close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Фикр ва сўз эркинлиги ҳаққи

Фикр инсон ақлида бўладиган зеҳний амал бўлиб, уни ташқарига чиқариш, бошқаларга билдириш учун сўз ишлатилади. Ҳар бир инсон эркин равишда фикрлаш ва ўзи фикрлаган нарсани эркин равишда сўзлаш имконига эга бўлишини фикр ва сўз эркинлиги ҳаққи дейилади.

Фикр инсон ақлида бўладиган зеҳний амал бўлиб, уни ташқарига чиқариш, бошқаларга билдириш учун сўз ишлатилади. Ҳар бир инсон эркин равишда фикрлаш ва ўзи фикрлаган нарсани эркин равишда сўзлаш имконига эга бўлишини фикр ва сўз эркинлиги ҳаққи дейилади. Ушбу маънодаги фикр ва сўз эркинлиги ҳозирги вақтдаги барча инсон ҳуқуқлари васиқаларида ва давлатларнинг дастурларида битилгандир.
Ушбу масалани баёнидан олдин фикр ва сўз эркинлиги ҳаққи ва бошқа инсон ҳуқуқлари масаласида Исломий ва ҳозирги васиқалар орасидаги услуб жиҳатидан мавжуд фарқни англаб олмоғимиз керак.
Бундан ўн беш аср илгари дунёда қонунсизлик, бебошлик ҳукм суриб, ҳар ким хоҳлаганини қилиш авж олган эди. Бу вазиятни тўғрилаш ва йўлга солиш йўлида жорий қилинган Исломий кўрсатмаларда кўпроқ ман қилинган нарсалар айтилиб, шундан бошқасига рухсат қабилидаги услуб қўллаган. Чунки, одатда ман қилинган нарсалар оз бўлиб, қолган кўп нарсалар рухсатли бўлади.
Асримизда инсон ҳуқуқларини васиқаларини ишлаб чиқишга эса, асосан инсон ҳуқуқини чекловчи қонунлар кўпайиб кетгани сабаб бўлган. Шунинг учун бу ерда аксинча иш кўрилиб рухсат берилган нарсалар ҳам қонун қоидаларга, бошқаларнинг ҳаққини паймол қилишга ишлатилмаслиги зарурлиги таъкид ила қайд қилиб қўйилган.
Ислом фикрнинг асоси бўлган ақлни турли бидъат ва хурофотлардан озод қилди, инсонни борлиқ ҳақида, ундаги мавжудотлар ҳақида, ўзи ҳақида фикр юритишга, тааммул қилишга, ақл ишлатишга чақирди. Инсоннинг ақли туфайли бошқа жонзотлардан устун эканини, ақли бор инсонгина шарият аҳкомларига мукаллаф эканини баён қилди. Иймонга келиши учун ҳам ақлни ишлатиб, тафаккур қилиб ҳақиқатни топиш кераклигини баён қилди.
Ислом мўмин-мусулмон кишиларга фикр ва сўз эркинлиги берди. Шу билан бирга инсоннинг ҳамма қобилиятлари чегараланган каби унинг ақл ишлатиши ҳам чегараланганлигини ҳисобга олиб инсон ақли ва тафаккурига оид бўлмаган ишларни Аллоҳнинг Ўзи баён қилиб берди. Бу Аллоҳ томонидан бандаларга бўлган меҳрибонлик эди. Акс ҳолда, инсон ўз ақл доирасидан ташқари нарсаларга ақл ишлатишга уруниб, беҳуда овора бўлган, ақлини фойдали нарсага ишлатиш ўрнига бефойда нарсалар билан машғул қилган бўлар эди.
Мисол учун, Аллоҳ таолонинг зоти ва сифати ҳақидаги эътиқодни олайлик. Бу инсон илми даражасидан юқори масаладир. Бу инсоннинг маърифат ҳосил қилиш имкониятларига тобеъ бўлмайдиган, бўлиши мумкин ҳам эмас масаладир. Агар Аллоҳ таоло инсон кўзига кўринса, қўлига ушланса, Унинг овози инсонга эшитилса ва бошқа инсоний ўлчовларга тўғри келиб, макон ёки замон билан чегараланадиган бўлса, Аллоҳлиги қолмас эди. Инсон Аллоҳни У зотнинг олий қудратига далолат қилувчи махлуқотлари ҳақида ақл юритиб, тадаббур қилиб топади. Бундай ҳолатда эса, ҳар ким ақл даражасига қараб турлича тафаккур қилади. Табиийки, бундоқ йўл билан инсоният Аллоҳнинг зоти ва сифати ҳақида аниқ маълумот ҳосил қила олмайди, бир фикрга ҳам кела олмайди.
Шунинг учун ҳам, илоҳий бўлмаган, инсон фикрига асосланган сохта динларга Аллоҳ таоло тўғрисидаги эътиқод турлича, қуёшни, ойни, баъзи инсонларни, ҳайвонларни ёки ўз қўллари билан ясаб олган ҳайкалларни худо деювчилар ҳам бор. Баъзилар эса, ҳар бир ишга алоҳида худо қилиб ҳам олганлар. Яхшилик худоси, ёмонлик худоси, тижорот худоси, уруш худоси ва ҳакозолар.
Албатта, бундоқ ҳолат мақсадга мувофиқ эмас. Бунда инсон ўз ақл доирасидан ташқари нарсага, метофизик нарсага уриниб беҳуда овора бўлгани қолади, холос.
Аллоҳ таоло инсонга меҳрибонлик қилиб унга ўхшаган нарсаларни Ўз пайғамбарларига юборилган ваҳий орқали баён қилиб берган. Инсон ўзи беҳуда овора бўлмасдан, Аллоҳдан келган хабарни тушуниб олиб, унга эътиқод қилса бўлди. Ақлини эса ўз мажолида ишлатсин. Ана шунинг учун ҳам «ғайбиёт» деб номланган, инсонга нисбатан ғойиб бўлган нарсаларга қандоқ эътиқод қилиш кераклиги Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан баён қилиб берилган. Мусулмон киши ўша баёнга биноан эътиқодда бўлиши керак.
Инсон дин танлашда эркин, лекин Исломни танлагандан кейин, Аллоҳ ва пайғамбар томонидан кўрсатилган ақийдани қабул қилиши шарт. Мен мусулмонман, менда фикр эркинлиги бор, менимча Аллоҳ бир эмас, учта деса, мусулмонлиги қолмайди.
Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганлару, мен ҳам пайғамбарман, дейиш фикр ва сўз эркинлиги ҳисобланмайди. Балки фикрсизлик ва беҳаёлик ҳисобланади.
Ислом шарияти фарз қилган ибодатлар ҳақида ҳам худди шу маънони айтиш мумкин. Чунки, мазкур нарсаларда ҳам иш одамларнинг ўзига ташлаб қўйилса, дунё ҳозиргига ўхшаб оёқ ости бўлиб кетиши ҳеч гап эмас. Чунки, инсон ўзи зарарини кўриб, билиб турган нарсаларни ҳам ман қилувчи қонун чиқара олмайди. Шунинг учун, тараққиёт даъвосини қилаётган юртларда инсон зотига, инсон ақлига доғ бўлиб тушадиган қонунлар ҳам бор. Эркак кишининг эркак кишига уйланиши, зинокорлик, ароқхўрликка рухсат берувчи қонунлар бунга мисол бўла олади.
Шу боисдан ҳам, Исломга кириш ихтиёрий бўлса ҳам, ундаги мавжуд қатъий илоҳий фармонларни бажариш зарур. Бу нарсалар фикр ва сўз эркинлигига боғлиқ нарсалар эмас. Зотан ҳар-бир каттаю-кичик тузумнинг таомули шу. Шунинг учун мен мусулмонману, намоз ўқимаса бўлаверади, ароқ ичса бўлаверади, деган фикрдаман дейиш, фикр ва сўз эркинлиги эмас, кофирлик бўлади. Чунки, бу Аллоҳнинг қатъий амрини инкор қилишдир. Дунёдаги ҳеч бир ташкилот, фирқа, давлат фикр ва сўз эркинлиги даъвоси билан ўзининг ички қатъий ҳукмларини паймол қилинишига йўл қўймайди.
Ҳаттоки, бугунги кунда инсоният томонидан ишлаб чиқилган асосий ҳужжат, инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларасиясида ҳам бу маъно алоҳида 29-модда шаклида қайд қилиб қўйилиниб, ҳуқуқ ва эркинлик зинҳор ва зинҳор БМТнинг мафкураси ва мақсадларига қарши ишлатилиши мумкин эмаслиги ёзиб қўйилган.
Бу маънода батафсил гапирилишининг боиси, худди шу бобда Ислом динига нисбатан тушунмовчилик ҳукм сураётганидир. Мусулмонмас кишилар Исломда инсонга берилган кенг миқёсдаги фикр ва сўз эркинлиги ҳақида бир оғиз ҳам гапирилмаган ҳолда, Ислом томонидан инсон ўзи учун беҳуда фикр юритиши яхши эмаслигини баён қилувчи бандларни фикр ва сўз эркинлигини чегаралаш, демоқдалар.
Баъзи бир туғилганда мусулмонча исм қўйилгандан бошқа Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқлар эса, шариятда қатъий шаклда белгилаб қўйилган нарсани инкор қила туриб, куфр келтира туриб, яна мусулмонлик даъвосини қилмоқдалар.
Аслида эса, бу икки ҳолат ҳам нотўғридир. Исломда инсондаги фикр ва сўз эркинлиги инсоннинг ўзи учун фойда келтирадиган жойда ишлатилиши ундан талаб қилинган. Инсонга зарар келтирадиган жойларда эса ман қилинган. Ушбу маънонинг ҳужжат, далиллари ва воқеъликдаги мисолларини қуйида кўриб чиқамиз.
Исломда фикрлаш ибодат даражасига кўтарилгандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ақлини, фикрини ишлатмаганларни қаттиқ қоралайди.
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида: «Аллоҳнинг ҳузурида энг ёмон жонзот ақлни ишлатмайдиган кару соқовлардир»-дейди. (22 оят)
Яъни, ақлини тўғриликка ишлатиб, ўзича келган фикрини гапирмайдиган, бировнинг фикрини эшитмайдиганлардир, дегани. Бунга ўхшаш ақлни ишлатиш, эслаш, ёдга олиш, фикр юритиш зурурлиги ҳақидаги оятлар жуда ҳам кўп. «Тафаккур» моддасининг ўзи ўн тўққизта оятда таъкидлаб айтилган.
Назарий жиҳатдан Исломдаги фикр ва сўз эркинлиги, унинг ҳужжат ва далиллари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган. Бу маънода гапнинг чўзиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Аммо, Исломнинг бошқалардан фарқи шулки, унда мазкур назариялар, назария ҳолида қолиб кетмайди, балки ҳаётга татбиқ қилинади. Ҳозирги баъзи бир инсон ҳуқуқини поймол қилувчи тузумлар бу бобда олдин ёзилган васиқаларнинг энг яхши бандларини кўчириб ёзиб, бизнинг қонунларимиз дунёдаги энг одил қонун, дея жар солиб, яна инсон ҳақларини поймол қилаверишига ўхшаш нарса Исломда бўлмайди. Шунинг учун амалда бўлган нарсага мурожаат қилишимиз ўринли.
Исломда инсон фикрига боғлиқ бўлмаган нарсаларни шарият баён қилиб берганидан кейин, инсон фикрига боғлиқ нарсаларда фикр юритиш учун кенг йўл очиб берилган ва инсонларни ҳур ва соғлом фикр юритишга даъват қилинган? Бу нарсанинг самарасини Исломий мазҳабларнинг пайдо бўлиши ва давом этиб келишидан кўрамиз.
Аввал ақийда масаласида Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баёни асосида иш тутиш лозим эканлигини айтиб ўтган эдик. Лекин, бу ақийда масаласида фикр ишлатиш мумкин эмас, дегани эмас. Ақийданинг қатъий масалаларида фикр юритиб, ижтиҳод қилиш мумкин эмас. Аммо, қатъий бўлмаган масалаларида фикр юритиш жоиз. Шунинг учун ҳам, Исломда бир эмас бир нечта ақийдавий мазҳаблар бор. Бу мазҳабларнинг энг катталари Аҳли сунна ва жамоа ҳамда шийъа мазҳабларидир. Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг ичида ҳам турли оқимлар бўлиб, улардан энг машҳурлари ал-Мотурийдийия ва Ашъарийя оқимларидир. Ҳаммалари Ислом доирасида бўла туриб, фикр ва сўз эркинлигидан тўлиқ фойдаланиш оқибатида ўз фикр ва сўзларини ўтказганлар ва мазҳаб сифатида собит бўлиб қолганлар. Бу бугунги куннинг тили билан айтилганда кўпфикрликдир.
Исломда фиқҳий мазҳаблар фикр ва сўз эркинлигининг энг кўзга кўринган кенг майдонидир. Бу бобдаги фикр ва сўз эркинлигига Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даъват қилгандир.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга итоат қилинглар ва ўзингиздан бўлган иш бошиларга ҳам. Агар бир нарсада низоъ қиладиган бўлсангиз уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз. Ана шу яхши ва гўзал таъвийлдир»-деган.
Бу оятда замон ўтиши билан пайдо бўладиган янги масалаларни ижмоъ ва қиёс йўли билан ҳал қилишга амр бор. Бу эса, эркин фикр юритишга даъватдир. Шунингдек, Қуръон ва Ҳадисдан ҳукм чиқариш ҳам эркин фикр юритишнинг бир туридир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайқи васаллам буюк саҳобий Муоз ибн Жабални Яманга волий қилиб юборишдан олдин, у киши билан ўтказган суҳбатларида жумладан, агар ҳукмни Аллоҳнинг китобида ва Унинг Расулининг суннатида топмасанг нима қиласан?-деганларида, Муоз розияллоҳу анҳу, ўз раъйимни ишга соламан, бўшашмайман, деганлар. Шунда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ишига таҳсин айтганлар.
Қуръон ва Суннатда асосий мезонлар белгилаб берилиб, макон ва замон ўзгариши билан ўзгарадиган масалаларни ҳал қилиш мусулмонларнинг ўзига ҳавола қилинган. Шунинг учун ҳам, кўпчилик бу борада эркин фикр ила ижтиқод қилган. Уларнинг ичида энг кўп муваффақиятга эришганлари, фиқҳий мазҳаб имомлари бўлиб танилганлар.
Шу билан бирга бир фиқҳий мазҳаб ичида ҳам турли фикрлаш кенг миқёсда йўлга қўйилган. Мисол учун Ҳанафий мазҳабида баъзи масалаларда Имом Абу Ҳанийфанинг шогирдлари у кишининг фатволаридан бошқача фатво чиқарганлар ва шогирднинг фатвосига амал қилинган.
Лекин, фуқаҳоларнинг бу фикр эркинликлари зулм ва жавр ила баъзи кишилар томонидан ихтилоф, деб номланган.
Аслида бу иш ихтилоф эмас, кўпфикрликдир. Масалани ҳал қилишда афзал ва осон йўлни танлашга уринишдир. Айни пайтда бу кўпфикрлилик юксак одоб доирасида бир бирини ҳурмат қилган ҳолда йўлга қўйилган. Мунозара одоблари ишлаб чиқилган ва бу бобда китоблар ҳам битилган. Буларнинг ҳаммаси фикр ва сўз эркинлигининг самарасидир.
Исломда бировни ўз фикрига мажбурлаш бўлмаган. Тўрт фиқҳий мазҳабнинг соҳибларидан бирлари, Имом Моликка ҳалифа Жаъфар Мансур ва Ҳорун ар-Рашидлар бир неча бор кишиларни амр ила у кишининг мазҳабларига юритишни айтганларида у киши кўнмаганлар: «Бу жоиз эмас, ҳар бир қавмнинг ўз салафлари, имомлари бор, ҳаммаси ҳам тўғри ижтиҳод қилган», деган маънода гап айтганлар.
Кези келганда, шариятдаги фикр ишлатиб илмий изланишга ундовчи бир қоидани эслаб қўйишимиз лозим. Ислом шариятида, хато қилган мужтаҳидга бир савоб, тўғри топган мужтаҳидга икки савоб, деган қоида бор. Яъни, фикрим нотўғри чиқиб қолса нима қиламан, деган хавф бўлмаслиги керак. Нотўғри чиқса қабул бўлмайди? Аммо, уриниш тамоман беҳуда кетмайди. Савоб бўлади.
Мазкур фуқаҳолар ҳақидаги мисолни барча илмларга қиёс қилишимиз мумкин. Мусулмон уламолар, фақат қўлёзма ҳолатидагина китоб чиқариш мумкин бўлган бир даврда турли илмларга оид китоблар билан дунёни тўлдириб ташлаганлари Исломда фикр ва сўз эркинлигига далил бўлмаса нимага далил бўлар эди.
Халифа ва бошқа ҳокимларнинг саройларида турли мазҳаб ва дин вакиллари иштирокида мунозаралар ўтказиш оддий ҳол бўлган.
Мусулмонлар ўзга халқларнинг илмий меросларини ҳам ўз тилларига таржима қилиб ўрганганлар. Ҳозир баъзи бир асарлар ўзининг асл тилида бўлмаса ҳам, мусулмон халқлар тилидаги таржимаси сақланиб қолган. Чунки, Ислом оммасида уламоларни, китобларни гулханда куйдириш, уйидан тузумга ёқмаган китоб чиққан одамни отиб юбориш, сургун қилиш бўлмаган. Сензура ёки «адабий маслаҳат» ҳам бўлмаган. Ҳамма, одоб ахлоқ доирасида ўз фикрини тақдим қилган, мақбул бўлгани ривож топган, бўлмагани қолиб кетган.
Энди, ҳозирда Исломга таъна бўлиб тушаётган сиёсий фикр ва сўз эркинлиги ҳақида икки оғиз сўз. Дунёга донғи кетган халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу минбарда туриб: «Агар менинг хатомни кўрсангиз тўғриланг!-дедилар. Шунда бир одам, агар сенда хато топсак, мана бу билан тўғрилаб қўямиз, деди қиличини кўрсатиб. Умар розияллоҳу анҳу: Ушланг уни!-демадилар. Секин жасусларга ишора ҳам қилмадилар. Балки, Умарнинг одамлари ичида унинг хатосини қиличи билан тўғрилайдиган кимсалар қилиб қўйган, Аллоҳга хамд бўлсин, дедилар хурсанд бўлиб.
Яна бошқа бир куни, забардастлиги билан машҳур ўша халифа Умар розияллоҳу анҳу минбарда туриб:
«Мени тингланглар ва менга итоат қилинглар!»-деди.
Унинг гапи оғзидан чиқарчиқмас,
«Сени тинглаш ҳам йўқ, сенга итоат қилиш ҳам йўқ!-деди бир киши.
«Нима учун?»-деди Умар розияллоҳу анҳу.
«Нима учун иккита кийим кийиб олдинг? Биттаси ортиқча, уни қаердан олдинг?!»-деди ҳалиги одам.
Умар розияллоҳу анҳу ўз ўғилларига қараб:
«Эй Абдуллоҳ, жавоб бер энди!»-деди.
«Биродарлар! Отамнинг ўз кийими юпун бўлгани учун  Жумага мен ўз кийимини бериб турган эдим, деди у.
Шунда ҳалиги одам ҳазрати Умарга:
«Энди гапиравер, ҳам эшитамиз, ҳам итоат қиламиз»-деди.
Бунга ўхшаш мисоллар жуда ҳам кўп. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, фақат Исломгина фикр ва сўз эркинлигини қоилмақом этиб таъминлаши мумкинлигини тушуниб етамиз. Ҳа, инсонларнинг Роббиси, Ўз бандаларига, Ўз дини Ислом орқали берган фикр ва сўз эканлиги қоилмақом бўлмаса, нима ҳам қоилмақом бўлар эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Исломда инсон ҳуқуқлари" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase