Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа қабрнинг ҳароратини ўчиради. Мўмин киши Қиёмат куни ўз садақасининг соясида сояланади», дедилар. Аллоҳ таоло (садақа сабабли қабрнинг иссиғини кетказади. Бу ҳодисалар Қиёмат кунидан олдин бўлади.“
Ҳадисдан маълум бўляптики, садақадан уч оламда: “дунё олами, охират олами ва қабр оламида ҳам фойда келиб туради. Садақа қилувчига жуда кўп яхшиликлар ва бошқа кўплаб фазилатлар ваъда қилинган.
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Эй бандам, инфоқ қилгин, Мен ҳам сенга инфоқ қиламан», дейди, яъни сен инфоқ қилсанг, сенга ҳам инфоқ қилинади - ризқинг кенг қилинади, садақангнинг ўрни тўлдирилади (Муттафақун алайҳ).
Имом Муслимдан қилинган ривоятда шундай дейилган: «Эй Одам фарзанди, ортиқча молингни сарфласанг, ўзингга яхши, уни ушлаб қолсанг, ўзингга ёмон. Ҳаёт учун зарур бўлган озиқ-овқатларга маломат қилинмайсан. (Инфоқ қилишни) қарамоғингдагилардан, таъминоти зиммангда бўлганлардан бошла. Тепадаги қўл пастдаги қўлдан яхшироқ».
Садақа қилувчига илоҳий неъматлар тўхтамай келиб туради, яшаш тарзи тўкин-сочин, ҳаёти саодатли, аҳволи мақтовга сазовор ҳолатда бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бахил билан садақа қилувчи худди кўксидан томоғининг остигача темир совут кийиб олган икки кишига ўхшайди. Садақа қилувчи садақа қилмоқчи бўлса, совут кенгайиб, унинг бармоқларини, оёқ изларини ҳам тўсиб қолади. Бахил садақа қилмоқчи бўлса, совут уни қисиб қолади, икки қўли томоғига ёпишиб, ҳалқалари бир-бирига киришиб кетади, уни кенгайтиришга ҳарчанд уринмасин, кенгаймайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бу ерда Аллоҳ таолонинг ризқи ва неъматларини темир совутга ўхшатмокдалар. Эҳсон қилувчи қанча кўп инфоқ қилса, неъматлар ҳам кўпайиб боради. Кийим танани тўлиқ беркитгани каби неъматларга кўмилиб қолади. Бахил эҳсон қилмоқчи бўлса, бахиллиги, очкўзлиги, мол-мулким камайиб қолади деган қўрқув унга тўсқинлик қилади, натижада аҳволи баттар танглашади, неъматлари кўпаймайди, кўпайса ҳам, керакли микдорда бўлмайди.
Одамлар садақа қилувчига ҳасад қилишади, ҳар бир ақлли одам унинг мартабасига етиш, унинг даражасига эришишни истайди. Ҳамма унга ўхшашга рағбат қилади, унингдек бўлишга ҳаракат қилади. Чунки садақа қилиш мақтовга сазовор ишдир, унда жуда кўп яхшиликлар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки нарсагагина ҳасад қилиш мумкин: Аллоҳ таоло мол-мулк бериб, уни ҳаққа (яхшиликка) ишлатишга бошлиқ қилган кишига ҳамда Аллоҳ таоло ҳикмат бериб, ўша ҳикмат билан ҳукм қиладиган, уни ўргатадиган кишига», деганлар (Муттафакун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Қуръон ато этган (яъни Қуръонни ёдлаган) ва уни куну тун қоим қиладиган (уни ўқиб, амал қиладиган) кишига ҳамда Аллоҳ таоло берган мол-мулкни куну тун иноқ қиладиган кишига», деганлар.
Бир ривоятда: «Икки нарсагагина ҳасад қилиш мумкин: Аллоҳ таолонинг марҳамати билан Қуръонни ёдлаб, туну кун Қуръон тиловат қиладиган, қўшниси эшитиб, «Фалончига берилган нарса менга ҳам берилганида эди, у амал қилаётганичалик мен ҳам амал қилар эдим», дейдиган кишига ҳамда Аллоҳ таоло берган мол-мулкни ҳаққа ишлатадиган, одамлар «Фалончига берилган нарса менга ҳам берилганида эди, у амал қилаётганичалик мен ҳам амал қилар эдим», дейдиган кишига», дейилган (Имом Аҳмад ва Имом Бухорий ривояти).
Садақанинг яна бир фазилати шуки, садақа қариндошларга қилинса, савоби икки ҳисса бўлади.
Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мискинга берилган садақа - бир садақадир. Қариндошга берилган садақа эса икки садақадир - ҳам садақа, ҳам силаи раҳм дир», деганлар (Имом Насоий ва Имом Термизий ривояти).
Абу Умома розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яқин қарин дошга берилган садақанинг савоби икки ҳисса бўлади», деганлар (Имом Табароний ривояти).
Муҳаммад Ҳасанийниг
"Энг шарафли уммат" китобидан