Бу умматга берилган фазилат ва хусусиятлардан яна бири шуки, мусулмон биродарини Аллоҳ учун яхши кўрган одамга кўплаб яхшиликлар, улкан фазилатлар берилади.
Мусулмон одам биродарини Аллоҳ учун яхши кўриши, бошқа бирор дунёвий ғараз ёки манфаатни мақсад қилмаслиги керак. Инсон шунга эриша олса, иймон-ишончи қувватли бўлади, ҳатто кўзи билан иймон ҳақиқатларини кўради, уларни қалбида таралаётган нурлар билан ҳис қилади, идрок эта олади. Яхши кўриши Аллоҳ учун бўлмаса, бу каби фазилатларни топа олмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кимда уч хислат бўлса, иймон ҳаловатини топибди: Аллоҳ ва Расули унга бошқалардан суюклироқ бўлса; бандани Аллоҳ учунгина яхши кўрса; Аллоҳ куфрдан қутқарганидан кейин куфрга қайтишни дўзахда ёнишни ёмон кўрганидек ёмон кўрса».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ким бир одамни Аллоҳ учун яхши кўриб, «Сени Аллоҳ учун яхши кўраман», деса ва иккиси ҳам жаннатга кирса, охиратда шеригига қараганда юқорироқ даражада бўлади ва шу даражага ҳақлироқ бўлади, чунки у дўстини Аллоҳ учун яхши кўрган эди» (Имом Баззор ривояти).
Дўстини Аллоҳ учун яхши кўрган киши Аллоҳ таоло ҳам уни яхши кўриши ҳақида башорат берилишига ҳақли бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бир киши бошқа қишлоқдаги дўстини йўқлаб борди. Изидан Аллоҳ бир фариштани кузатувчи қилиб юборди. Ундан: «Каёққа кетяпсан?» деб сўради. «Бу қишлокдаги дўстимнинг олдига», деб жавоб қилди киши. «Унда сенга бир фойда бўладиган неъмат борми?» деди фаришта. У киши: «Йўқ. Лекин мен уни Аллоҳ учун яхши кўраман!» деди. Шунда фаришта: «Мен сенга Аллоҳ томонидан юборилган элчиман. Дўстингни Аллоҳ учун яхши кўрганинг каби, Аллоҳ таоло ҳам сени яхши кўради», деди» (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ йўлида яхши кўрувчилар охиратда - Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмаган Қиёмат кунида Аршнинг соясида бўладилар. Аллоҳ таоло етти тоифани Ўзининг соясидан бошқа 2 соя бўлмаган кунда соялантиради. Улардан бири Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўрган икки киши бўлиб, улар Аллоҳ учун жамланадилар, Аллоҳ учун айриладилар. Дўстини холис Аллоҳ учун севган киши жаннатда олий мартабаларга эришади.
Бир-бирини Аллоҳучун яхши кўрган мусулмонлар Қиёматда Аршнинг ўнг томонида, нурдан бўлган минбарлар 2 устида Аллоҳнинг меҳмони бўладилар. Улар пайгамбар ҳам, шаҳид ҳам бўлмайди, лекин уларга пайгамбарлар, шаҳидлар ҳавас билан қарашади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй инсонлар, қулоқ солинглар, ақлни ишлатинглар: Аллоҳнинг шундай бандалари борки, улар пайғамбар ҳам, шаҳид ҳам эмас, лекин пайғамбар ва шаҳидлар ҳам уларнинг йўлини орзу қилади, уларнинг Аллоҳга яқинлигига ҳавас қилади», дедилар. Шунда одамлар орасидан бир саҳройи араб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўлини узатиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўзи пайғамбар ҳам, шаҳид ҳам бўлмагаи, лекин эгаллаган мартабасини пайғамбар ва шаҳидлар ҳам орзу қиладиган кишилар ким? Бизга уларни сифатлаб беринг!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳройининг саволидан хурсанд бўлиб, шундай дедилар: «Улар турли қабилалардан, узоқ юртлардан бўлади, ўрталарида қариндошлик, яқинлик бўлмайди. Лекин бир-бирини Аллоҳ учун яхши кўриб, бағрига босади. Қиёмат куни Аллоҳ уларга нурдан бўлган минбарлар қўйиб, уларни ўтирғизади, юзларини, кийимларини нурли қилади. Қиёмат куни ҳамма даҳшат ичра бўлган пайтда улар даҳшатга тушмайди. Улар Аллоҳнинг дўстларидир, уларга қўрқинч ҳам, хафачилик ҳам йўқ» (Имом Аҳмад ва Имом Абу Яъло ривояти).
«Аллоҳ йўлида бир-бирига муҳаббат қилганлар учун жаннатда забаржаддан кўшклар бор бўлиб, бу кўшклар ёқут устунлар узра жойлашган. Бу кўшкларнинг эшикла ри доим очиқ бўлиб, улардан порлоқ юлдуздан таралган янглиғ нур жилва қилиб туради» (Имом Баззор ривояти).
«Улар учун ичкаридан ташқариси, ташқаридан эса ичкариси кўриниб турадиган кўшклар бор» (Имом Табароний ривояти).
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ учун муҳаббат қилиб, Аллоҳ учун ёмон кўрадиган, Аллоҳ учун инфоқ қилиб, Аллоҳ учун ман қиладиган кишининг ий-мони камолига етганига гувоҳлик берганлар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Чинакам муҳаббатнинг шарафли жиҳатларидан яна бири шуки, бундай муҳаббат синиқни бутунга айлантиради, заифнинг қўлидан тутиб, кучлилар сафига, ортда қолганни пешқадамлар сафига қўшади. Натижада фазилат ва камолот соҳибларига ўхшашга ҳаракат қилгани учун муҳаббат унга энг гўзал қиёфа бахш этувчи либос тақдим этади.
Қуйида келадиган ҳадиси шарифлар ҳам айни шу маъноларни қўллаб-қувватлайди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Қиёмат қачон?» деб сўради. У зот: «Сен унга нима ҳозирлаб қўйдинг?» дедилар. У: «Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатимдан бошқа ҳеч нарса тайёрлаганим йўқ», деган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен яхши кўрганларинг билансан!» дедилар».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сен яхши кўрганларинг билансан!» деган сўзларидан суюнганимизчалик бошқа ҳеч нарсадан шодланмаганмиз».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни, Абу Бакрни, Умарни яхши кўраман ва шу муҳаббатим сабабли улар билан бирга бўлишни умид қиламан!» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир саҳролик киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурла-рига келиб: «Қиёмат қачон қоим бўлади?» деб сўради. У зот алайҳиссалом: «Барака топкур, сен ўзи унга нима ҳозирлаб қўйдинг?» дедилар. Саҳролик: «Ҳеч нарса тайёрлаб қўйганим йўқ. Лекин мен Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўраман, холос», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен яхши кўрганларинг билан бирга бўласан», дедилар. Кейин мен у зотдан: «Биз ҳам шундаймизми?» деб сўрагандим, у зот: «Ҳа, шундай», дедилар. Ўша куни севинчимиз ичимизга сиғмай кетди» (Бухорий ривояти).
Шу ҳадисни Имом Термизий ҳам ривоят қилган бўлиб, унинг лафзи қуйидагича: «Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўша кунгидан қаттиқ суюнишганини кўрмадим. Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Бир киши бир одамни солиҳ амали учун яхши кўрса, лекин ўзи ўша амални қила олмасачи?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўзи яхши кўргани билан бирга бўлади», дедилар».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, киши бир қавмни яхши кўрса, лекин ўзи уларга қўшила олмаса, нима қилади?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўзи яхши кўрганлар билан бирга бўлади», дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бир куни Абу Зарр розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, киши бир қавмни яхши кўрса, лекин ўзи улар қилаётган амалларни қила олмаса нима бўлади?» деди. У зот алайҳиссалом: «Эй Абу Зарр, сен ўзинг яхши кўрганлар билан бирга бўласан!» дедилар. Шунда Абу Зарр у зотга: «Мен Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўраман», деди. Набий алайҳиссалом: «Сен ўзинг яхши кўрганлар билан бирга бўласан», дедилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу бу сўзларни яна айтган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жавобларини такрорладилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Муҳаммад Ҳасанийниг
"Энг шарафли уммат" китобидан