close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон мўъжизалар мўъжизаси. Аҳмад Дийдот

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1-бўлим

“Агар инсу жинлар  тўпланиб, ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтирмоқчи бўлсалар, бунда баъзилари баъзиларга ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар”.
(“Қуръон”, “Исро” сураси, 88-оят).

МЎЪЖИЗА ЎЗИ НИМА?

Менимча,  биз энг аввало мўъжиза деганда айнан нима тушунилишини аниқ тасаввур қилиб олишимиз керак. Мўъжиза тушунчасига бир неча хил таърифлар берилган:
“Табиат қонунлари билан тушунтириб бўлмайдиган ҳодисалар; улар ёки ўз номи билан ғайритабиий ёки Худонинг ишлари ҳисобланади”.
“Таҳсинга лойиқ даражада иззат-икромга сабаб бўлувчи инсон ва нарса-ҳодисалар".
“Инсоний бошқарув чегарасидан ташқаридаги имконсиз воқеа-ҳодисалар”.
Нимадир қанчалик имконсиз туюлса, ўшани мўъжиза деб қабул қилиш тўла мантиқий иш бўлади. Масалан, кўз ўнгимизда кимдир жон беряпти ва шифокор ўлимни қайд қилди. Кейин эса қайсидир сўфий ёки руҳоний ўлик танага буйруқ беради: “Тиклан!” – ва барчани ҳайратда қолдириб ушбу ўлик тана ўрнидан туриб, юриб кетади. Биз  буни мўъжиза деб қабул қиламиз. Лекин агар ўликнинг танаси беш сутка ўликхонада ётганидан сўнг тирилса, биз буни энг буюк мўъжиза деб ҳисоблаган бўлардик. Агарда ўликнинг танаси парчаланиб ва чириб кетганидан сўнг ўн ёки юз йил ўтиб, қабрдан туриб чиқишга мажбурланса, бундай ҳолатда, биз буни барча мўъжизалардан ҳам энг буюк мўъжиза деб баралла айтган бўлардик.

УМУМИЙ ХУСУСИЯТ

Жуда қадим замонлардан бери инсониятнинг умумий ўзига хос бир сифати бор: инсонларни Аллоҳнинг ҳақ йўлига чақириш учун қачон бир Аллоҳнинг элчиси келмасин, инсонлар уларга иймон келтириш ўрнига пайғамбарлардан ғайритабиий далил-исботлар талаб қилиб келишган.
Масалан, Исо Масиҳ алайҳиссалом ўз халқи – “Исроил фарзандлари”га ҳақиқат йўлини – юзаки нарсаларга эргашишдан нафсларини тийиш, Худо қонунлари ва амрларининг ҳақиқий руҳониятини ўзларига сингдиришни – тарғиб қила бошлаганда, унинг халқи, христиан китобларида қайд этилганидек, ундан оят (мўъжиза)лар талаб қилишган:
“Шунда фарисей  ва китобсевар одамлардан баъзилари: “Устоз! Биз сендан ОЯТ (мўъжиза) кўришни хоҳлаяпмиз”, дедилар. Лекин у (Исо) уларга жавобан деди: “Бу ҳийлагар ва хоин насл ОЯТ даъво қиляпти; унга пайғамбар ЮНУС ОЯТИдан ўзга ОЯТ берилмас”.  (“Матфей Инжили”, 12: 38-39).
Гарчи бир қарашда, Исо алайҳиссалом бу ерда яҳудийларни сийлашдан бош тортаёган бўлса-да, аслида у кўплаб мўъжизалар кўрсатиб келган эди, буни биз Инжилдан ҳам биламиз.
Муқаддас Библия Аллоҳнинг пайғамбарларига нисбат берилган мўъжизавий ҳодисаларга тўладир. Аслида бу “оят” ва “мўъжизалар”нинг барчаси – Аллоҳнинг иши ҳисобланади, бироқ бу мўъжизалар Унинг инсоний элчилари орқали амалга оширлгани учун, биз уларни ўз қўллари билан содир этган пайғамбарлар, хусусан, Мусо ёки Исо алайҳиссалом мўъжизалари сифатида таърифлаймиз.

БЕНАЗИРЛИК ДАВОМ ЭТАДИ

Исо Масийҳ алайҳиссалом, туғилишидан олти юз йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Макка шаҳрида Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келди. 40 ёшида у ўзини пайғамбар деб эълон қилганида ватандошлари – Макка мушриклари худди яҳудийлар Масийҳдан талаб қилганларидек, янги пайғамбардан мўъжизалар талаб қилишди. Китобларнинг матн услуби шу қадар ўхшашки, гўёки араблар насронийларнинг ёзувларидан саҳифалар юлиб олгандек. Тарих – такрорланиш хусусиятига эга!
“Ва улар: “Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди”, дедилар”. (“Қуръон”, “Анкабут” сураси, 50-оят).

ОЯТ? ЯНА ҚАНДАЙ ОЯТЛАР?

“Мўъжиза? – хитоб қилди у, – сизларга қандай мўъжиза керак? Сизларнинг ўзингиз мўъжиза эмасмисиз? Худо сизларни “лой парчасидан ясади”. Аввал бошда сизлар камсонли эдинглар: ундан бир неча йил олдин эса умуман йўқ эдинглар. Сизларда гўзаллик, фикрлаш кучи бор, “сизларда бир-бирингларга нисбатан ҳамдардлик ҳисси бор”. Сизларга кексалик келади, куч-қувватингиз аста-секин бемажоллик билан алмашади – вафот этасизлар ва тағин йўқ бўлиб кетасизлар”.
“Сизларда бир-бирингларга нисбатан ҳамдардлик бор” – мана шу жумла мени бошқа нарсалардан кўпроқ ҳайратда қолдиради: Аллоҳ сизларни бир-бирингларга раҳмсиз қилиб ҳам ярата оларди! Бу – ҳодисалар табиатига биринчи назар ташлашдаёқ, уларни олий даражада олдиндан сезишдир...”   (“Тарихда қаҳрамонлар ва қаҳрамонлар ҳурмати” (Hero and Hero Worship)” китобидан). Томас Карлайл

БУ МЕНИ КЎПРОҚ ҲАЙРАТГА СОЛДИ

“Сизларда бир-бирингизга нисбатан ҳамдардлик ҳисси бор” – (Қуръоннинг) инглизча таржимасини ўқиётиб, мана шуниси Томас Карлайлга кўпроқ таъсир қилган. Фаразимча, мана шундай таассурот уйғонишига ушбу оят сабаб бўлган:
“Қуръони Карим”, “Рум” сураси, 21-оят:
“Унинг Оят-белгиларидан (бири), У сизларнинг ўзларингиздан жуфт яратгани, токи сизлар УЛАР БИЛАН СОКИНЛИКДА яшашингиз учун, ва сизларнинг юракларингизга муҳаббат ва сабр-тоқат солиб қўйганидир. Дарҳақиқат, бунда ақл-идроклилар учун оят-белгилар бор”.  (1) А. Юсуф Алининг инглизча таржимасидан.

“Ва Унинг оят-белгиларидан бири (шуки), У аёлларни сизларнинг ўзингиздан яратди, токи СИЗЛАР УЛАР БИЛАН ЯШАШИНГИЗ учун ва ораларингизга муҳаббат ва мулойимлик солиб қўйди. Бунда, ҳақиқатдан ҳам ақл юритадиганлар учун белги бор”.
(2) Руҳоний Ж.М. Родуелнинг инглизча таржимаси.

“Бошқа оятлардан бири У сизларга сизларни ўзларингиздан аёллар берди, токи сизлар УЛАР БИЛАН ШОД-ХУРРАМЛИКДА ЯШАШИНГИЗ учун ва юракларингизда муҳаббат ва эзгуликни солиб қўйди. Чиндан ҳам бунда ақл-идрокли одамлар учун оят-белги бор”. (3) Н.Ж. Довуднинг инглизчадаги таржимасидан.

Қуръон таржимасидан биринчи намуна мусулмон А. Юсуф Али таржимасидир. Иккинчи намуна – христиан руҳонийси Ж.М. Родуел таржимаси ва охиргиси – ироқлик яҳудий Н.Ж. Довуд ўгирмасидир.
Афсуски, Томас Карлайл ушбу таржималарнинг биронтасини ҳам ўқиш имконига эга бўлмаган, чунки уларнинг ҳеч бири у яшаган даврда дунё юзини кўрмаган. У ўқий олган ягона таржима – бу 1840 йилда пайдо бўлган. Буни у китобининг 85-бетидаги изоҳда қайд қилиб ўтади: “БИЗ, ШУНИНГДЕК, ҚУРЪОННИ ЎҚИШ ИМКОНИГА ҲАМ ЭГАМИЗ. СЕЙЛ ТОМОНИДАН ҚИЛИНГАН БИЗНИНГ ТАРЖИМАМИЗ ЖУДА АЖОЙИБЛИГИ БИЛАН МАШҲУРДИР”.

МАЙЛДАГИ ЖОҲИЛИЙ ЎЙЛАР

Карлайл ўз ватандошига ҳаддан ташқари хайрихоҳ. Қуръони Каримнинг инглиз тилига таржимасини биринчилар қатори амалга оширган Жорж Сейлнинг майллари эса шубҳа остида. У Ислом динининг Муқаддас Китобига бўлган ўзининг душманона муносабатини яширмайди. 1734 йилдаги ўз таржимаси сўзбошисида очиқчасига “Муҳаммад исмли одамни ва унинг сохтакорлигини фош қилиш ниятида бўлгани” ҳақида ёзган. У шундай қайд қилади:
“КИМ БУНДАЙ СОХТАКОРЛИКДАН ХАВФ-ХАТАР ҲИС ЭТИШИ МУМКИН? ФАҚАТ ПРОТЕСТАНТЛАРГИНА ҚУРЪОНГА МУВАФФАҚИЯТЛИ ҲУЖУМ УЮШТИРИШГА ҚОДИРЛАР ВА ТАХМИНИМЧА ОЛДИНДАН КЎРА БИЛИШ ҚОБИЛИЯТИ УЛАР УЧУН ШОН-ШУҲРАТ ҚОЛДИРДИ”.
Шундай танбеҳ билан у таржима устида ишлашни бошлаган. Карлайлни шунчалик “кучли ҳайратлантирган” биринчи оятга қараб, сиз Жорж Сейл қанчалик “холис” олим бўлганини муҳокама қилишингиз мумкин. Унинг мана бу таржимасини юқорида келтирилган, мусулмон, христиан ва яҳудийларнинг, таржималари билан солиштириб кўринг, марҳамат:
“Унинг оятларидан яна бири шуки, У сизлар учун ўзларингиздан аёлларни яратди, токи СИЗ УЛАР БИЛАН ЖИНСИЙ АЛОҚА ҚИЛИШИНГИЗ учун. Ва ораларингизга муҳаббат ва ҳиссиёт солиб қўйди”. Жорж Сейлнинг инглизча таржимасидан.
Мен, бизнинг дўстларимиз – аёлларимиз ва рафиқаларимизни жинсий объект сифатида таърифлаш учун Жорж Сейл ўз даврида “шовинистик чўчқа эркак” бўлган, деб ўйламайман. У ўзининг ўша ваъдасига содиқ қолган, холос. Карлайл эса буни пайқамай қолган. Сейл нотўғри талқин қилган арабча сўз – “ли-тас-куну” – “тинчлик, осойишталик ва хотиржамлик топиш” маъносини англатади, асло “қонуний никоҳсиз ўзаро шаҳвоний алоқаларда бирга яшаш”ни англатувчи “жинсий алоқа қилиш” деган маънони билдирмайди! (Универсал луғат, Ридерс Дайжест).
Қуръоннинг ҳар бир сўзи Энг Оқил Зот томонидан пухталик билан сараланган ва поёнига етказиб мукаммал жойлаштирилган. Барча сўзлар ўзида Аллоҳнинг “бармоқ излари”ни сақлаб келмоқда ва Унинг Оят-Белгиси ҳисобланади.

ОЯТ-МЎЪЖИЗА ТАЛАБИ

Оят нима дегани? Инсонлар оят деганда, ўзларининг содда ақлларига амрини ўтказадиган оят ёки мўъжизаларнинг ўзига хос турини назарда тутадилар. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир, лекин Аллоҳ одамларни уларнинг аҳмоқлигига эрк беришга ёки уларни ясама талабларини эшитиб ўтиришга йўл қўймайди. У Ўз пайғамбарини, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Ўз Мўъжизаларини инсонларга очиқ-ойдин тушунтириш ва мабодо уларни қабул қилишмаса, қандай оқибат кутаётганидан огоҳлантириш учун юборган. Наҳотки шунинг ўзи етарли бўлмаса?
Уларнинг умумий талаблари, таҳминан, қуйидагича бўлган:
Улар ўзига хос ибора билан Муҳаммаддан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “У осмонга нарвон қўйсин-у, Аллоҳдан китоб олиб тушсин” – “БИЗ ШУНДАГИНА ИШОНАМИЗ”, деганлар.
Ёки: “Анави ердаги тоғни кўряпсанми? Уни тиллага айлантир”, – “БИЗ ШУНДАГИНА СЕНГА ИШОНАМИЗ”.
Ёхуд: “Шундай қилгинки, саҳрода фавворалар отилиб чиқсин”, – “ШУНДАГИНА ИНОНАМИЗ”.
Энди мушрикларнинг ҳар нарсага шубҳа билан қаровчи ва ноўрин талабларига Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оддий ва мулоҳазали жавобини эшитинг: “Сизларга, мен фариштаман, деяпманми? Сизларга менинг қўлларимда Аллоҳнинг хазинаси бор деяпманми? Мен фақат менга ойдин бўлган нарсаларгагина эргашаман”.
Энди эса мушрикларга етказиши учун Аллоҳ томонидан янграган муносиб жавобни эшитинг:
“Сиз (Эй Муҳаммад): “Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса, фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос”, деб айтинг”. (“Қуръон”, “Анкабут”, 50).
Кейинги оятда  Пайғамбар, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, маъжусий онгни чанқатиб турувчи “мўъжизалар” ёки “оятлар”нинг ўзига хос турининг мунофиқона талабига жавоб бериш учун Қуръони Каримга мурожаат қилади. Ҳақиқатдан ҳам, барча мўъжизалар – бу “оят-белги”дир, инсоний ишончсизлик, скептицизм  ва иймондаги нуқсон эса оят-белги талаб қилишга олиб келади. Уларга шундай дейсиз: “Қуръонга қаранглар”. Яна айтасиз: “Қуръонга назар ташланглар!”
“Уларга Бизнинг  сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу китобни нозил этганимиз кифоя қилмайдими?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир.” (“Қуръон”, “Анкабут”, 51).

ИККИТА ИСБОТ

Илоҳий Муаллифлик ва Қуръони Каримнинг мўъжизавий хусусияти ва исботи учун Аллоҳ Таоло икки асосни келтиради:
1. “БИЗ (Аллоҳ Таоло) мутлақо ўқиш-ёзишни билмайдиган СИЗГА (эй Муҳаммад!) КИТОБ бердик”.
“УММИЙ” – ўқиш ва ёзишни билмайдиган, ўз исмини ҳам ёзолмайдиган Пайғамбардир. Муҳаммаднинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, маълумоти даражаси қандай бўлганлигини, марҳамат, Томас Карлайлнинг ўзи тасдиқлайверсин:
“БИЗ БИР ЖИҲАТНИ ЭСДАН ЧИҚАРМАСЛИГИМИЗ КЕРАК: У МАКТАБ ТАЪЛИМИГА ЭГА БЎЛМАГАН; БИЗ МАКТАБ ТАЪЛИМИ ДЕБ АТАЙДИГАНИМИЗ – УНДА УМУМАН БЎЛМАГАН”.
Бундан ташқари, Аллоҳ Таолонинг Ўзи Муҳаммаднинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳеч қачон Қуръони Карим матнини тузолмаслиги, унинг муаллифи бўла олмаслиги ҳақидаги даъвосини тасдиқлайди:
“Ундан олдин ҳеч бир китобни тиловат қилмас эдинг ва қўлинг билан хат ёзмас эдинг. Агар шундай бўлганида, ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар”. (“Қуръон”, “Анкабут”, 48).
Унинг душманларининг айблови шунда бўлган: “Эҳтимол, у ўз Китоби (Қуръон)ни яҳудий ва насронийларнинг китобларидан нусха кўчириб ёзгандир. Эҳтимол, у Аристотел ва Платон асарларини ўрганган, ёки “Таврот”, “Забур” ва “Инжил”ни  ўқиб борган ва барчасини чиройли нутқ билан сўзлаб бергандир”.
Буларнинг бари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саводли одам бўлган, деган фикрга асос (ҳужжат) бўлиши мумкин. Шундагина “тор ўйлайдиганлар” қандайдир таянч нуқтага эга бўлишлари мумкин. Лекин шундай бўлса ҳам, ҳатто бундай мўрт писандада ҳам мушрик ва беадаблар учун раддия келмоқда – ушбу таянч нуқтага ҳам суяниш жуда қийин!
2. “Китоб?” – Ҳа, шундай. КИТОБнинг ўзи ўзида унинг муаллифлиги Илоҳий эканлигини асословчи гувоҳликни ташийди. Китобни ҳар томонлама ўрганиб кўринг. Синчиклаб тадқиқ қилинг. Агар шак-шубҳангиз ҳақиқат бўладиган бўлса, нега унда Муаллифнинг ушбу чақириғини қабул қилмайсиз?
“Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан  бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар”. (“Қуръон”, “Нисо”, 82).

ИЗЧИЛЛИК

Кимдирнинг йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида ўз таълимоти ва даъватларида изчил бўлиб келиши – ақл бовар қилмас ҳодисадир. Қирқ ёшидан, Самодан илк ваҳий тушганидан бошлаб, то олтмиш уч ёши – сўнгги нафасигача, йигирма уч йил давомида Росулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Исломга эргашиб, унга одамларни даъват қилиб келган. Ушбу 23 йил ичида у энг зиддиятли беқарор умрни яшаб ўтди. Бундай вақт ичида шундай вазифадаги исталган бошқа бир одамни вазият унинг эътиқодига қарши борувчи манфаатлироқ йўлга солган бўларди. Ҳеч бир одам ҳеч қачон, Қуръони Каримда ёзилганидек ёзолмайди – барча муносабатларда ИЗЧИЛ!
Бундан ташқари, Қуръони Карим инсонга олдин номаълум бўлган, аммо илм-фан тараққиёти натижасида бутунлай тасдиғини топган, Коинот табиати ҳақидаги мавжуд кўплаб масалаларни тилга олади – тажрибасиз ақл шиддатли ва зиддиятли мулоҳазаларда аниқ ғойиб бўларди!

ШУБҲА ҚОЛДИРМАЙДИГАН ДАЛИЛ

Айрим тор ўйлайдиганлар Аллоҳнинг Росулидан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна ва яна мўъжизалар талаб қилганларида, у юқоридан индирилган Китоб – Қуръонга “мисли йўқ мўъжиза”дек мурожаат қилган. Мўъжизалар мўъжизасига!
Ва ақл-идрокли, маънавий бой инсонлар Қуръонни ҳақиқий мўъжиза сифатида тан олганлар вау уни қабул қилганлар.
Қуръони Карим хабар беради:
“Йўқ! У (Қуръон) илм берилганлар кўксидаги очиқ-ойдин оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур”. (“Қуръон”, “Анкабут”, 49).

2-бўлим

ИЛМ-ФАН ВА ҚУРЪОННИНГ ТУЗИЛИШИ
ҚИММАТБАҲО ТУҲФАЛАР

  Дунёда ҳеч тараддудсиз, Қуръони Карим – бу “Аллоҳнинг Сўзи” ва “Мўъжиза”, деб эътироф этадиган мусулмонларнинг сони бир миллиард атрофида.
    Руҳоний Р. Босворт-Смит (инглиз) ўзининг “Муҳаммад ва муҳаммадийлик”  китобида Қуръони Карим ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтади:
    (а) “Ҳақиқат, донишмандлик ва нуқсонсиз услуб мўъжизасидир”.
    Бошқа инглиз, А.Ж. Арберри, Қуръони Каримнинг ўзи ўгирган инглизча таржимаси сўзбошисида шундай ёзади:
    (б) “Ҳар сафар Қуръон қироатини эшитганимда, мен мисоли осмондан тушаётган оҳанг ва дўмбиранинг мутназам жарангловчи боқий вазнини эшитётгандек бўламан, гўёки бу тебранишлар менинг юрагимникидек”.
    Ушбу жумлада ва шунингдек, таржима сўзбошисида у ҳақиқий мусулмондек сўзлайди, лекин, афсуски, у Исломни қабул қилмай, вафот этди.
    Бошқа британиялик Мармадуке Пиктал эса Қуръони Карим таржимасига ёзган кириш сўзида шундай дейди:
    (в) “Бу инсонларга катта завқ ва шунинг билан бирга, кўз ёши ҳам туҳфа қиладиган бетакрор симфониядир”.
    Бу муаллиф Қуръон таржимасига киришмасидан олдин Исломни қабул қилган, лекин у ўз туйғуларини иймонга киргандан кейин ёзганми ёки ундан олдинми, биз буни билмаймиз.
    (г) “Библиядан кейин  у (Қуръон) – дунёдаги энг хурматга лойиқ ва қудратли диний Китобдир”.
    J. Christy Wilson. «Introducing Islam». New York, 1950.
    (д) “Қуръон – Муҳаммад Библиясидир, бошқа ҳар қандай диний китоблар, шунингдек, яҳудийлар Эски Аҳди ёки христианларнинг Янги Аҳдига қараганда, у кўпроқ эътиборли китоб саналади”.
    J. Shillidy, D.D., “The Lord Jesus in the Koran”, Surat 1913, p.111
    Биз ушбу рўйхатга яна ўнлаб ва бундан-да ҳис-туйғули мулоҳазаларни бемалол киритишимиз мумкин. Аллоҳнинг сўнгги ва якуний Китоби – Қуръони Каримни дўстлар ва душманлар бир овоздан мадҳ этишади. Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замондошлари унда Аллоҳ томонидан яратилган улуғворлик ва гўзалликни, Унинг Даъватининг улуғ сифатлилигини ва Унинг Элчилиги, Оят-Мўъжизасининг мурувватини кўриб, Исломни қабул қилганлар. Динсиз ва скептик одам бу барча эътирофларни шахсий ҳис-туйғулар деб аташи мумкин. У шунингдек, араб тилини билмайман, деган даъвога ҳам ўраниб-бурканиб олиши мумкин. Мана, у (скептик) шундай дейди: “Мен сиз кўраётган нарсани кўрмаяпман, сиз ҳис қиладигандек, мен худди шундай ҳиссиётга эга эмасман. Мен, Аллоҳ борлиги ва У Ўз элчиси Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ажойиб Китоб – Қуръон билан руҳлантирганини, қаердан биламан?”
    Ва давом этади: “Мен Қуръоннинг фалсафаси гўзаллигини, унинг амалий ахлоқи ва юксак маънавиятини инкор қилмайман, ва шуни тан олишга тайёрманки, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) самимий одам бўлган ва у инсоният бахт-саодати учун улкан таъсир кўрсатган, лекин сиз – мусулмонларнинг мана шу фикрига – “унинг мўъжизавий ҳокимияти” ҳақидаги даъвоингизга қўшила олмайман.

ИСБОТЛАНГАН МАНТИҚ

    Қуръони Карим Муаллифи бундай гумонлар учун далил-исботнинг ҳар хил турларини келтиради. Илмий билимлар билан тўлиб-тошган ва ўзларини “интеллектуал паҳлавон” деб ҳисобловчи атеист ва агностиклар,  ҳаёсиз ва скептик одамлар, аслида, воқеъликда пашмалоқ (илм-фанда кўзга кўринмайдиган – тарж.) одамларга ўхшаб кўринади. Айнан шундайларга Буюк Холиқ савол билан мурожаат қилади.
    Лекин, уларга Аллоҳнинг саволини тақдим қилишимиздан олдин, менга ўзимнинг шахсий синчковлигимни бажо келтиришга рухсат этсангиз.
    “Сиз – астрономияни ва Коинотимизни, худди ўз кафтингиздаги бирон объектни ўргангандек, улкан телескоплар билан ўрганувчи олимлар, хўш, менга айтингларчи, ушбу Коинот қандай вужудга келган?”
    Бу олим, гарчи у диндан узоқ бўлса-да, шунга қарамасдан, ўз билимларини самимийлик билан баҳам кўради. У ҳозиржавоблик билан шундай жавоб беради: “Хўш, – бошлайди у, – бундан миллиардча йил олдин бизнинг Коинот бир бўлак материя бўлган ва бу маҳобатли материя бўлагининг марказида “катта портлаш” содир бўлган. Кейин бу модданинг улкан парчалари ҳар тарафга сочилиб кетишни бошлаган. Мана шу “катта портлаш”дан бизнинг Қуёш тизимимиз пайдо бўлган. Ўша ондан бери галактикада ҳам, коинотда ҳам ушбу портлашдан вужудга келган ўша дастлабки импулсга қарши зид ҳаракат йўқ. Юлдузлар ҳам, сайёралар ҳам ўз ҳаракат йўналиши бўйлаб сузиб юради...”
    Ва шу ерда, хотирам менга секин пичирлашича, дўстларимиз – материализм тарафдорлари Коинотнинг яралиши ҳақидаги ўз билимларини “Ёсин”  сурасидан билмаган ҳолда ўзлаштириб олган эканлар:
    “Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу азизу ўта билгувчи Зотнинг тақдир қилганидир. Ойни эса токи эски (хурмо) шингили (ҳолига) қайтгунга қадар манзилларини бичиб қўйганмиз. На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда  сузиб юрар”. (“Қуръон”, “Ёсин”, 38-40)
    Атеист олим давом этади: “Коинотимиз – “кенгайиб борувчи” моҳиятдир. Галактикалар биздан тобора жадаллик билан тезлашиб узоқлашмоқда ва бир куни улар ёруғлик тезлигига  эришганида, биз уларни бошқа кўра олмаймиз. Биз уларни кўздан йўқотмаслик учун зудлик билан улкан ва ҳозиргидан-да яхшироқ телескопларни яратишимиз керак. Йўқса автобусга кеч қолишимиз мумкин!”
    “Бу фусункор эртакларни сен қачон кашф қилдинг?” – дея сўраймиз ундан.
    “Йўқ, бу эртак эмас, балки илмий далиллардир!” – деб ишонтирмоқчи бўлади дўстимиз.
    “Майли, шундай ҳам бўла қолсин. Биз буни қабул қиламиз. Айтганингдек, сенинг далилларинг ўз ўрнига эга, лекин бу далиллар қачон сенинг ақлингга кела қолди?”
    “Фақат кечагина! – жавоб беради у. 
    “Бундан 14 аср олдин ўқиш-ёзишни билмаган саҳро одами қандай шароитда бўлса ҳам “катта портлаш”, “кенгайувчи коинот” ҳақидаги сендаги билимларни эгаллай олармиди?” – деб сўраймиз.
    “Йўқ, ҳеч қачон!” – дейди у манманлик билан.
    “Яхши, унда эшитиб кўр-чи, уммий  Пайғамбар, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳланиб эълон қиляпти:
    “Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган (бириккан) бўлганини, бас, Биз уларни очганимиз (орасини ажратганимиз) ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни (яратганимизни) билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?” (“Қуръон”, “Анбиё”, 30).
    “У кечаю кундузни, қуёшу ойни яратган зотдир. Ҳаммаси фалакда сузмоқдалар”. (“Қуръон”, “Анбиё”, 33).

“БУЮК ПОРТЛАШ” НАЗАРИЯСИ

    Қандай қилиб эътибор бермаслик мумкинки, юқорида келтирилган биринчи оятдаги “куфр келтирганлар” сўзи қанчалик ғаройиб кашфиётлар қилишмасин ва улар ҳақида инсониятни бохабар қилишмасин, барибир “сўқир”лигича қолиб кетаётган, сиз – географ, астрономларга қаратилган. Уларнинг Муаллифини “кўрмаяптиларми”?
    “Ўзимизнинг илм ва қомусларимиз билан биз ушбу лабораторияларимизда Илоҳиётни унутиб юборишга мойилмиз”, – дейди Томас Карлайл. 
    Ўн тўрт аср олдин саҳродаги бир сарбон “сизнинг фактларингиз”нинг барчасини шундай пухталик билан жамлай олармиди?

ҲАЁТНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ

    “Сизлар-чи, гўёки барча органик мавжудотларнинг пулсига бармоғингизни тегизиб, шунда ҳам ушбу Ҳаёт Манбаи, яъни Аллоҳнинг борлигини мантиқсиз равишда инкор этадиган – биологлар, айтинглар-чи менга, кўкларга кўтариб мақталадиган тадқиқотларингизга мувофиқ ҳаёт қачон ва қаерда пайдо бўлган экан?”
    Илм-фан бўйича шериги – “куфр келтирган” астрономга ўхшаб у ҳам шундай бошлайди: “Хўш, бундан миллиардча йил аввал денгиздаги ибтидоий модда протоплазма  юзага келиб, ундан амёба пайдо бўлган. Кейин эса денгиздаги ушбу балчиқдан барча тирик мавжудотлар пайдо бўлган. Бир сўз билан айтганда, барча тириклик денгиздан, яъни сувдан пайдо бўлган!”
    “Сен, барча тирик моддалар сувдан пайдо бўлган, деган далилни қачон кашф қилдинг?”
    Унинг жавоби илм-фан бўйича унинг дўсти астроном берган жавобдан фарқ қилмайди:
    “Кеча!”
    “Бундан ўн тўрт аср олдин на олим, на файласуф ёки шоир, ҳеч ким сенинг биологик кашфиётинг ҳақида тахмин ҳам қилолмасди, шундай эмасми?” – сўраймиз биз ва бизнинг биологимиз, ўша астрономга ўхшаб, ифодали қилиб:
    “Албатта!” – дейди.
    “Яхши, унда сен саҳрода яшаган, ўқиш-ёзишдан бехабар бўлган мана бу кишини эшитиб кўр-чи!”
    “Ва сувдан ҳар бир тирик нарсани яратдик? Иймон келтирмайдиларми?” (“Қуръон”, “Анбиё”, 30).
    Аллоҳнинг Китобидаги ҳикмат ўша олимга ўта моҳирлик билан етказилмоқда:
    “Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрар, баъзилари икки оёқ билан юрар ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир”. (“Қуръон”, “Нур”, 45).
    Пайқаш қийин эмаски, Оламлар Буюк Холиқининг ушбу сўзлари, бугунги кундаги сизнинг скептицизмингизга жавобан, сизларга – ақл-заковатли одамларга қаратилмоқда. Оятда келган сўзларнинг ҳақиқий маъноси бундан ўн тўрт аср олдинги саҳройи одамларга тушунарли бўлмаган. Муаллиф (Қодир Аллоҳ) илмий тушунчаси бор инсонларга – сизларга мурожаат қилмоқда, қандай қилиб сизлар Яратганга иймон келтирмаслигингиз мумкин? Сиз қандай касалликка чалингансизки, ички “мен”ингиз мантиқ сезгингизга тўсқинлик қилишига йўл қўйиб беряпсиз?
    Моддаларнинг табиатда ғаройибона пайдо бўлишига қарамасдан Буюк Холиқни тан олишдан воз кечаётган ботаниклар ҳам, зоологу физиклар ҳам Муҳаммаднинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мана бу мулоҳазасини тушунтириб берсинлар-чи:
    “Ер ўстирадиган нарсалардан, уларнинг ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан, барчасидан жуфтларни яратган Зот пок бўлди”. (“Қуръон”, “Ёсин”, 36).
    “ЖУФТЛАРНИ ЯРАТГАН”: “Жинс сир-асрори ўсимлик ҳаёти, ҳайвонот ҳаёти, инсон ҳаёти ва биз ҳеч қандай таассуротга эга бўлмаган, бошқа нарсаларда – барча махлуқлар орқали содир бўлади. Кейин табиатдаги қарама-қарши кучлар жуфти, масалан, мусбат ва манфий қувват кабилар ҳам бор. Атомнинг ўзи мусбат қувватланган ядродан, ёки атрофи манфий қувватланган электронлар билан ўралган протондан ташкил топган. Материянинг тузилиши, шундай тарзда, қарама-қарши қувватлар жуфтларига асосланади”. (Изоҳлар А.Юсуф Алига тегишли).

АЛЛОҲНИНГ ОЯТ-БЕЛГИСИ

    Ушбу Қуръони Карим оятлари ҳамма нарсани, шубҳасиз, ўзи тушунтириб беради. Қуръонни ўрганаётганлар инсон томонидан қилинган ҳар бир кашфиётда, Аллоҳнинг бехато имзосини кўрадилар. Бу “оят”, “мўъжизалар” – Ғамхўр ва Мурувватли Аллоҳдандир, – токи барча шак-шубҳаларни йўқотиш ва иймонни мустаҳкамлаш учун.
    “...Албатта, бунда олимлар учун оят-белгилар бордир”. (“Қуръон”, “Рум”, 22).
    Қандай киноя! Ушбу “олимлар” аслида “қулоқ солмайдиганлар”дир! Уларни, мўл-кўл моддий билимларидан юзага келган ғурури семиртириб юборяпти. Уларга ҳаққоний билимга ҳамроҳи бўлган ҳақиқий тавозеъ-камтарлик етишмайди.
    Замонавий французнинг сўзлари:
    “Олдинги кузатув (унинг шахсий фикри) Муҳаммадни Қуръоннинг муаллифи деб ҳисобловчилар томонидан олға сурилган фаразни қабул қилиб бўлмайдиган қилади. Қандай қилиб саводсиз бир одам араб адабиётидаги машҳур бир муаллифга (адабиёт нуқтаи-назаридан) айланиши мумкин? Қандай қилиб у ўша пайтда ҳеч бир инсон зоти кашф қилолмаган табиат ҳақидаги илмий ҳақиқатларни, ҳатто ўша мавзуларда заррача хатога йўл қўймасдан баён қилиши мумкин?” (Қаранг: Maurice Bucaille. "The Bible, the Qur'an and Science", p. 125).

ИЛК ИЛҲОМЛАНИШ

    Ушбу “Қуръон – мўъжизалар мўъжизаси” китоби Исломнинг сайёҳ элчиси, бетакрор нотиқ Мавлоно Абдулалим Сиддиқий таъсирида дунёга келган, десак ҳам бўлади. У 1934 йили Жанубий Африкага маъруза ўқиш учун келган пайти мен ҳали мактаб ўқувчиси эдим. Унинг бир қатор илмий маърузалари орасида “илм-фаннинг мусулмонлар томонидан маданийлаштирилиши” (“Cultivation of Science by the Muslims”) ҳақида қандай сўзлаб берганини эшитганман.
    Кейинчалик ушбу ном остида Карачидаги (Покистон) Бутунжаҳон Исломий Вазифалар Федерацияси томонидан кичик бир рисола чоп этилдики, бу ўша пайтдаги унинг нутқини эшитганимда пайдо бўлган хотирамдаги қувонч ва ҳаяжонли тўлқинни янада жонлантириб юборди. Мавлононинг Қуръони Карим ва илмий билимлар ўртасидаги ўзаро алоқадорлик ҳақидаги нутқидан айрим гапларни келтириб ўтаман:

ИЛМ ЎРГАНИШГА УНДОВ

    “Коинотни илмий тадқиқ қилишга Қуръони Каримнинг кўрсатган эътибори – жаҳон диний адабиётида мислсиз ҳодисадир. У (Қуръон) теварак-атрофимизда содир бўлётган турфа хил табиий ҳодисаларга эътиборимизни яна ва яна қаратиб келмоқда. У (Қуръон) мусулмонларни илм-фанга асосланган билимларни эгаллаш уларнинг диний бурчларидан бири эканлигига қайта-қайта ундаб келмоқда. У Қуръондан олдин инсониятга номаълум бўлган буюк  ҳақиқатни яна ва яна уқтириб келмоқда – табиатдаги жамики нарсалар инсонга хизмат қилади ва инсонлар улардан ўз бахт-саодатлари йўлида фойдаланиши керак. У бизни инсон организмининг тузилиши ва ишлашини; ҳайвонларнинг тарқалиши, вазифалари ва тузилишини; ўсимликларнинг ёйилиши, таснифланиши, вазифаси ва тузилишини ўрганишга ундайдики, буларнинг бари БИОЛОГИЯ масалалари ҳисобланади”.
    “У бизни замонавий ФИЗИКА илми масалаларидан ҳисобланувчи, энергетик таъсир остидаги моддаларнинг хусусиятлари ва дунёнинг тузилишини ўрганишга чақиради”.
    “У бизни содда ва мураккаб моддаларнинг хоссалари, уларнинг бирикиши ва бир-бири билан ўзаро таъсирга киришиши қонуниятларини тадқиқ қилишга чақирадики, бу замонавий КИМЁ илми масалаларидан ҳисобланади”.
    “У бизни Ер сайёрасининг минерал таркиби ва уларнинг тузилиши, у ташкил топган турли қатламлар, органик ва ноорганик материядаги мавжуд ўзгаришларни ўрганишга даъват қиладики, буларнинг бари замонавий ГЕОЛОГИЯ саволлари саналади”.
    “У бизни Ернинг умумий тузилиши, унинг дарё, денгиз, тоғ, текислик ва бошқа қисмларга табиий бўлинишини, фойдали табиий қазилмалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, уларнинг мамлакатлар узра жойлашувини ўрганишга ундайдики, бу саволлар билан замонавий ГЕОГРАФИЯ илми шуғулланади”.
    “У бизни шамоллар ҳаракати, булутларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг эволюцияси, ёмғир ва шу каби ҳодисаларнинг рўй бериш сабабларини ўрганишга чақиради, бу масалалар билан МЕТЕОРОЛОГИЯ илми шуғулланади”.
    Кўплаб юз йиллар давомида мусулмонлар илм-фанда дунёда етакчи ўринда турганлар. Кейинчалик бу биринчилик секин-аста сўна бошлади – мусулмонлар дунёвий етакчиликни қўлдан бой бердилар ва мусулмонлардан сўнг юзага келган ушбу етакчилик бўшлиғини тўлдириш учун моддиятпараст (материалист) Европа олға интила бошлади.
    Мавлоно ўз маърузасида давом этади:
    “Ислом дини вужудга келтирган интеллектуал юксалиш жуда улкан бўлган. Мусулмон олимлари қўл теккизмаган ва юқори ўринларни эгалламаган биронта ҳам илмий соҳа йўқдир.
    Ҳақиқатни айтганда Ислом “Мусулмонлар жамоаси заковатлилар жамоаси бўлиши керак. Илмий билимлар ва билишнинг бошқа барча шаклларини ёйиш эса Исломнинг бирламчи мақсадларидан бири”, деб ҳисоблайди. Агар мусулмонлар бўлмаганида Европа ҳеч қачон Ренессансга элтадиган йўлни кўрмаган ва ҳеч қачон ҳозирги илмий даврга кўтарилмаган бўларди. Ўз илмий қарашларини Европадан олган миллатлар аслини олганда ўз билимларини билвосита тарихий Ислом жамияти меросидан олганлар. Инсоният Ислом олдида умрбод миннатдор бўлиши керак ва Ислом олдида қарздор бўлиб туришибди”.
    Чиройли нутқ соҳиби (Мавлоно) “Мусулмонлар томонидан илм-фаннинг маданийлашиши” мавзусидаги ўзининг маҳоратли нутқини қуйидаги сўзлар билан якунлайди:
    “Хулоса қилишимдан олдин, яна бир бор таъкидлашимга ижозат берсангизлар. Исломни мусулмон жамияти яратмаган. Аксинча, Ислом мусулмон жамиятини яратган. Исломга эътиқод ва амалиётда унга амал қилишдан бошқа ҳеч бир нарса мусулмонни шахс сифатида шакллантира олмайди. Ислом инсоннинг теварагидаги реал объектларни ўрганишни мусулмоннинг диний бурчи қилиб эълон қилди. Токи, бу илмий тадқиқотлар мусулмонни Яратганни танишга олиб борсин. Исломда илмий изланиш олиб бориш – бу мақсад эмас, балки олий мақсадга етишнинг бир воситасидир. Мана шу ҳақиқатдан ҳам инсониятнинг чинакам мақсади ҳисобланади.
    “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта биз Унга қайтувчимиз”. (“Қуръон, Бақара”, 156).

МЕНИНГ ҚОЛДИРИЛГАН МАЪРУЗАМ

   Мен юқорида келтирилган нутқни 1934 йилда устознинг ўз оғзидан эшитиш бахтига муяссар бўлганман. Кейинчалик, ўттизинчи йиллар охирида, мен бу маърузани кичик китобча кўринишида қўлимда кўтариб олиб юрганман. “Adams Mission Station” номли мусулмон дўконида ишлаб юрганимда у китобчани айрим ўзгаришлари ва жузъий фарқлари билан ёдлаб олдим. Мазкур мавзуда талабалар ва ўқитувчилар билан суҳбат ўтказишга Adam's College маъмурияти билан келишиб олганимда ғоятда қувондим. У пайтлари мен, албатта, ўз вазифамнинг камчиликларини англаб етолмаганман ва мени бу йўлдан тортиб қолишга мусулмон хўжайинимни нима мажбур қилганини ҳам билолмайман. Ўшанда агар мен ўзимнинг илк оммавий маърузамни бекор қилмасам, у мени ишдан бўшатишини айтиб, пўписа қилганди. Ва мен маърузамни бекор қилдим. Менинг иш берувчим, шубҳасиз, Аллоҳнинг огоҳлантириши ҳақида билимга эга бўлмаган, мен ҳам буни яхшироқ билмаганман. Агарда ушбу огоҳлантиришни билганимда, ўшанда қандай йўл тутган бўлардим? Бу ҳақида аниқ бир нарса дея олмайман. Ҳолбуки, Аллоҳ Ўз динига даъват қилиш йўлида машаққатларни енгиб ўтишни буюрганди:
    “Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз, касб қилган молларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ва хуш кўрган масканларингиз сизга Аллоҳдан, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуброқ бўлса, у ҳолда Аллоҳ Ўз амрини келтургунча кутиб туринг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас”. (“Қуръон”, “Тавба”, 24).
    Менинг юраксиз касбдошим туфайлими, лекин христиан даъватчилари ва роҳиблари олдидаги менинг тиришиб режалаштирган, ёд олган ва машқ қилган илк маърузам ҳеч нимага олиб келмади. Эҳтимол, менинг нотиқ сифатидаги карьерам ўн йилга кечикди. Менинг мусулмон хўжайинимга ўхшаган – моддий тушунча билан бўғилганлар сони миллионлаб: улар нафақат Ислом хабарларини ўзлари етказмайдилар, балки, бунга тайёр бўлганларнинг йўлларини ҳам тўсадилар. Шу билан бирга улар ўзларидан энг мўмин одамларни ясаб оладилар, лекин натижа йўқ: Аллоҳ бундайларни “бузилган гуноҳкорлар” сифатида таърифлайди.

ЧАҚИРИҚНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ

    Мавлононинг юқорида келтирилган нутқи бизнинг эътиборимизни Қуръоннинг биология, физика, кимё, геология, метеорология ва ҳоказолар тўғрисида мулоҳаза қилиш ҳақидаги даъватига қаратади. Морис Букейл, Кейс Муре ва Шайх Зиндоний сингари олимлар Қуръони Каримнинг турли илмий жиҳатлари ҳақида аллақачон ёзганлар, лекин бу ерда имконият чекланган. Энг буюк Қуръон – бу билимлар океанидир. Ихтисослашган билимлар дунёсидаги мусулмон олимлар ўттизинчи йиллар ўрталарида Мавлоно ишора қилган чақириқларни қабул қилишлари керак. Улар ҳар бир соҳада чайқалиб юришлари керак эмас. Ҳар бирига аниқ ихтисослик керак. Мусулмон ёшлар билимга ташналар, турли илмий масалалар бўйича кичик трактат, мақола ва маълумотлар эса бу ташналикни жўштириб юборади. 
    Мен мусулмон олимларига қуръоний илмларни баён қилиб бераётганим учун узр сўрамайман. Ҳатто номусулмонлар Аллоҳнинг Китобида сақланётган донишмандликни чуқур ўрганишни қўллаб-қувватлашмоқда. Ўз навбатида, мутахассис бўлмаган киши сифатида, мен оддий фактларда намоён бўладиган Қуръони Каримнинг мўъжизавий табиатини сизлар билан баҳам кўрмоқчиман.

3-БОБ.
ҚУРЪОНИ КАРИМ ЎЗ МАТНИ БЎЙИЧА МУТЛAҚ ЯГОНАДИР

   Дунёдаги мавжуд барча диний адабиётлар ичида Қуръони Карим – мутлақо тенгсиз. Ундаги барча қайдлар ва амрлар мўъжизакордир. Қуръон матнларининг ўзи ҳикоянависликнинг оддий инсоний услубидан ҳайратланарли даражада ажралиб туради: фақат ўз бурнидан нарёғини кўролмайдиган ва Қуръонга душман бўлганларгина “Унинг оятлари бир-бирига боғлиқ эмас”, ёки “бир-бирига қарама-қарши”, дея даъво қиладилар. Услуб – умуман ўзгача. У тенгсиз. У мўъжизакор.     Ушбу даъвоимни асослаб беришга ижозат этсангизлар.
ИНСОНИЙ УСЛУБ
    Диний китоб ҳикоя қилишнинг ўзига яраша маълум бир намунасига эга: “Қачондир бир куни...” ёки “Тулки ва узум... бўри ва қўзичоқ” ва ҳоказо ва ҳоказо.
    1а. “АВВАЛБОШДА (қачондир бир куни) ХУДО ОСМОН ВА ЕРНИ ЯРАТДИ...” (Библия. Ибтидо. 1:1).
    1б. АВВАЛБОШДА (қачондир бир куни) СЎЗ БЎЛГАН ва СЎЗ ХУДОДА БЎЛГАН ВА СЎЗ ХУДО БЎЛГАН... (Библия. Иоанн. 1:1)
    в. ИБРОҲИМНИНГ ВА ДОВУД АВЛОДИДАН БЎЛГАН ИСО МАСИҲНИНГ НАСАБИ ҚУЙИДАГИЧА (келиб чиқиши, бошланиши)... (Библия. Матто. 1:1)
    2. ХУДОНИНГ ҚУЛИ МУСО ВАФОТ ЭТИШИ БИЛАН (қачондир бир куни шундай бўлган) ХУДО Навиннинг ўғли Исога айтди... (Библия. Исо китоби 1:1)
    3. ИСОНИНГ ВАФОТ ЭТИШИ БИЛАН (қачондир бир куни шундай бўлганди) Исроил ўғиллари сўроқ қилинди, шундай дея... (Библия. Ҳакамлар китоби 1:1).
     4. Ҳакамлар ҳукмронлик қилган ЎША КУНЛАРИ (шундай юз берди) ерда очлик содир бўлди... (Библия. Руфи китоби 1:1)
    5. Ўшанда Ефраим тоғидан, Рамафаим-Софимлик  БИР КИШИ БЎЛГАН (қачонлардир бир куни). (Библия. Подшоликнинг биринчи китоби 1:1)
    6. САУЛНИНГ ЎЛИШИ БИЛАН (шундай юз берган)... (Библия. Подшоликнинг иккинчи китоби 1:1)
    7. Подшо Довуд қариб (қачонлардир бир куни), кексалик ёшига кирганида, уни кийимлар билан ўраб қўйишди, аммо у исина олмади... (Библия. Подшоликнинг учинчи китоби 1:1)
    8. Форс шоҳи Кир (ҳукмронлиги)нинг БИРИНЧИ ЙИЛИДА... (Библия. Узайр китоби 1:1)
    9. Ва Артаксеркснинг (ҳукмронлик) кунларида БЎЛГАН ЭДИки... (шундай воқеъ бўлган, қачонлардир бир куни) (Библия. Узайр китоби 1:1)
    10. Ўттизинчи йили, тўртинчи ой, ойнинг бешинчи кунида шундай БЎЛГАН ЭДИки... (шундай воқеъ бўлган, қачонлардир бир куни) (Библия. Пайғамбар Иезекиил китоби 1:1).
    Агар ушбу мисоллар сизга таъсир қилмаётган, сизни шошилтириб қўймаётган бўлса, унда сизга сира ҳам гап таъсир қилмайди! Сиз тамомила “қачонлардир бир куни...” деган синдромга чалиниб бўлгансиз! Хоҳ у тўғри бўлсин, хоҳ нотўғри, сиз инсон томонидан битилган ҳикояларга мойиллик кўрсатиб келяпсиз. Эътибор берган бўлсангиз керак, юқорида келтирилган иқтибослардаги ҳар бир оят 1:1 ни англатиб келяпти, бу дегани, Библияни ташкил этувчи ҳар бир китобда биринчи боб ва биринчи оят бир хил бошланади! (Инглиз тилидаги вариантда бу “now” шаклида келадики, бу сўз “ўшанда” ёки “ўша вақтда” деган маънони билдиради). Марҳамат, ўзларингиз қараб кўринглар-чи, ушбу “Китоблар Китоби”да (Библия назарда тутилмоқда – тарж.) шундай бошланадиган матнлардан яна қанчасини учратар экансиз; лекин мен сизларни огоҳлантиришим керак, бунда сизга “Библиядаги ҳикмат ва сўзлар кўрсаткичи”нгиз ёрдам беролмайди. Сиз худди мен буни қилгандек, Библияни бетма-бет варақлаб чиқишингиз керак бўлади.

БИБЛИЯДА УЧРАЙДИГАН СЎЗ ВА ИФОДАЛАРНИНГ АЛИФБО КЎРСАТКИЧЛАРИ СИЗГА ЁРДАМ БЕРОЛМАЙДИ

    Мен Библияда учрайдиган сўз ва ифодаларнинг иккита алифбо кўрсаткичларига мурожаат қилдим. Уларнинг бири бутун христиан дунёсида тезлик билан тарқалаётган “Иегова шоҳидлари” сектаси томонидан нашр қилинган.
     Кейингиси “Библияда учровчи сўз ва ифодаларнинг алифбо-аналитик кўрсаткичи” деб номланган. Ушбу иккала кўрсаткич муаллифлари ҳам шу билан ғурурланадики, буларнинг ҳар бирида 300 000 дан ортиқ сўз бор. Иккинчисида қайд этилишича, “now” сўзи Библия матнида 277 маротаба учрайди, лекин “NOW” (қачондир бир куни) сўзи юқорида тилга олинган қонунийлаштирилган (бир қолипга солинган) версиялардаги матнларда бирон марта учрамайди. Сабаби нимада эканлигини фаҳмлай оласизми?
    Сабрингизни кўп синамоқчи эмасман. Тушунаман, яна давом этишни истаяпсиз: “Ҳаммаси жойида, илтимос, бизга Қуръонингизни кашф этилиш тарихи ҳақида гапириб берсангиз!”
    “Воқеа Рамазон ойининг 27-кечасида рўй берди, ўшанда Муҳаммад пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка шаҳри теварагидаги Ҳиро ғорида эди. У Ҳира ғоридан, у ерда тинчлик, хотиржамлик ва тафаккурга чўмиш илинжида фойдаланган. У ўз халқининг турмуш-тарзи ҳақида – унинг майхўрлиги, ахлоқсизлиги, бутпарастлиги, урушлари, адолатсизлиги ва шафқатсизлигидан ташвишга тушган эди.
    Ҳира ғори зоҳиди бир тўхтамга келиш иштиёқида эди. Ўз одатига биноан у ўз бошпанасига тез-тез ёлғиз ўзи, баъзида эса ўз аёли мўминлар онаси Хадича (р.а.) билан ҳам борарди.

ИЛК ВАҲИЙ

    Лайлатул Қадр кечаси, тун ярмида Аллоҳнинг Китоби ушбу ташна юракка маълум бўлди. Аллоҳнинг фариштаси Жаброил алайҳиссалом унинг олдида пайдо бўлиб, унинг тилида буюрди: “Иқраъ”, яъни “Ўқи”, ёки “Такрорла”, ёки “Овоз чиқариб ифодала!” Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам жудаям қўрқиб кетган, бундай ҳаяжонга умуман тайёр эмас эди. Қўрқув ва титроқ билан у қичқириб юборди: “Мен ўқишни билмайман!” Фаришта “Иқраъ” амрини иккинчи бора такрорлаяпти – ва Муҳаммаддан соллаллоҳу алайҳи ва саллам, тағин ўша жавоб. Жаброил алайҳиссалом уни қаттиқ қисиб, учинчи марта амр қилади: “Яратган Роббинг номи билан ўқи...” (Қуръон, “Алақ”: 1).
    Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан нима талаб қилинаётганини энди тушуниб етди ва айтилганни такрорлади. Ўшандан бошлаб арабча сўз – “иқраъ” “ўқиш” ёки “такрорлаш” деган маъноларни англатиб келади. Юқорида келтирилган “Алақ” сурасининг биринчи ояти сўнгидан Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) илк ваҳийнинг ўзида яна тўрт оят такрорланган ва шунга мувофиқ Қуръони Каримнинг ёзма шаклига тушган.
    “Бир зум тўхтанг, жаноб Дийдот! Мен деярли сизнинг қаттиқ қичқириғингизнигина эшитяпман, холос. Қуръонингиз мўъжизалари ҳақида бизга айтиб бераётганларингизнинг барчаси – инсон қўли қатнашган деб даъво қилиб, асослаб бераётганингиз бошқа кўплаб мисоллардан фарқ қилмайди-ку!”
    Тўғри! Мен хурсандманки, инсоннинг субъектив ақли фикрлагани, гапиргани ва бу қандай ёзувда акс топадиганидек, сиз ҳолатни равшан кўряпсиз. Ўша вақтдан, сиз мендан “Илтимос, Қуръонингизнинг мўъжизалари ҳақида бизга айтиб беринг” деб сўраганингиздан бери, мен бошлаб келдим: “Бу Рамазон ойининг 27-кечаси эди...”дан, “шунга мувофиқ, Қуръони Каримнинг ёзма шаклига тушган...”гача – буларнинг барчаси менинг шахсий сўзларим эди. Яъни, Қуръон, тарихий китоблар ва мен узоқ йиллар давомида эшитган одамларнинг тилларидан ўзлаштириб олганим.
    Муқаддас Қуръон инсон қўлининг ҳеч қандай изига эга эмас. У бошланғич кўринишида сақланиб келган. Сиз танқидий ўрганишингиз учун қуйида Муҳаммадга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, индирилган биринчи беш оятни келтираман:
    “Ал Алақ” сураси:
    “1. Яратган Роббинг номи билан ўқи.
     2. У инсонни алақдан (лахта қондан) яратди.
     3. Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир!
     4. У қалам билан илм ўргатгандир.
     5. У инсонга у билмаган нарсани ўргатди”.

ЎХШАШИ ЙЎҚ БАЁН УСЛУБИ

    Қуръондаги барча матнлар, хоҳ у араб тилида бўлсин, хоҳ бошқа исталган тилга таржима қилинган бўлсин, ушбу услубга эргашади. Қуръони Каримда биронта ҳам “агар” ёки “лекин” сўзлари учрамайди. Сиз Қуръоннинг арабча матнида ҳам, бошқа бирон тилга ўгирилган таржимасида ҳам, “АЛЛОҲ МУҲАММАДГА БИРИНЧИ МАРТА ВАҲИЙ ТУШИРГАНДА, У ҚИРҚ ЁШИДА ЭДИ”, деган жумлани топмайсиз. Сиз “У ҲИРО ТОҒИДАГИ ҒОРДА БЎЛАРДИ”, деган жумлани топмайсиз. “У ФАРИШТА ЖАБРОИЛНИ КЎРИБ ҚОЛДИ”, деган гапни ҳам топмайсиз. “У ҚЎРҚИБ КЕТДИ”, ёки “Иқраъ!” амрига унинг муносабати қандай бўлганлиги ҳақидаги таърифни ҳам учратмайсиз. Шунингдек, илк беш оятни талаффуз қилиб бўлгач, фаришта ғойиб бўлганда “МУҲАММАД ЖАНУБИЙ МАККАГА УЧ МИЛ УЗОҚЛИКДА ЖОЙЛАШГАН УЙИГА, ЎЗИНИНГ СЕВИМЛИ ХОТИНИ ХАДИЧАНИНГ ЁНИГА ЮГУРИБ КЕТДИ ВА УНГА ЎЗИ БИЛАН НИМА ВОҚЕА СОДИР БЎЛГАНИНИ АЙТИБ БЕРИБ, УНДАН ЎЗИНИ ЎРАБ ҚЎЙИШНИ СЎРАДИ!” каби гапни ҳам учратмайсиз.
     Буларнинг барчасини мен “Қачондир бир куни...” услуби деб номлайман. Қуръони Карим матни бунга ўхшаш таркибга эга эмас, у ўз услуби бўйича мутлақо тенгсиз. Бир сўз билан айтганда, у – Мўъжизакор!

КАНАДАЛИК ПСИХОЛОГ

    Мен, “Ал-Алақ” сурасининг илк беш оятида битилганидек Муҳаммадга, (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) индирилган биринчи Ваҳий ҳақидаги ўз фикрларимни канадалик бир яхши инсон билан ўртоқлашиш имкониятига мушарраф бўлдим. Мен у билан жанубий ярим шардаги диққатга сазовор энг катта масжидни томоша қилиш пайтида суҳбатлашиб қолдим. Мен ундан нима иш билан шуғулланишини сўрадим, у психология ихтисослиги бўйича аспирантлик курсини ўтаётганини айтди. “Психология!” – хитоб қилдим мен ва шу заҳотиёқ биз муҳокама қилаётганимиз илк беш оятга унинг ҳам диққатини тортдим. Мен “Ўқиш, ёзиш ва бошқа илгари номаълум бўлган нарсалар” Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва унинг қавмининг биринчи даражали муаммоси бўлмагани тўғрисида гапира туриб, ундан, Ваҳий тушиши ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан юз берган ҳодисани қандай тушунтирган бўлардингиз, деб сўрадим. Қандай қилиб инсоннинг субъектив онги ҳеч нимадан бу сўзларни талаффуз қилиши мумкин бўлган?! Мен: “Шуни тушунтириб берсангиз!” – дедим. У буни тушинтириб беролмаслигини айтди. Шунда мен “Нажм” сурасининг илк оятларини иқтибос қилдим:
    “Ботаётган юлдуз билан қасам. Сизнинг биродарингиз адашгани ҳам, йўлдан озгани ҳам йўқ. У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан  ўзга нарса эмас. Унга шиддатли қувват эгаси ўргатди”. (Қуръон, “Нажм”: 1-5).
    Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи ва саллам,  одамларга яна ва яна айтиб келдики, унга буларнинг барини Аллоҳ Таоло ўргатган: “Сен айт: “Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта «илоҳ» экани ваҳий қилинди...” (Қуръон, “Каҳф”: 110).
    Ёш канадалик мулойимгина жавоб қилди: “Мен бунинг устида жиддий ўйлаб кўришим керак”.
    Агар биз фақат Қуръонда келтирилган далиллар билан танишадиган бўлсак, исталган соҳадаги мутахассислар билан бир хил мавқеда туриб гапира оламиз.

ЖУРНАЛИСТИКА МЎЪЖИЗАСИ

    Ислом динини ёйишда фаоллик ўчоғи бўлган ҳолда Халқаро Ислом Даъвати Маркази кўплаб одамларни, хусусан, журналист ва газетчиларни ҳам, суҳбат ва мубоҳаса учун ўзига жалб қилиб келади. Мендан интервю оладиган журналистларга, уларга Қуръони Каримни “журналистика мўъжизаси!” сифатида таништиришни хоҳлашимни айтиб келаман. Ва бундай ҳолатда ҳеч бир одам мени тинглашни рад этмаган бўларди. Мен Мусо алайҳиссалом ҳақидаги, “Қачондир бир куни...” услубидаги ҳикоядан бошлайман.

УНИНГ ШАҲРИГА ТУШГАН БАХТСИЗЛИК

    Мусо алайҳиссалом бир-бири билан тортишаётган икки кишини учратиб қолади – уларнинг бири ўзининг қавмидан бўлган, иккинчиси эса унинг қавмига душман эди. У яҳудийга мисрликдан устун келишда кўмак беради ва ўзаро даҳанаки жангда мисрлик золимни шундай кучли урадики, у шу ерда ҳалок бўлади. Кейин Мусо (алайҳиссалом) у ўлкадан Синай қумликларига қочади ва Мадян қавмига йўлиқади. У ерда ёрдамга муҳтож икки қизга ёрдам кўрсатади ва уларнинг отаси Шуайб (алайҳиссалом) унга иш таклиф этади. Мусо (алайҳиссалом) келишувга кўра саккиз йилдан кўпроқ вақт ишлаб берганидан сўнг ўзида хорғинлик, қийинчилик сеза бошлайди. Мусо (алайҳиссалом) шаҳарнинг қий-чув ва тўполонлари орасида ўзига жой тополмайди. У ҳаётида танаффус бўлишини истаб, уни бу мажбуриятдан озод этишини сўрайди. Шуайб (алайҳиссалом) жуда ақлли ва тажрибали инсон бўлган. У Мусога (алайҳиссалом) ижозат беради.

МУСО САҲРОНИ КЕЧИБ ЎТГАН ИЛК ОДАМ

    Мусо (алайҳиссалом) ўз хотини, фарзандлари ҳамда ўз қайнотаси учун боқиб юрган қўй-қўзилари подаси билан бирга йўлга отланди. Орадан қанчадир вақт ўтиб, у ўз оиласи билан Синай яриморолида жойлашганликларини аниқлайди. Мусо (алайҳиссалом) охирги турган жойидан қаерга кетаётгани йўналишини йўқотиб қўяди. Унда димланган гўшт заҳираси тугайди. Лекин унда озроқ маса (яҳудийларнинг қуруқ тузсиз нони – тарж.) қолган эди. Асосий муаммо гўшт эди. Битта йўли қўй ёки эчкини сўйиш керак бўлган. Бу мушкул эмасди. Мушкули ўт ёқишда эди, бу эса сермашаққат иш бўлган – буни амалга ошириш ярим кунни эгалларди: олов ишқаланиш йўли билан ҳосил қилинарди.
    “Қани бу ерда ваъда қилинган мўъжиза, жаноб Дийдот?”
    Шу пайтгача мен фақат ҳикоянинг орқа томонини бериб келдим. Мўъжиза атиги тўртта зичлашган бандга сиғдирилиши керак. Лекин уларни афзаллигига қараб баҳолаш учун мен сизнинг эътиборингизни журналистика санъатининг мен учун дурдонаси ҳисобланган услубга қаратмоқчиман.

ГАЗЕТА ПЛАКАТЛАРИ

    Мен Дурбан шаҳрининг шимолидан тахминан ўттиз чақирим узоқроқда истиқомат қиламан. Менинг ишхонам ўша ерда жойлашган. Дурбанга элтувчи “Автострада 2” қурилгунига қадар мен у ерга одатда соҳил бўйидаги йўл бўйлаб яёв борардим. Шу йўналиш бўйича мен амфитеатр орқали юрардим. У ердан ўтаётиб, ҳар доим “The  Natal  Mercury” газетасини сотувчи газетсотувчига кўзим тушарди. Унда ҳар куни харидорларни жалб қилиш учун катта сарлавҳа билан ёзилган плакат бўлар эди. Ҳар сафар плакатни ўқиётиб, мен ўша куни газета сотиб олмасликка аҳд қилардим, лекин Дурбан марказида тўхтаб туриш учун жой излаб, бошқа газетчиларнинг ёнидан ўта туриб, шунга қарамасдан, газетани харид қилдим.
    Кўп марта қарорларимни ўзгартирганимдан кейин мен ўзимдан сўрашга тушдим: “Бунинг сабаби нимада?” Шунда мен кашфиёт қилдим, гарчи харид учун битта ўша газета таклиф этилаётган бўлса-да, плакатлар бир-биридан фарқ қиларди. Пляждаги плакатлар европалик харидорларга мўлжалланган. Айни пайтда, тумандаги газеталар осиёликларга мўлжалланган бўларди. Ва умуман бошқа плакатлар африкаликларни, “рангли" туманлардаги одамларни ўзига жалб қиларди.
    Яъни, кимда-ким ҳар куни Ер юзи аҳолисининг тўрт асосий ирқига  мурожаат қиладиган ягона плакат ўйлаб тополса, ўша одам буюк журналист бўлади!
    Бу журналистика санъатининг шедеври эди! Шубҳасиз, барча журналистлар ушбу фикрга қўшиладилар. Келинг, худди шу нуқтаи назардан Қуръони Каримни таҳлил қиламиз.

ҲАММАГА МУРОЖААТ

    Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яҳудий, насроний, мусулмон, мушрик ва мунофиқлар билан қуршалган Мадян шаҳрида турибди. Табаррук Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз янгилигини (Илоҳий Ваҳийни) ушбу турли хил инсонларга етказиши керак. У турфа хил инсонлардан ташкил топган гуруҳларнинг диққатини ўзига жалб қилиш учун, ўз плакатига нима деб ёзиши керак? У талаффуз қилади: “Сенга Мусонинг хабари келдими?” (Қуръон, “Тоҳа”: 9).
    Тўпланганларнинг ҳаяжонли ҳолатини тасаввур қиляпсизми? Насроний ва яҳудийлар, ўзларининг тасаввурларида, ҳозир Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзини қандай аҳмоқона кўрсатиши, ёки бу араб Мусо (алайҳиссалом) ҳақида нималарни билиши мумкинлигига қизиқиб, қулоқ солиб, интизорлик билан кутишга тушдилар, негаки Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уммий бўлганлар. Мусулмонлар эса Мусо (алайҳиссалом) ҳақида нимани билса, барчасини айтиб беришини Муҳаммаддан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёлвордилар, улар кўпроқ билишга зўр иштиёқманд эдилар.
    Мушриклар (мажусийлар) ва мунофиқлар (иккиюзлилар) Мусо алайҳиссалом тўғрисидаги мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийлар ўртасидаги баҳсни кузата туриб, вақтичоғлик қилиш учун тилларини чиқардилар. Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи ва саллам давом этади: “У оловни кўрди...”
    Мана драма! Кўринишни тасаввур қилоляпсизми: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам телеграф услубида гапирятилар! Ер юзидаги энг йирик халқ – христиан ва яҳудийларга (қудратли Қўшма Штатларда),   маълумот юборишда мукаммалликка эришиш ва “Вестерн Юнион Телеграф Компани” сўзлари билан: “ёзма – телеграф жўнат!” дея жаранглайдиган шиорни ифодалаш учун, Исо Масийҳ таваллудидан кейин тахминан икки минг йил керак бўлди. Ушбу маълумот етказишни суперамериканча маҳоратини ўзлаштириш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси журналистика мактабини ўтаган экан? Ва мана, у тағин давом этяпти:
    “... Ва ўз аҳлига деди: “Туриб туринглар, мен оловни кўрдим, шояд сизга ундан чўғ келтирсам ёки олов бошида йўл кўрсатувчини топсам”. (Қуръон, “Тоҳа”: 10)

СТЕНОГРАФИК ТАРЗДА АЙТМОҚ

    Марҳамат, юқоридаги оятни Қуръони Каримнинг исталган инглизча таржимаси билан солиштиринг ва сиз ўша мухтасарлик ва сўзларнинг тежамкорлигини топасиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам “лўнда сўзлар”ни машқ қилмаганлар. У фақат Аллоҳнинг Сўзлари унинг юраги ва онгига фаришта Жаброил томонидан қандай етказилган бўлса, уларни шундайлигича эълон қилган. Биз шуни эсда сақлашимиз даркорки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон ўқиб юрганларида, ҳеч қандай арабча Библия бўлмаган, бу христиан эрасининг олтинчи юз йиллиги эди.
    Ўзларингизга илтифот кўрсатинглар, марҳамат, Қуръоннинг ушбу Ваҳийсини Мусонинг иккинчи китоби (Чиқиш 1,2,3 боблар) даги библияча қисса билан солиштириб кўринг. Мен Библиядаги ушбу қиссадан иқтибос келтираман:
    “МАНА , Ёқуб билан Мисрга кириб борган Исроил фарзандларининг исмлари, уларнинг ҳар бири ўз оиласи билан кирди: Рувим, Симеон, Левий ва Иуда, Иссахар, Завулон ва Вениамин, Дан ва Неффалим, Гад ва Асир. Ёқубнинг белидан келиб чиққан барча одамлар етмиш жон эди, Юсуф эса аллақачон Мисрда эди”. (Библия. Мусонинг иккинчи китоби. Чиқиш 1:1-5)

МУСОНИНГ (алайҳиссалом) РУҲОНИЙ ЎГИТИ

    Юқоридаги сўзлар Худонинг сўзларига ўхшаяптими? Марҳамат, Библиядаги ушбу беш оятни Қуръони Каримда қуйида келтириладиган тўрт оят билан солиштириб кўринг. Мусо алайҳиссалом ҳақидаги қуръоний қиссани давом эттираман:
    “Мусо алайҳиссалом Синай бўйлаб ўз оиласи ва қўйлари билан қийналиб юрган пайти икки нарсага ташна бўлди. У гўшт пишириш учун “олов”ни, ва шу саҳрода қайсидир меҳмондўст қишлоққа “йўналмоқ”ни истак туйди. Аллоҳ ўз режасини ошкор қилмоқда. Мусо алайҳиссалом ўз миссиясини “кўряпти”: хаёлий қайноқ бурчакдан – минг йиллар давомида одамлар қалбида ёнаётган ҳақиқий руҳоний оловга; ҳақиқий йўналиш эса – бу инсониятни тўғри йўлга етаклашни англатади.
    Мусо алайҳиссалом кўрган “олов” оддий олов эмас эди. Унинг учун олов у муҳтож бўлган ўтни ёқишни англатган; бошқа одамларни нурафшон қиладиган оловдан у маълумот ва йўналиш олиши мумкин эди.
    “Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: “Эй Мусо. Албатта, Мен Ўзим сенинг Роббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан”. (Қуръон, “Тоҳа”: 11-12)
    Шу ердан пайғамбар Мусонинг (алайҳиссалом) руҳоний ҳаёти бошланади. Бу унинг руҳий туғилиши эди.
    Библия тилида бу қисса қуйидаги тарзда келади – “Сен Менинг Ўғлимсан: Мен энди сени туғдим”. Худо шундай тарзда Довудга (алайҳиссалом) унинг пайғамбарликка тайинланиши хақида Забурда (2:7) айтади.
    Қуръоннинг юқоридаги қисқа қофияли оятларда аксини топган Буюк мистик маъноли иқтибоси адо этилди.
    Матндаги қофия ва маъно Юксак мақомдаги сирли мўъжиза ҳақида гапиряпти.
    Солиштиришда қулайлик бўлсин учун, мен яна бир бор ушбу тўрт оятнинг ҳаммасини такрор келтираман:
    “Сенга Мусонинг хабари келдими? У оловни кўрган чоғида ўз аҳлига: “Туриб туринглар, мен оловни кўрдим, шояд сизга ундан чўғ келтирсам ёки олов бошида йўл кўрсатувчини топсам”, деди. Бас, у (олов)га келганида, нидо қилинди: “Эй Мусо. Албатта, Мен Ўзим сенинг Роббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан”. (“Тоҳа”: 9-12)
    Туво – бу Синай тоғи этагидаги водий бўлиб, кейинроқ Мусо алайҳиссалом бу ерда Тавротни қабул қилиши керак бўлган. Параллел яширин маънода: Тур – Синай тоғи чўққиларидан ҳам юксак бўлган Худонинг шарафини қабул қилиш учун, биз шундай камтарин ҳаёт синовларига дуч келамиз. Буни қабул қилиш учун биз фақат руҳий ҳиссиётга эга бўлишимиз керак.
    “Кавуш” эса ҳурмат сифатида ечилиши керак. Параллел яширин маъно шундаки, Мусо алайҳиссалом ўзининг дунёвий манфаатлари ва дунёвий фойдадан воз кечиши керак эди: уни Улуғ Худо танлаб оляпти.
СИЗНИНГ ҲУКМИНГИЗ ҚАНДАЙ?
    Қандай қилиб, умрида фолклор ва сеҳрли эртакларни ўрганмаган, қандайдир бир одам самодан тушган ушбу бенуқсон фалсафа тошига баҳо бериши мумкин? Ҳатто, ўтган асрнинг катта мутафаккирларидан бири, мулойим танқидчи Томас Карлайл ҳам Қуръон ифодаларининг тиниқлиги ва ўткир мухтасарлигини бутунлай англай олмаган. У Қуръон матнини – “Чарчатадиган, ёмон тузилган, довдиратадиган, чигал, ишлов берилмаган, тўғри деб бўлмайдиган уқувсизлик” деб атаган. “Битказилмаган” – бу адабий ва нафис композицияси ёмон тузилган, деганидир. “Тўғри деб бўлмайдиган уқувсизлик”чи? Қуръоннинг баён қилиш услубини Библия билан солиштириб, қандай тўхтамга келдингиз? Мен шу пайтгача, Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўғридан-тўғри далилларни, уларни таҳлил ва талқин қилишда ҳеч қандай ҳаракатсиз етказишдаги истеъдодини тан олмайдиган журналистни учратмаганман (ҳақиқий журналист сифатида ҳозирги газета ва журналларга муносабатда). Шундай, бу ҳақиқий мўъжиза! Бунга қўшиласизларми?

4-боб.
ТЕЛЕГРАММАНИНГ ҲАЙРАТЛАНАРЛИ КИТОБИ

    Қуръони Карим худди “телеграммалар китоби”дек ёзилган. Китоб тубандаги саволларга жавоб беришда телеграф кўринишда очилиб бораверади:

АЛКОГОЛ ВА ҚИМОР

    “Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт.  Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Ортиқчасини», деб айт. Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз”. (Бақара: 219)

ҚУРЪОН ВА ҲАДИС

Юқорида зикр қилинган оят – Аллоҳ қандай гапиришига бир мисолдир! Шундан сўнг бошқалари келади. Ҳақиқатни излаётган кимнидир жуда оддий усул билан тўла ишонтириш мумкинми? Жавоб: “Йўқ!” Тағин У итоатсизларни ушбу сўзлар билан тинчитяпти:
“... Сен айт: “Кўзи кўр билан кўрувчи баробар бўлурми...” (Раъд: 16)
Албатта, йўқ!
Энди юқоридаги Аллоҳнинг сўзларини, “хамр” мавзуси бўйича, Унинг танланган пайғамбари Муҳаммад Мустафо – саллоллоҳу алайҳи вассаллам – сўзлари билан солиштириб кўринг, унитмангки, юқорида зикр қилингани Қуръондаги оятдир (2:219), қуйида келадигани эса Пайғамбар – саллоллоҳу алайҳи вассаллам – тилидан эшитилиб, саҳобалар томонидан ёзиб олинган ҳадисдир.  
Ибн Анас (р.а.) ёзадики, Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) маст қилувчи ичимликларнинг ҳар қандай турини истеъмол қилишни ва уни тайёрлаш билан боғлиқ бўлган ҳар бир одамни лаънатлади. У деди:
Узумни бижғитиш учун етиштирадиганга вайл бўлсин.
Уни сотадиганга вайл бўлсин.
Унинг сувини сиқиб чиқарадиганга вайл бўлсин.
Уни идишларда сақлайдиганга вайл бўлсин.
Ва уни ичганга вайл бўлсин.
Пайғамбар, (саллоллоҳу алайҳи вассаллам), яна шундай деганлар:
“Кўп миқдорда маст қилувчи нарсалар – кам миқдорида ҳам ман этилган”.
Апостол Павел Тимофей маслаҳатидан фарқли равишда, бу Ислом Уйида спиртли ичимлик истъемолининг на бир қултумига ва на бир томчисига узр йўқдир:
“Бундан буён фақат сувни ўзини ичма, балки ошқозонинг ва тез-тез такрорланувчи дардларинг сабабли, озроқ вино ҳам ичиб тур”.
(Библия. Тимофейга биринчи мактуб 5:23)
Ёҳуд итоаткор одамларни юпатиш учун (Библияда) айтилган Сулаймоннинг таклифини олайлик:
“Ўлаётган одамга сикер  ва қайғули юракка эса вино беринг; майли, у ичсин ва (шу билан) ўз камбағаллигини унитсин-у, дардлари ҳақида бошқа эсламасин”.
(Библия. Сулаймон масаллари китоби 31: 6-7)
Яна бир бор эслатаман, Қуръон тилига ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзларига эътибор қаратинг, инкор этолмайсизки, гарчи у сўзлар бир тилдан янграган бўлса ҳам, улар услуб, структура, бюклик жиҳатидан иккита бошқа-бошқа дунёдир.
Қуйидаги масала бўйича, “телеграф услуби”га яна бир мисол –

ҲИЛОЛ

“Сендан ҳилоллар ҳақида сўрарлар. «Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир», деб айт...”
(Қуръон, Бақара: 189)
“Янги ой билан боғлиқ ҳозирги кунимизгача сақланиб қолган кўплаб иримлар бор. Бизга, бу иримларга аҳамият берманглар, деб айтиб келишган. Ой календари вақт ўлчови сифатида қўлланиладиган жойларда, янги ой – одамлар интиқиб кутадиган муҳим белгидир. Мусулмон байрамлари, хусусан Ҳаж, ҳилолнинг пайдо бўлиши билан боғлиқдир”. А. Юсуф Али
Шундай услубда “телеграмма” ушбу саволга ҳам жавоб йўллаяпти –

ЭҲСОН

“Сендан (эй Муҳаммад) нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айт: “Қандай яхшилик қилсангиз, ота-онага, қариндош-уруғга, етим-мискинларга ва йўловчи-мусофирларга қилингиз. Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз Аллоҳ уни билгувчидир”.
 (Бақара: 215)
А. Юсуф Али ҳайр-эҳсон ҳақида нима дейди:
“Эҳсон беришда уч савол юзага келади:
(а) Нима беришимиз керак?
(б) Кимга беришимиз керак?
(в) Қандай беришимиз керак?
Жавоб: яхши, керакли, фойдали ва қадрли нарсани бериш керак. Бу пул ёки бойлик бўлиши мумкин; бу ёрдам қўли бўлиши ҳам мумкин; бу маслаҳат бўлиши мумкин; бу балки эзгу сўздир: буларнинг бари ҳайр-эҳсон саналади. Ва аксинча, агарда сиз ниманидир фойдасиз деб ирғитиб юборгандек, кимгадир берсангиз – билингки, бу саҳоват эмас. Ёки агар сиз бировга ёмон мақсадда нимадир берсангиз, масалан, нодонга қилич, ёки гиёҳванд, ёки ҳатто кимнидир сотиб олиш ва ўзингизга оғдириш учун ширинлик ё пул берсангиз ҳам, – буларнинг ҳеч бири эҳсон саналмайди, аксинча ланъат туҳфасидир.
Кимга беришингиз керак?
Эҳтимол, бу сизни васвасага солиб қўйиши мумкин – сиз ҳақингизда ҳамма гапиришга тушади, одамларнинг мақтовига эришасиз. Лекин сиздан зарурият юзасидан илтимос қиладиганларга – сиз ҳайрихоҳлик билдирасизми? Агар йўқ бўлса, унда сизга ишонадиганларни сиз алдаб юрган экансиз, – бу саҳоват дейилмайди!
Ҳар бир ёрдам ҳақида унинг холислигига қараб ҳукм қилинади: эҳтиёж ёки муҳтожлик даражаси – сиз инобатга олишингиз керак бўлган омилдир; агар сиз бунга эътиборсиз экансиз – унда, бунинг ортида қандайдир миқдорда такаббурлик бор.
Қандай беришингиз керак?
Буни Аллоҳ кузатиб турибди, деб бериш керак; ҳар қандай риё, кўз-кўз қилиш ва носамимийликдан чекиниш керак”. А. Юсуф Али
Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, тириклик ҳақидаги саволнинг жавобига бошқача “телеграмма” ҳам олганлар:

РУҲ

“Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: “Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир”, деб айт”.  (Исро: 85)
Мен Қуръони Карим дунёдаги бошқа ҳар қандай китобни ўқишдан ҳам аълолиги фактини алоҳида ажратиб кўрсатолмайман. У тўппа-тўғри, нишонга тегизиб гапиради. Ҳеч қандай “агар” ёки “лекин”, “у ёқдан бу ёққа бориб келди” дегич гаплар унда учрамайди. Унинг бепаён матнидан, сиз “касса хити” типидаги киносанъат учун, ёки барча рекордларни урган “Ўн диний қоида”, “Самсон ва Далила” ёки “Довуд ва Бетишеба” каби филмлар учун, сценарий чиқара ололмайсиз. Бу маънода Муқаддас Библия – сценарийчи учун айни муддао ва роҳатбахш. У ерда осонгина тилла тувакка айланиши мумкин бўлган ҳамма нарса бор!
Биз бу мавзуга киришган эканмиз, ўқувчиларимга шуни эслатишга рухсат этсангиз: Қуръони Каримдан қанча изламанг, ундан Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) на отасининг, на онасининг исмларини топмайсиз. Унинг хотини ёки қизларининг, севимли саҳобаларининг исмларини-да топмайсиз. Ҳайратланарли! гарчанд ундан сиз Исо Масийҳнинг онаси Биби Марямга бағишланган бутунбошли сурани топасиз... “Марйам сураси” – Қуръони Каримнинг 19 сураси. Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг Китобида 25 мартадан кўп тилга олинади, Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исми эса атиги беш марта. Буни сабаби нимада? Ёки Исо ва унинг онаси (алайҳиссалом) Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва унинг онасига (алайҳиссалом)  қараганда кўпроқ аҳамият касб этадиларми? “Йўқ! Ундай эмас!” Унда нега уларнинг исмлари ҳаддан ошиқ муомалада бўляпти? Сабаби шуки – шунчаки Исо ва унинг онасини (алайҳиссалом) биргаликда кўрсатиш учун. Ахир неча мароталаб она ва ўғилга нисбатан туҳмат, иғво ва бўҳтонлар ёғдирилган. Айбловлардан эса уларни халос этиш керак эди. Шунга мувофиқ, Биби Марям тўғрисида, унинг пок ҳолатда ҳомиладор бўлганлиги ва Исони дунёга келтирганини, қайд этиб ўтиш керак бўлган. Ҳеч қачон ҳеч ким ҳатто Ислом Пайғамбарининг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шажараси ҳақида савол бермаган, шунинг учун бутунбошли Китобда Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилиши ёки унинг ота-оналари баёнига бекордан-бекорга биронта сўз сарфланмаган. Қуръони Карим – бу Муҳаммаднинг (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) таржимаи ҳоли эмас! Ишонмайдиганларга буни англатиш ўта мушкул.
Келинг, яна бир бор “телеграф” услуби бўйича, Қуръон каримда келган Сўнгги Соат мавзусини, мисол қилиб келтирсак –

ҚИЁМАТ СОАТИ

“Сендан (қиёмат) соати қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен: “Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўладир. Сизларга фақат тўсатдан келадир”, деб айт...”
(Аъроф: 187)
Ушбу битта оят нимадан иборат эканлигини англаб етиш учун, ушбу оятни Маркнинг 37 оятдан иборат бўлган ўн учинчи боби билан қиёслаб кўрсак. Инсон томонидан яратилган ва Аллоҳнинг Сўзи бўлган китобларни фарқлаш учун, бу – оддий текширувдир. Қуръонда жимжимадорлик ва эзмаликни учратмайсиз!
Аллоҳнинг Китобидан, унинг баён этиш услуби – инсоний услуб эмаслигини асослаш учун, кўплаб мисолларни келтириш мумкин; бу мутлақо тенгсиз Китобдир. Аслида ундаги барча оятлар мана шунга асосланади. Биз бу мавзуни Қуръони Каримдан олинган кейинги мисол билан якунлаймиз. Бу мумтоз қисқа сура, атиги тўрт оятдан ташкил топган. Ушбу барча тўрт оятни биргаликда олганда, ундаги сўзлар миқдори юқорида келтирилган бешта оятларнинг ҳар биридаги сўзлар миқдоридан камдир. Ушбу кичик оятни қуйида келтириб ўтаман:
Сура “ал Ихлос”
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳнинг исми билан
1. Айт: «У Аллоҳ ягонадир».
2. Аллоҳ сомаддир.
3. У туғмаган ва туғилмаган.
4. Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган.
Энди муҳокама қилаётганимиз Ваҳий мавзуси бўйича, мен сизларга ўзимнинг шахсий кузатувимни тақдим қиламан, масалан, Илоҳий илҳомланиш – Аллоҳнинг Сўзи мавзуси бўйича, қуйидаги ном остида:

ИЛОҲИЁТШУНОСЛИКДА ЖИДДИЙ СИНОВ

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъвоси асосида, ҳамма шуни қабул қилганки, юқорида келтирилган тўрт оятни унинг асл шаклида уч марта ўқийдиган мусулмон бутун Қуръонни ўқишда олинадиган руҳий покланишни олади. Нима ушбу кичик сурани мунчалик қадрли қиляпти? Одамларни завқлантиришга ёки йиғлатишга олиб келадиган мисли йўқ симфония мусиқаси ҳам эмас, сўзларнинг жаранглаши ҳам эмас, балки юксак ва муаззам статус берадиган диний эътиқоднинг жиддий имтиҳони бўлмиш – Ваҳийдир.
Ушбу тўрт кичик оятларда илоҳиёт (ёки Аллоҳ ҳақида умумий тушунча) қурилмаяпти, улар – Аллоҳ ҳақидаги билимларнинг “лакмус қоғози”дир. Улар орқали сиз Аллоҳ ҳақидаги исталган ғояни қабул қилишингиз ёки рад этишингиз, ёҳуд нима тўғри, нима эса нотўғрилигини билишингиз мумкин. Бу олтинни кимёвий текшириш учун заргарлар фойдаланадиган лакмус қоғозининг ўзгинасидир. Лакмус қоғози қандай амалда қўлланиши ҳақида исталган заргар танишингиздан сўраб кўринг. Қуръонда ушбу бизнинг “лакмус қоғози”миз қандай пайдо бўлган?

"БОШ КОМПЮТЕР"дан

1975 йил ўрталарида мен, доимий бўлиб турадиган маърузаларимдан бирини ўқиш мақсадида, Замбияга ташриф буюришга хозирландим. Менга Лусакадан қўнғироқ қилиб айтишдики, авиачипта Дурбанга юборилган ва мен уни “South African Airways” компанияси агентлигидан олишим мумкин экан. Мен ушбу компания офисига келиб, маълумотлар ойнасига яқинлашдим ва хизматчига, Лусакадан жўнатилган ўз авиачиптамни олишга келганимни, билдирдим. У менга, ҳар бирининг олдида компютер дисплейи бор бўлган, ярим ҳалқа шаклида ўтирган ўнтача одамнинг орасидаги биронта аёл ёнига боришимни, таклиф қилди. Сабаби уларнинг кўпчилиги бошқа мижозларга хизмат кўрсатиш билан банд эдилар. Ундан - "Улардан қайси бирининг олдига борай", - деб сўрадим. Хизматчи, ўтирган аёллар томонга бармоғини қадаб, очиқчасига жаҳл қилиб, қўполлик билан: "Хоҳлаган биттасига!" деди. Ўша пайти мен, нима сабабдан хушмуомала жентлменнинг менинг оддийгина саволимга тўсатдан аччиғи чиққанини, тушунолмадим. Қизиғи шундаки, қандай қилиб менинг чиптам бу хонимларнинг хоҳлаган бирига тушиб қолган? Бироқ ўша кишининг ғазабли овоз оҳанги, унинг кўрсатмаси бўйича ҳаракат қилишдан ўзга, менга ҳеч қандай танлаш имкониятини қолдирмади.
Кўзим тушган, биринчи бўлиб бўшаган хонимни ёнига тортинчоқлик билан яқинлашдим, ва бу ерга келиш мақсадим ҳақида айтдим. Хоним мендан исмимни сўради. Исмимни ҳарфма-ҳарф айтишим билан, аёл экранга қараган ҳолда олдидаги клавиатурага исмимни тера бошлади. Мен турган жойимдан экранга назар ташлай олмадим. Хоним, мени тушунганини назарда тутиб, "ҳа" дея, бошини тебратди. Мен сешанба куни кечаси Дурбандан Йоханнесбургга учиб кетмоқчилимни билдирдим. Хоним менга соат 18 да жўнаб кетадиган рейсни таклиф қилди, мен рози бўлдим, ва у клавиатурада яна бир неча сўзларни терди. Кейин давом этиб, хонимга, эртаси куни соат 15 да Йоханнесбургдан Лусакага келмоқчи эканлигимни, айтдим. Мени у ерга таклиф қилганлар менга шундай кўрсатма бергандилар, чунки улар, ташрифим ҳақида телевидения ва газеталар хабар қилишга улгуришларини, хоҳлашган эди. Аёл яна бир неча сўз териб, мени Лусакага Габороне ёки Мапуту орқали етиб боришим мумкинлигини ва агар хоҳласам мени ушбу йўналишга ўтказишини билдирди. Мен бу ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини, асосийси, белгиланган жойда чоршанба куни соат 15 да хозир бўлишим кераклигини айтдим. У клавиатурага яна бармоқларини уриб, экранга қараб: “Афсус билдираман, сизга чипта “Zambian Airlines” компаниясига буюртма берилган экан, ва биз чиптангизни бошқа авиалинияга ўтира олмаймиз, сабаби биз бугун “Zambian Airlines” билан боғлана олмаймиз, чунки улар ўзларининг миллий байрами туфайли бугун ишламайдилар”, деб қолди. Шундай қилиб, менга эртаси куни келишимни илтимос қилишди. "Жудаям қизиқ!" - ўйладим мен, лекин одамни дили хира бўлди, чунки чипта аллақачон деярли менда эди, аммо шунинг билан биргаликда, чипта менинг чўнтагимга келиб тушмаганди. Мен эса чипталар хонимнинг столидаги тортмада, деб аллақачон тасаввур хосил қилиб бўлгандим.

ХУРМАТСИЗЛИК ЧЕКИНЯПТИ

Саросималикда хонимдан сўраб қолдим: "Бу барча маълумотларни сиз қаердан оляпсиз?" Хоним жавоб берди: "Йоханнесбургдаги бош компютердан". Аёл лутфан тушунтириб бердики, мамлакатда шундай терминалга эга компютер ўша бош компютерга кира олар, атиги клавишни босса бўлди экан. Мен қизиқиб қолдим, агар у менга Йоханнесбургга соат 18 даги рейсга чипта буюртма қилишга уринаётган маҳал ва учоқда фақат биттагина бўш жой бўлган тақдирда, ўша оннинг ўзида бошқа терминаллардан ҳам ҳудди шу амалиётни бажаришга уринишганда, нима бўлган бўларди? Аёл айтдики, сониялар ичида терминаллардан бири бу жойни олган, бошқалар учун эса учоқда жой қолмаган бўларди. Мен унга самимий ташаккур изхор қилиб, агентлик биносини тарк этдим.
Ўз офисимга қайтар эканман, бошим лиммо-лим ғоялардан гангиб қолди. Мен бу қандай содир бўлгани ҳақида ўйлай кетдим – Ваҳийни назарда тутяпман. Аллоҳнинг Расулига ваҳий "Бош Компютер" – ЛАВҲУЛ МАҲФУЗдан келган!
“Йўқ! У Қуръони мажиддур. У Лавҳул- Маҳфуздадир”. (Қуръон, Буруж: 21-22)
Ушбу "Лавҳ" Мусо алайҳиссаллом Ўн Диний амрни ёзишда фойдаланган тош лавҳга ўхшамайди. У (Лавҳ) ўқитувчилар томонидан мактабда қўлланиладиган синф доскаларига ҳам ўхшамас. У компютер экрани ҳам эмас, кремнийли микросхема ҳам эмас. У Аллоҳнинг қарамоғидаги қўриқланадиган ва муҳофаза қилинадиган Лавҳдир; буни қандайдир моддий маънода тушунмаслик керак, чунки у металл ёки тошдан ясалмаган: У Лавҳ - Руҳийдир! Буларнинг бари қай тарзда содир бўлади – буни биз фақат ақл юритиб фаҳмлаб олишимиз мумкин.

НАЖРОНЛИК НАСРОНИЙЛАР

Ислом дини Мадинада мустаҳкамланаркан, Расулуллоҳнинг - саллоллоҳу алайҳи вассаллам - шуҳрати Арабистон бўйлаб ёйила борди. Яман теварагидаги Нажронда яшовчи араб насронийлари бирлашмасида шундай овоза бўлдики, Арабистондаги қайсидир араб Илоҳиёт ҳақида хабар бермоқда ва ўзини Аллоҳнинг элчиси - Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) деб эълон қилган. Мадина шаҳрига Пайғамбарни (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) сўроқ қилиш учун делегация жўнатилди, мақсад: у нимани билиши ҳамда Аллоҳ ва умуман дин ҳақидаги унинг билимлари тўғрилигини текшириш ва солиштириб кўриш бўлган.
Ташриф буюришлари билан уларни, хурмо барглари билан ёпилган томли ва пахса деворли соддагина бунёд этилган, Масжидун Набавияга жойлаштиришди. Христианлар бу масжидда тановвул қилишди, дам олишди ва уч кун Расулуллоҳ - саллоллоҳу алайҳи вассаллам - билан мунозара қилишди. Ушбу суҳбатнинг тафсилотларини ҳадисларда топиш мумкин. Суҳбат жараёнида христианлар томонидан ўртага чиққан нотиқ шундай савол ташлади: "Энди бизга айтиб берчи, эй Муҳаммад, Худо ҳақидаги сенинг умумий тушунчанг қандай?" Пайғамбар - саллоллоҳу алайҳи вассаллам - жавобдан ўзини олиб қочмади, фикрларини бир жойга жамлашга уриниб, сўз излаб, теварак-атрофда бориб-келмади. Муҳаммад,  саллоллоҳу алайҳи вассаллам, фараз қилайлик, ўзининг руҳоний тугмачаларини (кнопка) босади (албатта, ҳеч қандай тугмача бўлмаган - мен "фараз қилайлик" деяпман) - худди авиакомпания офисидаги хоним "бош компютер" билан алоқани ўрната туриб, қандай буни бажарганига ўхшаб. Расулуллоҳ - саллоллоҳу алайҳи вассаллам - Аллоҳга мурожаат қилади, ва Ваҳий орқали тушадиган, жамики Билимлар жой олган "бош компютер" - ЛАВҲУЛ МАҲФУЗдан  Аллоҳнинг жавобини қабул қилиб олади. У шунга ўхшаш савол беради: "Ё Аллоҳ! Нима деяй?" Шунда жавоб келади –
“Айт [Эй Муҳаммад]: У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ сомаддир (ҳожатларни ва рағбатларни қондирувчидир). У туғмаган ва туғилмаган. Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган”. (Ихлос, 1-4)
Ихлос ҳақидаги юқорида келтирилган формулировканинг янграшидан сўнг, суҳбат оддий ўзанга қайтади. (яъни, Аллоҳнинг сўзидан оддий одамлар гапларига қайтилади - тарж.) Ўз исмига муносиб бўлган ҳеч бир араб ушбу икки нутқ (яъни, одатий мулоҳаза ва Қуръондаги сўзлар) орасидаги равшанлик ва оҳангдаги тафовутларни ҳис қилолмаслиги мумкин эмас. Юқорида келтирилган сўзлар - Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) сўзлари эмас, улар Аллоҳнинг Сўзларидир! Улар сўзма-сўз Пайғамбарнинг (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) тилига жойланган. Қачонки у ўша сўзларни эшиттириб талаффуз қилганда, у фақат Аллоҳнинг "карнайи" сифатида фойдаланилган, мисоли радиоприемникдаги "громкоговоритель"дек. Буларнинг барчаси Аллоҳ томонидан ато этилган - унинг шахсий комютерига - юраги ва ақлига Маккада ўн ёшлик пайтида прогаммалаштириб қўйилган.
Юқорида тилга олганимиз - Аллоҳ Ўз Ваҳийсини Ўзининг танланган элчисига (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) қандай юбориб турганига, Унинг элчиси (саллоллоҳу алайҳи вассаллам) буни қандай сақлаган ва ҳимоя қилганига, Аллоҳнинг инсоний даъватчиси ушбу Хабардан яна ва яна қандай фойдаланганига, ва биз, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи вассаллам издошлари ундан ҳар қандай шароитда фойдаланиш учун ушбу Хабарни ўзимизга қандай сингдириб олишимизга – ажойиб бир мисолдир.
Жаҳон диний адабиётларининг ҳеч бирида "Ихлос" сурасидан иқтибос қилинган юқоридаги оятларга тенглаша оладиган ҳеч нима йўқ. Агар ушбу 112-сура Аллоҳни сўзлари билан жамланган, илоҳиётнинг хулосавий матни бўлса, Қуръоннинг қолган матнлари эса ушбу сурани очиб, тушунтириб боради.

5 боб
АЛЛОҲ – ЎЗИНИНГ СИФАТЛАРИДА ЯГОНАДИР

Қодир Аллоҳ Ўз Хусусияти ва Сифатида мутлақо Ягонадир. Уни бирор-бир сиймо ёки нарса билан солиштириб бўлмайди. Олдинги бобда келтирилган Ихлос сурасининг охирги оятида бизга эслатиляптики, нафақат “Унга тенг йўқ, балки, тасаввур қилиш мумкин бўлган, Унга ўхшайдигани ҳам йўқ”. У ҳолда биз Уни қандай таний оламиз? Уни биз Унинг сифатлари орқали англаб етамиз.
Аллоҳнинг Охирги ва Асосий Китоби – Қуръони Карим – бизга Аллоҳнинг 99 исми ва сифатларини келтиради. Асма ул Ҳусна (энг гўзал исмлар) дея аталувчи бу исмлар, мисоли гўзал шодага тизилган марваридлар каби, Қуръоннинг барча матнлари бўйлаб сочилган.
Мана ўша маржоннинг бир қисмидан намуна: “У Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У - Малик, У-Қуддус, У-Салом, У- Мўмин, У- Муҳаймин, У-Азиз, У-Жаббор, У-мутакаббирдир. Аллоҳ Унга ширк келтираётган нарсалардан покдир. У Аллоҳ Холиқ, Бариъу, Мусаввирдур. Барча гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этарлар. Яна У Азиз ва Ҳакимдир.” (Қуръон, Хашр: 23-24)

“ЭНГ ГЎЗАЛ ИСМЛАР”

Юқорида келган икки оятда биз Қуръони Карим бўйлаб ёйилган Аллоҳнинг 99 исмидан ўн учини санаб чиқдик. Ва Исломга энг душман бўлган одам ҳам тан олишга мажбурки, ҳатто Унинг исмлари таржимаси шаклида ҳам – бу исмлар жуда гўзал ва мислсиз. Ўзининг арабча асл нусҳасида эса ифодалар ва уларнинг тузилиши – мутлақо мисли йўқ ва улуғвордир.
Қандай қилиб, уммий – саводсиз халқ орасидан етишиб чиққан уммий – ўқиш-ёзишни билмайдиган одам, минг тўрт юз йил аввал Аллоҳнинг шундай асарини яратган бўлиши мумкин? Биз эсда сақлашимиз лозимки, у ёқда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мурожаат қилиши мумкин бўлган бирорта илмий трактат ёки қомус (энциклопедия) бўлмаган; майли мабодо ҳатто Араб саҳроси тевараги бўйлаб улар ёйилиб ётган бўлганда ҳам, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) илоҳиётнинг ушбу хазинасини қаердан чиқариб олди? У: “Буларнинг бари менга ваҳий орқали Аллоҳ томонидан берилган!”, деган. Буни яна қандай изоҳлаш мумкин?
Ўқимишли дўстларингиз ичидаги энг билимли одамдан, Аллоҳнинг айрим сифатларини айтиб беришини, сўраб кўрсангиз яхши тажриба бўларди. Ишонтириб айтаманки, ҳатто барча билимлари билан илоҳиёт профессори ҳам, диншунослик доктори ҳам Аллоҳнинг исмларидан ўнтасини ҳам келтира олмайди. Доно олим айтади: “Кўряпсизми, Муҳаммад даҳо бўлган, даҳо эса охир-оқибат биздан ўн карра устун бўлади”. Бунга биз шундай жавоб берамиз: “Тўғри, даҳо одам бизга нисбатан бирон ишни ўн карра яхши адо этиши мумкин. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга Аллоҳнинг 99 исмини ўргатган, лекин унинг рўйхатининг МЎЪЖИЗАКОР ва ИЛОҲИЙлиги шундаки, у бир сўзни ўз рўйхатига киритмаган. Бу “Ота” сўзидир – мана Мўъжиза!

САМО ОТАСИ

Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рўйхатининг  мўъжизалиги унинг таркибида 99 исм борлигида эмас, балки у (?) “Ота” сўзини (?) Қуръонга киритмаганлигидадир. “Ота” сўзи Аллоҳнинг сифатларидан бири сифатида пайғамбарлик ҳаётининг йигирма уч йили давомида унинг олдида кўриниб келган. У бу сўздан сақланиб келди. У бу сўзни икки ўн йилликдан кўп вақт давомида ўз луғатига, ва шунга мувофиқ Ислом илоҳиётшунослигига ҳам киритмаган.
Сиз мендан сўрашга ҳаққингиз бор: “Насронийча Худо ибодати хусусида нима дейсиз? Жаноб Дийдот, ўша ибодатни ўқиб берсангиз” Хўп, мана ўқияпман:
“Самолардаги ҳақиқий Отамиз!
Сенинг исминг улуғлансин; келсин
Сенинг Шоҳлигинг; кўкда бўлгани каби
Ерда ҳам бўлсин Ироданг Сенинг!”
(Матто Инжили 6: 9-10)
“Нимадир бошқачами бунда?” – сўрайсиз мендан. “Ҳеч қандай!” “Унда нимага мусулмонлар буни ҳечам қабул қилмайдилар?” Тан олиш керакки, насронийча ибодат – гўзал ибодатдир, лекин унда маълум етишмовчиликлар бор. Кўряпсизми, менинг ўғлим бу ибодатлардан Худонинг исмини ҳеч қачон билолмайди. Унинг исми қандай? Янги Аҳднинг барча 27 китобларида Худонинг исми бир марта ҳам учрамайди! Бу ерда келган “Ота” сўзи – бу Унинг исми эмас! Биз мусулмонлар бу янги киритилган сўз – “Ота”га эътироз билдирамиз.

ЯГОНА ТУҒИЛГАН ЎҒИЛ ВА Ҳ.К.

Христиан илоҳиётшунослигида бу оддий, айбсиз “Ота” сўзи янги, номаълум аввалги маънони орттириб келди: христианликка кўра, Ота – бу Ўша, қайсики ўғли Исони ТУҒГАН. Катехизисда  айтиладики: “Исо – ҳақиқий Худонинг ҳақиқий Худоси, Ота томонидан туғилгандир, – туғилган, яратилган ЭМАС”. Агар сўзлар қандайдир аҳамиятга эга бўлмаса, унда улар нимага керак? Албатта, гап нима ҳақда кетаётган бўлса, ўшанга керак. Муқаддас Библияга кўра, Худонинг ўғиллари кўп – Одам, Исроил, Ефраим, Довуд, Сулаймон ва ҳ.к. Лекин буларнинг бари метафора, холос. Худой Таоло Холиқ ва Муҳофазачи сифатида – Ўз махлуқларининг ҳар бирини “отаси” (метафора маъносида). Насронийлар фикрича, Исо алайҳиссалом бу сафдан ташқарида. У ТУҒИЛГАН, ЯРАТИЛГАН ЭМАС. Исломга кўра, бу жуда ёмон гап – Худога махлуқ табиатини бериш.

СЎЗЛАРНИНГ МАЪНОСИ ЎЗГАРМОҚДА

Аввалбошда “Ота” сўзи Худога нисбатан даҳрийча хусусиятни ташимаган, лекин сўзнинг маъноси вақт ўтиши билан кучли ўзгарган. Мисол тариқасида мен икки сўз келтираман: “ўртоқ” (comrade) ва “гей” (gay, яъни, хушчақчақ)
“Ўртоқ” – келиб чиқиши бўйича гўзал ва бегуноҳ сўздир; у хонадош дўст ёки бир хонада яшайдиган аскар маъноларини билдирувчи французча “comrade” сўзидан олинган бўлиб, дўст, ҳамкасб деган маъноларни англатиб келади. Лекин бугунга келиб, бу сўз америкаликлар учун манфур сўзга айланган, чунки “комми” сўзи маркс-ленинча партия аъзоси, коммунист деган маънони билдиради; бу сўзга, зараркунанда ёки паразит деб топилиб ликвидация қиланидган, ҳар қандай радикал бузғунчи элемент ёки инқилобчи сифатида қаралади. Мабодо сизнинг бефаҳмроқ дўстингиз АҚШга ўзининг “ўртоқ” сўзи билан бирга келса, у ҳолда у ўз каръерасини ҳавф остига қўйган бўлади ва шахсий ҳаётини ҳам!
“Гей”: бу сўзни нимаси ёмон? Ҳа, ҳеч нимаси! Мен бу сўз билан мактабга борадиган пайтларим танишганман, у пайти бу сўз “хушчақчақлик қилиш” сифатида характерланган. Мени шундай куйлашга ўргатгандилар:
“GENTLE LORDS AND LADIES GAY
ON THE MOUNTAIN DAWNS THE DAY”.
Шеърнинг тузилишин унитибман. Ҳа, мана, эсладим, “гей” сўзи қуйидагича маъно касб этади: “бахтли ва қувноқ”. Болалар мактабда ўрганадиган шундай бегуноҳ сўз, бир кун келиб, жирканч маънони англатувчи сўзга айланиши – мени умуман ҳаёлимга ҳам келмаган. Шу тарзда “ледиз гей” (яъни қувноқ хонимлар) сўз бирикмаси бугунги кунда шундай маънони берган бўларди: лесбиянка аёллар. Шунингдек, хурматга лойиқ “Ота” сўзи ҳам эътиқодни таҳқирловчи сўзга айланиб бўлди.

РОБ ёки АБ?

Қодир Аллоҳ Ўз Пайғамбари орқали, “Ота” сўзини қодириб ва уни Исломнинг диний луғатига киритмай, Ислом ва мусулмонларни иҳоталаб қўйди. Бу факт мўъжизакордир, гарчи Қуръони Карим, Яратган, Муҳофаза қилувчи, Умидимиз маъноларини англатувчи “Роб” сўзини қўшган ҳолда, Аллоҳнинг 99 сифатини санаса ҳам (“Роб” сўзи Қуръонда ўн марталаб учрайди). Араб ва қадимий яҳудий тилларида “Ота” маъносини билдириб келувчи қадимий “Аб” сўзи эса, мусулмонларни ушбу шаккокликдан сақлаган ҳолда, Қуръонда бирон марта қўлланилмаган. Бунинг учун биз кимни мақташимиз керак: Аллоҳни ёки Муҳаммадними? Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч бир мақтовни тан олмайди, ҳамма вақт у ишонтириб келганки, буларнинг бари унга Ваҳий орқали берилган: сиз эшитётган сўзлар унга тегишли эмас – бу унга айтиб турилган Аллоҳнинг сўзларидир.

6 боб
МУҲОКАМАНИ БАРТАРАФ ЭТИБ

Қуръони Карим –улкан Мўъжиза. Бу кўплаб нуқати назарлардан туриб талқин қилинадиган мўъжизалар Китобидир. Номутахассис сифатида мени қандай мафтун қилган бўлса, ўшаларни оддий ёндашув нуқтаи назари билан сизга баҳам кўришга ҳаракат қилдим. Бу тадқиқотнинг охири йўқ. Мен бу вазифани кўпроқ билимли биродарларим ва Исломнинг ақл-заковотли олимларига қолдираман. Уларни ташаббусини кўргунча яшагайман! Ижозат берсангиз, ушбу кичик нашримни қуйидаги менинг охирги мисолим билан якунласам.

СВАЗИЛЕНДГА ТАШРИФ

Бир неча йил аввал, Свазилендда мунозара юзага келди. Қирол Собуза ўз қироличасидан жудо бўлди. Ўлкадаги насроний черковлари, эркак киши янги никоҳ қуришдан олдин қанча муддат кутишига тўғри келади, мавзусида муҳокама бошлаб юборишди. Бу мубоҳаса учун жиддий масала эмасди, негаки қиролнинг яна саккиз хотини бор эди. Шундай қилиб, муҳокама мавзуси ушбуга ўзгарди: “Агар эри ўлса, аёл қанча муддат кутиши керак”. Шиддатли баҳс-мунозаралар увоққина Қиролликни бошига кўтариб юборганидан, оқкўнгил қирол мамлакатдаги барча черковлар кенгашига бу муаммони пухталик билан ойдинлаштиришни амр қилди.
Свазилик ҳамкасбим, Исломни қабул қилган жаноб Мусо Борман қиролга, унинг “черкови” (Ислом) ҳам муҳокамаларда иштирок этишини сўраб, мурожаат қилди. Қиролнинг ижозати билан мен ҳам ушбу мунозарада қатнашиш шарафига эга бўлдим.
Якшанба куни азон билан қиролнинг краали (қишлоғи)да насронийликнинг турли ҳил вакиллари, бевалик даври масаласи бўйича бир тўхтамга келиш учун, тўпландилар. Нотиқ кетидан нотиқ ўз фикрини билдириб ўтарди. Аллоҳ Таоло африкаликларга лутф кўрсатган: уларнинг ҳар бири потенциал имкониятли Billy Graham, ҳар бири Jimmy Swaggart!
Ҳар бир ваъз охирида тингловчилар нотиқларни завқ-шавқ билан олқишлашарди. Кейинги нотиқ минбарга кўтарилиб, ўзидан олдингилар ҳақида, “чўпчак, сафсата!” маъносида, “paalish” (бўтқа дегани) деб фикр билдирди, ва тағин қарсаклар! Жараён азондан кечгача давом этди. Чамаси 5 соатдан сўнг менинг навбатим келди. Қўлимда Қуръони Каримни тутган ҳолда, бошладим: “Эрталабдан кечгача биз ушбу саволга жавоб ахтариш билан бандмиз: бева аёл янги никоҳга кириш учун қанча муддат кутиши керак; ва Эски Аҳд нима деганини ва Янги Аҳд нима деганини ҳам тингладик, шундай бўлса-да, барибир бу саволга жавоб тополмадик! – чунки биз кўтариб турган масаланинг жавоби “Сўнгги Аҳд”дадир.

СЎНГГИ АҲД

“Сўнгги Аҳд” – бу сўз насроний роҳиб ва даъватчилар учун мусаффо осмондаги чақмоқдек бўлди. Улар ҳаётларида ҳеч қачон “Сўнгги Аҳд” деган иборани эшитмаганлар. “Эски ва Янги, Янги ва Эски Аҳдлардаги иқтибослар сизга ёрдам бермайди, чунки жавоб Аллоҳнинг инсониятга индирган СЎНГГИ АҲДИда жойлашган!” Мен Китобни бошим устида силкитиб, Қуръони Каримнинг 2- сура, 234-оятининг инглизча матнини ўқиб бердим:
“Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой-у ўн кун кутадилар. Муддатлари етганда ўзлари ҳақида яхшилик билан қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ. Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардордир”.
(Бақара: 2:234)
Мен аудиториядан сўрадим: “ТЎРТ ОЙ-У ЎН КУН – яна қандайдир изоҳ керакми?!” Улар жўр бўлиб жавоб қайтаришди: “Йўқ!” Мен “тўрт ой ва ўн кун”лик тагида ётган оқилликни тушунтирдим. Аллоҳнинг ушбу Сўнгги ва Ҳал қилувчи Аҳдидаги бундан олдинги оятларда бизга, ажралишдан кейинги кутиш муддати ҳақида, айтиляпти:
“Талоқ қилинган аёллар уч қуръу кутадилар ...” (Бақара: 228)
Бу, аёлнинг эҳтимолий хомиладорлик пайтида никоҳ бузилмайдими, шуни билиш учундир. Агарда аёл бева бўлиб қолган тақдирда, уни ҳисобига яна қўшимча бир ой-у ўн кун ёзилади. Мантиқан таҳмин қилиш мумкинки, ҳамма бунга рози бўлади, лекин бунинг нимаси мўъжиза? Ҳар қандай ақлли одам ақл юритиб топган бўлардики, ажримдан сўнг 3 ой давомида, эр ўлимидан сўнг эса 4 ой-у ўн кун кутиш даркор. Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу идрокидан ўтадиган яна бошқа фараз йўқ! Буни ҳаммаси тўғри, лекин бу оқилона ва фойдали таълимот Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ижод махсули эмаслигига асос – 4 ой ва ўн кунлик никоҳсизлик ҳақидаги оятдан кейинги оятда келмоқда:
 “У аёлларга ишора ила совчилик қилишингиз ёки уни ўз ичингизда тутишингизда гуноҳ йўқ. Аллоҳ сиз уларни, албатта, эслашингизни билади. Лекин улар билан хуфёна ваъдалашманг. Магар яхши гап гапирсангиз, майли. Идда ўз муддатига етмагунча, никоҳ боғлашни қасд қилманг...” (Бақара: 235)

ХУДОНИНГ ҚЎЛ ИЗИ

“Ушбу белгиланган кутиш муддати тугамагунча, ўз никоҳ муаммоингизни ҳал қилишга киришманг”. Бу Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) талантидан эмас! Бу Энг Оқил Аллоҳнинг донолигидир. Холиқ Ўзининг махлуқи нимада заифлигини яхши билади. Эркак ўзининг ҳирси ва очкўзлиги билан виждонсизларча ақл-ҳушини йўқотган, бечора тул аёлни алдаши мумкин. Бева ўзининг бош таянчи ва ҳаёт манбаини эндигина йўқотди. Шунингдек, у ўз дилбарлигини йўқотган, ва никоҳ бозоридаги унинг қиймати пасайган бўлади. У ҳар бир похолни тутиб қолишга ҳаракат қилиши мумкин. Йиртқич унга таклиф бераётган пайтда, у ҳис-ҳаяжонли, бесаранжом аҳволда бўлади. Ҳимоясиз ҳолда, бева аёл шошқалоқликда унинг таклифини қабул қилишга тайёр бўлиши, эҳтимол. Устоз-Психолог (Муҳаммад эмас, с.а.в.) эркаклар тарафидан жой-жойига қўйиладиган барча тузоқлар ҳақида аниғи билан билади. Шу ерда огоҳлантириш бўляпти – белгиланган муддатгача ҳеч қандай никоҳ!
Ажралишдан сўнг “Идда”  уч ой давом этади. Бевага яна қўшимча 40 кун қўшиб берилади, токи ўзига келиб олиши ва мувозанат сақлаши учун. Шу билан бирга, агар унга янги никоҳ қуриш таклифи берилган пайти, бева бу таклифни ўз қариндошлари ва дўстлари билан муҳокама қилиш имкониятига ҳам эга бўлади. Шунингдек, мабодо у шошилинч қарор қабул қилиб қўйса-ю, бунинг ортидан чалкашиб кетиши мумкин бўлган тақдирда, мана шу тузоқдан ҳам қоча олган бўлади. Наҳотки Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мана шундай сезилар-сезилмас фарқларни саҳрода ўн тўрт аср олдин ўйлаб топган ва ишлаб чиққан бўлса?! Хайҳот, сиз унга керагидан ортиқ баҳо бериб юборяпсиз! У яна бир бор такрорлашга мажбурки, Қуръоннинг Донишмандлиги – бу унинг махсули эмас, балки унинг Холиқи томонидан юборилгандир – “У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас”.  Агар сиз Аллоҳнинг сўзларига ҳануз шубҳаланётган бўлсангиз, унда Унинг чақириғини қабул қилинг. У айтади:
“Агар инсу жинлар тўпланиб, ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтирмоқчи бўлсалар, бунда баъзилари баъзиларга ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар”.
(Қуръон, Исро: 8:Унинг сўзларига ҳануз шубҳаланётган бўлсангиз, унда Унинг чақириғини қабул қилинг. бўлса? индошлари ва дўстлари билан 8)
Дунёга чақириқ ташланди: ўн тўрт юз йиллик ўтиб ҳам яратилмаган, Қуръони Каримга ўхшаш Китобни яратишга уриниб кўрилсин! Бугунги кунда ўзларининг саноғи билан фаҳрланадиган 15 миллион кишилик араб-христианлар Қуръон услубида хутбалар ёзиб кўришди. Улар Қуръонга муносабатда, ундаги сўз ва фразаларни ўғирлаб, Бисмиллоҳни ҳам унутмаган ҳолда, плагиатга  қўл уришди. Уларнинг энг замонавий уйдирмаларининг ҳар бир боби Қуръони Каримнинг биринчи ояти билан бошланади. Бунга инониш учун, сиз уни кўришингиз керак. Мана уларнинг инсон яратган янги “ваҳий”сининг фотосурати. (шу ерда китобнинг инглизча вариантида фотосурат келади, русчасида йўқ – тарж.)
Бу, Қуръондан ўтадигани бўлмаслигига, яна бир далилдир. Агар уддалай олсангизлар, уриниб кўринглар. Чақириқ ҳалиям ўз кучида турибди. Муқаддас Қуръон – бу Аллоҳнинг Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ошкор қилган Сўзи бўлиб, у мўъжизаларнинг Мўъжизасидир!
“Ҳа, чиндан ҳам бу Мўъжиза!”

Мақола жойлаштирилган бўлим: Миссионерлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Инжил Аҳднинг хабарчиси »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase