close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом тақлид душманидир

Илм бир нарсага ишонч ҳосил қилмай туриб, далилини билмай туриб, тақлид қилишдан қайтаради. Бу борада ҳозирги замон илми эски илмга тўғри келмайди. Чунки, қадимда, хусусан ўрта асрларда, овруполиклар бирор нарсанинг тўғри ёки нотўғрилигига машҳур кишилардан баъзиларининг фикрига қараб баҳо берар эдилар. Мисол учун, Арастудан чиққан ҳар бир фикр тўғри бўлади, ундан хато фикр чиқиши мумкин эмас, деган фикрга ўхшаш.

Илм бир нарсага ишонч ҳосил қилмай туриб, далилини билмай туриб, тақлид қилишдан қайтаради. Бу борада ҳозирги замон илми эски илмга тўғри келмайди. Чунки, қадимда, хусусан ўрта асрларда, овруполиклар бирор нарсанинг тўғри ёки нотўғрилигига машҳур кишилардан баъзиларининг фикрига қараб баҳо берар эдилар. Мисол учун, Арастудан чиққан ҳар бир фикр тўғри бўлади, ундан хато фикр чиқиши мумкин эмас, деган фикрга ўхшаш.

Илм кўр-кўрона тақлиддан қайтаришда Қуръон билан мувофиқдир. Қуръони Каримда бир фикрга ёпишиб олиб, «Бу ишни ота-бобомиз қилган» деб, ўзлари ақл ишлатмай юрганлар танқид қилинган.
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:
«Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага, Пайғамбарга келинглар», дейилса, «Бизга ота-боболаримизни ниманинг устида топган бўлсак, ўша етарли», дерлар. Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва ҳидоятга эришмаган бўлсалар ҳам-а?!» (104-оят).
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:  
«Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз», дейдилар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?! Куфр келтирганлар мисоли худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганларга бақираётганга ўхшайди. Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл ишлатмаслар» (170,171-оятлар).
Қуръони Каримнинг шу оятларидан кўриниб турибдики, мусулмонлар ақл ишлатиб, илм олиб, ҳаётга керак бўладиган  илм ва фанларни ўзлаштириб, татбиқ қилиб яшамоқлари лозимдир.
Ушбу таълимотларга ихлос билан амал қилган мусулмон уммати динлари Ислом билан Аллоҳ таоло ер юзини нурлантарганидан кейин ўтган озгина муддат ичида ер юзини илм-маърифатга кўмиб ташлади. Мусулмон умматининг яхши ният, иймон, ихлос ила қилган улкан ва оламшумул ҳаракати самараси ўлароқ ҳозирги кундаги илм қасрининг пойдевори қурилди. Сўнгра эса, биноси қад кўтара бошлади. Мусулмонларнинг илм борасидаги улкан ва беқиёс хизматларини бошқа барча халқларнинг инсофли вакиллари тан оладилар. Улардан бири қадимда мусулмонларнинг илм йўлидаги уринишларини ўрганиб чиқиб, уларни ҳар қандай уммат учун шараф бўла оладиган  «Мадрасага қатнайдиган халқ» деган ном билан атаган эди.
Бу ерда «мадраса» сўзи ҳозирги «мактаб» маъносидадир. Бизда тарихий хато туфайли бу икки ном нотўғри тушуниладиган бўлиб қолган. Баъзилар мадраса диний ўқув юрти, бу номни ишлатиб бўлмайди, деган даъво ила дарс олинадиган жойни «мактаб» деб аташган. Аслида эса мадраса дарс оладиган жой, мактаб эса ёзадиган жой маъносини англатади.
Ҳа, мусулмонлар бешикдан то қабргача ҳар бир эркагу аёлга илм талаб қилиш фарзлиги учун ўз ихтиёрлари билан иймон ва ихлос ила, мисли кўрилмаган шавқу завқ ила илм талаб қила бошладилар. Дастлаб масжидлар, устозларнинг уйлари дарсхоналар вазифасини ўтаб турди. Кейинроқ эса, мадрасалар таълим масканлари сифатида мусулмон ўлкаларни безаб турадиган ошёнларга айланди. Ислом давлати ҳамма халқ таълим олишини таъминлашга ҳаракат қилар эди. Шунинг учун баъзи жойларда ҳатто моддий жиҳатдан қийналиб қолганларга алоҳида мадрасалар очиш йўлга қўйилар эди.
965-мелодий санагача Қуртуба шаҳрида (ҳозирги Испаниянинг Қуртуба шаҳри) камбағалларнинг болалари учун саккизта мадраса бор экан. Ўша йили у ернинг ҳокими Ҳакам II яна йигирма еттита янги мадраса очган.
Қоҳира шаҳрининг ҳокими Мансур Қаловуун бўлса, етим болалар учун алоҳида мадраса очиб, уларни ётоқхона, таом ва кийим-кечак билан таъминлаган.
Мусулмон юртларининг барчасида ўқув юртлари толиби илмларини текин таом, китоб, кийим-кечак ва ётоқхона билан таъминлаш оддий ҳол ҳисобланган. Уларни маблағ билан таъминлашни ҳукуматлар, якка шахслар ва вақфлар ўз зиммаларига олганлар. Шу боис ҳам, мазкур ўқув юртларидаги толиби илмлар турли илмларни қунт билан ўрганганлар.
Мадрасалардаги дарслардан қониқмаган ўткир зеҳнли талабаларнинг ота-оналари ўз фарзандлари учун қўшимча дарслар ҳам ташкил эттиришган. Тарихчилар бунга буюк ватандошимиз Абу Али ибн Синони мисол қилиб келтирадилар. Ибн Сино ёши ўнга етмай туриб, Қуръони каримни ва бошқа бир қанча диний китобларни ёд олиб бўлади. Сўнгра мадрасадаги дарслар озлик қила бошлаб, қонун бўйича хусусий устоздан дарс олади. Ҳисоб илмини эса, бир кўмирфурушдан ўрганади. Сўнгра отаси унга таълим бериш учун Абу Абдуллоҳ исмли устозни келтирибди. У фалсафани билар экан. Ибн Сино ундан бир оз дарс олгандан кейин устозидан ўзиб кетибди. Кейин мантиқ илмини ўрганишга киришибди. Жуғрофияга ўтганда эса, устози энди ўзинг китобни ўқийвер, хатоинг бўлса, мен тўғрилаб қўяман, дебди. Абу Абдуллоҳ Бухорони тарк этгандан кейин Ибн Сино Ийсо ибн Яҳё деган устоздан табиий илмларни ва тибни ўргана бошлабди. Тиб соҳасидаги энг қийин китобларни мутаола қилганига қарамай, тиб осон экан, қисқа муддатда ўрганиб олдим, деган экан. Ўша вақтда у ўн олти ёшда экан. Сўнг бир ярим йил давомида сафарларда юриб, мантиқ ва фалсафанинг турли қисмларини ўрганади. Орада Бухоро ҳокимини даволаб, унинг қасридаги кутубхона ва шифохоналарида ўқиб, таълимини охирига етказади. Ўшанда унинг ёши ўн саккизда экан.
Бу маълумотлардан мусулмон оламининг ажралмас қисми бўлган бизнинг юртимизда ҳам бундан минг йил аввал Ислом дини фазли ила илмнинг турли соҳаларида етук мутахассислар ва устозлар бўлгани очиқ-ойдин кўринади.
Мусулмонларнинг илм истаб қилган саъйи ҳаракатлари туфайли дунёда биринчи тўлақонли дорулфунунларга асос солинди. Мағрибнинг Фас шаҳридаги «Қаравийюн», Тунисдаги «Зайтуна» ва Қоҳирадаги «ал-Азҳар» дорулфунунларининг минг йиллик байрамлари ўтказилганини эсланг. Агар овруполиклар ўзларининг энг қадимги дорулфунунларининг минг йиллигини ўтказмоқчи бўлишса, яна уч юз йил кутишлари керак.
Ўқиш ва ёзишни ўрганмаган Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида ўқиш ва ёзишни билмаган уммат Аллоҳ таолонинг “Ўқи!” деган хитоби ила бошланган исмида “ўқиш” маъноси акс этган охирги илоҳий китоб Қуръони Каримни дастур қилиб олган мусулмон уммати ўзидан олти юз йил аввал ўқиш ёзишни ва илмни ўрганган миллатга келган масийҳийликга амал қилувчи халқлардан қариб минг йил аввал дунёдаги биринчи университетни ташкил қилди.
Ислом олами билан Оврупо орасидаги илм борасидаги фарқни тушуниб етиш учун ғарблик илм соҳибларидан бирининг эътирофини эслаш кифоя. У мусулмон оламида ўша илм-фан гуллаб-яшнаган пайтда Оврупонинг ҳолини қуйидагича тасвирлайди:
«Тўққизинчи, ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи асрларда ғарбнинг 95 фоиз аҳолиси ўқиш-ёзишни мутлақо билмас эди. Оврупонинг подшоҳлари, амирлари ҳам ўқиш-ёзишни билмас эдилар. Машҳур подшоҳ Буюк Шарл қарилик чоғида ўқиш-ёзишни бир оз ўргангани ҳаммага маълум. Монастирлардаги роҳиблар ва диний ходимлар қўлларига қалам тутишни ҳам билмас эдилар».
(«Аллоҳнинг нури Оврупони ёритур», 393-бет.)
Мусулмонларнинг динлари ҳақидаги умумий маълумотларни жамловчи барча китобларида, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини жамлаган китобларида аввал   «Ислом ва Иймон» ҳамда «Ният ва Ихлос» китобларидан кейин «Илм китоби» келади. Бу эса, ўз навбатида Ислом дини илмга қанчалик эътибор беришини, иймон ва ихлосдан кейин илм ҳамма нарсадан устун туришини кўрсатади.
Ислом диничалик илмни улуғлаган дин, тузум ёки фалсафа йўқ. Ҳар бир шахсга илм талаб этишни фарз қилиш фақат Исломда бор, холос.
Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомга қўйилган. Ҳадиси шарифда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ҳақида кўплаб маълумотлар келган. Буларнинг ҳаммасини жамлаб, Исломнинг илмга бўлган муносабати ҳақида тасаввур ва шунга яраша аҳкомлар чиқарилган.
Мусулмонлар ўз ҳаётларида Қуръон ва Суннат таълимотларига амал қилиб яшаган пайтларида илм нурини бутун оламга тарқатганлар. Ёшу қари, эркагу аёл бешикдан то қабргача илм талаб қилиш ўзи учун фарз эканини тўла ҳис қилган ҳолда умр бўйи ўзини толиби илм ҳисоблаб яшаган.
Мусулмонлар ҳаммаси бутунича ислом шариати бўйича ҳаёт кечирган вақтда Ислом нуридан баҳраманд бўлган ҳар бир ўлкада илм-фан, маърифат ва маданият гуллаб-яшнаган. Илмнинг ҳар бир соҳасида оламшумул кашфиётлар қилинган, улкан уламолар етишиб чиққан.
Айрим душманлар аййуҳаннос солаётганидек, Ислом ҳеч қачон илмга қарши бўлмаган, балки жаҳолатга қарши бўлган. Агар баъзи бир кавний ва табиий илм уламолари тазйиққа учраган, азобланган ва ўлдирилган бўлса, бошқа дин вакиллари томонидан қилинган. Исломнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Овруподаги олимларни каниса ғазабига дучор бўлишларининг асосий сабаби ҳам уларнинг мусулмонлардан илм ўрганганлари бўлган. Ҳозирги Испания, Португалия ва уларга қўшни давлатларнинг баъзи ҳудудларида саккиз юз йилга яқин давр мабойнида Андалусия номли Ислом давлати ҳукм сурган. Бу давлатда илм-фан, маданият гуллаб-яшнаган. Мусулмонларнинг турли илмий ўқув юртларида бошқа динларга мансуб кишилар ҳам бемалол таълим олишган, илмий тажрибаларда иштирок этишган. Ўша пайтда илм нима эканини идрок этишдан йироқ бўлган Оврупо каниса раҳбарлигида «мушрик мусулмонларга» сотилган овруполикларни жазолашга бел боғлаган.
Ҳозирда бу ҳақиқат бузиб кўрсатилади. Мазкур жабрдийда овруполик олимлар худди осмондан илм ўрганиб тушганлару каниса уларни жазолашга киришгандек. Аслида ҳозирги илмий тараққиётнинг ҳар бир соҳаси аввалида мусулмон олимлари туришган. Бу ҳалигача одамлардан яшириб келинади.
Ислом илм дини эканини фақат жоҳилларгина инкор қилишлари мумкин.
Ким Исломнинг илмга муносабатини билмоқчи бўлса дин душманларининг бўҳтонларини бир тарафга йиғиштириб қўйсину Қуръони карим ва Ҳадиси шарифдан илмга тегишли оят ва ҳадисларни ўргансин.
Ким Исломнинг илмга муносабатини билмоқчи бўлса, тарихга назар солсин, Исломга амал қилинган пайтда ҳар бир мусулмон юртидан кўплаб алломалар чиққанига гувоҳ бўлсин, илм-фан, маданият мислсиз ривожланганини билиб олсин!
Ҳамма ўз динидан узоқлашган ҳозирги пайтда мусулмонларнинг тараққиётдан орқада қолгани ва бошқаларнинг илғор бўлиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Инсоф билан айтганда, дин маҳкам тутилганда мусулмонлар илғор, бошқалар қолоқ бўлган эди, диндан узоқлашганда мусулмонлар қолоқ, бошқалар илғор бўлди.
Демак, Исломнинг илмга муносабати, илмнинг фазли ҳақида баралла гапирадиган вақт етди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase