Аммо Россия Украинага бостириб кириши ортидан каналнинг фаолияти тўхтатиб қўйилди ва тўрт ойдан ортиқ эфирга чиқмади. Ушбу танаффус ортидан у Латвиядаги штаб-квартирасидан, шунингдек, Катаев жойлашган Париждан ҳамда Амстердам ва Тбилиси шаҳарларидан яна эфирга қайтди.
“Мен оптимистман”, - дейди Катаев “Дожд”нинг “Шу ерда ва ҳозир” кечки янгиликлар шоусини Париждаги журналистика мактабида ташкил этилган студиясидан тақдим этишга ҳозирлик кўрар экан.
Босқиндан кейин сургунга кетгунга қадар Москва журналистикаси саҳнасининг кўзга кўринган вакили бўлган Катаев ҳозир эфирга чиқиш учун Париждаги журналистика мактаби студиясидан фойдаланмоқда. Сентабрда бу ерда ўқишлар бошланиши боис у ўзига янги жой топиши керак.
Унинг айтишича, “Дожд” телеканалининг кўрсатувлари учун Россияда доим аудитория бор.
“Украинадаги уруш мен учун Россиянинг тугаши, умидларимизнинг охири бўлди”, - дейди у.
Россияда мустақил матбуотга босим кучайган
"Мен учун Россия тугади ва бу менинг виждоним масаласи эди. Шунинг учун мен ўз ватанимни тарк этдим", - дея қўшимча қилади.
Урушга қарши овоз
"Биз Россияда маълумотга бўлган эҳтиёжни ҳис қиляпмиз. Давом этишимиз керак. Россияда бошқача фикрлайдиган, Путин режимига қарши, мен каби бу урушга қарши бўлган аудитория бор. Шундай экан, биз ташвиқотга қарши курашишимиз керак", - дейди журналист.
“Дожд” телеканали Россиядаги фаолиятини расман тугатди. 3-март куни, уруш бошланганидан ўн кун ўтар-ўтмас, телеканал эгаси Наталя Синдеева томонидан тайёрланган эмотсионал шоу каналнинг Россиядаги сўнгги чиқиши бўлди.
Телеканалнинг бутун жамоаси сўнгги эфир ниҳоясида "Но пасаран" (Улар ўтмайди), "Урушга йўқ деймиз" деган баёнотлар билан студияни тарк этди.
Телеканал 2010-йилда эфирга чиқа бошлаган ва давлат телевидениесининг норозилигига қарши туриш учун ўзини “оптимистик канал” деб атаган. 2011-йил ҳатто ўша пайтдаги президент Дмитрий Медведев телеканал студиясига ташриф буюрган эди.
Ўша йилнинг қишида “Дожд” парламент сайловларидан кейинги норозиликларни дадил ёритди. Кузатувчилар фикрича, Путинга каналнинг бундай эркинлиги ёқмаган.
2021-йилда канал "хорижий агент" деб эълон қилинди. Бу мақом ортидан “Дожд” оғир маъмурий чекловлар, катта жарималар ва тақиқланиш хавфи остида қолди.
Кремл махсус ҳарбий амалиёт деб атаган Украина босқинини уруш деб атаганлар 15 йилгача қамоқ жазоси хавфи билан юзлашди. Шундан сўнг телеканалнинг фаолият юритиши бутунлай имконсиз ҳолатга айланди.
Қийинчиликлар
18-июл куни Латвия пойтахти Рига шаҳрида “Дожд” телеканали бош муҳаррири Тихон Дзядко кечки янгиликлар кўрсатуви билан эфирни қайта бошлади.
Ҳозирда "Дожд"да 60 га яқин журналист Россиядан ташқарида ишламоқда. Қувғинда туриб бошқа бир мамлакатни ёритиш осон бўлмаса-да, улар ўз миссиясини тарк этгани йўқ.
"Албатта, бошқа мамлакатларда ишлаш қийин. Сиз камералар, студияларни топишингиз керак, балки визалар ҳам олишингиз керак", - дейди Дзядко.
"Миллионлаб россияликлар мустақил маълумот олишни хоҳлашади. Улар пул тўлашга тайёр ва бизни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда", - дея қўшимча қилади у.
Унинг сўзларига кўра, “Дожд”нинг 50 000 га яқин россиялик пуллик обуначилари бор. Канални ойига икки евродан кам ойлик обуна эвазига “юТубе”да жонли кўриш мумкин ва унинг асосий вебсайти тез орада ишга тушади. Россияликлар сайтга “ВПН” орқали киришлари мумкин.
Эндиликда Европа Иттифоқининг трансляция литсензиясига эга телеканални бошқа хорижий оммавий ахборот воситалари ҳам қўллаб-қувватламоқда. Латвия, Грузия ва Голландия телевидениелари ўз студияларини фойдаланиш учун бермоқда ва бу “Дожд”га ўзининг сифатли кўрсатувларини қайта тиклашга имкон берди.
Телеканал Ригада ўз штаб-квартирасини очди. Латвия пойтахти қувғиндаги мухолифат матбуоти учун марказга айланмоқда. Машҳур “Медуза” янгиликлар сайти ҳам Ригага кўчган.
Бир вақтлар кабел орқали тақдим этилган канални бугун фақат онлайн кўриш мумкин. Аммо бу ҳам уни Кремл тазйиқларидан қутқара олмайди.
"Улар “юТубе”ни блоклаши мумкин, интернетни тўсиб қўйиши мумкин. Лекин биз бу ҳақда ўйламаймиз, ўйламаслигимиз керак. Биз, аввало, ишлашимиз керак", - дейди Дзядко.