«Христос» – бу исм эмас
Минглаб, миллионлаб насронийлар бугунги кунда Назаретлик Ийсо алайҳиссаломнинг Христос, яъни Масийҳ эканлигига кўр-кўрона ишонадилар. Улар яҳудийларга ваъда қилинган Масийҳ – бу Ийсо алайҳиссаломдир, деган даъволарига яҳудий Инжилидан (Кўҳна Аҳд) олинган «минг бир» башоратни далил қилиб келтирадилар. Келинг, «минг»та башоратни бироз четга қўйиб туриб, Ийсо алайҳиссаломнинг Инжилларда келтирилган биргина фикрларини кўриб чиқайли. Кўрайлик-чи, у зот яҳудийларга берган ваъдаларининг устидан чиқдилармикин.
Биз ХРИСТОС (МАСИЙҲ) деган сўзнинг исм эмаслигини тан олишимиз керак.
Бу – мақомдир. Бу сўз қадимги яҳудий тилидаги Мессия, яъни «сурилган, силанган» деган маъно англатувчи сўздир. Худди шу «силанган» деган сўз грек тилида ХРИСТОС деб юритилади. Бу мақомни биз ана шу сўздан олганмиз. Руҳонийлар ва қироллар ўз мақомларига тайинланганларида «силанар» эдилар. Инжилда ҳатто бутпараст подшоҳ Кир ҳам шу мақомда зикр этилган (Исайа 45:1)
Авлиё Луканинг Инжилида айтилишича, «Орадан саккиз кун ўтиб, чақалоқни суннат қилмоқ лозим бўлди. Марям ҳомиладор бўлишидан олдин фаришта унга буюрганидай, боланинг исмини Исо қўйдилар» (Лука 2:21).
Биби Марямнинг ҳали туғилмаган ўғлига қўйилган исм Масийҳ эмас, Ийсо эди. Фақат Чўқинтирувчи Иоанннинг қўлида чўқинтирилгачгина, Ийсо алайҳиссалом ўзларининг Христос, яъни Масийҳ эканликларини айтганлар. Яҳудийлар у зотнинг бу сўзларини индамай қабул қилиб кетаверадиган анойи эмас эдилар. Улар исбот-далил кўрсатишни талаб қилдилар!
Исбот учун кўрсатилган мўъжиза
Матфейнинг хабар беришича, «Шунда уламолар ва фарзийлардан баъзилари Исога: “Устоз, биз Сeндан шуларнинг бирон бир далилини кўрмоқчимиз”, - дeдилар» (Матфей 12:38).
Аслида бу бекорчихўжалар қандайдир «сеҳрли трюк»ни кўришни истардилар. Улар бўш шляпанинг ичидан қуёнча пайдо қилиш, сув устида чўкмай юриш, осмонда учиш ёки чўғ устида оёғи куймай юриш каби кўзбўямачиликка ўхшаш бирор текин томоша кутардилар. Улар тоқати тоқ бўлиб кутаётган «башорат» ёки МЎЪЖИЗА шундангина иборат эди. Яҳудийлар Ийсо алайҳиссаломни лўттибоз, қаллоб, сеҳргар деб ўйлашарди.
Фақат битта «мўъжиза» бўлади
Ийсо алайҳиссаломнинг таъблари хира бўлди: Исо уларга жавобан дeди: “Бу ёвуз ва субутсиз насл далил излаяпти, лeкин Юнус пайғамбарнинг аломатидан бошқа унга далил бeрилмайди. Юнус пайғамбар уч куну уч тун кит қорнида бўлгани каби, Инсон Ўғли ҳам xудди шундай уч куну уч тун ер бағрида бўлади (Матфей 12:39-40).
Ийсо алайҳиссалом «Уларга мўъжиза берилмайди» дедилар. У зот яҳудийларни кўр кўзи очилган Бартимейнинг олдига юбормадилар. Ийсо алайҳиссалом «қон келиб турган», у зотга қўл теккизиши билан шифо топган аёл ҳақида ҳам, «фитналанган кишини» даволаш учун ўзлари қириб тугатган 2000 та чўчқа ҳақида ҳам, бир нечта балиқ ва нон билан 5000 ва 3000 кишини едириб, тўйдирганлари ҳақида ҳам ҳеч нарса демадилар. Ийсо алайҳиссалом «уларга…» фақат битта - «ЮНУС ПАЙҒАМБАРНИНГ МЎЪЖИЗАСИДАН БОШҚА мўъжиза кўрсатилмайди» дедилар!
Ийсо алайҳиссалом таваккул қилган эдилар. У зотнинг мен Масийҳман (Христосман) деган даъволари тасдиқланиши ёки ўша кўрсатмоқчи бўлганлари - ЯГОНА «мўъжиза» асосида йўққа чиқиши керак эди. Ийсо алайҳиссалом ягона мўъжизани кўрсатиш ҳақидаги ваъдаларининг устидан чиқдиларми? Насроний дунёси Инжилда келган, «ҳамма нарсани синаб кўринглар» деган ўгитга эътибор бермай туриб, бу саволга якдиллик билан «Ҳа!» деб жавоб беради (Фессалоникияликларга биринчи нома 5:21).
Юнус алайҳиссалом ўз вазифасидан қочади
Юнус алайҳиссаломнинг мўъжизаси нима эди? Уни топиш учун Кўҳна Аҳддаги «Юнус (алайҳиссалом) Китоби»га мурожаат қилишимиз керак. Аллоҳ Таоло Юнус алайҳиссаломга Ниневияга бориб, у ердаги қавмни тавба қилишга, «ўзларини ёвуз йўллардан ва қўлларини зўрликдан, зулмдан» қайтаришга даъват қилишни буюрди (Иона 3:8).
Бироқ, Юнус алайҳиссалом Ниневияга даъватчи бўлиб боришни истамади, Парвардигорининг амридан бош тортиб, Ниневиянинг ўрнига Иоппияга отланиб, кемага чиқди. Шу пайт денгизда даҳшатли довул турди. Денгизчилар денгизда бўрон турса, кемада Парвардигорнинг амридан қочган киши бор, деб ирим қилар эдилар. Улар бу ҳақда бир-бирларидан сўрай бошладилар ва «Кетдик, ким туфайли бошимизга бу кулфат тушганлигини билиш учун, қуръа ташлаймиз, дедилар. Ва қуръа ташладилар, ва қуръа Юнусга тушди» (Иона 1:7). Юнус алайҳиссаломнинг ўз вазифасини бажаришда йўл қўйган хатоси вақтинчалик эди, ва у ўз ихтиёри билан, мардларча ўрнидан турди: «Шунда у уларга деди: мени олиб, денгизга улоқтиринг, ва денгиз сизлар учун тинчланади, зеро мен биламанки, сизларга бу буюк бўрон мен туфайли етди» (Иона 1:12).
Ўликми ёки тирик?
Юнус алайҳиссалом айбини мардларча тан олиб, бошқаларни қутқариш учун ўзини қурбон қилишга тайёр эди. Шу сабабли денгизга ташлашдан аввал уни бўғиб ўлдириш, найза санчиш ёки қўл-оёғини синдиришнинг кераги бўлмади. Унинг ўзи «Мени кўтариб, денгизга отинглар» деди. Энди шундай савол туғилади: кема сарбони ва кемадаги денгизчилар Юнус алайҳиссаломни денгизга ташлаётганда у тирик эдими ёки ўликми? Якшанба мактабига қатнайдиган ҳар қандай насроний бола бу саволга ҳеч иккиланмай «Тирик эди!» деб жавоб беради.
Бўрон тўхтади. Денгиз тинчланди. Бу тасодиф эдими?
Улкан балиқ Юнус алайҳиссаломни ютиб юборди. Балиқ ютаётган пайтда у ўлик эдими ёки тирик? Бу саволнинг жавоби ҳам юқоридагидек: «Тирик эди!»
«Юнус (алайҳиссалом) балиқнинг қорнида туриб ўзининг Парвардигорига дуо қилди» (Иона 2:2). Хўш, бу пайтда у тирик эдими ёки ўлик?
Албатта, ўлик одам дуо қилмайди! Жавоб аввалгидек: «Тирик эди». Балиқ уч кечаю уч кундуз уни уммон қаърида олиб юрганда ҳам тирик эдими ёки ўликми? Яна «Тирик эди!» деган жавоб оламиз. Учинчи куни балиқ уни қирғоққа олиб чиқиб ташлаганда ҳам тирикмиди? Албатта, Т-И-Р-И-К эди!
Хўш, унда Ийсо алайҳиссалом ўзлари ҳақда қандай башорат бердилар? У зот «Юнус алайҳиссалом қандай… бўлган бўлса, одам боласи ҳам шундай … бўлади» дедилар. «Soos Jonah» — «njenga Jonah» — ЮНУС АЛАЙҲИССАЛОМГА ЎХШАБ.
Хўп, Юнус алайҳиссалом қандай бўлган эди ахир? У уч кун ва уч кеча тирик бўлган эдими ёки ўликми? Бу саволларга яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам, мусулмонлар ҳам якдиллик билан «Тирик! Тирик! Тирик!» деб жавоб берадилар!.
Юнус алайҳиссалом каби эмас
Агар Юнус алайҳиссалом уч кун ва уч тун тирик бўлган бўлса, демак, Ийсо алайҳиссалом ҳам, ўзлари башорат берганларидек, қабрда тирик қолишлари керак эди! Бироқ, насронийлар Ийсо алайҳиссалом уларни қутқариш учун «ҳалок бўлганлар» деган ингичка ипга маҳкам ёпишиб олганлар. Шунинг учун ҳам, улар юқоридаги саволга Ийсо алайҳиссалом шу уч кун ва уч тун давомида ўлик эдилар, деб жавоб беришга мажбур бўлиб қоладилар. Уларнинг сўзлари билан тарихий воқеълик ўртасидаги қарама-қаршилик очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Юнус алайҳиссалом тирик бўлган эди, Ийсо алайҳиссалом эса ўлик! Ийсо Масийҳ Юнус алайҳиссаломга ўхшамадилар! Ийсо алайҳиссалом «ЮНУС КАБИ» деган эдилар, «ЮНУС КАБИ ЭМАС» эмас! Агар бу тўғри бўлса, демак Ийсо алайҳиссалом, ўзлари гувоҳлик берганларидек, яҳудийларнинг ҲАҚИҚИЙ Масийҳи эмаслар! Агар Инжилдаги шаҳодатлар ҳаққоний бўлса, у ҳолда биз қандай қилиб яҳудийларни «Христос»ни инкор қилганлари учун айблай оламиз?
Учга уч = 72 соатми?
Бир диншунослик фанлари доктори, теология профессорининг жавоб беришича, биз муҳокама қилаётган «Юнус пайғамбар УЧ куну УЧ тун кит қорнида бўлгани каби, Инсон Ўғли ҳам xудди шундай УЧ куну УЧ тун ер бағрида бўлади» (Матфей 12:39-40) дейилган жойда вақт омилига урғу берилган экан. «Марҳамат, эътибор беринг, - дейди бу теолог-олим, - «УЧ» сўзи Т-Ў-Р-Т марта такрорланган, бундан мақсад Ийсо алайҳиссалом ўз башоратларини ўлик ёки тириклик масаласига, «ЮНУС КАБИ» жумласига нисбатан ЭМАС, балки айнан қабрда қолиш муддатига нисбатан айтганлар».
Агар Ийсо алайҳиссалом айнан вақт омилини таъкидлаган бўлсалар, жуда яхши, келинг унда у зот яҳудийларга берган ваъдаларини айнан шу вақт омили юзасидан адо этдиларми? – деган савол бериб кўрамиз.
Догматик насроний бу саволга «Албатта!» деб жавоб беради.
Умумхалқ байрами
Шундай савол туғилади: Ийсо алайҳиссалом қачон хочга михлангандилар? Бутун насроний дунёси жавоб беради: «Жумъа куни!» Бизда, Жанубий-Африка Республикасида умумхалқ байрами - «Эҳтиросли якшанба»нинг – «Gooi-Vrygad»нинг байрам қилинишига сабаб шуми? Ғарбда, Америкадан Замбиягача ва Абиссиниядан Зоиргача бўлган улкан ҳудудда яшовчи ҳар бир насроний миллат «ЖУМЪА» куни умумхалқ байрамини нишонлайди.
Хўш, «Эҳтиросли якшанба»нинг нимаси шу қадар муҳим экан? «Бу - Масийҳнинг шу куни бизнинг гуноҳларимизни ювиш учун хочда ўлган кунидир», - деб жавоб беради насронийлар.
Шундай қилиб, у зот бундан тахминан 2008 йил муқаддам, жумъа куни хочда қатл қилинганлар, шундайми?
«Ҳа!», - деб жавоб беради насронийлар.
Инжил матнларига кўра, яҳудийлар Ийсо алайҳиссаломни тезроқ ўлдиришга шошилишган, деб хулоса қилиш мумкин. Шунинг учун бўлса керак, ярим кечаси суд бўлган, тонгда у зотни Пилатнинг олдига, сўнг Пилатнинг ҳузуридан Ироднинг ҳузурига, сўнгра яна қайтиб Пилатнинг олдига олиб боришган. Бу киборлар халқ оммасидан қўрқар эдилар. Ийсо алайҳиссалом халқ қаҳрамони эдилар, халқ у зотни бениҳоя севар эди. Душманлар у зотни тезда йўқ қилишлари керак эди, улар бунга эришдилар. Аммо душманлар у зотни хочга осишга қанча шошилишган бўлса, жумъа куни кун ботмасдан хочдан ечиб олишга ҳам шунчалик шошилишган, чунки эртасига шанба эди. Шанба жумъа куни кечкурун соат олтиларда бошланади, яҳудийлар эса Иккинчи қонунда (21:23) хочга осилган маҳкумнинг «Худонинг лаънатига» учраши, «Парвардигоринг - Худо сенга улуш қилиб берган ерни» булғамаслик учун мурдани осилган ҳолида шанба кунига қолдирмаслик ҳақида огоҳлантирилган эдилар.
Китобийлар ва фарзийларнинг диний иштиёқларини қондириш мақсадида, Ийсо алайҳиссаломнинг «махфий ҳаворийлари» маййитни хочдан ечиб олдилар. Улар маййитни дафн олдидан яҳудийчасига ювиб, «смирна ва алойдан иборат, юз литрча» келадиган кафанга ўрадилар (Иоанн 19:39). Шундан сўнг кафанланган маййитни қош қораймасдан аввал мақбарага қўйиб қўйдилар.
Нима учун «тахмин қилинмоқда»?
Насронийликнинг турли мазҳаб ва эътиқодлари ўртасида жуда кўплаб тафовутлар бор бўлса-да, юқорида зикр қилинган масалада уларнинг қарашлари бир хилдир.
Ийсо алайҳиссалом жумъа куни тунда қабрга қўйилган, деб тахмин қилинади. Шунингдек, у зот шанба куни кундузи ҳам қабрда эдилар, деб ҳам тахмин қилинади. Шунингдек, у зот шанба тунини ҳам қабрда ўтказдилар, деб тахмин қилинади. Насронийлар бу тахминларни ихлос билан қабул қиладилар. Албатта, сиз нима учун уч марта «тахмин қилинади» деган жумлани айтдингиз? - деб сўрайсиз. Бунинг сабаби шундаки, Инжилларда Ийсо алайҳиссалом қабрдан аниқ қачон чиққанлари айтилмаган. Эҳтимол, «махфий ҳаворийлар» у зотни ўша жумъа куни тундаёқ қулайроқ, хилватроқ жойга олиб чиқиб қўйишгандир, бироқ Инжил муаллифлари айтмаган нарса ҳақида тахмин қилишга менинг ҳеч қандай ҳаққим йўқ. Шунинг учун мен «тахмин қилинади» деган жумлани уч марта такрорладим.
Келинг, гапимизнинг охирида Ийсо алайҳиссалом қабрда УЧ кун ва УЧ тун қолганмилар, йўқми, бир қараб чиқайлик:
Шак-шубҳа йўқки, ҳаммаси бўлиб уч кун ва уч тун эмас, балки бир кун ва икки тун бўлганлигини кўриб турибсиз. Насроний Китобларга кўра, Ийсо алайҳиссалом ИККИНЧИ марта адашяптилар.
Биринчидан, у зот Юнус алайҳиссаломга ўхшамадилар, Юнус алайҳиссалом балиқ қорнидалигида ТИРИК бўлган. Бу фикр насронийларнинг «Устозимиз маълум вақт ўлик бўлган эдилар» деган даъволарига мутлақо қарама-қарши, хид фикрдир, чунки Юнус алайҳиссалом ТИРИК бўлган.
Иккинчидан, Ийсо алайҳиссалом ВАҚТ ОМИЛИНИ ҳам аниқ ижро эта олмадилар. Насроний дунёсининг энг буюк математиклари керакли натижага эриша олмаяптилар – УЧ кеча ва УЧ кундуз чиқмаяпти. Унутмаслигимиз керакки, Инжилларда бизга айтилишича, Мария Магдалина Ийсо алайҳиссаломнинг қабрларига борганларида якшанба куни «тонгда» (ҳафтанинг БИРИНЧИ куни) қабр бўш бўлган.
«Эҳтиросли» чоршанба
Армстронглар оиласи насроний оламининг ёлғонини фош қилди. Улар ўз арифметикаларини топганга ўхшайдилар! Яқинда, Дурбан шаҳридаги «Холиди Инн»да «Очиқ ҳақиқат» журнали ходими мистер Роберт Фахи маъруза қилдилар. Маърузада мен ҳам иштирок этдим. Мистер Фахи ўзининг насроний тингловчиларига Ийсо Масийҳ алайҳиссалом ортодоксал насроний олами ўтган икки минг йил давомида тахмин қилганидек, жумъа эмас, балки ЧОРШАНБА куни хочга михланганларини исботлашга уринарди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, якшанба тонгидан бошлаб уч кечаю уч кундуз орқага санасак, чоршанба бўлади.
Мен мистер Фахини бу кашфиёт билан табриклаб, «Қандай қилиб ўтган икки минг йил давомида бутун насроний дунёси «Эҳтиросли чоршанба» ўрнига «Эҳтиросли жумъа»ни нишонлаб келди экан?» - деб сўрадим. Бундан чиқди, бутун дунёдаги 1200000000 нафар насроний хочга осиш деб номланган воқеанинг аслида қайси кунда юз берганлигидан бехабар экан! Демак, ҳатто папалик мақоми авлиё Петрдан буён узлуксиз давом этиб келмоқда, деб даъво қилаётган Рим Католик Черкови ҳам адашаётган экан.
Худоми ёки шайтон?
Яна савол туғилади: Ўтган икки минг йил давомида миллионлаб насронийларни ким алдаб келди, худоми ёки шайтон?
Мистер Фахи қатъий жавоб берди: «Шайтон!»
Мен унга шундай дедим: «Агар шайтон муваффақият қозониб, насронийларни Эҳтиросли жумъани байрам қилиш керакми ёки эҳтиросли чоршанбаними каби иймоннинг энг оддий масалаларида адаштира олган бўлса, уларни Худога тааллуқли қолган масалаларда ҳам адаштириш қанчалик осон экан?»
Мистер Фахи қизариб кетди ва жўнаб қолди.
Агар бутун дунёдаги насронийлик пешволарининг фикри шундай бўлса, тарихдаги энг буюк ёлғон шу эмасми? деб сўрашга ҳаддимиз сиғмайдими?