close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Амалга чорловчи омил (тарҳиб ва тарғиб)

Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун инсонда хайрли ишларни қилишга ундовчи ички омил бўлиши керак.

Араб тилида уни «баис», яъни туртки деб аташади. Бу мўмин қалбини Аллоҳ розилигини топиш учун ҳаракатлантирувчи ички куч ҳисобланади. Ҳамма ширин уйқуда ётган пайтда муаззин нидосини эшитиш билан ширин уйқусини бузиб, таҳорат олиб, масжидга чиқишга ундаган нарса нима? Ёки ҳеч ким йўқ пайтда, ҳеч ким кўрмаётган бир ҳолатда, гуноҳ қилишга имкон бўла туриб, гунохдан тийилишга сабаб бўлган нар-са нима? Молни алдаб сотса, катта фойда кўришига кўзи етиб турса ҳам, тўғрисини айтиб, арзимаган фойдага рози бўлиб, ёлғон гапиришдан ўзини тийишнинг боиси нимада?
Бундай йўл тутишга сабаб шуки, инсонларда шундай ҳалол ва покиза яшашга ундовчи ички туртки бор. Уламолар ана шу ботиний куч сабабли Аллоҳга тоат ошиб, ҳиммат кучаяди, дейишган. Баъзан ҳаётда ғафлатда юриб, тоат-ибодатдан йироқ, гуноҳларга ботган, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган бир банданинг тўсатдан ибодатга кириб, Аллоҳ сари чин дилдан юзланганига гувоҳ бўламиз. Хўш, у қандай қилиб юз фоиз яхши томонга ўзгарди? Бу банда Рабби томон юзланиши учун Аллоҳ томонидан унинг қалбига солинган ҳидоят ва ҳимматул иқболдир (яъни юзланиш ва тавба қилиш учун инъом қилинган ҳимматдир). Хўш, мана шу ҳимматни қандай қилиб қўлга киритиш мумкин? “Баис” (ички туртки) ҳар бир бандага Аллоҳ томонидан юборилган таклифнома бўлиб, кимдир уни қабул қилади, кимдир рад қилади. Мисол учун, бир инсонга таклифнома бериб, тўй маросимига чақиришди. Таклифномада: «Сизни фарзандларимизнинг никоҳ тўйига таклиф қиламиз. Келсангиз бошимиз осмонга етади. Ўз ташрифингиз билан бизни хурсанд қилган бўласиз...», дейилган. Ушбу таклифнома сабабли инсон қалбида ўша тўйга бориш ҳиммати, яъни “баис” ҳосил бўлади. Энди ушбу “баис”га «лаббай» деб, жавоб берадиганлар тўйга ҳозир бўладилар. Ушбу “баис”га беэътиборлар тўйга бормайдилар.
Аллоҳ сари юзланишдаги ҳиммат ҳам У Зот томонидан бандага қилинган таклифлар орқали пайдо бўлади. Кимдир бу таклифлардан қалбида “баис” пайдо бўлиши билан Аллоҳ сари юзланади ва нажотга эришади. Кимдир эса бу таклифларни ўқиганда, Аллоҳ томонидан қалбида пайдо қилинган “баис”нинг қадрига етмайди ва Аллоҳ сари юзланмай юраверади. Натижада ҳалокатга учрайди. Уламолар Аллоҳ бандага қилган таклифни тарғиб ва тарҳиб, яъни жаннат ва унинг неъматлари, жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллар хабарини бериш, дўзах ва унинг азоблари, дўзахга тушишга сабаб бўладиган амаллардан огоҳлантириш, деб атаганлар. Демак, Аллоҳга юзланиш ва ибодатга кириш учун Аллоҳ томонидан банда қалбига солинадиган баис, яъни ҳидоят бўлиши керак. Ким ҳидоятга йўлланмаган бўлса, у ибодатдан йироқ бўлгани учун қораланмайди, чунки унга ҳали ўша ҳидоят берилмаган. Бу мутлақо нотўғри фикр, чунки у ҳолда бировнинг ибодатдан йироқ бўлишига Аллоҳни айбдор қилаётган бўламиз. Аллоҳ эса бундай айблардан пок Зотдир. Бунга қуйидагича жавоб берилади: барча мусулмонлар Аллоҳнинг Раззоқ, яъни ризқ берувчи сифатига иймон келтирган. Ким Аллоҳнинг барча сифатлари қаторида ушбу сифатига иймон келтирмаса, уни мўмин деб бўлмайди, чунки Аллоҳ:
«Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (яъни барча жонзотнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир)», деб марҳамат қилган («Ҳуд» сураси, 6-оят). Лекин ушбу оятга суяниб, ризқни Аллоҳ ўз зиммасига олган деб, унинг сабабларини қидирмасак, Аллоҳнинг бошқа бир амрига итоат қилмаган ламиз. Зеро, Аллоҳ таоло: «Ер юзида тарқалиб, Аллоҳнинг фазлини истанг!» (яъни ризқ топадиган ишларни қилинг), деб марҳамат қилган («Жума» сураси, 10-оят). Демак, ризққа эга бўлиш учун Аллоҳнинг Раззоқ сифатига иймон келтириш баробарида, Унинг амри-га итоат қилиб, ризқнинг келишига сабаб бўладиган ишларни ҳам қилиш лозим экан. Аллоҳ томонидан бериладиган ҳидоят ҳам худди шунга ўхшайди. Аллоҳнинг ҳидояти бўлсагина инсон бошини саждага қўяди. Лекин ҳидоят берилиши учун қилиниши керак бўлган сабабларни бажармай «Менга Аллоҳ ҳидоят берсагина ибодат қиламан-да! Ҳидоят берма-са, қанақасига сизларга ўхшаб намоз ўқийман?» деб, Аллоҳни айблаш нотўғри бўлади.
Шундай экан, Аллоҳ томонидан инъом қилина-диган “баис”га эга бўлиш учун нима қилиш керак? Қандай амаллар унинг пайдо бўлишига сабаб бўлади? Бу ҳакда уламолар шундай дейишган: «Қалбда “баис”ни пайдо қилувчи асосий омил -юқорида айтилган тарғиб ва тарҳибни, яъни жаннат ва унинг васфи, дўзах ва унинг азоблари ҳақида келган хабарларни ўқиш ёки эшитишдир. Ким бу хабарларни эшитса, қалбида Аллоҳ сари юзланишга туртки пайдо бўлади. Агар у ақлли инсон бўлса, қалбда пайдо бўлган ўша “баис”га «лаббай» деб жавоб бе-ради ва икки дунё саодатига эришади. Агар тарғиб ва тарҳиб туфайли қалбда пайдо бўлган “баис”га жа-воб бермаса, Аллоҳ сари юзланмаса, дардга чалинган беморга эътибор берилмаса, кун сайин унинг каса-ли кучайиб, кейинчалик даволаш қийин бўлганидек, бу инсоннинг маънавий дардини ҳам даволаш қийин бўлади».

Тарҳиб (қўрқитиш) таъсири

Инсон қалбида қўрқув ва хавф бўлган такдирда нафсини тияди. Аксинча, у нафс ва шайтон нимани буюрса, шуни қилишда давом этади. Қуръони Карим оятларида инсонни огоҳлантириб, ҳушёр бўлишга даъват этадиган оятлар кўплаб келтирилган. Буни ўқиб, танасига сингдирган кишилар ўз ҳаётини яхшилик устига қуради. Қуръони Карим бандаларни тарҳиб этиш катта ўрин тутади. Қуръони карим фақат тарҳиб йўлидан бормайди, балки тарғиб билан ҳам бандаларни яхшилик йўлига даъват этади. Тарҳиб маъносида келган ояти карималар маъносига аҳамият берсак, бу дунёда нафс ва шайтонга алданмаслик, ҳою ҳавасларни тарк этиш ва солиҳ амаллар қилиш тарғиб этилади. Бундан огоҳ ва ҳушёр бўлиш ҳар бир кишининг ўзига ҳавола. Буни оддий мисол билан ҳам тушунтириш мумкин. Масалан, қандли диабет касалига чалинган киши олдига қўйилган ширинликни емоқчи бўлиб, энди қўлини узатганида, ёнидаги шериги унга бу сизга мумкин эмас, нафсингизни ундан тиймасангиз, кўзингиз кўрмай қолади, деса, ширинликни хоҳлаб турган киши дарров нафсини тияди. Айтинг-чи, нафс истаб турса ҳам, уни бунан нима тўхтатди? У кўзи кўр бўлиб қолишдан қўркди. Эрталабки уйқуни ёқтирадиган киши икки-уч марта ишга кечикиб борса, бошлиғи: «Агар яна бир марта кечиксанг, сени ишдан ҳайдаймиз», деб уни огоҳлантиргач, ҳали соат занг чалмасидан ўрнидан туриб, ишга кетишга тайёр бўлади. Хўш, бу одамни ёқтирган нарсасидан воз кечишига нима мажбур қилди? Бунинг жавоби оддий: уни бундай йўл тутишга ундаган нарса - ишдан ҳайдалиш хавфи.
Теран мулоҳаза юритилса, гунохдардан тийилишнинг асосий йўли ҳам шу кабидир. Нафс инсонни гуноҳ қилишга ундаганда, шайтон ёмон ишни чиройли қилиб кўрсатганда, бу гуноҳ эвазига берилажак азобларни кўз олдига келтирса, иймони бор кишй, албатта, ўзини гунохдан тияди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда шундай марҳамат қилинган: «Хилватда бир гўзал аёл зинога ундаганда: «Мен оламларнинг Раббидан қўрқаман», деб чиқиб кетган кишини қиёмат куни ҳамма сояга муҳтож бўлган пайтда, Аллоҳ Ўзининг соясида соялантиради». Зеро, бу киши Аллоҳнинг азобидан қўрққани учун зино қилишга қулай фурсат бўлгани ҳолда нафснинг хоҳишига қарши чиқа олди. Демак, бундай гуноҳ ишга кенг имкон бўлганида ҳам, нафсни қўрқитувчи азобларни эслатмоқ, уни бу ҳаром йўлдан қайтара олар экан.
Гувоҳи бўлиб турганингиздек, қўрқитиш натижасида нафс ўзи истаган энг ширин нарсадан ҳам воз кечиши мумкин экан. Демак, қўрқув инсон қалбида гунохдан тийилишга бўлган ҳимматни кучайтирувчи баис (туртки)ни пайдо қилар экан.
Биз бугунги кунда тарҳибга жуда муҳтожмиз. Зеро, савобдан кўра гуноҳ ишни қилиш осон бўлиб қолган бир пайтда нафсни гуноҳ ишдан қайтарадиган ва унга қилган ҳар бир иши учун Аллоҳнинг олдида жавоб беришини эслатиб турадиган амалларни кўпроқ қилишимиз даркор. Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда бу ҳакда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаззатларни парчаловчини кўп эсланглар», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Лаззатларни парчаловчи нарса нима?» деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлим», деб жавоб бердилар» (Имом Термизий ривояти). Демак, кимнинг қалби қорайиб, маъсият ботқоғига ботган бўлса, тарҳибни, яъни нафсни азоблардан огоҳлантириб турувчи хабарларни кўпроқ ўқиши ёки эшитиши лозим экан. Бунга улуғлар ҳаётидан жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Пайғамбарлар ҳар доим тарҳибда юрганлар. Улар охират ҳаётини эслаб, гуноҳ амал-ларни қилувчилар учун дўзах ловуллаб ёқиб қўйилганини бошқаларга қараганда қаттиқ ҳис этганлар. Имом Табароний ва Байҳақий ибн Аббосдан заиф санад билан ривоят қилган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар Аллоҳ таолодан қўрқишда банданинг териси титраса, қуриган дарахтдан барглар тўкилганидек, унинг гуноҳлари тўкилади”, дея марҳамат киладилар. Саҳобалар ва тобеъинлар ҳар доим хавфда юрганлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Кошки мен дарахт бўлсам, кесилиб, сўнгра ёқилиб, йўқ бўлиб кетсам эди”, деб орзу қилар экан. Бу охират кунида ҳисоб бериш оғирлигидан қўрқиб, хаёла келган фикрдир. Сирри Сақотий: “Юзим қаро бўлишидан қўрқиб, ҳар куни бурнимга қарар эдим”, деган экан. Бундай зотлар охират қўрқуви ва ҳисоб оғирлигидан хабар берган ояти карималарни ўқиганда, ҳатто ҳушдан кетиб, бир оз вақтгача ўзига келолмаганлари ривоят қилинади. Албатта, динимиз фақат тарҳибдан иборатмас. Тарғиб ҳам келтириладики, тарғибдан бандалар қалби хушнудлик туяди. Тарҳиб ёмон амалларни қилишдан қайтарса, тарғиб уларни яхши амалларни қилишга ундайди.

Тарғиб (қизиқтириш) таъсири

Тарҳиб ва тарғиб қушнинг икки қанотига ўхшайди. Иккисини бир-биридан ажратиб бўлмайди. Бири эслатилганида, иккинчиси ҳам албатта зикр этилиши керак. Аксинча, фақат тарҳиб билан қўрқитилган киши бутунлай тушкунликка тушиб, ўзини йўқотиб қўяди, қўли ишга бормай бирор-бир яхши амал қилишдан кўнгли совийди. Шу боис нафс ва шайтон йўриғидан қайтаришда қўрқитувчи қандай ижобий натижа берса, яхши ва солиҳ амалларни қилишга қизиқтиришда тарғибнинг шунчалик фойдаси катта. Буни оддий мисол билан ҳам тушун-тирса бўлади. Китоб ўқишни истамаётган ёш болага отаси, агар мана шу китобни ўқиб чиқсанг, ўзинг ёқтирган ўйинчоқни олиб бераман, деса, болада китобни ўқишга рағбат пайдо бўлади. Ёки мактабда турли фанлардан якуний имтиҳонлар яқинлашганига қарамай тайёргарлик кўрмаётган болага отаси агар барча фанлардан аъло баҳо олсанг, сенга велосипед олиб бераман, деса, у тезлик билан имтиҳонларга тайёргарлик кўришни бошлайди. Хўш боланинг ялқовликни тарк этиб, ўқишга жиддий киришиб кетишига нима сабаб бўлди? Албатта, ваъда қилинган мукофот. Бошқача қилиб айтганда тарғиб қилиш ва қизиқтириш улардаги ялқовлик ва дангасаликни кеткизади.
Бу банда томонидан қилинган тарғиб усули бўлиб, ялқов ва дангаса болани ҳаракатчан инсонга айлантирди. Энди барча оламларнинг Раббиси, ваъдасига хилоф қилмайдиган Аллоҳнинг тарғиб ва тарҳибини эшитганда ёки ўқиганда инсон қалбида қандай қилиб амал қилишга ундовчи туртки пайдо бўлмасин! Албатта пайдо бўлиши муқаррар. Аллоҳ таоло бандаларини дўзах оташи ва ундаги азоблар бўлишини таърифлаб қўрқитса, жаннат ва ундаги нозу неъматлар таърифини келтириб, уларни яхши амаллар қилишга даъват этади. Ахир Аллоҳ ваъда қилган жаннатдаги асал оқадиган анҳорлар, қасрлар, ҳуру айнлар, нафс истаган нарсани бир зумда пай-до бўлиши ва энг олий неъмат Аллоҳнинг жамоли-ни кўриш ҳақидаги хушхабарни эшитганда, қандай қилиб инсон шуларга эришишни орзу қилмас экан?!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Мен бандаларимга кўз кўрмаган, қулок эшитмаган ва инсоният хаёлига ҳам келтирмаган неъматларни тайёрлаб қўйдим», деди», деб туриб: «Ушбу сўзнинг тасдиғи Аллох, таолонинг китобидаги «Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас», деган оятни ўқидилар.
Ҳа, азизлар Аллоҳ тақводор бандаларига тайёрлаб қўйган неъматларни васфлашдан тиллар ожиз қолади. Аллоҳ таолонинг тарғиби бу дунё неъматлари билан чекланиб қолмайди. Балки охират диёрида тақдим қилинадиган неъматларга бориб боғланади. Шунинг учун Аллоҳнинг тарғиби қаршисида биз қиладиган амалларнинг қанчалик қадри бор деб ўйлайсиз? Аллоҳнинг тарҳиби ҳам тарғибига ўхшаб кетади. Яъни ҳар бир мўмин ўз Парвардигорининг: «Кимнинг (савоб) вазнлари енгил бўлса, бас, ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Улар жаҳаннамда мангу қолувчилардир». «Юзларини ўт куйдиргач, улар у ерда бадбашара бўлиб қолувчидирлар». «Ушанда улар бўйинларида кишан ва занжирлар билан қайноқ сув ичига судралурлар. Сўнгра оловда куйдирилурлар», деган сўзларини ўқиганда ёки эшитганда, албатта дўзахга тушиб қолмаслик учун амал қилишга киришади. Буни ҳис этган киши ҳар доим бу қўрқитувни ёдидан асло чиқармайди. Аллоҳ таолонинг яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариши тарғиб ва тарҳибга асосланган десак, асло хато бўлмайди. Аллоҳ таоло бир ишдан қайтармоқчи бўлса, бандасини огоҳлантиради, қўрқитади, қалбига қурқув ва хавотирни солади. Агар бир ишга буюрмоқчи бўлса, банда қалбида шу ишга хоҳиш-истак ва майл уйғотади, қизиқтиради, нафси ва қалбини хушнуд этадиган дунё ва охират неъматлари ҳақида хабар беради.
Хулоса қилиб айтганда, тарҳиб (қиёматдаги азобларни эслатиш) инсонни амал қилишга чорлаганидек, тарғиб (жаннатдаги неъматларни эслатиш) ҳам гунохдан тийилиб, хайрли ишларни қилишга ундар экан. Инсонни амал қилишга чорловчи оятларга эътибор берган Қуръон сабоғини оладиганлар айнан шу икки услуб, яъни тарғиб ва тарҳиб услуби қўлланганига гувоҳ бўлади. Мисол учун «Нозиот» сураси 37- 41-оятларида Аллоҳ марҳамат қилиб айтади:
«Бас, ўшанда кимки (дунёда) ҳаддан ошган ва дунё ҳаётини (охиратдан) устун қўйган бўлса, у ҳолда, фақат жаҳаннамгина (унга) макон бўлур. Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур».
Демак, ички ундовчи омилни қўзғатиш учун ҳар бир киши тарғиб ва тарҳибни ўзида жамлаган китобларни ўқиши, маърузаларни эшитиши керак.
Бу иккисини тўғри ва теран тушуниб олган киши то охирги нафасигача ўз ҳаётини яхшилик устига қуради. Гуноҳ ва маъсият ишлардан нафсини тийишга жаҳд қилади. Бу эса инсонга дунё ва охиратда катта фойда келтиради.

Одилхон қори Юнус ўғли
"Қалб кўзгусидаги иллатлар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase