close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом психологияси, неврология ва психиатрияси

«Илм ан-нафсият» умумий номи остида маълум бўлган психика ҳақида Ислом «нафс» тоифасини тадқиқ этиш билан тўғридан-тўғри боғлиқдир. Ушбу атама араб тилидан таржима қилганда турли маъноларни англатади. Бироқ ушбу ҳолатда «қалб», «психика», «ички Мен», «эго» ва ҳ.к. кўпроқ тўғри келади.

«Илм ан-нафсият» умумий номи остида маълум бўлган психика ҳақида Ислом «нафс» тоифасини тадқиқ этиш билан тўғридан-тўғри боғлиқдир. Ушбу атама араб тилидан таржима қилганда турли маъноларни англатади. Бироқ ушбу ҳолатда «қалб», «психика», «ички Мен», «эго» ва ҳ.к. кўпроқ тўғри келади.

Бу билимлар соҳаси Ислом дунёсида Олтин аср даврида вужудга келган ва гуллаб-яшнаган ҳамда бугунги фанлар - психология, психиатрия ва неврологияга асос яратган.
Нафс муаммолари, айниқса, сўфийликда яхши тушунилади. У ерда бу муаммолар маънавий такомиллашув амалиёти билан боғлиқ. Ушбу мақолада исломнинг бу шубҳасиз муҳим жиҳати кўриб чиқилмайди, фақат психология, психиатрия ва неврологиянинг Ислом доирасида ривожланишини таҳлил қилинади.

Ислом дунёсида психика (руҳият) тушунчаси

Илк мусулмон олимлари инсон психологияси соҳасида кенг қамровли тадқиқотлар билан шуғулланишган бўлса-да, "психология" атамаси ўша даврда йўқ эди. Психологияга оид асарлар асосан ақидавий, фалсафий ва тиббий тадқиқотларнинг бир қисми сифатида ёзиларди. Мусулмон олимларининг асарларида «нафс» атамаси инсон шахсиятини белгилаш учун, «фитра» атамаси эса - инсон табиатини белгилаш учун ишлатилган.
Ислом психология фанида «нафс» тушунчаси кенг доирадаги нарсаларни қамраб оларди. У «қалб» («юрак»), «руҳ» («дух»), «ақл» («интеллект») ва «ирода» («воля») каби тушунчаларни ўз ичига оларди. Ўрта асрларга оид Ислом тиббиётида «руҳий касалликлар»ни даволаш усулларини ўрганиш алоҳида ихтисосликлардан бири бўлган. Тиббиётнинг ушбу соҳаси «илож ан-нафс» («нафсни даволаш»), «тибб ар-руҳоний» («руҳни даволаш») ва «тибб ал-қалб» («юракни даволаш») номи остида маълум бўлган.
Исломдан олдинги қадимий даврларда ва ўрта асрлар жамиятларида аксарият ҳолларда руҳий касалликларнинг сабаби жинлардан ёки Худонинг жазоси деб ишонишган. Бу ишонч қадимги даврда, ҳатто баъзан яҳудий-насроний жамиятларида одамларнинг руҳий касалликка ва руҳий хаста одамларга нисбатан салбий муносабатига олиб келарди. Бундай беморлар қувғин қилинган, ҳазар қилинган ва ҳатто жамиятдан бутунлай четлашишга дучор бўлган.

Исломий психологик ахлоқ

Бошқа томондан, исломий ахлоқ мўминларни руҳий касалларга нисбатан хайрихоҳ муносабатда бўлишни ўргатади, бунга далил сифатида қуйидаги оят мавжуд: «Аллоҳ (ҳаётингизни) тургизиш (воситаси) қилган молларингизни эси пастларга берманг. Уларни ўша моллардан ризқлантиринг, кийинтиринг ва уларга яхши сўзлар айтинг» (Нисо сураси, 5). Қуръоннинг ушбу ояти исломда руҳий хаста одамларга муносабатни аниқ белгилаб беради. Аллоҳ бунда одамлар лаёқатсиз бўлса-да, уларга нсибатан инсоний муносабатда бўлиш ва Ислом қонунларига мувофиқ, уларга ғамхўрлик қилиш лозимлигини кўрсатади.
Руҳий касалликларга нисбатан инсоний ва раҳмдиллик билан муносабат ва тушуниш VIII асрга келиб, ўрта асрлар ислом дунёсидаги биринчи руҳий касалхона ташкил қилинишига олиб келди Бу илк мусулмон олимларини психология, психиатрия ва неврология соҳасидаги тадқиқотларга жиддий эътибор қаратишга мажбур қилди. Руҳий касалликлар табиати инсон миясининг ишидаги тартибсизликларда яширин эканлиги исломий фанлар ривожланишининг ўша илк босқичларидаёқ аниқланган.
Ибн Сино уйқусизлик, васвослик, босинқираш, меланколя, ақлипастлик, эпилепсия, фалаж, инсульт, бош айланиши ва қалтираш ҳодисаларни биринчи бўлиб тасвирлаб берди. Олим машҳур «Тиб қонунлари» (1020 й.) асарининг учта бобини айнан уларни тавсифлашга бағишлаган. У ақлдан озганликни (арабча - "жунун") реал воқелик хаёлот билан алмашадиган руҳий ҳолат сифатида таърифлади ва онг фаолиятидаги бу бузилиш миянинг ўрта қисмида рўй беришин аниқлади.

Уйқуни тадқиқ этиш

Ислом дунёсида психологик тадқиқотларнинг дастлабки йўналишларидан бири уйқу ва тушларни ўрганиш бўлди. Ҳадисга асосланиб, туш уч хил турда бўлади: Аллоҳдан, Шайтондан ва "руҳ пичирлаши" деб таърифланадиган нарсалардан, мусулмон олимлар бу турларни ҳақиқий, сохта ва патогенетик тушлар деб таърифлайдилар.
Бу соҳадаги илк тадқиқотларни бошлаган мусулмон уламолар ва донишмандлардан бири бўлган Абу Бакр Муҳаммад ибн Сирин (654-728) туш ҳақида ёзилган «Таъбир ал-Руйа» ва «Мунтахаб ал-Қалам фи Таъбир ал-Ахлям» рисолалари билан машҳур. Бошқа бир олим, ал-Киндий (801-873) ҳам тушларнинг табиати ва маъноси ҳақида «Уйқу ва тушлар ҳақида» номли рисола ёзган.
Онгни тадқиқ этиш соҳасида Фаробий (872-951) қаламига мансуб «Тушларнинг сабаби ҳақида» рисола «Халқнинг идеал шаҳар ҳақида фикрлари китоби» бобларидан бири сифатида пайдо бўлган. Тушлар ҳақида ушбу рисола унинг тушлар талқини, уларнинг табиати ва сабабларини фарқлаш ва бир-биридан ажратиш амалга оширилган дастлабки асар бўлди.
Европада Авиценна номи остида машҳур бўлган Ибн Сино (980-1037) Хамадон яқинидаги Фардажон қалъасида қамоқда бўлган пайтида инсон онги ва руҳи реаллиги ўзини-ўзи таҳлил қилишини намойиш этишга уриниб кўрган «Сузаётган одам» номли машҳур фикрлаш тажрибасини ёзган.
У жонли инсон онгига, айниқса, унинг фикрига кўра, Аллоҳнинг неъмати бўлган ҳолда, инсонга бу дунё ҳақидаги ўз тасаввурларини тадқиқ этиш ва тартибга солишга имкон берадиган фаол ақл-заковатга (интеллектга) кўп эътибор қаратган. Бундан ташқари, Ибн Сино потенциал интеллект (инсон ичидаги) ва интеллект (атроф-муҳитга йўналтирилган) ва дунёни билиш ўз-ўзидан, механик равишда эмас, фақат инсон иродаси ва интуцияси иштирокида рўй бериши ҳақида ёзган.

Tabula rasa концепциясининг исломий келиб чиқиши

Психология ва эпистемологияда (билимлар ҳақида фан) Ибн Синонинг энг кўзга кўринган назарияларидан бири унинг билимлар назарияси ҳисобланади, бунда у «tabula rasa», ёки «тоза тахта» концепциясини ривожлантирган. Ушбу концепцияга мувофиқ, инсон дунё ҳақида туғма билимлар билан туғилмайди, у бирон нарса ёзилмаган тахта каби, мутлақо тоза бўлиб дунёга келади ва бу билимларни бутун ҳаёти давомида ўзлаштириб боради. Кейинчалик бу ғояларни насроний файласуф Фома Аквинский ўрганиб олган, сўнгра замонавий билиш фалсафасига асос бўлди.
XII асрда андалусиялик файласуф ва ёзувчи Ибн Туфайл Ибн Синонинг tabula rasa ҳақидаги назариясини ўзининг ёввойилашиб кетган боланинг онги ва заковати қандай ривожланиши мумкинлигини тадқиқ этишга бағишланган фикрлаш тажрибасида ривожлантирди. Унинг лотин тилига таржима қилинган ва Philosophus Autodidactus деб номланган асари кичик Эдвард Пококки томонидан 1671 йил чоп этилган бўлиб, Джон Локк фалсафасига катта таъсир кўрсатган.
Ушбу файласуфнинг «tabula rasa» концепциясини ишлаб чиқишни давом эттирган «Инсон ақл-идрокига бағишланган эссе» деб номланган асари замонавий ғарб фалсафасида дунёни синов орқали билиш ёки эмпиризмнинг асосий манбаларига айланди. У, шунингдек, Дэвид Юм ва Джордж Беркли каби Маъриф файласуфларига ҳам таъсир кўрсатди.

Ҳис-туйғу билан идрок қилиш тадқиқотлари

Ибн Сино қадим замонлардан маълум бўлган инсоннинг идрок қилишини бешта ташқи ҳис-туйғуга (эшитиш, кўриш, ҳид билиш, таъм билиш ва ҳис қилиш) ҳамда бу туйғуларни интуиция, инстинкт, хоҳиш-истак ва ҳ.к.га биринчи бўлиб ажратган. Бошқа бир машҳур олим, ал Ғаззолий, ушбу ички ва ташқи туйғуларни ажратишни батафсилроқ баён қилган.
Бешта ички туйғу ал Ғаззолий томонидан соғлом фикр, тасаввур, фикрлаш, эслаш ва хотирага ажратган. У ташқи туйғулар инсоннинг муайян органлари негизида юзага келадиган бир пайтда ташқи туйғулар учун бош миянинг турли қисмлари жавоб беришини аниқлаган.

Онг фалсафий назариялари

Мусулмон шифокор ан-Найсабурий (1016 йил вафот этган) ўзининг «Китаб ал-‘Укуля ал-Маджанин» китобида галлюцинациядан азоб чекадиган беморларни тадқиқ эта бошлаган. У, замондошларидан фарқли равишда, ақлдан озганлик ва шуурсизликни психопатология орқали эмас, балки фалсафа орқали  тушунтиришга ҳаракат қилган. Унинг фикрига кўра, инсон ҳаёти соғлиқ ва касаллик каби қарама-қаршиликлар уйғунлашувидир. У ҳар бир кишининг бутун онгини қамраб олиши мумкин бўлган касаллик улуши бўлади деган хулосага келган.
Ибн Мискавайя (941-1030) ўзининг «Тахзиб ал-Ахлоқ» ва «ал-Фауз ал-Асғар» асарларида ўлимдан қўрқиш, ўзини гуноҳлардан тийиш ва одоб-ахлоқ тушунчаси каби масалалар бўйича психологик маслаҳатлар  берган. Ибн Баджа (1138 йил вафот этган) фаол онг концепциясини инсоннинг энг муҳим қобилияти сифатида ривожлантирган, ҳиссиётлар ва тасаввурлар ҳақида ёзган.
У ўз асарларида шундай хулосага келганки, «билим фақат туйғулар воситасида, лекин фақат табиатнинг идора қилувчи онг ҳисобланган фаол онг, заковат орқали олиниши мумкин». Унинг маълум бир эркинликлари инсоннинг фикрлаш ва оқилона ҳаракат қилиш қобилиятига асосланади. Инсон ҳаётини эса у фаол онг ёрдамида Илоҳий билим олиш ва маънавий билимлар излаб топиш сифатида белгилайди.

«Уларнинг қалбларида касал бор…»

Руҳий соғломлаштириш ва руҳий гигиенага йўналтирилган «илож ан-нафс» («нафсни даволаш»), «тибб ар-руҳоний» («руҳни даволаш») ва «тибб ал-қалб» («юракни даволаш») концепциялари форс шифокор Абу Зайд Аҳмад ибн Сахл ал-Балхий (850-934) номи билан боғлиқ. У «Масалих ал-Абдан ва ал-Анфус» асарида ҳам тана, ҳам руҳ билан боғлиқ касалликларни биринчи марта муваффақият билан тавсифлаган.
У «тибб ар-руҳоний» атамасидан руҳий ва психологик соғлиқни, «тибб ал-қалб» атамасидан эса психика билан боғлиқ тиббиётни тавсифлаш фойдаланган. Олим ўз даврининг кўплаб шифокорларини жисмоний касалликларга ҳаддан ташқари эътибор қаратганлиги ва руҳий касалликларга эътибор йўқлиги учун танқид қилган. У агар танага ҳам, руҳга ҳам эга бўлса, унинг саломатлиги ҳам тана ва руҳ орқали эришилиши лозимлиги ҳақида ёзади.
Бундан ташқари, агар тана касал бўлиб қолса, у ҳолда "нафс" ёки психика билим қобилиятининг муҳим бир қисмини йўқотади ва ҳаётни тўла-тўкис идрок эта олмайди. Агар "нафс" касал бўлиб қолса, у ҳолда тананинг қолган қисмига ҳам из қолдиради.
Ал-Балхи ўз тадқиқотларини ривожлантиришда инсон касалликлари ва руҳий саломатлик ҳақида гапирилган оятлар ва ҳадисларга амал қилган. Хусусан, оятлардан бирида қуйидагича айтилган: «Уларнинг қалбларида касал бор…» (Бақарас сураси, 10).
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “...Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”, деганларини эшитганман” (Бухорий, Муслим).
Али ибн Сахл Раббан ат-Табари IX асрнинг машҳур асарларидан бири саналган «Фирдаус ал-Ҳикма»асарида илк бора «илож ан-нафс», нафсни даволаш, ёки беморларни даволашда психотерапия тушунчасини жорий қилган. Ўзидан олдинги шифокорлардан фарқли равишда, ат-Табарий психология ва тиббиёт ўртасида қалин боғлиқлик мавжудлигини, шунингдек, беморларни терапевтик даволашда психотерапия ва психологик маслаҳатлар зарурлигини таъкидлаган.

Нейрохирургия ва нейрофармакология

Андалусиялик шифокор Абу ал-Қосим ал-Заҳравий ҳақли равишда замонавий нейрохирургиянинг отаси ҳисобланади. У томонидан ишлаб чиқилган усуллар ҳамон тиббиётнинг ушбу соҳасида қўлланиб келмоқда. Бошқа бир шифокор, мисрлик ибн Нафис тарихда биринчи бўлиб инсон миясини очиб кўрган ва авалги олимларнинг айрим нотўғри тасаввурларини тузатган.
Ибн Сино юз асаби фалажини ўрганишга муносиб ҳисса қўшган ва, асосийси, менингит касалини кашф қилган. У менингит сабаби инфекция ҳисобланишини аниқлаган ва уни даволаш усулларини ишлаб чиққан. Ибн Зухр айрим неврологик касалликлар, жумладан, менингит, бош суяги тромбофлебити, ўсимталарга аниқ тавсиф берган ва замонавий нейрофармакология ривожига улкан ҳисса қўшган.

Оригинал терапия усуллари

Ал-Киндий (801-873) психотерапия мақсадида мусиқадан биринчи бўлиб фойдаланишни бошлаган олим ҳисобланади. У биринчи бўлиб мусиқа билан тажрибалар ўтказа бошлаган ва биринчи бўлиб фалаж болани даволаш учун ушбу усулдан фойдаланган. Кейинроқ, IX асрда Фаробий ҳам мусиқий терапияни ривожлантириш билан шуғулланган ва ўз рисоласида инсон руҳига мусиқанинг даволовчи таъсирини муҳокама қилган.
Ал-Киндий депрессияга қарши курашнинг когнитив (билим олишга оид) усулларини ривожлантирган ва одамларни интеллектуал фаолият ва фаолликка ундаган. Юқорида айтиб ўтилган Абу Зайд Ахмед ибн Сахл ал-Балхий биринчи бўлиб невроз ва психозларни ажратган ва тавсифлаган, невротик касалликларни таснифлаган, шунингдек, уни даволаш учун қандай қилиб когнитив терапиядан фойдаланиш мумкинлигини кўрсатган.

Руҳий касалхоналар

Ўрта асрларда яшаган, руҳий касалликнинг келиб чиқиши фақат жинлар билан боғлиқ  деб ҳисоблаган насроний шифокорлардан фарқли ўлароқ, мусулмон шифокорлар руҳий касалликларга чалинган беморларнинг клиник психиатрияси, психология ва клиник кузатувларини фаол ривожлантирдилар. Мусулмон олимлар психиатрия соҳасида сезиларли ютуқларга эришдилар, психотерапияда ва руҳий касалларни даволашда профессионал терапиядан ташқари кенг кўламдаги воситаларни қўлладилар. Улар ванналар, дори-дармонлар, мусиқа терапияси ва бошқаларни қўлладилар.
Олимлар ва шифокорларнинг ушбу турдаги касалликларга бундай қарашлари натидасида, Ислом дунёсида VIII асрдан бошлаб, руҳий касаллар учун илк шифохоналар ва бошпаналар пайдо бўлишига олиб келди. Биринчи руҳий шифохоналар 705 йил Бағдодда, 8-аср бошларида Фесда ва 800 йилда Қоҳирада қурилган. Бошқа машҳур руҳий шифохоналар 1270 йилда Дамашқ ва Ҳалаб шаҳарларида қурилган..

Муаллиф: Тимур Юсупов, Islam.ru
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Саломатлик
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase