close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Миссионерлар мўлжали

Бугун масофалар қисқараётган, муносабатлар яқинлашаётган, ҳазоралар, маданиятлар муштараклашаётган, замон тили билан айтганда, ҳамма нарса «глобаллашаётган» бир даврда яшаб турибмиз. Иқтисод ва сиёсатнинг глобалллашуви маданиятлар глобаллашувига сабаб бўлмокда.

Ўзи чуқур маънавий жарликдан чиқишга йўл тополмай боши қотган мустамлакачилар бугун демократия ниқоби остида мусулмон давлатлар ёшлари онгини заҳарлаш, мингйиллик синовларга дош берган ҳақ йўлдан тойдириш, уларни жаҳолат, бузуқлик, нодонликка бошлаш билан глобал бошқарувга эришиш учун бор ҳунарини ишга соляпти. Бу йўлда миссионерлик ҳаракатларидан, ўз турмуш тарзини тарғибот-ташвиқот қилишдан, «поп-маданият»у, оммавий ахборот воситаларидан, хуллас, таъсир ўтказишнинг барча усулларидан кенг фойдаланмоқда.
Мақсадлар аниқ: нима қилиб бўлса ҳам давлат, миллат келажаги, таянчи бўлмиш ёшларни бузиш, тўғри йўлдан оздириш ва шу тариқа мамлакатни маънавий истило этиш! Бу ғоялар бугун туғилмаган, бу режалар бугун тузилмаган, балки жуда кўҳна китобнинг битикларидир. Мустамлакачилар бундан юз, икки юз, уч юз йил бурун ҳам худди шундай йўл тутишган. Мусулмон ўлкаларни ичдан бузиш учун юборилган бир хорижлик жосуснинг фаолият режасида «Мусулмон ўлкаларда... халқни диндан чалғитиш учун... ёшлар кўнглида динларига нисбатан шубҳа ва зиддият уйғотиш керак», деган йўриқнома ёзилган экан.
Онгли ёшларимиз дўст киму душман ким эканини яхши ажратиб олишлари керак. Тажрибали боксчи каби туйқус зарбанинг қаёқдан тушишини сергаклик билан, ички туйғу орқали сезиб олишлари зарур. Мақсадига етиш йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган душман қаршисида турганларини унутишга ҳақлари йўқ.
Бугунги кунда ана шу хатарли душман ёшларимиз юрагини эгаллаш учун бор кучини ташлаган, барча тадбирларини ишга солган. Насронийлик «тарғиботчи»лари — миссионерлар дунёнинг ҳамма жойида изғиб юришибди. Амриқолик насронийлик ҳаракати тадқиқотчиси Дэвид Борит ёзишича, канисаларга тушган маблағдан йилига 150-160 миллиард доллар пул насронийликни тарғиб ва Исломни ёмонотлиқ қилиш йўлида харжланмоқда. Жаҳоннинг ҳамма ерида йилига 22,7 миллион нусха масиҳий даврий нашр, 72,5 миллион нусха Инжил тарқатилмоқда.
Миссионерлар фақат булар билан кифояланиб қолишаётгани йўқ. Улар ёш, ҳали тараққиёт йўлига тўла тушмаган мамлакатлар ночорлигидан ўз мақсадларида фойдаланиб қолишга интилишмоқда. Хайр-саховат ва ёрдам ниқоби остида шифохоналар, ўқув марказлари, хайрия муассасалари, тарбия ўчоқлари ташкил этишяпти. Аҳолининг ночор қатламлари қалбига йўл топиш учун уларга пул, кийим-кечак, озиқ-овқат, дори-дармон тарқатишмоқда. Тошкентлик бир талабанинг ҳикоясига кўра, аввал унга дўсти орқали ташвиқот ишлари бошлашган, қароргоҳларига таклиф этишган. Мусиқа қўйиб беришган, енгилгина зиёфат билан сийлашган, у ёқ-бу ёқдан суҳбат қуришган. Кетаётганида қўлига пул тутқазишган. Бир неча марта бу аҳвол такрорлангач, ниҳоят бирга ибодат қилишга даъват этишган. Талабани бунга кўндиролмагач, уни қаттиқ ҳақоратлаб, берган пулларини тортиб олишган.
Мана бу воқеани эса жиззахлик бир журналист сўзлаб берди: «Хўжаликлардан бирига мақола ёзгани борувдим. Ишимни битириб, туман марказига бориш учун далалар оралаб пиёда йўлга чиқдим. Шу пайт тутқатор орасидан бир ўзбек аёли чиқиб салом берди ва мени гапга сола бошлади. Унинг ниятини билишга қизиқиб, саволларига жавоб бериб турдим. Бирдан у Ислом динининг қолоқ, урушқоқ дин экани, ҳозирги пайтда нажот фақат насронийликдалиги ҳақида гапира бошлади. Ўзим диндор бўлмасам-да, унинг бу гапи ғашимга тегди. Ақлим етганича гапларининг ёлғон эканини фош қила бошладим. Шунда аёл «Ишонмасангиз, мана буларни ўқиб кўринг, кейин тушуниб оласиз», деди-да, халтасидан сифатли қоғозларга босилган рангли суратли бир неча масиҳий китобларни қўлимга тутқазмоқчи бўлди. Табиийки, қизиқиб турсам-да, уларни олишдан бош тортдим ва «Ҳозир мелиса чақираман», деб у ёқ-бу ёққа алангладим. Аёл қандай пайдо бўлган бўлса, шундай тутқатор ичига кириб ғойиб бўлди. Миссионерлар фақат пойтахтда ташвиқот олиб боради, деб ўйларканман. Чўлнинг энг чекка қишлоқларида ҳам китоб тарқатиб юришганини кўриб ҳайронликда қолдим».
Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунида (5-модда) «Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади», деб ёзиб қўйилган. Аммо мамлакатга турли йўллар ва баҳоналар билан кириб келган айрим миссионерлар қонунларимизни назар-писанд қилмай, мусулмонларни ўз динларига даъват қилишяпти. Тақиқланган китобларни, аудио-видео тасмалар ва дискларни кўча-кўйларда, жамоат жойларида, ўқув юртларида тарқатишга уринишяпти. Айниқса, улар олий ўқув юртлари талабалари орасида фаол иш олиб бораётганлари ҳақида талабаларнинг ўзлари куюниб гапириб беришди.
Бир қарашда беозор кўринган «тарғиботчи»-ларнинг китоб ёки пул улашишлари аслида узоқни кўзлаб, пухта режа билан олиб борилаётган сиёсатнинг бир кўриниши, холос. Исломий ўлкаларни қурол кучи билан енгиб бўлмасликка кўзи етиб қолган мустамлакачилар энди улар устига фикрий ва маданий юриш қилишга, ақидаси ва анъаналарини мусулмонлар ўртасида ёйишга уринишмоқда. Демократия, маданият, тараққиёт олиб кириш баҳонасида диний ва миллий асосларга зарба беришга, мусулмонлар юрагидан имон, эътиқод, ишончни чиқариб ташлашга интилмоқда.
Миссионерларнинг бир раҳбари очиқроқ айтиб қўя қолди: «Миссионерлик гуруҳларининг мақсади фақатгина насронийликни ёйиш бўлмай, балки Ислом оламини насроний ғарб ҳукмига бўйсундиришдир» («Ислом нури» газетаси, 1992 йил 43—44-сон).
Ана ту кураш ва ҳаракатлар «меваси»ни бериб турибди. Улар қанчалаб мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини издан чиқариб, яхлит халқларни бир қанча гуруҳ ва табақаларга ажратиб юборди. Оқибатда, жойларда миллий, диний аҳилликка, сиёсий барқарорликка путур етди. Масалан, Индонезияда ҳаракат қилаётган миссионерлар йигирма беш йил мобайнида 250 минг одамни насронийлаштиришга эришди ва улар яшаётган Шарқий Тиморни мамлакатдан ажратиб олишди. Африқо қитъасидаги беш миллион талабанинг таълими миссионерлар қўлида. Ливан, Сомали, Индонезия, Болқон ва бошқа минтақаларда вақти-вақти билан алангаланиб турадиган фуқаролик урушларида, динлараро тўқнашувларда ҳам миссионерларнинг «холис хизматлари» бор.
Бизнинг мамлакатда янги ҳодиса бўлган бу миссионерлик ҳаракатларини илмий, ижтимоий ва сиёсий нуқтаи назардан ўрганиш пайти келди.

Абдулла НОДИРОВ

Мақола жойлаштирилган бўлим: Миссионерлар
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase