" (112:1—2), дейилган.
Аллоҳга муҳаббатнинг лозимлиги тўғрисида Қуръони каримда: "Парвардигорингнинг номини ёд эт ва ўзингни Унга тўла бағишла" (73:8), дейилган.
Атрофдагиларни яхши кўришнинг лозимлиги тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис-салом) бундай деганлар: "To ўзингизга раво кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунингизча комил мўмин бўла олмайсиз".
Қуръони карим мусулмонларга Китоб берилган (яҳудий ва насроний)ларга ушбу чақириқни етказишни буюради: «Айт: Эй Китоб берилганлар! Бизга ҳам, сизга ҳам умумий бўлган сўзга келинглар — Ёлғиз Аллоҳгагина қуллик қилайлик. Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, бир-бировларимизни худо қилиб олмайлик". Агар юз ўгирсалар, "Гувоҳ бўлинглар, биз, албатта, мусулмонлармиз", денглар» (3:64).
Шунинг учун биз мусулмонлар Қуръони каримда айтилганига амал қилиб, насронийларни ўртамизда умумий бўлган икки нарса — Аллоҳни яхши кўриш, атрофдагиларни яхши кўриш ҳақидаги амрга итоат қилиб, биргаликда битга йўлдан боришга таклиф этамиз.
Ўртамиздаги умумий сўз нималарда кўринади:
"Парвардигорингнинг йўлига донолик ва чиройли насиҳат билан чақир ҳамда улар билан энг гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Парвардигорингнинг ўзи Унинг йўлидан тойганларни яхши билади ва тўғри йўлда бораётганларни ҳам яхши билади" (16:125).
Исломда Аллоҳни яхши кўриш
Исломда имон шиори икки нарсага ишонишдир: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ"лигига ва "Муҳаммад Унинг элчиси" эканига. Бу икки иқрор Исломни қабул қилишнинг мажбурий шартидир. Ким буларни тан олса, мусулмон ҳисобланади, ким тан олмаса, мусулмон эмас. Бу қоидани пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) бундай тушунтирганлар: "Мен ва бошқа пайғамбарлар айтган сўзларнинг энг яхшиси бу: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У Бирдир ва шериги йўқдир, Ҳукм Уники ва мақтов Унгадир, У ҳар нарсадан Қудратлидир".
Бу сўзлар Аллоҳни севиш ва Унга сиғинишнинг йўл-йўрикларини тушунтиради.
"У Бирдир" деган сўз мусулмонларга улар чин юракдан фақат Битта Аллоҳга сиғинишлари лозимлигини уқтиради. Зеро, Қуръони каримда: "Аллоҳ Одамга бир баданда иккита юракни ато этмаган" (33:4), деб марҳамат қилинган.
"Унинг шериклари йўқ" деган сўз мусулмонларга улар фақат Аллоҳга сиғинишлари ва юракларида Унга ҳеч кимсани ва ҳеч нарсани тенг қилмасликлари кераклигини уқтиради. "Одамлар орасида Аллоҳдан ўзгаларни Унга тенг тутадиганлар ва у (ўзга)ларни Аллоҳни севгандек севадиган кимсалар бор. Аммо имон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир. Золимлар азобни кўрган чоқларида бутун куч-қувват Аллоҳга хослигини... кўрганларида эди!" (2:165).
"Ҳукм Уники" сўзи мусулмонларга онглари доим Парвардигорни эслаш билан банд бўлиши лозимлигини уқгиради, чунки У одамнинг ҳар қандай фикри, билими ва онгига ҳокимдир. Ҳамма нарса Аллоҳнинг измидадир. "(Мутлақ) ҳукмронлик измида бўлган, ҳар нарсага қодир Зот (Аллоҳ) буюкдир" (67:1) ояти каримаси шуни ифода этади.
"Мақтов Унгадир" сўзи мусулмонларга, улар қандай ҳолда бўлмасинлар, Парвардигорга шукр қилишлари ва Унга ишонишлари лозимлигини уқтиради. Барча неъматлар учун одамлар ҳамиша Унга ҳамд айтишлари керак. "Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у сабабли сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган Зотдир. У амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйин сундирди, яна дарёларни ҳам сизларга бўйин сундирди. (Белгиланган) йўналиши бўйлаб тинимсиз ҳаракат қилиб бораётган қуёш билан ойни бўйин сундирди, кеча билан кундузни сизларга бўйин сундирди. Шунингдек, сизларга сўраган ҳамма нарсаларингдан ато этди. Агар сизлар Аллоҳнинг инъомларини санамоқчи бўлсаларинг, саноғига ета олмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон зоти ўта золим ва жуда шукрсиздир" (14:32—34).
Ҳолбуки, муқаддас Қуръоннинг биринчи ва муҳим сураси Фотиҳа Парвардигорга ҳамд билан бошланади. "Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи ила. Ҳамд оламларнинг парвардигори Аллоҳга-дир, (У) Меҳрибон ва Раҳмли, Дин (жазо) кунининг Эгасидир. Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз. Бизни Тўғри Йўлга бошлагин — бундай йўлни Сен ғазабга дучор бўлмаганларга ва залолатга кетмаган (адашмаган)ларга инъом қилгансан" (1:1—7).
Мусулмонлар бир кунда камида ўн етги марта ўқийдиган Фотиҳа сураси чексиз меҳрибонлик ва раҳмлилик учун Аллоҳга шукр қилиш кераклигини уқтиради ва қиёмат Кунини эслатади. Зотан, шукр ўша Кунда айниқса энг керак бўлади. Ва биз гуноҳпаримиз кечирилишини умид қиламиз.
"У ҳар нарсадан Қудратлидир" сўзи мусулмонларга Аллоҳнинг қудратини эсда тутишни ва шунинг учун Ундан қўрқишни уқтиради. Қуръони карим: "Аллоҳдан қўрқинглар! Билинглар: Аллоҳ Ўзидан қўрқувчилар билан биргадир" (2:194); "Аллоҳ йўлида (молларингиздан) беринглар ва ўзларингни ҳалокатга ташламанглар! Яхшилик қилинглар! Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади" (2:135), деб буюради. Аллоҳдан қўрқиш сабаби ила мусулмоннинг ҳар бир иши, ҳаракати ва тиришиши тўласича Аллоҳ учун бўлиши керак.
Насронийликда Аллоҳга муҳаббат
Эски Аҳднинг асосий қисми Иккинчи Қонунда бундай дейилтан: "Тингла, эй Исроил! Парвардигоримиз бўлган худованд ягона Аллоҳдир. Парвардигоринг бўлган Аллоҳни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан, бутун кучинг билан севгин" (Иккинчи Қонун 6:4—5).
Янги Ахдда ҳам шу амр бор. Исо Масиҳдан энг муҳим амр ҳақида сўрашганида, у бундай жавоб қилган: "Парвардигоринг бўлган Аллоҳни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан ва бутун онгинг билан севгин. Мана шу биринчи ва энг буюк амр. Иккинчи бунга ўхшаш амр эса, ёнингдаги одамни худди ўзинг каби севгин. Бутун илоҳий буйруқ ва барча пайғамбар мана шу икки амрга таянади" (Матто Инжили 22:37—40), деб жавоб қилган... Шу муносабат билан Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) сўзларини қайта келтиришимиз зарур деб ҳисобладик: "Мен ва бошқа пайғамбарлар айтган сўзларнинг энг яхшиси -Аллохдан ўзга илоҳ йўқ, У Бирдир ва шериклари йўқ, Ҳукм Уники ва мақтов Унгадир, У ҳар нарсадан Қудратлидир, деган сўздир". Бу ҳадис Инжилнинг биринчи ва энг буюк амрини тасдиқлаяпти. Аллоҳ яхши билади, лекин биз бу ерда маънода ўхшашликни илғадик...»
...Хатнинг давомида Ислом уламолари атрофдагиларни севги масаласига хам алохида тўхталишган. Бу ҳол Ислом динида қанай йўлга қўйилгану насронийликда қандай илгари сурилганини мисоллар билан исботлашган. Сўнгра мулоҳазаларини бундай давом
эттиришган:
«Ислом ва насронийлик турли динлар экани очиқ-ойдин бўлса-да, баъзи расмий ҳар хилликлардан ҳам кўз юммаган ҳолда тан олиш керак:
иккала диндаги бу икки энг буюк амр Қуръон билан Тавротни ва Янги Ахдни боғловчи умумий замин ва ҳалқадир.
Биз мусулмонлар насронийларни Исонинг (алайҳиссалом): "Бутун амрларнинг энг муҳими шу: "Тингла, эй Исроил! Парвардигоримиз бўлган худованд ягона Аллоҳдир. Парвардигоринг бўлган Аллоҳни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан, бутун онгинг билан ва бутун кучинг билан севгин" — мана шу энг биринчи амр. Шунга ўхшаш иккинчиси: "Атрофдагиларни севгин". Булардан буюк амр йўқ" (Марк, 12:29—31), деган сўзларини эслашга чақирамиз.
Биз мусулмонларнинг насронийларга сўзимиз бундай: Агар улар диний асосда бизларга қарши уруш очмаса, бизларни эса бошламаса ва уйларимиздан бизларни ҳайдаб чиқармаса, биз уларга қарши эмасмиз, Ислом дини уларга қарши эмас! Аллоҳ таоло: "Улар ҳаммалари баробар эмас. Китоб берилганлар орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри жамоа ҳам бор. (Улар) Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирадилар, яхшиликлар қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардандир. Улар қилган бирон яхшилик беркитилмайди (зое бўлмайди). Аллоҳ ўзидан қўрқадиганларни билгувчидир" (3:113—115), деб марҳамат қилган...
Хатимиз охирида биз мусулмонлар сифатида Қуръони каримнинг ушбу оятларига эргашган ҳолда насронийларни орамиздаги энг муҳим умумий йўриқларга таяниб ҳамкорлик қилишга чорлаймиз: «Айт: "Эй Китоб берилганлар (яъни, яҳудий ва насронийлар)! Бизга ҳам, сизга ҳам умумий бўлган бир сўзга келинглар — Ёлғиз Аллоҳгагина қуллик қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб бир-бировларимизни худо қилиб олмайлик" (3:64)».
Ва оёкларимиз остидаги бу умумий замин ўртамизда алоқа-суҳбат ўрнатилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлсин».
Ушбу хатга имзо чекканлар орасида ИКТ Бош котиби Акмалиддин Эҳсонўғли, Халқаро олимлар уюшмаси Бош котиби шайх, доктор Муҳаммад Салим Авва (Миср), ISESCO бошлиғи Абдулазиз ибн Усмон Тувайжирий, Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий (Сурия), Мисрнинг олий муфтийи шайх, профессор, доктор Али Жума, Куддуси Шарифнинг собиқ муфтийи шайх, доктор Икрима Сабрий, Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари ва бошқа машҳур олимлар, сиёсий арбоблар бор, жами 138 киши.
(Тўлиқ матн билан рўйхат "A Common World" сайтида берилган.)
ДУНЁНИНГ КЕЛАЖАГИ ТОТУВЛИГИМИЗГА БОҒЛИҚ
Насроний руҳонийларининг жавоб хати
"Мусулмон уламолари, дин арбоблари ва мутафаккирларидан иборат 138 кишининг ушбу тарихий очиқ хатидан бутун дунё насронийлари ҳамжамияти аъзолари сифатида биз бениҳоя тўлқинланиб кетдик. "Ўртамиздаги умумий сўзга келайлик" хати насронийлик билан Ислом дини ўртасида келишув бўлишига қандайдир маънода асос яратди... Биз бу очиқ хатни мусулмонларнинг бутун дунё насронийларига чўзган дўстлик ва ҳамкорлик қўли деб биламиз. Жавобига биз ҳам Аллохни ва атрофимиздагиларни севиб, ҳамма одамлар билан тинчликда ва муросада яшашга бўлган ниятларимизнинг ифодаси ўлароқ, ўзимизнинг насроний қўлимизни узатамиз.
Мусулмонлар билан насронийлар ҳар доим ҳам бир-бирларига қўл узатаверишмаган; муносабатлари баъзан таранг, ҳатто душманона бўлган. Исо Масиҳнинг: "Олдин ўз кўзингдаги ходани чиқариб ол, кейин биродаринг кўзидан чўпни қандай чиқариш учун кўзинг очилади", деган насиҳатига биноан биз ишни бир нарсани тан олишдан бошламоқчимиз: ўтмишда (масалан, хоч юришларида) ва ҳозирда (масалан, "террорга қарши уруш" баҳонасида) кўп насронийлар мусулмон биродарлари олдида гуноҳкордирлар. Хатларингизга жавобан биз сизларнинг қўлларингизни сиқишдан олдин Раҳмли Зотдан ва яна бутун дунёдаги мусулмонлар жамоасидан гуноҳларимизни ўтишини сўраб илтижо қилмоқчимиз...
Мусулмонлар билан насронийлар ўртасидаги тинч-тотувлик бу юз йилликнинг, балки бутун замонларнинг марказий вазифаларидан биридир. Гарчи юз бераётган сиёсий тарангликпар, зиддиятлар ва ҳатто бўлаётган урушларда насронийлар билан мусулмонлар қарши-қаршига келаётган бўлса-да, бу воқеалар моҳиятан диний асосда эмас. Лекин бари-бир, хохлаймизми-йўқми, улар очиқ диний ўлчовлар билан ҳам баҳоланяпти. Шундай шароитда агар биз иккала ҳам-жамиятимиз ўртасида диний тотувликка эришсак, бутун дунёда тинчликка осонроқ эришилар эди.
Шунинг учун Очиқ хатда сизлар баён қилган — дунёнинг келажаги насронийлар билан мусулмонлар ўртасидаги тотувликка боғлиқ экани тўғрисидаги сўзлар ҳеч муболаға эмас...
Аллоҳга севги ва атрофдагиларга севги ҳақидаги амрлар фақат насронийликнинггина асос йўриғи эмас, балки Ислом динининг ҳам йўриғи экани тўғрисидаги исботларингиз кўп насронийларга янгилик бўлди. Ўртамизда умумийликлар, айниқса, диннинг асос йўриқларида ўхшашликлар кўп экан, баъзи очиқ фарклар, ҳатто ташқи босимлар ҳам бу умумийликлар олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Бу асос иккала динда ҳам Аллоҳга муҳаббат ва атрофдагиларга муҳаббат борлигидадир. Бу борадаги яқинлигимиз динларимиз ўртасидаги муносабатга ҳам бир намуна бўлиши мумкинлигига умид уйғотади.
Бугун мусулмонлар билан насронийлар орасидаги жарлик чўчигуликдир. Хавф катта. Дунёнинг келажаги насроний ва мусулмон сифатида бизларнинг бирга тинч-тотув яшай олиш қобилиятимизга боғлиқ. Агар бизлар абадий ва руҳий тинчлик ўрнатиш имкониятидан фойдаланмасак, "ўлмас руҳ"ларимиз хавфда қолиши мумкин.
Биз эндиги қадам турли даражадаги пешволаримизнинг учрашувлари бўлиши керак деб ишонамиз..."
Хатга католик ва протестант руҳонийлари ва илоҳиётшуносларидан 100 дан ортиқ киши имзо қўйган.
(Middle East Online сайтидан Портал- Credo русчага ўгирган)