close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Имон кушандаси

Бу ёруғ дунё бутун борлиғи-ла мўъжиза. Ва бу оламда бахт-саодатнинг ўлчови ҳисобсиз. Агар чуқур тафаккур қилинса, мўъжиза ва бахт моҳияти бир ноёб ҳикматга — имон-эътиқодга бориб тақалади.

Инсон ожиз банда, янглишиш ва хатолар унга хос. Баъзан дўпписи тор келиб қолса, дўстини ҳам аямаслиги мумкин. Айрим бетайин кимсалар оиласидан-да воз кечади. Ҳаётда жон қутқариш илинжи ёки бойлик васвасаси оқибатида Ватанини сотганлар ҳақида ўқиганмиз, эшитганмиз.
Аммо чинакам мусулмон одам ҳар қандай олтин-кумуш ё ҳар қандай шоҳона ҳаётга имонини, виждонини алишмайди.
Аслида, икки нарсанинг бебаҳолиги бизларга маълум. Булардан бири — Ватан, иккинчиси -имон! Бордию шайтон қутқуси билан, қўрқоқлиги ёки хою ҳаваси йўлида киндик қони томган юртни тарк этса, бундай одам виждонини ҳам Ватанига ташлаб кетади ҳисоб.
Имонга хиёнат эса... Алҳазар! Аллоҳ ҳеч бир мусулмон киши бошига бундай фожиани, катта фалокатни солмасин. Чунки Ватандан юз ўгирган бир дунёсини йўқотса, имонини сотган икки дунёсидан ажралади.
Имом Ғаззолий имонни беш буржли қалъага ўхшатади. Бу қалъага фақат бир ўғри — иблис мўралаши, тузоқ қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради. Эсиз, имони заиф кишилар сўза-мол, хушсурат, ҳимматли бўлиб кўринган одам қиёфасидаги шайтонни вақтида таниёлмай, унинг домига тушиб, сўнгра афсус-надомат ботқоғига ботишади.
Кези келганида комиллик йўли ва заҳмати тўғрисида қисқача сўз айтиш лозим. Ҳазрати Ғаззолийнинг бундай насиҳати бор:
"Имони мукаммал бўлишини истаган киши камтарин, тавозеъли бўлмоғи керак. Зотан, бу нарса мўминлик зийнатидир". Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу) дейди:
"Кимда олти хил табиат жамланган бўлса, у жаҳаннамдан омон қолади, жаннатга тушади:

1.    Аллоҳни таниб, Унга бўйсунса.
2.    Шайтонни билиб, унга эргашмаса.
3.    Ҳақни англаб, унга таслим бўлса.
4.    Ботилни сезиб, ундан қочса.
5.    Дунёни тушуниб, унга кўнгил бермаса.
6.    Охиратни ўйлаб, унга ҳозир турса".

Ҳасан Басрийнинг бу мавзудаги фикри эса бизни тафаккурга чорлайди. У зот дейди: "Бирон киши сен билан дунёвий масалада тортишса, сукут сақла, лекин дин масаласида сўз очиб, сенга зарар келтириш нияти борлигини сезсанг, у билан муроса қила кўрма!"
Юрагимиздаги оғриқ ва изтироб, хавотир ва ҳадикнинг илдизи ҳам айнан шу ҳолатда кўринади. Зотан, Имоми Аъзамдай буюк зот мазҳабларига, аҳли суннат ва жамоат ақидасига таяниб умр кечираётган диндошларимиз орасида ҳам баъзи-баъзида имони заифлар кўзга ташланиб қолаётгани ғоят хатарли ва ачинарли ҳол.
Халқимиз, ўрик ўрикни кўриб ола бўлади, дейди. Бир нодоннинг билиб-билмай йўлини йўқотиши бошқа бир кўнгли бўш кишининг адашувига олиб келиши мумкин. Шунга йўл қўймаслик учун имон-эътиқодда, бир-биримиздан хабардорликда фаолликни қўлдан бермаслигимиз керак.
Миссионерликнинг асл мақсадини ҳамма ҳам дарҳол илғаб олавермайди. Унинг ёсуманлиги, хавф-хатари ҳам шунда. Уларнинг муддаоси миллатлараро бағрикенглик, диний тотувлик тамойилларига мутлақо зид. Айримлар, миссионерлар одамларни насронийликка чақиради, деб хато ўйлашади. Аслида бу гуруҳ фақат диндан, имон-дан, алал-оқибат, одамгарчиликдан чиқаради, манқуртлик ғоясига хизмат қилади. Насронийларнинг ўзлари ҳам эътироф этмайдиган шубҳали секталар, оқимлар мустақиллик йўлини тутган мамлакатларга сездирмай кириб олишиб, ўзларининг ғаразли ниятларини рўёбга чиқара бошлашади. Мисол учун, истиқлолнинг дастлаб-ки йилларида Андижон шаҳрида "Андижон-бизнес" ўқув маркази фаолиятини бошлаган эди.
Улар фарзандларимизга тил ўргатиш баҳонасида ҳар хил йўллар билан эътиқодига таъсир кўрсатишгани ўз вақтида пайқаб қолинди ва фаолиятига чек қўйилди.
Яна бир мисол. Миссионерлар Андижон шаҳрида ва айрим туманларда ногирон, кар-соқов кишиларни моддий ёрдам билан алдаб, насронийликни қабул қилдиришган, ҳатто ибодат маросимларини ўтказишга эришишган. Яхши-ки, Ўзбекистан Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунига биноан бундай қонунсиз хатти-ҳаракатлар қилган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Шу ўринда масаланинг яна бир нозик томонига эътиборни қаратмоқчиман. Миссионерлар кўпроқ етим-есир ва ночорроқ оилаларни нишонга олади.
Яқинда бир воқеани эшитиб, ғоят афсусландим. Айтишларича, оддийгина оилада мусибат юз беради: хонадон эгаси оғир касалликдан сўнг вафот этади. У хасталик чоғидаёқ рўзғори бироз чўкиб қолган экан. Кўмиш маросими ва кейинги маъракалар хотинининг мадорини қуритади.
Мана шундай шароитда унга бир роқиба аёл "дуч келади", ширин сўзлари билан дард тўла юрагига тасалли бериб, моддий ёрдам кўрсатади. Дунёвий ташвишлардан эзилган муштипар узоқ ўйлаб ўтирмай, фарзандлари билан насронийликни қабул қилади.
Бу ҳолатда, аввало, жамоат, маҳалла-кўй, гувоҳ ён-атрофидаги кишиларнинг хатти-ҳаракати, муносабати кўп нарсани ҳал этади. Наҳот биз шунчалар лоқайд, бепарво бўлиб қолган бўлсак? Наҳот мўминнинг мўминга чиройли нигоҳи ҳам туҳфа эканини унутган бўлсак?!
Эрта баҳор кунлари бир аёл ишхонамга келди. Айтишича, эр-хотиннинг топгани фарзандининг сиҳат-саломатлигини тиклашга сарфланибди. Энди мутахассислар болани Россияга — Москвага олиб бориш кераклигини айтишибди. Аммо бунга катта маблағ керак. Уйларини сотай дейишса, унга ака-укалари ҳам ҳақдор экан. Бу орада боланинг бир кўзи кўрмай, иккинчиси ҳам хиралаша бошлабди.
Мен ўша куни ўзим таниган, билганларга телефон қилдим, бир аёлга Аллоҳ йўлида ёрдам беришларини сўрадим...

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ


Мақола жойлаштирилган бўлим: Миссионерлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase