Ростгўй мусулмоннинг виждони алдовни кўтармайди, унга сабр қила олмайди, балки у бундай ишни қилган кимсалардан Исломга мансублик кетиб қолишини кўрган пайтда безовта титрайди. Буни Муслим ривоят қилган ҳадис ҳам таькидлайди: “Ким бизга қурол кўтарса - биздан эмас, ким бизни алдаса - биздан эмас”. Муслимнинг яна бир ривоятида келади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (бозорда) бир буғдой уюми олдидан ўтаётиб қўлларини буғдой ичига солиб кўрдилар. Қўллари намга тегди. У зот: “Эй буғдой эгаси, нима бу?” - деб сўрадилар. У: “Унга ёмғир тегибди”, - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Намларини устига қўймайсанми, одамлар кўришар эди. Ким алдаса мендан эмас”, - дедилар.
Мусулмон жамияти муҳаббат обод қилган, насиҳат бошчилик қилган, халқига эзгулик, ростгўйлик, вафо ғолиб бўлган жамиятдир. Бундай жамиятда фирибгар, сохтакор, муғамбир, нонкўр, ғаддорларнинг алдовига макон йўқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам алдов, фирибгарлик, хиёнатни қаттиқ танқид қилиш, уларни бу дунёда мусулмонлар жамиятидан узоқлигини айтиш билан кифояланмай, ҳар бир фирибгар Қиёмат куни ўз хиёнатининг байроғини кўтарганча қайта тирилишини, бир нидо қилувчи Қиёмат майдонида унинг хиёнатини одамларга кўрсатиб нидо қилишини эълон қилганлар ва: “Қиёмат куни ҳар бир алдовчининг байроғи бўлишини ва: “Бу фалончининг хиёнати”, деб айтилишини”, айтганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ўз хиёнатларини кунлар ёпиб кетади деб ўйловчи ғаддорлар учун нақадар хижолатли он у. Қиёмат куни гувоҳлар олдида қайта тирилар экан, қўлларида байроқлари кўтарилган бўлади. Уларнинг Қиёмат кунидаги бу хижолатли туришлари ёмонлик ва ғамни зиёда қилади. Даҳшатли кун - Қиёмат кунида шафоатларидан умид қилинадиган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда катта жиноят - хиёнат жиноятини қилганлари сабабли Қиёмат куни Аллоҳ таоло уларга душман эканлигини, зеро, бу жиноят Аллоҳ таолонинг раҳматидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан маҳрум қиладиган жиноят эканлигини эълон қилишлари билан уларнинг шармандаликлари яна ҳам зиёдалашади, вазиятлари янада оғирлашади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло деди: “Уч кимсага - Менинг номимни ўртага қўйиб аҳдлашиб, сўнг хиёнат қилган кишига, ҳур одамни сотиб пулини еган кимсага ва ишчини ишлатиб, ундан фойдаланиб, ҳақини бермаган кимсага Қиёмат куни мен душманман” (Бухорий ривояти).
Ислом унинг туйғуларини чархлаган, нафсидаги онгининг деразаларини очган чинакам мусулмон қанча фойда бермасин, даромадни рўёбга оширмасин, алдов, хиёнатдан ор қилади. Чунки Ислом дини бундай сифат эгаларини мунофиқлар деб атайди. Мунофиқлар эса дўзахнинг энг паст табақасида бўладилар, улар учун Қиёмат куни бирон ёрдамчи бўлмас: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!” (Нисо сураси, 145-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимда қуйидаги тўрт нарса бўлса ҳақиқий мунофиқ бўлади, Кимда бу тўрт хислатдан биттаси бўлса у кимсада ҳатто ўша хислатни тарк қилмагунича мунофиқликдан бир хислат бўлади: Омонат қўйилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон гапиради, ваъда қилса алдайди, душманлик қилса бузуқлик қилади” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Муҳаммад Алий Ҳошимий
"Мусулмон ахлоқи" китобидан