close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Шайх Аҳмад Дийдот ибрати

Бундан бир неча йил муқаддам “Инжил Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида нима дейди?” номли мўъжазгина рисола бутун дунёга тарқалди ва катта шов-шувга сабаб бўлди.

Бундан бир неча йил муқаддам “Инжил Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида нима дейди?” номли мўъжазгина рисола бутун дунёга тарқалди ва катта шов-шувга сабаб бўлди. Унинг муаллифи Жанубий Африқо Республикасида истиқомат қилувчи Аҳмад Дийдод исмли мусулмон олими насронийлик руҳонийи Ҳайтен билан мунозара қилиб, Инжилнинг Эски Аҳд қисмида охирги пайғамбар Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) келишларига очиқ башорат борлигини исботлаб берган эди.
Аҳмад Дийдод шундай ёзади: “Таврот бешинчи китобининг 18-боб 10-ояти бўлажак пайғамбарнинг Муҳаммад (алайҳиссалом) қиёфаларида дунёга келишини тасдиқловчи яна бир далилдир. Ушбу сўзларга диққат қилинг: “Менинг номим билан гапирадиган у пайғамбар...”. Муҳаммад (солаллоҳу алайҳи ва саллам) кимнинг номи билан, кимнинг номидан гапирадилар?.. Қуръони каримнинг 9-сурасидан бошқа барча суралари “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” (Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан...”) деб бошланган. Мусулмонлар ҳамма ҳалол ишларини шу дуо билан бошлайдилар. Насронийлар эса: “Ота, ЎҚил ва Муқаддас Руҳ номи билан”  ишга киришишади, шундай эмасми? Шу тариқа мен Инжилдаги у башорат Исога (алайҳиссалом) эмас, пайғамбаримиз Муҳаммадга (алайҳиссалом) оид эканини исботловчи йигирмага яқин далил келтирдим”.
Дунёда минг-минглаб кишиларнинг тафаккурини тубдан ўзгартириб юборган ва уларнинг Исломга киришларига сабаб бўлган бу шижоатли олимнинг таржимаи ҳоли кўпларни қизиқтириши табиий. Хўш, Аҳмад Дийдод ким?
Аҳмад Дийдод 1918 йили Жанубий Африқо Республикасининг Дурбан шаҳрида тикувчи оиласида туғилди. Ўша пайтда Жанубий Африқо оз сонли оқлар ва туб қоратанли аҳоли ўртасидаги фожиавий зиддиятлар палласиини бошидан кечираётган эди. Отасининг Аҳмаддан ташқари Абдуллоҳ, Қосим ва Умар исмли яна уч ўғли бор эди. Кейинчалик Қосим ва Умар йирик сармоядор бойлар бўлишди. Абдуллоҳ эса 1956 йили Қоҳирадаги Ал-Азҳар дорилфунунига ўқишга кирди. Унинг исломий ҳаракат билан танишуви шу ерда бошланди. У ватанига қайтгач, ҳамфикр дўстлари билан “Мусулмон ёшлар ҳаракати” деган ташкилот тузди.
Аҳмад Дийдод бошқа қоратанли фуқаролар қатори ҳар куни ўнлаб марта кўчада, мактабда, дўконда ҳақорат ва камситишларга дуч келар эди. Бошланғич синфларни аъло битирган Аҳмад ўрта мактабга ўтказилди. Аммо унда атиги икки йилгина ўқиди, сўнг оилага ёрдам бериш учун ишга киришга мажбур бўлди. Ишга жойлашаркан, у ишлайдиган кичкинагина қаҳвахона келажакда катта дорилфунунга айланиб кетишини хаёлига ҳам келтирмаган эди.
Қаҳвахона католикларнинг диний семинарияси яқинида эди. Бу ерга келган семинария талабалари, муаллимлари ҳар гал боланинг жиғига тегишарди. Улар Аҳмадга “Сен мусулмонмисан?” дея бақиришар, жавобини ҳам кутмай: “Сенинг дининг ёлғон”, “Пайғамбаринг ёлғончи”, “Китобинг уйдирма”, “Борар жоғйинг дўзах” каби сўзларни айтиб, жазавага тушишарди. Бу ҳол ҳар куни такрорланарди. Аввалига насронийларнинг қилмиши Аҳмаднинг ғазабини қўзғади. Аммо кейинчалик у: “Ҳақиқат қаерда-ю, ёлғон қаердалигини аниқлаб олишим керак”, деган қарорга келди. Шу пайтдан бошлаб у ўзининг озгинагина маошидан ҳар ойда исломий адабиётлар сотиб олишга пул ажратиб қўядиган бўлди.
Бир куни черков томонидан Исломга қилинган ҳужумларнинг гувоҳи бўлган ҳинд руҳонийининг “Ҳақиқатни топиш” номли китоби Аҳмаднинг қўлига тушиб қолди. Муаллиф унда аксилисломий хуружларга, шунингдек, ҳинд насронийларининг Ислом ҳақида берган саволларига жавоб қайтарган эди. Кейинчалик Дийдод шундай дейди: “Бу китоб менга кўп нарса берди, ундан жуда кўп саволларимга жавоб топдим”.
Инжилни ўрганиш Аҳмад Дийдоднинг мустақил билим олишида навбатдаги босқич бўлди. У Янги Аҳднинг турли нашрларидан бир нечтасини сотиб олди ва матнларни муқояса қилар экан, уларда жиддий қарама-қаршиликларни топди. Ўз-ўзидан: “Уларнинг қай бири тўғри?” деган савол туҚилди.
Ёш Аҳмад ана шу бир-бирига зид келган ўринларни қоғозга туширди ва ҳар куни қаҳвахонада жиғига тегувчиларга кўрсатди. Ўсмирнинг жиддий саволларига семинария илоҳиётчиларининг жавоб беролмай довдираб қолишгани бир умр Аҳмаднинг эсидан чиқмайди. “Улар гангиб қолишган, нима дейишни билишмасди, — дея эслайди Аҳмад Дийдод. — Кейинчалик ҳеч ким мусулмонлигим учун таъна қилолмайдиган бўлди”. Бу воқеа ёш Дийдодга энг яхши ҳимоя ҳужумга ўтиш эканини англатди.
Орадан бир неча йил ўтгач, Аҳмад Дийдод жанубий африқолик саноатчи ва ҳуқуқшунос, адлия ишлари билимдони Ғулом Ҳусайн Фанака билан танишиб қолди. Дийдод ва Фанака табиатлари ва дунёқарашларига кўра бир-бирига жуда ўхшашарди. Уларни бирлаштириб турган нарса асосан Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ва у зотнинг саҳобалари каби Аллоҳ таолога ва мусулмон умматига ихлос билан хизмат қилиш нияти эди. Янги дўст тимсолида Аҳмад Дийдод исломий маърифатни ёйиш ишида собитқадам сафдош топди. Улар иломий билимларни бирга ўрганишар, динларни муқояса қилиш билан шуғулланишар эди. Бу пайтга келиб Аҳмад Дийдод насронийларнинг руҳонийлари билан баҳс-мунозараларда мунтазам қатнашар, ўзида моҳир даъватчи маҳоратини ривожлантирар эди.
Аҳмад ва Ҳулом кўп вақтларини даъватга бағишлашарди. 1956 йили улар Дурбанда “Даъват” ташкилотини рўйхатдан ўтказишди ва унинг вакиллари сифатида шаҳар-қишлоқлардаги черков ва насронийлик ўқув юртларига бора бошлашди. Улар одамларга Инжил ва насроний ақидасининг қарама-қаршиликларини тушунтириб беришарди.
Аҳмад Дийдод сафдоши билан бирга мамлакатни узунасига ҳам кўндалангига ҳам кезиб, кишилар онгида тўнтариш ясади, уларнинг тушунча ва эътиқодини буткул ўзгартириб юборди. Черков доирасидаги буҳрон фош бўлиб қолди. Юзлаб насронийлар Аҳмад Дийдод билан суҳбатдан кейин Исломга ўтганларини эълон қилишди. Дурбаннинг овлоқ кўчаларидан бирига жойлашган “Даъват” ташкилоти эшиклари мамлакатнинг ҳамма бурчакларидан оқиб келаётган мухлислар кўплигидан асло ёпилмасди.
Кейптаунлик сармоядор, шаҳардаги бир неча дўконларнинг эгаси Солиҳ Муҳаммад билан танишув ҳам Дийдод таржимаи ҳолида муҳим воқеа бўлди. Жанубий Африқо Республикасининг савдо маркази — Кейптаун аҳолисининг асосий қисми насронийлар эди. Шаҳарда черков ва насронийлик ўқув юртларининг ривожланган инфратузилмаси мавжуд эди. Аммо Кейптаунда каттагина мусулмон жамоаси ҳам истиқомат қилишига қарамай, мусулмонларнинг шаҳардаги мақомлари унча баланд эмасди.
Аҳволни бир оз ўнглаш мақсадида Солиҳ Муҳаммад насроний руҳонийлари билан мунозаралар ўтказиш учун Аҳмад Дийдодни Кейптаунга таклиф этди. Мусулмон олимининг мухолифлар билан биринчи баҳслариёқ жамиятда катта шов-шувга сабаб бўлди. Ҳар бир учрашувга кўп сонли жамоат тўпланар, улар орасида йирик тожирлар, давлат хизматчилари бўлар эди. Аҳмад Дийдод қисқа вақт ичида кўплаб оқил инсонлар онгига таъсир ўтказишга эришди. Унинг исми қоратанли аҳоли эрки учун курашчи Нелсон Манделанинг номи билан бир қаторда тилга олинадиган бўлди. Кейптаунни эса “Аҳмад Дийдод шаҳри” деб атайдиган бўлишди.
Ўзининг айтишича, у эришган ютуқларда рафиқаси Ҳавво хонимнинг ҳам катта хизматлари бор. Биргаликдаги ҳаётларининг биринчи кунларидаёқ Ҳавво хоним  эрининг ҳақиқий сафдоши ва ёрдамчисига айланди. Чунки эрининг фаолияти катта жисмоний ва руҳий куч-қувват талаб этарди. Ҳар гал уйга қайтаркан, уни хонадонида меҳрибон ва ғамхўр аёли, ажиб осойишталик, фароғат ва ором кутиб оларди.
Фарзандлари, энг аввало, мусулмон бўлгани ҳолда ҳар бири ўз ҳаёт йўлидан боришди. Катта ўғли Иброҳим электроника соҳасида муҳандис бўлиб етишди, яна бир ўғли Юсуф эса ҳозир йирик тижоратчи.
Аҳмад Дийдод ҳозирги диний арбобларга етишмаётган кўп фазилатлар соҳиби эди. Дўстлари ва яқинлари таъкидлашича, у ҳамиша ҳалим, самимий, қаноатли бўлиб, суҳбатдошларини тинглашни билар, уларнинг саволларига одоб билан, лекин қатъий жавоб қайтарар эди. Ваъдасига доимо вафо қиларди, ҳеч қачон учрашувга кечикиб бормасди. Ниҳоятда машҳурлигига қарамай, ўзини ҳаддан ташқари камтар ва хокисор тутар, овқатланиш ва кийинишда ҳамма қатори бўлишга уринар эди. Эскигина “Фолксваген-жук” машинаси унинг ягона улови эди. Аҳмад Дийдод тозалик ва тартибни жуда яхши кўрарди. Унинг мўъжазгина ишхонаси ҳамиша тартибли, покиза бўлар, китоблар токчаларга чиройли терилган, стол устида ортиқча ҳеч нарса бўлмас эди.
У ўзи бошлаган иш давомли бўлиши зарурлигини яхши тушунарди. Бунинг учун мустаҳкам замин яратиш керак эди. Мусулмон олими ўзига хос кўтаринкилик ва қатъият билан ана шу мақсадни амалга оширишга киришди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан Жанубий Африқо Республикасида бир неча ўқув юртлари ва марказлар очилди. Улар орасида Дурбандаги Аҳмад Дийдод услуби ўргатиладиган Ислом даъвати халқаро маркази асосий ўринни эгаллайди. Марказда саккиз курс бўйича икки йил таълим берилади. Олимлар ва воизларнинг кўпи Аҳмад Дийдод мактабини ўтаган ва уни шахсан яхши танийдиган кишилардир. Жаҳоннинг кўпгина мамлакатларидан келган талабалар бу марказда исломий илмларни ва даъватнинг энг замонавий усулларини ўрганиб ватанларига қайтишмоқда.
Аҳмад Дийдод даъват ишида замонавий технология, телекоммуникатсиялар, интернет ва йўлдошли телеканаллардан фойдалана олмади. Чунки бу янгиликларнинг кўпи олим оғир хасталикка учраганидан кейин пайдо бўлди. Шунга қарамай, у чиқишлари ва руҳонийлар билан баҳс-мунозаралари орқали ўн минглаб кишилар онгида тўнтариш ясади. Унинг қатор тилларга таржима қилинган асарлари ёлғон ақида ва шубҳа-гумонлар уммонида кўпчиликка маёқ бўлиб келяпти. Умрининг ниҳоясида Шайх Аҳмад Дийдод тўшакка михланиб қолганига қарамай, Аллоҳнинг динига хизмат қилишни давом эттирди. Ҳар куни ўнлаб мактуб ва электрон ёзишмаларга жавоб қайтарар, мурожаат қилганларнинг ҳаммасидан қимматли маслаҳатлари ва панд-насиҳатларини дариғ тутмасди.

Ринат НИЗОМИДДИНОВ
Ҳидоят журналидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Миссионерлар
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase