Аёл кишининг эрига буйсунмаслиги очиқ-ойдин содир бўлса, масалан, тўшакка бормаса ёки эрининг рухсатисиз уйидан чиқиб кетса ёхуд эри билан сафар қилиш ва шунга ўхшаш амалларни тарк қилса.
Аввало, эр аёлини тўшакда тарк этмасдан ва урмасдан ваъз-насиҳат қилади. Аллоҳ таоло: “...Уларга насиҳат қилингиз...”, дейди. Яъни,
Аллоҳнинг Китоби билан насиҳат қилинг. Аллоҳ таоло аёлларга эрларига нисбатан ёқимли суҳбатда бўлишни, чиройли ҳаёт кечиришни ва эр кишини аёлдан устун қилганини эътироф этишни вожиб қилганини эслатинг.
Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадислари билан насиҳат қилинг. Яъни, эрнинг аёли устидаги ҳақлари катта эканини ва яхши ишларда эрга бўйсуниш вожиб эканини эслатинг.
Эр бу сўзларни аёлига мулойимлик билан айтиб: “Аллоҳга ва эрга итоатли, эрнинг сирлари, мулки ва обрўсини сақловчи бўлинг”, дейди.
Аёлига ўлимни, қабрни, охиратни, ҳисоб кунини эслатади ва эрига бўйсунмаслик катта азобларга сабаб бўлишини тушунтиради. Кейин нафақани тўхтатади. Шояд шундан сўнг аёл узр айтар ва қилган ишларидан тавбага келар.
Айрим аёлларга қайсарлик ва хатоларидан қайтишига битта сўзнинг ўзи кифоядир. Ундай аёллар қизиқтириш ва қўрқитишларни бир мартада қабул қилади. Бу пайтда эр аёлини тўшакда тарк қилиши ёки уриши мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: “Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз”.
Айрим аёлларга эса сўз ҳам, насиҳат ҳам тасъир қилмайди. Бундай пайтда иккинчи услубга ўтилади.
Иккинчи услуб - ётоқда тарк қилиш. Аллоҳ таоло айтади: “...Уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз...”. Яъни, аёл итоат қилиши учун аввал у билан ётмаслигини ва бирга жинсий алоқада бўлмаслигини айтиб қўрқитади. Шояд аёл айрилиқни кўтара олмайдиганлардан бўлиб, эрнинг сўзини қабул қилса. Агар қабул қилмаса, тарк этишга ўтади.
Ётоқда тарк қилиш қандай бўлиши ҳақида уламолардан бир неча хил сўзлар айтилган. Айримлар бу жинсий алоқани тарк қилиш билан бўлади, дейишади. Бошқа бирлар йўқ, жинсий алоқа қилади, лекин аёлига тўшакда ётган пайтида гапирмайди. Чунки ўзаро гаплашиб ётиш иккисининг ҳам ҳақидир. Одоб берилиши сабабли бу ҳақ амалга оширилмайди. Айримлар эрнинг ҳожати тушиб турганда эмас, балки аёл кишининг шаҳвати кучайиб, жинсий алоқага эҳтиёжи тушган пайтда уни тарк қилади. Чунки тарк қилиш аёлга одоб бериш учундир, эр кишига эмас, деганлар. Энг тўғри сўз шуки, эр аёлининг ҳолатига қараб, бўйсунмаганига муносиб жазо бўладиган нарсалар билан тарк қилади. Лекин уни фақат уйда тарк қилиши лозимдир.
Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади. У зот айтдилар: “...Аёл кишини фақат уйда тарк қиласан”.
Аёлини уйда тарк қилганда тарк этгани бегоналар олдида билинмайди. Чунки эр одамлар олдида тарк қиладиган бўлса, муаммо кенгайиб кетади ва хотин ҳам бўйсунмай қўяди. Бундай одобга риоя қилиш эса эр-хотин ўртасидаги ҳамжиҳатликнинг қайтишига ёрдам беради.
Лекин эр уйдан бошқа жойда тарк қилиш шариатга тўғри келади ва шуниси маъқул деб билса, ўшандай қилади. Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳам аёлларини бир ой уйларидан бошқа жойда тарк этганлар.
Шунингдек, аёлини тарк қилувчи киши буни ёш болаларига билдирмаслиги керак. Чунки бу болаларни ёмонлик ва бузуқлик сари бошлайди.
Яна тўрт ойдан кўп муддатга тарк қилмаслиги лозим. Чунки Аллоҳ таоло тўрт ойни ийло қилувчига муддат қилиб белгилаган. Тарк қилишда одоб бериш ва ислоҳ этиш нияти бўлиши лозим. Аёлга зарар бериш ва ўч олишни мақсад қилмаслик керак.
Гапиришмаслик уч кундан ошмаслиги керак. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Мусулмон киши учун биродарини уч кундан ошиқ тарк қилииш ҳалол эмас” (Муттафақун алайҳ).
Учинчи услуб — зарар бермайдиган даражада уриш: “Сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз”.
Бир киши аёлни уриш қачон жоиз бўлади, деб сўраса, жавоб қуйидагича:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аёлингни ётокда тарк қилгин, агар қабул қилса, яхши, қабул қилмаса Аллоҳ таоло сенга уни азоб етказмайдиган қилиб урушингга рухсат беради”.
Айрим аҳли илмлар айтишади: “Оят тартибга кўра бўлади. Бас, бўйсунмасликдан хавфсираган пайтда насиҳат қилади. Саркашлик содир бўлган пайтда ётокда тарк қилади. Такрор қилган пайтда уради. Бўйсунмаслик энди бошланаётганида уриш жоиз эмас”.
Эр аёлини уришда риоя қилиши лозим бўлган эҳтиёткорлик
1. Урганда азоб бермайдиган қилиб урсин. Масалан, худди ўч олувчи кишига ўхшаб суяги синадиган ёки майиб қиладиган даражада урмасин. Чунки Аллоҳ таолонинг: “Сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек дара-жада) урингиз”, деган сўзи азоб бермаслик билан қайдланган.
Амр ибн Аҳвас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аёлларга яхши муомалада бўлинглар. Бас, албатта, улар сизларнинг хузурингизда асиралардир. Уларга яхши муомалада бўлишдан бошқасига эга эмассизлар. Лекин очиқ фоҳиш ишларни қилишса, бас, уларни ётоғида тарк этинглар ва мажруҳ бўлмагудек уринглар” (Имом Термизий ривояти).
Ато айтади: “Ибн Аббосдан сўрадим: “Азоб бермайдиган уриш қандай бўлади?” У киши айтдилар: “Нафсни синдириб, уни изига қайтарадиган даражада уришдир. Суякни синдирадиган даражада эмас”.
2. Урганда юзга ва майиб бўладиган жойларга урмайди. Муовия ибн Ҳайда (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: "... Юзга урмайсан ва ҳақорат ҳилмайсан ҳамда уйдан бошҳа ерда тарк ҳилмайсан” (Имом Термизий ривояти). Чунки бу ишларда аёлни паст санаш, таҳқирлаш, азият бериш ва майиб қилиш бор. Агар эр шу ишларни қиладиган бўлса, у мажнун ҳисобланади. Ва бундай ҳолатда аёли талоқ ва қасос талаб қилиши мумкин бўлади.
3. Аёлни уриш уни қилаётган ёмон ишидан қайтаради, деб ўйласа, жоиздир. Чунки уриш ислоҳ қилишга бир воситасидир. Восита эса мақсадга мувофиқ бўлмаганда амалга оширилмайди.
4. Агар аёл эрга итоат қилса, уришни тўхтатади. Чунки аёл ўзини тийиб, бўйсунмасликни тарк қиладиган бўлса, бундай ҳолатда аёл кишини жозалашда давом этиши, сўз ёки феъл орқали унга қабиҳлик қилиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: “Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз”.
“Зодул масир”да шундай дейилган: “Аёл кишига яхши кўриш масъулиятини юклама. Чунки унинг қалби қўлида эмас”.
Агар эр юқоридаги қайтарилган ишлардан биронтасини қилса ва аёли билан хусуматлашса, гуноҳ қилган ва Аллоҳ таолонинг чегарасини бузган бўлади. Бундай одам золимлардан ҳисобланади.
“...Бу Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳудуд (чегара)ларидир. Улардан (ошиб) тажовуз қилмангиз! Кимки Аллоҳнинг ҳудудидан тажовуз қилса, ана ўшаларгина золимлардир” (Бақара сураси, 229-оят).
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятни мана бундай якунлайди:
“...Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир” (Нисо сураси, 34-оят).
Ҳофиз ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ) дейди: “Бу оятда аёллар ҳақида сабабсиз тажовуз қилган кишиларга тахдид бор. Чунки олий ва улуғ Аллоҳ аёлларнинг валийсидир. Сабабсиз уларга зулм қилган кишилар-дан ўч олувчи Зотдир”.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Сизлардан бирингиз аёлини худди кулни урганидек урмасин. Сўнгра куннинг охирида у билан жинсий алоқа қилади” (Муттафакун алайҳ).
Аёлни урмаслик расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)тутган йўлдир
Юқорида айтиб ўтилган ҳукмларга қарамасдан, аёл кишини урмаслик афзалдир.
Уламолар аёл кишини урмасдан, тахдид билан кифояланиш маъқул дейишган.
Иёс ибн Абдуллоҳ ибн Абу Зубоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таолонинг чўриларини урманглар”, дедилар. Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари билан на бир аёлни, на бир хизматчини ва на бир жонзотни урмаганлар. Фақат Аллоҳнинг йўлида урганлар” (Имом Муслим ривояти).
Муовия ибн Абу Суфён ва Абу Жаҳм (розияллоҳу анҳум)лар Фотима ибн Қайс (розияллоҳу анҳо)га совчи қўйишди. Фотима ибн Қайс (розияллоҳу анҳо) хабарни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га айтганида, у зот: “Аммо Абу Жаҳм таёгини елкасидан туширмайди. Муовия бўлса моли йўқ камбағал. Сен Усома ибн Зайдга турмушга чиқ”, дедилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Таёғини елкасидан туширмайди” деган сўзларининг маъноси сафари, саёҳати кўп деган маънода. Яна айтилишича, аёлларининг уриши кўп дейилганидир. Шуниси тўғрироқ. Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда: “Аммо Абу Жахм аёлларни кўп урувчи кишидир”, дейилган.
Имом Насоийнинг ривоятида келган “Албатта, яхшилиги бўлмаган ёмон кишидир”, дейилган ҳадис юқоридаги “Аммо Абу Жаҳм аёлларни кўп урувчи кишидир” деган ҳадисга таъвил қилинади.
Имом Термизийнинг ривоятида эса: “Аёлларга қаттиқ кишидир”, дейилган.
Ибн Жавзий (раҳимахуллоҳ) айтади: “Инсон шуни яхши билиб олиши керак. Албатта, таҳдидлар фойда бермаган кишини қамчин қайтара олмайди. Кўпинча лутф - уришдан кўра фойдалироқ бўлади. Чунки уриш юз ўгурувчи кишини бўйсунмасликда зиёдалаштиради”.
Ҳадисда: “Сизлардан бирингиз аёлини қулни ургандек уриб, сўнгра у билан ётишга ҳаё қилмайдими?”, дейилган. Шунинг учун агар фойда берадиган бўлса, лутф қилиш яхширокдир.
Доктор Муҳаммад Тақийюддин Ҳилолий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Маълумки, аёллар табиати бир хил эмас. Уриш айримларини тўғрилашга хизмат қилса, бошқа бирларини эса бузади. Шариатнинг мақсади эса ислоҳ қилиш, бузиш эмас. Турмушга чиққан айрим ёш қизлар маълум тарбияга муҳтож бўлади. Бундай ҳолатда ақлли эр уни турмуш ишларида тарбиячи вазифасини ҳам ўташига тўғри келади.
Аллоҳ таоло, сабаблар мавжуд бўлса-да, ваъз-насиҳат ва ётокда тарк қилишнинг фойда бўлмаганидан кейингина аёлни уришга рухсат беради. Буни Имом Бухорийнинг саҳиҳларида келган ҳадис ҳам қувватлайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Сизларга нима бўлдики, аёлини эркакни ургандек уради. Балки ўша тунда аёли билан бирга ётар?!”
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзлари тўғри. Чунки киши аёлини уриб, сўнгра уни қучоғига тортиши қандай ақлга сиғиши мумкин?! Бу икки ҳолат бир-бирига умуман тескари-ку? Бири нафратланиш белгиси бўлса, иккинчиси гўзал ҳаёт воситасидир.
Сўнгра Доктор Муҳаммад Ҳилолий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Билган нарсаларимиз ва тажрибаларимиз шуни кўрсатдики, аёл ёш ёки ақли паст бўлсагина эрни тўшагидан ман қиладиган уриш фойдали бўлади. Аксар аёлларни уриш улардаги нафратни зиёда қилади. Натижада аёл киши талаб қилинган ишнинг тескарисига жазм этади. Уриш аёлни эрига яқинлаштириш ўрнига узоқлаштиради, йиртиқни эса катталаштиради”.
Саҳиҳ ҳадисда: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхшиларингиздир. Мен ахримга сизларнинг яхшиларингман”, дейилган (Имом Термизий ривояти).
Шунинг учун ҳам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га итоатсизлик қилган аёлни урганлари ҳақида ривоят келмаган. У аёл Жавннинг қизи бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга уйланган эдилар. Аёлга яқинлашган пайтларида у: “Аллохдан сендан паноҳ сўрайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у аёлга: “Паноҳ сўраладиган нарса билан паноҳ сўрадинг. Аҳлингга боравер”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амалий суннатлари аёлларни урмаслик эди. Қавлий суннатлари юқорида ўтди. Яъни, “Ана ўшалар сизларнинг яхшиларингиз эмас”. Демак, афзали аёлларни урмасликдир.
Исломда оила. Муаммо ва ечимлар китобидан