close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Дунё ҳаётининг ҳақиқати

Бизни ўраб турган коинот улкан ва шунчалик мукаммал яратилганки, унинг бутун улуғворлиги ва маҳобатини идрок қилишга инсон ақли ожизлик қилади. Олимларнинг тахминларича, коинотда 300 милярдга яқин галактика мавжуд.

Бизнинг Сомон Йўли галактикамиз уларнинг бири, холос. Ўз навбатида, Сомон Йўлида 250 милярдга яқин юлдуз бор. Қуёш ана шу юлдузларнинг биттаси, холос. Шундай экан, Ер курасида ғимирлаб юрган инсон жуссаси қандайлигини тасаввур қилиб олаверинг.
Аммо бандаси баъзан бу ҳақиқатни буткул унутиб қўяди. Ер юзида ўзини энг катта мавжудот деб ҳисоблаш, дунё ҳаётига жон-жаҳди билан берилиш, кибр-ҳаво ва ғурур билан яшаш, ожиз-нотавонлигини унутиб, дунё ҳаётидан кўнгил узолмаслик инсонга хос хусусиятлардандир. Ҳолбуки, инсон Улуғ Парвардигор яратган махлуқлардан бири, холос. У ҳам куни битса, бу дунёни тарк этади, барча қилмишлари хусусида Аллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб беради ва ҳоказо.
Инсоннинг умри ниҳоятда қисқа. Бир куни ажали етиб, вафот қилади. Миттигина Ернинг жимитдеккина жойига дафн этилади. Лекин охиратга  кетиши олдидан Аллоҳ таоло ҳеч шубҳасиз ҳар биримизнинг қилган амалларимизни албатта ўзимизга кўрсатади  ва уларнинг ҳар бири учун ажр ёки жазо олишимиз аниқ.
Сон-саноқсиз ташвишлару турфа воқеаларнинг шиддатли оқимига ва гирдобига ғарқ ҳолда ҳаёт тез ўтиб кетади. Кунлар, ойлар, йиллар худди бир лаҳза каби изсиз ғойиб бўлади. Кечмиш йилларимизга назар ташларканмиз, улардан қандайдир узуқ-юлуқ хотираларгина қолганини кўрамиз. Бироқ одамлар нима учундир ана шу ҳақиқатни — ўлимнинг муқаррарлигини, гўё ҳамиша навқирон қоладигандек, ўйламасликка тиришадилар.
Ҳамма вақт ўтиши билан қариб-қартайишини яхши билади. Йигитлар, бир куни келиб мен ҳам қарийман, ожиз ва нотавон бўлиб қоламан, деб ўйлаб ҳам кўришмайди. Бироқ вақт ҳамма нарсани емириб ташлайди.
Инсон кундалик ҳаётда бирор ишни бажарар экан, ҳар қадамда ожизликка дуч келади. Бу нарса дунё ҳаётининг ўткинчи  эканига яна бир далилдир. Ҳар бир одам танасини тоза сақлаш, озиқлантириш ва дам олдириш тўғрисида ғамхўрлик қилиши керак бўлади.
Биз нима учун бунчалик кучсиз ва нотавон, бунчалик бўш ва ҳимоясиз, доимий парвариш ва покланишга муҳтож тана билан яратилганимиз тўғрисида ҳеч қачон ўйлаб кўрмаймиз. Ахир Парвардигор ирода қилганида ана шу камчиликларнинг бирортаси ҳам бўлмаслиги мумкин эди-ку! Масалан, бошқа йирик мавжудотлар инсон каби бундай доимий парваришга муҳтож эмас. Мана, мисол учун гуллаб ётган чечакни олиб кўрайлик. У тупроқ ва қора балчиқ қатламидан дунёда пайдо бўлади, лекин бунда у ҳеч қандай парваришга эҳтиёж сезмайди, ҳамиша покиза, хуш бўй таратиб ўсаверади.
Агар Аллоҳ одамга ҳам шуни хоҳлаганида, инсон ҳам гул каби доимо пок бўлиши, парваришга, тозалиги ҳақида мунтазам қайғуришга  эҳтиёж сезмаган бўлур эди. Ёки у сира касал бўлмас, оғриқ ва бетоблик нима эканини билмас эди. Аммо инсон дунё ҳаётининг ўткинчи эканини ҳамма вақт эслаб турсин дея камчилик-нуқсонлари, ожизликлари билан яратилгандир.
Ҳақиқий, боқий бахт-саодат ва уйғунлик фақат охиратда қарор топади. Шу боис Аллоҳ таоло бизларни дунё ҳаётига алданиб қолишдан огоҳлантиради:
“Билингларки, бу дунё ҳаёти фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос”. (У) худди  бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр), сўнгра у қурир, бас, уни  сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир.)  (Беш кунлик дунёга алданиб қолганлар учун)  охиратда қаттиқ азоб ва (имон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти эса фақат алдагувчи матодир” (Ҳадид, 20, мазмуни).
Ер юзидаги ҳамма нарсанинг ниҳояси бор. Инсон ҳаёти ҳам маълум муҳлат билан чегараланган. Умримиз охирига етгач, ҳаммамиз ўлим ҳақиқати билан юзма-юз бўламиз ва бу ҳаётимизда йиғиб-терган ҳамма нарсани ортда қолдириб, ўзга ҳаётга равона бўламиз.
Шундай экан, бу дунёдаги ҳамма нарсага эришмоқ учун очкўзларча, жон-жаҳд билан хоҳиш-истак кўрсатиш шартмикин? Ҳаётнинг асл маъносини унутиб, ғазаб, ҳасад, очкўзлик, нафрат, ҳою ҳавасларга бериламиз. Ахир, буларнинг ҳаммаси инсонни катта йўқотишларга олиб келади-ку!
Инсон бу ҳаёт унга нима учун ато этилганини, Аллоҳ таоло уни ер юзида қайси мақсадда яратганини ҳамиша эсда тутиши даркор. Аллоҳ бизларга Ўзи томонидан нозил қилинган покиза ва мукаммал ахлоқ асосида яшашни буюрган. Унинг амрига кўра, камтарлик билан яшаб, бир-биримизга иззат-ҳурматли, шафқатли ва самимий бўлишимиз, нафс истакларини жиловлаб, оғир дамларда ўзаро ёрдамга ошиқмоғимиз зарур. Одамларга софдиллик, адолат ва очиқ қалб билан муносабатда бўлишимиз керак.
Ўзида ана шу сифатларни тарбиялаган инсон нафсининг худбинларча васвасаларидан асрана олади. У фақат шу йўл билангина икки дунёда ҳам нажот топади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат этади: “Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир” (Ҳашр, 9, мазмуни).

Аҳмад МУҲАММАД таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase