Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон аҳли илмларига мурожаат қилиб, уларни мунозара одобларига риоя қилишга чақирди ва бу нарсалар Аллоҳ учун бўлиши кераклигини айтди.
«Ҳозир интернетда мунозара қилаётганларга айтамизки, мунозарангизни якка тартибда кўришиб қилинг. Интернетда туриб олиб бир-бирини ҳақорат қилиши мунозара эмас. Интернетда бу домла чиқиб, нариги домла бутун умри давомида қилган камчиликларни топиб, жосуслик қилиб, қаердандир суриштириб, «сен мана бундай ишларни қилгансан» деб ҳақорат қилиш ёки унинг баъзи сўзларидан камчилик топиб олиб, «сен мана бу сўзни хато айтдинг» деб айтиши ёки нариги домлага бунга ҳам шундай жавоб бериши – мунозара эмас, фақатгина фитна!
Иккита уламо шундай қилиб турса, уларнинг мухлислари ҳам бир-бирлари билан шундай жанжаллашяпти. Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларни ўқисангиз, бири бунинг тарафини олиб, иккинчиси унинг тарафини олиб, бир-бирини устозлари қандай ҳақорат қилган бўлса, шундай ҳақорат қиляпти. Уларга кўр-кўрона эргашиб, кўрмурид бўлиб, «бунинг гапи тўғри, [фақат] менинг устозим тўғри гапиряпти» деган ўй билан нариги томонни ҳақорат қиляпти.
Қолаверса, бу мунозара омиларнинг иши эмас, уламоларнинг иши эди. Авваллари қандай бўлган? Аввал уламолар бирор нарсани мунозара қилса, одоб-ахлоқ билан мунозарага чақирилган ва иккинчи тараф буни қабул қилган. Намозга ва бошқа хайрли ишларга зарар етказмайдиган қулай бир фурсатни топиб, қўлларида ҳужжатлари ва китоблари билан келиб, бир-бирларини ҳақларига дуо қилган. Кейин бу сиз айтган гап – мен ўқиган китобда мана бундай экан, деса буниси ўзининг китобини кўрсатган. Ёки иккалаларининг мунозараларини ҳал қилиб бериш учун ўзларидан ҳам пешқадамроқ бўлган устозни ўртага ҳакам қилиб қўйиб ҳал қилишган. Шундан кейин хато қилган томон тан олиб, нариги томонни ғолиб деб билмасдан, балки бу мунозара Аллоҳ учун бўлганидан иккиси бир-бирига қучоқ очиб, ҳаққига дуо қилиб кетишган.
Ҳозир қандай бўляпти, фақат мен тўғриман, сеники нотўғри деяпти. Азизлар, бундай мунозара бўлмайди. Мен интернетда бир-бирига мунозара қилиб, бир-бирини ҳақорат қилаётган ҳамма домларни инсофга чақиряпман. Талабами, устозми – ким бўлсангиз ҳам, интернетда бир-бирингизни ҳақорат қилманг, илтимос. Мард бўлсангиз, бир-бирингиз билан кўришиб, ўтириб ҳар қанча гапингиз бўлса, гаплашиб олинг. Лекин халқни чалғитманг, уни иккига бўлманг, бир-бирига душман қилманг!
Уламолар айтади, мунозарада икки томон амал қилиши лозим бўлган қонун-қоидалар мавжуд:
1. Ниятни чиройли қилиш
Баҳсга киришишдан олдин ҳар икки томон ҳақни – мақсад қилиши лозим. Ўзини кўрсатиб қўйиш, рақибни пастга уриш ёки бошқа ғаразлардан узоқ бўлиш керак. Зеро ҳадиси шарифда: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Ва, албатта, ҳар бир инсонга ният қилган нарсаси бўлади», дейилган.
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки олимлар ила тортишиш ёки аҳмоқлар ила баҳслашиш ёхуд одамларни ўзига қаратиш учун илм олган бўлса, Аллоҳ уни дўзахга киргизади», дедилар» (Имом Термизий ривояти).
"Ҳужжатул ислом" Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳга бир-бирини ёмонлаб, обрўйини тўкадиган ўзларини илмга нисбат берадиган икки кишининг хабари етиб келди. Имом бу икки кишини ҳузурига чақирди ва уларга савол билан юзланди: «Сиз иккингизнинг мақсадингиз нима? Одамларга динни ўргатишми?» Улар: «Ҳа» дейишди. «Бўлмаса, одамлар динни сизнинг қўлингизда ўрганди нима-ю, бунинг қўлида ўрганди нима?. Бу гўзал насиҳат иккисига ҳам қаттиқ таъсир қилди ва қилган ишларидан пушаймон бўлишди.
2. Ҳақни рўёбга чиқариш
Бу борада Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ўғлига қилган насиҳатини келтириш билан кифояланамиз. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўғли Ҳаммод мунозара қилаётганини кўрди ва уни мунозара қилишдан қайтарди. Шунда у эй отажон, ўзингиз машғул бўлган ишдан мени қайтарасизми, деди. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўғли Ҳаммодга шундай насиҳат қилди. Бу насиҳат ҳар бир мунозара қиладиган кишилар учун ҳам насиҳат ҳисобланади.
«Биз мунозара қилганимизда худди бошимизда қуш турганидек (эҳтиёт бўлиб), шеригимизнинг тойилишидан қўрқар эдик. Сиз эса мунозара қилаётганингизда шеригингиз тойилишини хоҳлайсиз. Гоҳида шеригингизнинг куфрига ҳам рози бўласиз. Бу эса ўта хатарли ишдир. Чунки куфрга рози бўлиш ҳам куфрдир. Мана шу нарсани мақсад қилган киши шериги кофир бўлишидан аввал ўзи кофир бўлади!»
3. Мунозара имкон қадар хилватда бўлиши
Зеҳн ва фикр мусаффо бўлиши, ҳақиқат топилиши ва фаҳм-хотирани жамлаш учун хилват энг муносиб ўрин ҳисобланади. Кўпчилик орасида мунозара қилиш эса риёнинг дамларини жунбишга келтиради ва ўзи ҳақ ёки ноҳақ бўлса ҳам, иккала томон бир-бири устидан ғолиб келишга интилади.
4. Етарли билимга эга бўлиш
Мунозара қилувчи киши билимли бўлмоғи лозим. Илмсиз баҳсга киришиш салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Бунинг гуноҳи ҳам оғир бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
«Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар» (Наҳл сураси, 116-оят), дейилган.
5. Сабрли бўлиш
Мунозарада шошмашошарлик фойда бермайди. Аксинча зарар қилади. Баҳсга киришувчи инсон мулоҳазали, ҳар бир нарсани босиқлик билан атрофлича ўрганиб, хулоса қилувчи бўлиши даркор.
6. Ҳидоят йўли – инсон қиладиган иш эмас
Ҳидоят Аллоҳ таолонинг иши. Унга банда аралаша олмайди. Биз фақатгина бир восита бўлишимиз мумкин. Шундай экан, бизнинг вазифамиз – ҳақиқатни етказиш холос. Натижа эса Аллоҳ таолодан.
«Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилур. У ҳидоятга юрувчиларни яхши билгувчи Зотдир» (Қасос сураси, 56-оят).
Мунозара қилувчи киши ўз хулқи билан бошқаларни диндан узоқлаштириб қўймаслиги керак. Баҳсда қуйидагилардан четда бўлиши керак:
- Қўполлик қилиш;
- ҳамсуҳбатини ерга уриш;
- жинси, ёши, касби ёки миллатини шама қилиб, шахсиятига ўтиш.
Мунозарада жиддий эътибор берадиган яна бир томони бор: бу – мақсадга эришиш йўлида ҳар қандай воситаларни қўллаш мумкин деб ҳисоблаш. Баъзилар мақсадига эришиш йўлида нима қилсам ҳам, тўғри бўлаверади деб ўйлашади. Натижада алдов, ёлғон гапириш, ёлғон гувоҳлик бериш, далилларни нотўғри ишлатиш каби динимиз ҳаром қилган ишларга қўл уради. Бу жуда катта хато", - дейди муфтий.
«Кўрмурид бўлиб, устозларидек нариги томонни ҳақорат қиляпти» – Муфтий интернетда тортишаётган домлалар ва уларнинг мухлисларини инсофга чақирди
Интернетда бир-бирини ҳақорат қилиши мунозара эмас, бу домла чиқиб, наригисини умри давомида қилган камчиликларини топиб, жосуслик қилиши – фақатгина фитна. Иккита уламо шундай қилиб турса, уларнинг мухлислари ҳам бир-бирлари билан шундай жанжаллашяпти, устозлари қандай ҳақорат қилган бўлса, бир-бирини шундай ҳақорат қиляпти. Мен интернетда мунозара қилаётган ҳаммани инсофга чақираман, дейди муфтий Нуриддин Холиқназаров аҳли илмларга қилган мурожаатида.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Жамият
|
Кун.Уз
Сайт: www.kun.uzБошқа мақолалар: Кун.Уз
- Раисийнинг Москвага кутилмаган ташрифи ҳақида
- Россия «Рождество сулҳи» пайтида ҳам Украинани ўққа тутди — Пентагон
- Муфтий ҳазрат коррупционерларни бошқаларнинг мулкини ейиш гуноҳидан огоҳлантирди (видео)
- “Марказий Осиё газини қўлга олиб, Хитой билан ўзи гаплашмоқчи”. Иқтисодчи – Путиннинг уч томонлама иттифоқ таклифи ҳақида
- ОАВ: «Толибон» яна Ўзбекистон ва Тожикистондан олиб қочилган вертолётларни қайтаришни сўради