Тарих
Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, замонавий тушунчадаги кийиниш Идрис пайғамбар пайтида кенг тарқалди. Бунга қадар инсонлар ҳайвонларнинг териси билан ёпиниб юришарди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимлари
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам оддий ва ҳаммабоп, бошқаларнинг орасида уни ажратиб турмайдиган кийим кийган. Суннатда Аллоҳнинг расули саллаллоҳу алайҳи васаллам кийган бир қанча ашё - буюмлар ҳақида сўз юритилади. Улар орасида: салла, узун кўйлак, олди очиқ узун кўйлак, плашга ўхшаш кийим ва бошқалар бор.
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам иштон, кўйлак, ридо ёки салла кийсалар, қуйидаги дуони ўқир эдилар:
اللَّهُمَّ لَكَ الْحَمْدُ، أَنْتَ كَسَوْتَنِيهِ، أَسْأَلُكَ مِنْ خَيْرِهِ وَخَيْرِ مَا صُنِعَ لَهُ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّهِ وَشَرِّ مَا صُنِعَ لَهُ.
«Эй Аллоҳим, мен сендан ушбу либосдаги (либоснинг номи айтилади) яхшиликни ва унга боғлиқ яхшиликни сўрайман. Мен сендан ундаги ёмонликдан ва унга боғлиқ ёмонликдан паноҳ сўрайман».
Абу Довуд, Термизий, Аҳмадлар ривояти. Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар саҳиҳ, деганлар.
Аҳлу фарзандларимиз бўлсин, дўсту ошноларимиз бўлсин, янги либос кийган кишини кўрганда унинг ҳаққига дуо қилиш ҳам суннат:
«(Илоҳим) Янги-янги кийининг, бахтиёр ҳаёт кечиринг, шаҳодат билан вафот этинг». Термизий ривояти.
«Кийиб, эскиртираверинг, Аллоҳ ўрнига бераверсин». Абу Довуд ривояти.
Эски кийимни нима қилиш керак?
Бизнинг кийимимиз доимий айланишда. Эскиси тўзийди ва биз уни олиб қўямиз, кейин эса янгисини сотиб оламиз ва шундай айланаверади. Янги кийим пайдо бўлиши билан, эскисини жавоннинг тўрига тахлаб қўйишга одатланганмиз, у ерда у йиллаб тураверади. Лекин биз жавонимизда ётган бу буюм бошқа бирини иситиши ёки бошқа бир инсонниннг кунига яраши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрамизми?
Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким янги кийим кийганда: «Авратимни беркитадиган нарсамни ва ҳаётимда ясанадиган нарсамни менга кийгизган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деса, сўнгра эскиртган кийимини садақа қилса, тирик чоғида ҳам, ўлик чоғида ҳам Аллоҳнинг ҳимоясида, Аллоҳнинг муҳофазасида ва Аллоҳнинг сатрида бўлгай», деганларини эшитдим». Термизий ривоят қилган.
Пайғамбаримизнинг эски либосини бера туриб ўқиган дуолари:
الحمد لله الذي كساني ما أواري به عورتي واتجمّل به في حياتي
«Алҳамдулиллаҳи лазий кассани ма увари биҳи аурати ва атажаммалю биҳи фи ҳайати».
Агарда сиз берган кийимни кийган ҳолда бошқа инсон ибодат қилса, намоз ўқиса ва бошқа эзгу амалларни бажарса, бу ҳаракатингиз учун мукофот ортиб бораверади.
Қиш мавсумининг келиши ва янги буюмларнинг харид қилиниши, Аллоҳ Таоло расулининг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ушбу гўзал суннатини амалда қўллаш имконини беради.