close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Cиёсий фиқҳ (2)

Мусулмонларнинг якдил фикри (ижмоъ) далилларидан фойдаланишдаги хатолар
Мусулмонлар бошқарув муддати борасида якдил бир фикрга эгалар деб таъкидлаш қийин, чунки якдил фикр давлат раҳбари лавозимини муддатсиз эгаллашига рухсат билан чегараланган – бу муддатни чеклаш тақиқланишини англатмайди. Асрлар давомида бу масалани ҳеч ким кўриб чиқмаган, чунки жаҳон амалиёти ва анъаналар шундай бўлган: Византия, Миср, Эрон, Эфиопия ва Исломгача араблар ҳам “чекланган бошқарув муддати” тушунчасини билмаган.

Мусулмонларнинг якдил фикри (ижмоъ) далилларидан фойдаланишдаги хатолар
Мусулмонлар бошқарув муддати борасида якдил бир фикрга эгалар деб таъкидлаш қийин, чунки якдил фикр давлат раҳбари лавозимини муддатсиз эгаллашига рухсат билан чегараланган – бу муддатни чеклаш тақиқланишини англатмайди. Асрлар давомида бу масалани ҳеч ким кўриб чиқмаган, чунки жаҳон амалиёти ва анъаналар шундай бўлган: Византия, Миср, Эрон, Эфиопия ва Исломгача араблар ҳам “чекланган бошқарув муддати” тушунчасини билмаган.

 “Янгилик киритиш – янглишиш” далилига мурожаат билан боғлиқ хато
Янгиликлар киритиш (бидъат) бу – ҳамма янги нарсалар эмас. Акс ҳолда, биз светофорлар ўрнатишимиз, микрофондан фойдаланишимиз, самолетда учишимиз ёки дазмол қилишимиз мумкин бўлмасди. Янгиликлар киритиш инсон ҳаётининг турли соҳаларида динимиз томонидан рағбатлантирилади. Янгиликлар киритиш вақт таъсирига учрамайдиган соф диний масалаларда – диний таълимот ва ибодат маросимларида хавфли бўлиб, тақиқланган ҳам. Қолган ҳамма нарса, масалан, урф-одат ва анъаналар, маданият, жамият ва давлат тузуми,  шариат томонидан қатъий тартибга солинмаган сиёсий механизм ва таомилларга янгилик киритиш (бидъат) тушунчасига киритилмайди.
Бундай масалалар фойда ва зиён нуқтаи назаридан кўриб чиқилади, бу шариат атамаларида “масолиҳул мурсала” деб аталади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари ва илк халифалар айнан шундай тушунганлар. Улар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида бўлмаган кўплаб янгиликларни жорий қилганлар, масалан, Қуръонни битта китоб қилиб йиғиш, вазирлик девонлари, архивлар юритиш, ер солиғи, қамоқлар ва ҳ.к. Мусулмонларнинг иккинчи авлоди ўз тангасини зарб этиш, почта, маъмурий аппаратни кенгайтириш, ҳадисларни тўплам қилиб чоп этишни йўлга қўйган – бу фойдали янгиликлар киритишнинг барчаси шариат томонидан белгиланган мақсадларга эришиш воситаларидан бошқа нарса эмас, демак улар мақтовга лойиқ ва зарур.

Суннат билан бир қаторда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратидан фойдаланишдаги хатолар
Бугун биз шариатнинг исботи сифатида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётий фаолиятига мурожаат қиладиган кўплаб мсулмонларни учратишимиз мумкин. Бу қайсидир маънода яхши, лекин Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёти худди Суннат каби муайян шариат меъёрларининг исботи сифатида фойдаланилиши мумкин эмас.
Яхши биламизки, фиқҳ асослари билан шуғулланадиган уламолар суннатни “Росулуллоҳ сўзлари, ҳаракатлари, сўзсиз розилиги (тасдиғи)” деб таърифлаган. Муҳаддислар бу ерга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқий ва жисмоний хислатларини қўшганлар, лекин Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёт фаолияти (“сийрат”) суннат таърифидан кўра кенгроқдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётида шариатга дахлдор бўлмаган ва унинг меъёрларини исботлай олмайдиган кўплаб нарсалар мавжуд.
Биринчидан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратида етказиладиган воқеа ва ҳикоялар ҳадислар каби аниқлик ва ишончлилик борасида текширувлардан ўтмаган.
Иккинчидан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёт фаолияти, қоидага кўра, бу – белгиланган тарихий вазиятлардаги ҳаракатлар, ҳаракатнинг ўзи эса фақат рухсат борлигини кўрсатиши мумкин, лекин бу ҳаракатнинг мақсадга мувофиқлиги ёки мажбурийлигини исботламайди.
Қуръоннинг “Аҳзоб” сурасида (“Қуръон”, 33:21) айтилишича, Аллоҳнинг росули – мусулмонлар учун энг яхши мисол, лекин бу оят – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ахлоқий хислатларига, у ўргатган қадриятларга, унинг йўли умумий тамойилларига риоя қилиш ҳақидадир. Бошқача қилиб айтганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз даъватини яширин бошлаганлар, лекин Исломни ошкора тарғиб қилиш имконияти бўлган бир пайтда биз ҳам ўзимизни шундай тутишимиз шарт эмас; агар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилган бўлсалар, эркин ҳаракат қилишимиз ва исталган жойда яшаш имконига эга бўлганимиз сабабли бирон жойга мажбуран ҳижрат қилишга эҳтиёж йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабила бошлиқларидан ёрдам сўраганларидек, ҳукуматдан ёрдам ва бошпана сўраб мурожаат қилишга эҳтиёж йўқ. Агар атрофингизни диннинг барча асосларини қабул қиладиган мусулмонлар ўраб олган бўлса, узоқ ўн йил давомида ақидага даъват этиш шарт эмас. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ишлар билан Мадинада шуғулланганлар, лекин биз фаолиятимиз бошида асосий эътиборни ақидани ўрганиш ҳамда ижтимоий ва бошқа масалаларни ҳал қилишга эътибор қаратадиган бўлсак, унинг йўлини бузган бўлмаймиз.
Бугун биз илгарилари мавжуд бўлмаган кўплаб тушунча ва таърифларга дуч келмоқдамиз. Уларни биз тез-тез мусулмонча исмга эга бўлган, лекин ўзгаларнинг ғояларига содиқ бўлган кимсалардан эшитмоқдамиз.
Либераллар, марксчилар, миллатчилар, ўнглар ва сўллар, коммунистлар ва “ғарбчилар”, отатуркчилар ва бошқалар – Ислом улар учун масжидда намоз ўқиш, дафн маросимлари, бир нечта расм-русум ва никоҳ урфларидир. Ва албатта, автомобилга тумор илиб қўйиш ёки вафот этган яқинлар руҳига атаб “Фотиҳа” сурасини ўқиш мумкин. Улар етакчи университетларни тамомлаган, динга қарши тарғибот билан танишган ва ўз дунёқарашини молиялаштириш учун шубҳали манбалардан фойдаланмоқда.
Биз улардан “сиёсий”, “анъанавий”, “классик”, “радикал”, “жиҳодий”, “илғор” Ислом ёки, масалан, “арабча”, “туркча”, “ҳиндча”, “африкача”, мана энди “европача” ислом; “пайғамбар исломи”, “усмонлилар исломи”, “суннийлар исломи”, “шиалар исломи”, “сўфийлар исломи” каби тушунчаларни эшитамиз. Қизиқ, бу кетишда эртага яна қандай “ислом”ларни  ўйлаб топишар экан?
Биринчидан, биз бу номларнинг барчасини инкор қиламиз ва тан олмаймиз: Қуръон ва Суннат келтирган Исломдан бошқа ҳеч қандай “ислом”лар йўқ. Тўрт мазҳаб мавжудлиги, диний тарбияда сўфийлик акценти кучли эканлиги, шиалар оқими ҳақиқатни бир қарич ҳам ўзгартирмайди. Ислом – битта, лекин унинг ўзгарувчан ҳаёт шароитлари билан ўзаро алоқа қиладиган фиқҳ кенглиги ва теранлиги, маҳаллий анъаналарга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш,  битта мақсадга эришиш усуллари хилма-хиллиги ва универсаллиги хато равишда “исломлар” кўплиги далили сифатида келтирилади.
Элементар нодонлик ҳақида нима дейиш мумкин: агар киши Қуръон ва Суннатни ўрганмаган бўлса, исломда сиёсат ва давлат мавжудлигини билмаса, бу унга “сиёсий” ва “аксилсиёсий” ҳуқуқларни ўйлаб топиш ҳуқуқини бермайди. Бирламчи манбалар билан ишлашдаги элементар қоидаларни бузган ва маълум бир фалсафага риоя қилган ҳолда Исломни талқин қиладиган киши Исломнинг яна бир “тури” ҳақида гапиришга ҳақли эмас.
Иккинчидан, Ислом фақат сиёсий бўлади. Сиёсат Исломнинг қонун, маънавият, ижтимоий адолат, одоб-ахлоқ меъёрлари билан бир хил қисмидир. Агар кимдир сиёсатни Ислом доирасидан четга чиқарадиган бўлса, бу Ислом эмас. Нима бўлса бўлиши мумкин, лекин Ислом эмас!
Ислом ҳамма соҳаларни қамраб олади. Унда ибодат қилиш ва одоб-ахлоқ, қонун ва маданият, давлат ва ижтимоий тузум тамойиллари бор. Ислом инсонга оила ҳаётида ҳам, жамият ва давлат ҳаётида ҳам йўл кўрсатади. Ҳатто диний маросимлар ҳам давлат ҳаёти билан боғлиқ: ҳаж сафари ташкил қилинмаганда бунда айбдор бўлган шахслар жазоланиши лозим; закот тўламаслик қонунга кўра жазоланади. Агар қаердадир мусулмонлар дининг ўғил болаларни хатна қилдириш, ҳайит намози, масжидда азон айтиш каби кўрсатмаларини тўлиқ тарк этадиган бўлса, ҳукумат бу нима учун зарурлигини тушунтиришга ва уларни кўндиришга ҳаракат қилади. Агар аҳоли бу соҳада айтганида туриб оладиган, ўзининг нотўғри ва янглиш фикрларини  ҳимоя қилиш учун уюшадиган бўлса, давлат мажбур қилиш ва босим кўрсатиш учун куч ишлатишга мажбур бўлади – худди ҳозирги кунда исталган замонавий давлат йўл тутаётгани каби. Фарқ фақат вазиятларда.
Исломда сиёсат ҳамма нарсада мавжуд: оилавий ҳаёт сиёсати, таълим сиёсати, ахборот сиёсати, бошқарув сиёсати, молия сиёсати, тинчлик ва уруш сиёсати. Ислом ундан соф “диний” қисмнигина қолдиришларига ҳеч қачон рози бўлмайди (нима учун эканлигини “Бақара” сурасини ўқиб, тушуниш мумкин). Замонавий Ислом дунёсида мустабид ҳокимлар ва диктаторлар Исломни шундай талқин қилишга уринади, жамиятни манипуляция қилишга интилади, чунки қуйидаги ҳадисни билган ҳолда умматдан қўрқади:
“Жиҳоднинг афзали золим ҳукмдор ҳузурида айтилган ҳақ сўздир” (Абу Довуд).
Нима учун Ислом давлатда адолатсизликка қарши курашни бу қадар юқори қўяди? Бу саволнинг жавоби оддий: адолатсизликнинг аянчли оқибатлари жамият ҳаётини нафақат ичкаридан емиради, балки ташқи таҳдидлар олдида заифликка ҳам олиб келиши муқаррар ва шунда душманлар мусулмонлар давлатини босиб олади, Исломга эътиқод  қилишни тақиқлайди ва динимизни йўқ қилишга уриниб кўради. Буларнинг барчаси сўнгги асрларда ўнлаб тарихий мисоллар билан тасдиқланди. Айни дамда биз қачонлардир йўл қўйилган, лекин олди олинмаган адолатсизлик, вайрон қилинган шаҳарлар, қон тўла дарёлар, ўн минглаб етим-есирлар ва бевалар, иқтисодий ва технологик турғунликнинг мевасини емоқдамиз.
Доимо адолатсизлик билан боғлиқ бўлиб келган, ҳатто дуода ҳам диндан ажратилмайдиган золимлик ва диктатурага қарши курашга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганлар.
Қуръон диндорларни золимлар ва ситамгарларга қарши, заифлар ва мазлумларни ҳимоя қилишга чорлайди:
“Нима учун Аллоҳнинг йўлида ва: “Эй Роббимиз, бизни аҳли золим шаҳардан чиқаргин, бизга Ўз томонингдан дўст ато қилгин ва Ўз томонингдан ёрдамчи ато қилгин”, деяётган заифҳол эркагу аёл ва болалар йўлида жанг қилмайсизлар?” (“Нисо” сураси, 75-оят).
Қуръон Фиръавн, Ҳорун ва Ҳомон ҳақида, уларнинг атрофидагилар ва ёрдамчлари ҳақидаги воқеаларда уларга нисбатан, бойликка нисбатан мусулмонларда нафрат уйғотади, уларнинг ҳаракатларини қоралашни тарбиялайди. Қуръон ирода кучини тарбиялайди ва мазлумларга ёрдам кўрсатишга чақиради.
Мусулмон киши имкон қадар жиноятнинг олдини олиши ёки уни тўхтатиши шарт ва сиёсий соҳа, шариат нуқтаи назаридан, бу ерда истисно эмас. “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир”, дедилар”. Имом Муслим ривояти.
Гап қайси гуноҳ ҳақида кетяпти? Масалан, фақат май ичиш ва зино ҳақидами? Бутун бир халқни хўрлаш, сайловларни қалбакилаштириш гуноҳ эмасми? Сайлов пайтида ўғри ва ёлғончи учун овоз бериш – бу гуноҳ эмасми? Давлат ғазнасидан, бошқача қилиб айтганда – ўз халқидан ўғрилаш – гуноҳ эмасми? Айбсиз одамларни сохта айбловлар бўйича қамоққа тиқиш – гуноҳ эмасми? Хорижий компаниялар ёки давлатлар “садақаси” эвазига ўз мамлакати манфаатларини сотиш – гуноҳ эмасми?
Шундай қилиб, кўриб турибмизки, гуноҳнинг чегаралари мусулмонлар ўйлашга ўрганган даражадан кўра кенгроқ. Ислом уммати доимо унга Аллоҳ томонидан юклатилган вазифалардан бири сифатида айнан шуни тушуниб келган, шу сабабли қўшни давр ва жамоатлар унинг миссиясига кўпинча душманларча муносабатда бўлган: кеккайган ва ўта кетган ўжар гуноҳкорга панд-насиҳат ўқийдиганлар ёқмайди.
“Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз” (“Оли Имрон” сураси, 110-оят).
Гуноҳни қалб билан ювиш – оддийгина уни инкор қилиш эмас. Юрак бу гуноҳга нафрат билан тўлади, вақт ўтиши билан бу фаол ижобий ҳаракатларга олиб келади. Шу сабабли агар халқ ўзининг аҳволини ўнглай олмаса ва шу қадар қўрқиб кетган бўлиб, бу ҳақида гапиришдан чўчийдиган даражага етса, одамлар қалбида вақтинчалик ғолиб чиққан жиноятлар ва гуноҳга рози бўлмаслик (уларни қалб билан ёмон кўриш)  билан қўллаб-қувватлаш тўғри бўларди. Вақти келиб, жамиятдаги ахлоқий кескинлик чегарадан ошади, одамлар бош кўтаради ва ўз қўллари билан ўз аҳволини ўзгартиради.
Одам айрим гуноҳлар ва ёвузликларни бир ўзи тузата олмайди. Ислом адолат ва қонунийлик учун курашда бизни бирлашишга мажбур қилади. Бундай бирлашмалар турли номга эга бўлиши ва турли фаолиятларга ихтисослашиши мумкин.
Фаол фуқаролик позицияси, муросасизлик ва гуноҳга қарши кураш бу – диндорларнинг ҳуқуқигина эмас, бурчи ҳамдир. Агар ҳуқуқ рухсат этилганлар тоифасига кирадиган бўлса, мажбурият бизга танлов имконини қолдирмайди: мусулмон киши вазиятни тўғрилаш учун ҳаракат қилиши керак.
Ва албатта, мусулмон киши шунинг учун ҳам сиёсий фаолки, Ислом диндорларни бир-бирини қўллаб-қувватлашга мажбур қилади – ҳақиқий биродарлик мана шунда намоён бўлади. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда айтади:
 “Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг”. (“Қуръон”, 49:10).
Бу мисоллар сиёсат  Исломнинг бир қисми эканлиги ва мусулмон киши сиёсатдан ташқари бўла олмаслигини тушуниш учун кифоя. Давлат ҳам Исломнинг бир қисми ҳисобланади ва бу муқаррар! Ахир Қуръоннинг юзлаб оятлари ва Пағамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари биздаги давлат механизмисиз асло бажариб бўлмайдиган қонунлар ва меъёрларга ўргатади.

мақоланинг боши

Сейран Ориф
Абу Муслим таржимаси

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase