close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Хиёнат ва бевафолик – оғир гуноҳ

Инсоннинг ўз юртига ва ўз халқига хиёнат қилиши оғир гуноҳдир. Баъзи бир кимсалар юртини ҳимоя қилиш у ёқда турсин, ҳатто мўмин-мусулмонлар орасида турли ихтилофларни чиқариб, уларни бир-бирларига қарши қилиб қўядилар. Юртнинг тинч, халқнинг осуда ҳаётини кўра олмай, ҳар хил фитна-фасодларни қўзғайдилар. Ўтган йилларда юртимизнинг бир неча минтақаларида содир этилган машъум воқеъалар барчамизнинг эсимизда.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «…Бас, кимки (ўз қасамёдини) бузса, бас, (у) фақат ўз зарарига бузур. Кимки Аллоҳ билан аҳдлашган нарсасига вафо қилса, у ҳолда(Аллоҳ) унга улкан мукофот ато этур”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўплаб ҳадиси шарифларда вафодорликни мадҳ этиб, бевафолик ва хиёнатни қаттиқ қоралаганлар. Жумладан:  “Мунофиқ кишининг учта белгиси бўлур: 1) ёлғон гапиради; 2) ваъдасига хилоф қилади; 3) омонатга хиёнат қилади”, дедилар.
Ўқитувчи, хизматчи, шифокор, муҳандис ё бошқа соҳада ишловчи киши иш пайти ўз жойида бўлмасдан, маошини олса, хиёнат ҳисобланади. Чегарачи чегарада ухлаб қолса, бу ҳам хиёнат. Постда турган посбон ёки қоровул иш жойини ташлаб кетса, бу ҳам хиёнат. Солиқ олувчи солиқ тўловчи билан келишиб, солиқни камайтириш ҳисобига бир қисмини ўзи ўзлаштириб олса, бу ҳам жиноят, ҳам хиёнат.

Ҳикоят

«Ҳазрат Абу Бакр розийаллоҳу анҳу ҳар доим хизматчи келтирган сутни қаердан олганини сўраб, кейин тановул қилар эдилар. Бир куни азбаройи очликлариданми ёки бошқа бир сабаб биланми сўрамасдан ея бошладилар. Шунда ҳалиги сутчи: “Эй Абу Бакр, сиз доимо мендан сутни қаердан олганимни сўрардингиз. Бу сафар сўрамадингиз”, деди-да, мақтаниш мақсадида гапида давом этиб: “Жоҳилият даврида бир одамга фолбинлик қилгандим. Аслида мен фолбин эмасдим, фақат уни алдагандим. Бугун ўша одамни учратиб қолдим, ҳақимни берди. Ўшанинг пулига шу сутни келтирдим”,  деди.
Бу сўзларни эшитган Абу Бакр розийаллоҳу анҳу бармоқларини томоқларига тиқиб, ошқозондаги бор нарсани қайт қилиб ташладилар. Меъдаларида ортиқ ҳеч нарса қолмаганига қаноат ҳосил қилгач, қўлларини чиқардилар.
Абу Бакр розийаллоҳу анҳу: “Аллоҳим, томирларимга сингган ички аъзоларимга тарқалган қисмини чиқаришга кучим етмайди, мени кечир”, дея дуо қилдилар. Чеккан азобидан пешоналарини тер қоплаган эди. Хизматчи ҳайратланиб: “Аллоҳ таоло сенга раҳматини ёғдирсин, буларнинг бари шу ичган бир неча қултум сут ва бир-икки луқма нон учунмиди?” деди.
Абу Бакр розийаллоҳу анҳу қатъийлик билан жавоб бердилар: “Агар қорнимдаги бировнинг ҳақи жоним билан бирга чиқишини билсам, ҳеч иккиланмасдан чиқарардим. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай сўзларини эшитган эдим: “Ҳаром аралашган вужуднинг жойи жаҳаннамдир”. Мен вужудимни ҳаромдан қувватланишини ва ҳаромдан тарбияланишини ҳоҳламайман», дедилар.
Бу воқеа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга билдирилганида, у зот: “Сиз Абу Бакрнинг меъдасига пок ва ҳалолдан бошқа нарса кирмаслигини билмайсизми?” дедилар.
Шозалия тариқатининг асосчиси Шайх Али Шозалий ҳалол луқма ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳалолдан еса, қалби юмшайди, нурланади, уйқуси камаяди, Аллоҳнинг жамолини кўришга муяссар бўлади”.
Ҳазрати Али розийаллоҳу анҳу дедилар: “Кимки, 40 кун ҳалол таомларни тановул қилиб, 40 кун намозини жамоат билан ўқиса ва гуноҳлардан парҳез қилса, Аллоҳ таоло қалбида хотиржамлик нозил қилиб, тилига ҳикматни жорий қилиб қўяди”.
Қасамни бузмаслик қанчалик муҳим бўлса, ваъдага вафо ҳам шунчалик зарур. Бу иккови ҳақиқат ва яхши­ликка сабаб бўлади. Чунки исён учун берилган ваъда ваъ­да эмас, гуноҳ учун ичилган қасам қасам эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Ким бир ишга қасам ичса, кейин у ишда яхшилик йўқлигини билса, дарҳол қасамига каффорат бериб, яхши ишни қилсин” (Имом Муслим ривояти).
Мусулмон кишини Аллоҳ наздида даражотларга эриштирадиган энг аъло ва энг муқаддас аҳд банда билан Аллоҳ ўртасидаги аҳддир. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни Ўз қудрати билан яратди, неъматлари билан тарбиялади ва бу ҳақиқатни инсон билиши ва эътироф этишини, Аллоҳнинг меҳрибонлигидан бехабар бўлмаслигини ёки инкор этмас­лигини хоҳлади. Аллоҳ таоло ўзаро аҳд ҳақида бундай хабар беради: «Мен сизларга тавсия қилиб: “Эй, Одам бола­лари, шайтонга ибодат (итоат) қилмангиз, чунки, у сиз­ларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри йўлдир”, демаганмидим?!» (Ёсин сураси, 60–61-оятлар).
Инсоннинг аҳдига вафо қилиши дунёда улуғлик топишига, охиратда мағфират ва марҳаматга эришишига асос бўлиши ҳақида Аллоҳ таоло ушбу оятда хабар беради: «…сизларга инъом этган неъматимни эслангиз, аҳдимга вафо қилингиз, токи Мен ҳам сизларнинг аҳдингизга вафо қилай ва Мендангина қўрқингиз!» (Бақара» сураси, 40-оят).
Мусулмон кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан аҳдлашуви, у зотга берган ваъдаси дунё ва охират саодатига сабаб бўлишига шак-шубҳа йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ислом даъватчиси эдилар. Шу сабабли турли миллат ва қабила вакилларидан элчилар келиб, Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшитган дин таълими­ни оғишмай амалга ошириш ва уни халқ орасида тарғиб қилиш, керак бўлса, ҳимоя этиш учун байъат қилиб, Аллоҳ гувоҳлигида аҳдлашар эдилар.
Авф ибн Молик айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида саккиз-тўққиз киши ўтирган эдик. Бир киши: “Аллоҳнинг Расулига байъат қилмайсизларми?” деди. Ҳаммамиз қўлларимизни ёзиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, сизга байъат қиламиз”, дедик. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ибодат қиласизлар, Унга бирор нарсани шерик қилмайсизлар, беш вақт намозни адо этасизлар, қулоқ соласизлар, итоат этасизлар, мах­фий калималарни сир сақлайсизлар, одамлардан ҳеч нар­са сўрамайсизлар”, дедилар. Авф ибн Молик айтадилар: “Мен байъат қилган кишиларни кўрдим, улар ваъдала­рига шундай вафо қилишдики, қўлларидан тушиб кетган қамчини олиб беринг, деб бирор одамдан сўрашмади» (Имом Муслим ривояти).
Мусулмон киши мақтовли вафо соҳиби бўлиши ва доимо шукрона қилиши лозим.

Раҳматуллоҳ қори САЙФУДДИНОВ,
Тошкент шаҳри бош имом–хатиби

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase