Меҳмоннинг иззат-икромини жойига қўйишда мусулмонларга тенг кела оладиган миллат йўқлигига дўст ҳам, душман ҳам тан беради. Мусулмонларнинг бу фазилатлари тилларда достон бўлиб кетган. Ислом адабиётига кўз ташласак, бу ҳақиқатни яна ҳам равшанроқ англаб етамиз. Бу нарсаларнинг ҳаммасига динимиз таълимотлари, ушбу ва келажакда ўрганадиган ҳадиси шарифларимизга ўхшаш кўплаб ҳадислар сабаб бўлган. «Меҳмон – атои Худо», «меҳмон отангдай азиз» каби ҳикматли сўзлар ҳам ана ўша таълимотлар таъсирида айтилган. Биз, мусулмонларнинг кейинги авлодлари ҳам бу улкан фазилатни ўзимизга сингдириб, унга оғишмай амал қилиб боришимиз лозим.
Зиёфат мусулмон кишининг ўз биродари зиммасидаги ҳақидир. Ҳанафий, моликий ва шофеъий мазҳаблари зиёфатни суннат, ҳанбалийлар вожиб дейишган.
Халқимиз меҳмондўстлиги, меҳмоннавозлиги билан шуҳрат қозонган. Бирор ўзбек хонадони, оиласи йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни унинг дастурхонига келтириб тўкмаган бўлсин.
Меҳмоннавозлик одобимизнинг, хулқимизнинг энг муҳим кўринишларидандир. Хабарда: «Меҳмондўст бўлмаган одамдан яхшилик кутилмайди», деб келган.
Анас ибн Молик эса: «Меҳмон кирмаган уйга фаришталар ҳам кирмайди», деганлар. Пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломни меҳмонларнинг отаси, деб аташарди. У кишининг уйида тўртта эшик бўлиб, қайси эшикдан бирор меҳмон кириб келаркин, деб қараб ўтирар эди.
Ҳикоя қилишларича, бир пайтлар уч юз асирни амир Мўъмин ибн Зоиднинг олдига келтиришди. Амир асирларнинг барини ўлимга ҳукм қилди. Шу пайт асирлар орасидан бир йигит отилиб чиқди-да, амирга: «Эй амирим, сизни Худога топширдик, айтинг, ўлимимиз олдидан сув беришсин», деди. Амир асирларга сув беришни мулозимларига амр қилди. Шунда ўша йигит яна ўрнидан туриб, амирга қуллуқ қилди ва: «Эй улуғ амир, бугун энди сизнинг меҳмонингиз бўлдик, меҳмонга мурувват ва иззат-икром кўрсатиш эса мезбоннинг бурчи. Сиз бурчингизга содиқ бўлинг», деди. «Рост сўзладинг, йигит», деди амир ва барча асирларни озод қилиб юборди.
Ибн Батута деган араб сайёҳи от ва карвонлари билан Онадўли (Туркия)ни кезиб юрар экан, Денизли шаҳрига кираверишда бир шопмўйлов одам отининг жиловидан тутиб: «Кетдик, юр» дейди. Сайёҳ туркчани, у одам эса арабчани билмас эди. Араб сайёҳининг ўтакаси ёрилади, чунки унинг оту туялари, орқасидаги хачирларда унга совға қилинган ноёб гиламлар, турли-туман ҳадя моллар бор эди. У: «Эвоҳ, подшоҳлар совға қилган молларим қўлдан кетди», деб қўрқади. Шу ҳолатда турганида яна бир шопмўйлов одам келиб, жиловни бошқа томонга тортади. Ўрталарида тортишув бошланади. Сайёҳнинг нима бўлаётганига ақли етмайди. Тортишув сабаби бундай эди: Жиловни биринчи ушлаган одам: «Меҳмон атойи Худо, уни биринчи бўлиб мен кўрдим, шунинг учун уни уйимга олиб бориб, едириб-ичиришим, меҳмон қилишим керак», дейди. Иккинчи тарафдан тутган киши айтадики: «Тўғри биродар, лекин бу ерлар бизнинг еримиз саналади, бизнинг жойга келган меҳмонни сен бошқа ерга олиб кетсанг инсофданми, уят бўлмайдими? Тақдир уни бизга насиб қилибдими, уни биз меҳмон қиламиз».
Машҳур олимимиз Абу Лайс Самарқандий айтади: «Агар бир меҳмондорчиликка, зиёфатга борсангу агар шу зиёфат ҳаром бўлмаса, унга фисқ-фужур аралашмаган бўлса, боришингдан зарар йўқ. Агар акси бўлса, норози эканингни билдириб, бормай қўявер. Зиёфатга борсангу аммо у ерда бир ёмон (мункар) ишни кўрсанг, у ердагиларни бу ишдан қайтар, агар кўнишмаса, ўша зиёфатни тарк қил. Бордию сен улар билан ўтираверсанг, улар сени ҳам шу ишдан рози экан, деб ўйлашади ва уни давом эттиришаверади».
Меҳмонга боришнинг алоҳида одоблари ва тартиблари бор. Энг аввало, чақирилган жойга албатта боринг, чунки айтилган ерга бормасангиз, гуноҳкор бўласиз, таклиф қилган кишига азият етказасиз, жамият муносабатларига рахна соласиз. Ҳалол касб қиладиганларникига меҳмонга бориш, фосиқ, ўзгалар ҳақидан ҳазар қилмайдиган кимсалар зиёфатига боришдан тийилиш, шариатга хилоф ишлар бўладиган давралардан ўзни тортиш лозим.
Ҳусайн Воиз Кошифий меҳмондорчилик одобларини ўн тўртта деб санаган: меҳмонга ҳалол ва покиза таом тортиш; меҳмон кутишда бирор ғаразли мақсад ёки риё бўлмаслиги; меҳмонни илтифот билан кутиб олиш ва яхши жойга ўтқазиш; меҳмон қаршисида очиқ чеҳра билан хушнуд ўтириш; меҳмон қанча кўп келса ҳам ранжимаслик; чақирилмаган меҳмонни кўпроқ ҳурмат қилиш; бахиллик қилмаслик ва меҳмондан ҳеч нарсани қизғанмаслик; ясама илтифот кўрсатмай, қўлдан келганича самимий бўлиш; меҳмондан қайси таомни ёқтиришини сўрамаслик; меҳмон учун ўзи энг яхши кўрган таомни тайёрлаш; овқат ейишга ҳадеб зўрламаслик; меҳмон агар ташқарига чиқса бирга бошлаб чиқиш ва камида етти қадам бирга юриш; ўзини кўрсатиш учун ҳадеб узрхонлик қилмаслик; миннат қилмай, дастурхонидан нон еганига хурсанд бўлган ҳолда шукр қилиб, миннатдорчилик билдириш».
Меҳмон учун ортиқча такаллуф (зиёфат учун ҳаддан зиёд уриниш, дастурхон безаш) одобимизда ман қилинган. Шунингдек, меҳмон ҳузурида мезбон ғазабини, жаҳли чиққанини, бирор нарсадан хафалигини ёки ташвишдалигини, ҳатто бошига тушган мусибатни билдирмайди, бўлар-бўлмасга тажанглик қилавермайди.
«Фавоқиҳул-жуласо» китобида ёзилишича, меҳмонга борганда уй эгасидан туз ёки сувгина сўраб олинади, бошқа нарса сўралмайди, ортиқча юмушлар буюриб, уни уринтирилмайди. Булар беодоблик саналади.
Маҳмуд ибн Муҳаммад бундай дейди: «Меҳмон келгач, ундан нима ейишини, кўнгли нима тусаётганини сўраса бўлади. Агар унинг истаги инобатга олинса, меҳмон хурсандчилиги зиёда бўлади. Бироқ меҳмондан: «Бирор нарса ейсизми, бирор нарса олиб чиқайми» каби саволларни сўраш ғирт одобсизликдир. Шунинг учун уйда борини унинг олдига қўйиш керак».
Бир улуғ кишини меҳмонга чақиришганида: «Таклифингни уч шарт билангина қабул қиламан. Биринчиси – бозордан атайлаб нарса сотиб олмайсан. Иккинчиси – уйингда борини яширмай олдимга қўясан. Учинчиси – аёл ва болаларингнинг ҳақини менга едирмайсан», деган экан.
Меҳмондорчилик тартибларини Қайюм Носирий бундай таърифлайди: «Меҳмонга борсанг, уй эгаси кўрсатган жойга ўтир. Нимани келтирса индамай е. Мезбон ташқарига чиқса, ўрнингдан турма, рухсатсиз нарса қидирма. Гоҳ у нарсани, гоҳ бу нарсани ушлайверма. Аммо хонада китоблар бўлса, кўриш мумкин». Маҳмуд Қошғарий: «Бефаҳм меҳмон уй эгасини хижолатга қўяди», деган.
Қуйида Шарқда жорий бўлган меҳмондорчилик одоблари билан танишинг:
Меҳмондўстлик яхши одамларнинг ибратли фазилати саналади, меҳмондўст бўлмаган одамдан яхшилик кутилмайди.
Бой-камбағал деб ажратмасдан ҳамма баравар меҳмон қилинади. Бир уйдан меҳмонга таклиф этилса, хонадон соҳибининг катта ўғли ёки меҳмони бўлса уни ҳам қўшиб чақирилади.
Айтилган жойга, айниқса никоҳ зиёфатига албатта борган маъқул. Мабодо шаръий узри бўлсагина бормаслиги мумкин.
Меҳмонга таом кечиктирмай олиб келинади. Нон дастурхонга егулик миқдорда қўйилади, синдирилгани бўлса яна ушатилмайди.
Мезбоннинг баъзида «олинг, енг» деб туриши савобли иш, бу уч мартагача айтилади. Аммо меҳмонни хижолат қилиб ҳадеб таомга зўрлайвериш одобсизлик саналади.
Таом келтирилгач, уй соҳиби (мезбон) тановулга изн беради, агар меҳмон бегона бўлса, аввал уй эгасининг ўзи таомга қўл узатади ва ҳаммадан кейин тортади. Яқинлари ва биродарлари бўлса, ҳурмат юзасидан улардан олдин қўл чўзмайди.
Мезбон лаззатли ва латиф таомни меҳмонига илинади, ўзи бундайроғини ейди. Агар таом оз бўлса ёки меҳмоннинг очлиги сезилса, ўзи камроқ еб, меҳмонга кўпроқ қолдиради. Уйда нима яхши таом, мева-чева ва бошқа неъматлар бўлса, аввало меҳмонга тортилади.
Меҳмон келтирилган таомнинг айбини топмасдан, нима келтирилса мақтаб ейиши зарур. Агар дастурхон атрофида ёши улуғ киши бўлса ундан олдин таомга қўл узатилмайди. Меҳмоннинг овқат келадиган томонга ҳадеб ўгирилавериши яхши эмас.
Меҳмондорчиликда очкўзлик ва ҳирс билан таом емаслик учун уйда бироз тамадди қилиб олган маъқул. «Тўйга борсанг, тўйиб бор», деган мақол бекорга тўқилмаган.
Чақирилмаган жойга меҳмонга борилмайди. Агар икки киши баравар айтган бўлса, яқинроқ қўшниникига борилади. Иккови ҳам яқин бўлса, ошно ва дўстроғиникига борилади.
Мезбон (зиёфат эгаси)нинг изнисиз чақирилмаган одамни бошлаб бормайсиз. Мабодо бирор киши эргашиб бориб қолса, мезбон эшигига келганда ҳолатни тушунтириб, ундан ижозат оласиз.
Агар бир жамоани меҳмонга чақирсангиз, улар озчилик бўлса бирга ўтирсангиз зарар қилмайди. Чунки уларга дастурхон устида хизмат қилиб туриш керак бўлади. Бордию улар кўпчилик бўлса, ташқарида хизмат қилиб турган маъқул.
Меҳмон мезбоннинг рухсатисиз дастурхондан насиба олмайди, ёнидагиларга луқма узатмайди, гадо, ит-мушукларга таом бермайди.
Меҳмон риоя қилиши лозим бўлган одоблардан яна бири шуки, меҳмон мезбонга иш буюрмайди, чунки бу унга малол келиши мумкин. Мезбон қандай овқат қилиш ҳақида сўраса, меҳмон енгил таомни танласин.
Мезбон меҳмони билан узоқ вақт жим ўтирмайди ёки кўп вақтга якка ташлаб чиқиб кетмайди, кўпроқ муддатга келган меҳмонга ҳожатхона ва таҳорат жойини кўрсатиб, намоз вақтини эслатиб туради.
Ўтмишда келган меҳмоннинг от-уловига ҳам ем беришган, ҳозирда эса унинг машинасига бензин қуйиб берсангиз, олий ҳиммат кўрсатган бўласиз.
Меҳмон кетар чоғида мезбон билан «Ассалому алайкум» деб хайрлашади, хонадон ҳаққига дуо қилиб, меҳмондорчилик учун миннатдор бўлганини билдиради.
Уламолар ушбу мавзуни батафсил ўрганиб, унинг одобларини тартибга солишган. Қуйида бундай одобларнинг хулосасини тақдим этишга ижозат бергайсиз.
Мезбоннинг одоблари:
1. Мезбон гўзал суҳбат қилиб, ҳолатга мос қиссаларни айтиб туради.
2. У очиқ чеҳра билан туради.
3. Хонага кириб-чиқаётганда хурсандлигини зоҳир қилади.
4. Ўзини қийнайдиган такаллуфни қилмайди.
5. Меҳмонни таомга таклиф қилиб туради. Аммо бу ишда ҳаддидан ошмайди.
6. Меҳмон ҳузурида сукутни чўзиб юбормайди.
7. Меҳмон олдидан узоқ вақтга ғойиб бўлмайди.
8. Меҳмоннинг ҳузурида ходимларини сўкмайди.
9. Мезбон меҳмонга ўзи хизмат қилади.
10. Мезбон меҳмонни унга ёқмайдиган кишилар билан бирга ўтқазмайди.
11. Меҳмон изн сўраса, унга изн беради.
12. У меҳмонни кузатиб чиқади.
13. Мезбон меҳмонга уловига минишга ёрдам бериб кузатиб қўяди.
Меҳмоннинг одоблари:
1. Меҳмон ўзига кўрсатилган жойга ўтиради.
2. У ўзига тақдим қилинган нарсадан рози бўлади.
3. Тақдим қилинган таомдан тезроқ тановул қилиш меҳмоннинг одобидандир. Агар у таомдан емаса, мезбонга ҳурматсизлик бўлади.
4. Меҳмон фақат мезбоннинг изни билан ўрнидан туради.
5. Меҳмон мезбоннинг ҳақига дуо қилади.
6. Меҳмон мезбонникида уч кундан ортиқ турмайди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ