Рождество – насороларнинг ҳар йили Ийсо алайҳиссаломнинг таваллудларини хотирлаб байрам қилинадиган маросимларидир. Рус тилида бу маросим «месса» (обедня) деб юритилади. Мажусий эътиқодлардан ўтиб қолган бошқа байрамлар каби, Рождество ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг туғилган кунларига боғлиқ бўлмай, балки мажусий урф-одатларнинг давомидир.
Тўрттала Евангелиеда ҳам, расмий Библияга киритилган авлиё Апостоларнинг Амаллари ва Номларида ҳам, Ийсо алайҳиссаломнинг туғилган ой ва кунларида ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Фақат иккита Евангелиедагина (Лука ва Матфей Инжилларда) бокира онанинг ҳомиладор бўлганлиги зикр қилинган бўлиб, бироқ уларда ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг туғилган санлари аниқ кўрсатилмаган. Луканинг хабар беришича, Ийсо алайҳиссалом туғилган тунда Иудея атровидаги яйловларда, очиқ осмон остида бўлган чўпонларга фаришта билан бирга сон-саноқсиз осмон лашкарлари кўринган бўлиб, улар Худога ҳамду сано айтаётган ва «Худои Таолога ҳамду санолар, ва ерда тинчлик, одамларда эзгу ниятлар бўлсин!» (153) деб дуо қилаётган эканлар. Агар бу хабар тўғри бўлса, демак Ийсо алайҳиссалом ёзда, чўпонлар очиқ яйловда қўйларини қўриқлаб ётган пайтда туғилганлар.
Насороларнинг машҳур арбоби Клемент Александрийскийнинг сўзларига кўра, Василидианлар Ийсо алайҳиссалом мисрликлар Фармути деб атайдиган ойнинг, яъни апрелнинг 24 ёки 25 кунида туғилган, деб ҳисоблар эдилар. Насороларнинг яна бир сектаси эса унинг туғилиши Август Цезар подшоҳлигининг 28-йилида, пахон ойининг 25-кунига тўғри келган бўлиб, бу 20 майга тўғри келади (154). Клементнинг ўзига келса, у Масиҳнинг туғилган куни 18 ноябр деб ҳисоблар эди (155).
Черковда Киприаннинг асарлари орасидан топилган, 243 йилда ёзилган қисқагина трактат бор бўлиб, унда Масиҳнинг 28 мартда туғилганлиги таъкидланган (156). Ж.Робертсон шундай ёзади: «Бир нечта секталар туғилишнинг 24 ёки 25 апрель кунига тўғри келган, деб узоқ вақт қаттиқ туриб келишди…, ваҳоланки бошқлар бу кунни 25 май деб ҳисоблашар, шарқий черковларнинг кўпчилиги эса асрлар давомида бу санани 6 январ куни нишонлаб келди» (157).
Дастлабки уч аср давомида черков бу байрамни нишонламган, бироқ насронийликка юнон-рум мажусийларининг эътиқодлари сингиб киргач, бу удум ҳам осонлик билан кириб келди.
Racionalist Encyclopaedia шундай хабар беради:
«Римликлар энг қадим вақтлардаёқ қадимий ҳосилдорлик худосининг шарафига Сатурналия деган байрамни нишонлаб келишган. Бу байрамларда совғалар, шамлар, қўғирчоқлар намойиш қилинар эди… Юксак аҳлоқни тарғиб қилувчи Қуёшга сиғинишга асос солган Император Аврелиан ҳукмронлик қилган пайтлардан (270-276) бошлаб, уларнинг тақвимида 25 декабр алоҳида эътиборга эга бўлиб, расмий равишда Енгилмас Қуёшнинг туғилган куни деб ҳисобланар эди (158)»
Насронийлик Рим империясининг расмий динига айлангач эса, бу байрамга расмий тус берилиб, эътиқодий маросимга айлантирилди. Тахминан 530 йилларда астрономиядан хабари бор, деб юритилган скиф монахи Дионисий Экзигуусга (Нимжон Дионисийга) Ийсо алайҳиссаломнинг туғилган куни ва йилини аниқлаш вазифаси топширилди (159). Айни пайтда, бу ҳодиса ҳақида бевосита маълумотлар йўқ эди. Бу ҳақда Евангелиеларда ҳам ҳеч нарса айтилмаган.
Гап уқмас католиклар эса дастлабки даврларда рождество байрами 6 январда нишонланганлигини, 353-354 йилларда эса Либерия папаси уни 25 декабрга кўчирганлигини таъкидлайдилар.
Бугунги тадқиқотлар бу фикрни рад этмоқда. Эндиликда милоднинг IV асригача насроний черковлар бу байрамни умуман нишонламаган, деб ҳисобланмоқда. Император Валентиниан 389 йилда расмий байрамлар ҳақида фармон чиқарган бўлиб, бу байрамлар орасида фақат якшанбалар ва пасха бор эди (160).
Шундай қилиб, Дионисий Экзигуус учун черков томонидан таянадиган ҳеч нарса йўқ эди. Натижада бу астроном роҳиб фантастик равишда ўзича бу байрам 25 декабрда нишонланиши керак, деб топди. Бу ҳодисанинг оммавий байрам қилиниши 534 йилга тўғри келди. Ўшанда дастлабки судлар уни «dies nоn», яъни дам олиш куни деб эълон қилишган эди.
Шуниси қизиқки, бугунги кунда ниҳоятда оммалашиб кетган «рождество» сўзи XI асргача ҳеч қачон ишлатилмаган (161).
Дарвоқе, 25 декабр Ўрта ер денгизи минтақасида азалдан муҳим сана ҳисоблаб келинган. Насронийликдан аввалги даврларда бу кун кўпгина мажусий эътиқодлар бўйича муқаддас кун ҳисобланган. Қадимги халқлар қишки тенгкунлик пайтида қуёш ўзининг осмон бўйлаб ҳар йилги сафарини бошлайди, деб ўйлар эдилар. Шунинг учун 25 декабр унинг туғилган куни деб ҳисобланар ва дунёнинг мажусийлик тарқалган минтақаларида – Хитойда, Ҳиндистонда, Форсда, Мисрда, шунингдек, Юнонистонда, Римда, Германияда, Скандинавияда, Британияда, Ирландия ва Америкада байрам қилинар эди (162). Улар кўпгина Қуёш худолари айнан шу кунда (бир-икки кун фарқи билан) туғилган деб ишонардилар. Масалан, Митра 25 декабрда, Исида, Осирис, Гор ва Аполлон йилнинг 362-кунида, яъни декабрнинг охирги ҳафтасида туғилган деб ҳисобланарди.
Хусусан, 25 декабр ўрта ер денгизи минтақасидаги кўплаб Қуёш худоларининг туғилган кунлари эди (163). Митраизм IV асргача Римнинг расмий дини бўлиб келган ва қуёшга сиғинувчилардан айнан митраизм насронийликка энг кучли таъсир кўрсатган. Митраизмдан насронийликка ўтиб қолган бошқа урф-одатлар қатори, 25 декабр ҳам митраизмга хос байрам бўлиб, бироз вақт ўтгач Масиҳнинг таваллуди, яъни «Рождество Христова» деб аталиб қолган.
Racionalist Encyclopaedia шундай хабар беради:
«Ҳақиқатдан ҳам бу байрам шу қадар мажусий эдики, ҳатто 245 йилда Ориген Ийсо алайҳиссаломни оддий подшоҳларга ўхшатиб, у зотнинг туғилган кунини нишонлаш фикрининг ўзига қарши чиққан эди (164).
Гап шундаки, мажусийларнинг асосий байрамлари нишонланадиган кунлар ўша пайтга келиб шу қадар оммалашиб кетган эдики, насронийлик ҳам бунга кўникишга мажбур бўлиб қолган эди.
Р. Грегори шундай қайд этади:
«Насронийликни бу мажусий байрамни қабул қилишга ундаган нарса черков раҳбарларининг янги динга кирганларни ўша пайтда содир бўлаётган мажусий маросимлардан қайтаришга уриниши бўлди (165).
Британия энциклопедиясида шундай дейилган: «Дарҳақиқат, Ийсонинг таваллуди ҳам, унинг 12 январга тўғри келадиган халққа кўринган куни ҳам, мажусийларнинг қишки тенгкунлик байрамининг бироз ўзгарган кўринишидир. Улар бир-бири билан шу қадар чамбарчас боғлиқки, уларнинг келиб чиқишини алоҳида муҳокама қилиб бўлмайди (166).
Библияда Рождествонинг ҳеч қандай муайян санаси айтилмаган бўлса-да, кучли тахминлар билан бўлса ҳам, бу воқеа йилнинг қайси фаслида содир бўлганлиги аниқлашга асос бор. Аввал айтиб ўтганимиздек, Луканинг ҳикоя қилишича, Ийсо алайҳиссалом туғилган тунда, тунни яйловда ўтказган чўпонларга рўё кўринган бўлиб, Фаришта уларга Ийсо алайҳиссаломнинг туғилганликлари ҳақида хабар келтирган. Демак, Ийсо алайҳиссалом ёзда туғилганлар, чунки декабрда, Иудеяда ҳаво жуда совуқ бўлиши билан бирга тез-тез ёмғир ҳам ёғиб турадиган пайтда, қўйлар очиқ яйловда бўлиши мумкин эмас эди.
Шу ерда Британия энциклопедияси жуда ўринли фикр билдириб ўтади:
«Аммо, 25 декабрни Рождество санаси деб қабул қилиш қийин, чунки декабр – Иудеяда энг серёмғир мавсум бўлиб, бу пайтда на қўйлар, на чўпонлар тунда Вифлеем яйловларида бўлиши мумкин эмас эди» (167).
Шунинг учун насронийлик 25 декабрни Рождество санаси деб қабул қилмаган. Православ черкови бугунги кунгача бу байрамни 7 январда нишонлайди (168), ва биз Racionalist Encyclopaediaдан кўрганимиздек, дастлабки асрларда бу сана шу қадар фантастик ҳисоб-китоблар орқали белгиланганки, черковнинг турли йўналишлари бу кунни йилнинг деярли барча ойларини танлаб олганлар (169).
Ҳатто энг нуфузли археологлар ва черков тарихи бўйича мутахассислар ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг 25 декабрда туғилганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай маълумот йўқлигини иккиланмай тасдиқлайдилар. Биз Рождество деб атаётган нарса эса қишки тенгкунлик ёки Митранинг туғилган кунининг бошқача номланиши, холос. Уларнинг иккови ҳам келиб чиқиши ва моҳиятига кўра мутлақо мажусий байрамлардир.
Хастингс шундай ёзади:
«Бугунги кунда қадимдан сақланиб қолган ва Европада кенг тарқалган, Рождество билан боғлиқ урф-одатларнинг кўпчилиги – насроний динига эмас, балки черков томонидан қабул қилинган мажусий эътиқодлар мевасидир» (170).
153. Лука, 2: 13, 14.
154. Hasting's Encyclopaedia of Religigion and Ethics, vol.3, p. 603.
155. Jbid.
156. Jbid.
157. Jbid.
158. Racionalist Encyclopaedia, p. 102.
159. Edward Carpenter, op. cit.
160. Hasting's Encyclopaedia, op. cit., p. 601.
161. Racionalist Encyclopaedia, p. 102.
162. Vivian Phelips (Progressive Revelation, 1936, p. 110).
163. Edward Carpenter, op. cit.
164. Racionalist Encyclopaedia, p. 102.
165. R. Gregory (Religion in Science and Civilization, p. 113).
166. Encyclopaedia, art. Christmas.
167. Jbid.
168. Edward Carpenter, op. cit. 169.0p.cit., p. 102.
170. Hasting's Encyclopaedia, vol. 3, art Christmas Customs.