close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Оломончилик кайфиятидан қутулайлик

Мазкур постимни ижтимоий тармоққа қўйишдан аввал жуда иккиландим. Чунки кейинги пайтларда тармоқда пайдо бўлаётган янги юлдузлар ҳатто тролларга ҳам иш қолдирмаяпти. Фикр айтган, ўз қарашларини ифода этган жамоатчилик вакилларини “қовун тушириш”да айблаш, унинг шахсиятини бадном қилишга уриниш ҳамда оломонга хуш келувчи иборалардан фойдаланиб, шоуменликни касб қилиши одат тусига кирди.

Тармоқ муҳокамалари нишонига айланган журналист Шерзод Қудратхўжаевнинг карантин даврида аҳолига истеъмол маҳсулотларини текинга эмас, балки арзонлаштирилган нархда берайлик мазмунидаги таклифи айрим дўстларимизнинг ғазабини оширганини қанча ўйласам ҳам тушуна олмадим. Биров “бундай қилсак, қандоқ бўларкин?” деса, дарров унинг ёқасига ёпишиш бизнинг кимлигимизни, даражамизнинг қандайлигини кўрсатади.
Менимча, Қудратхўжаев кишилар томонидан бериладиган хайрияларни текин тарқатайлик, дейдиган даражадаги оми эмас. Чунки хайрияларнинг эгалари бор — улар хоҳласа текин тарқатаверади. Бу ерда марказлашган, давлат аралашган, ва ҳар куни спекуляцияларга сабаб бўлаётган хайриялар ҳақида гап бормоқда. Бу хилдаги хайрияларни кўпгина давлатлар пул кўринишида, бошқа бир шаклларда амалга оширмоқда...
Менга қолса, 2 кило чириган картошка хайрияси билан бир бечорани суратга олиб, изза қилишдан кўра, Қозоғистон ҳукумати каби ночор қатламларга пул маблағлари йўналтирган маъқул эди. Шунда қамбағалларнинг ғурури, саховат талабларнинг риёси манзараси кўзга ташланмасди. Масалан, Фейсбукда шоир Алишер Назар (КАМБАҒАЛНИ ШАРМАНДА ҚИЛМА! 11 апреля в 13:30) бу масалада жуда яхши чиқиш қилди.
Аввал ҳам Қудратхўжаев билан боғлиқ шундай ҳодиса бўлган. Ўшанда Ўзбекистонда 40-50 йиллаб яшаётган ўрисларнинг ўзбек тилини билмаслигини, ҳатто ўрганишни ҳам истамаслигини айтган Қудратхўжаев балога қолганди. Юртимиздаги ўзбексимон ўрислардан тортиб, ўрис миллатчиларигача Қудратхўжаевга нафратини сочган. Ҳозиргача уни таъқиб қилади, масалани сиёсийлаштиришга уриниб, журналистни иложи бўлса ғажиб ташлашга ҳаракат қилишади.
Лекин масалага амалий қарайлик: мана бозорларда арзонлаштирилган маҳсулотлар бурчаги очилмоқдами — очилмоқда, давлат тилини мустаҳкамлаш борасида тетапоя қадамлар ташланмоқдами — ташланмоқда. Демак, Қудратхўжаев бу масалада биздан бироз олдинда, унинг фикрлари илғорроқ бўлгани учун жамоатчилик, ҳукумат қабул қилмоқда. Биз эса уни қўллаб-қувватлаш ўрнига ёқасига ёпишяпмиз.
Ўзи Қудратхўжаев масаласида ёзмоқчи эмасдим. Бугун бир дарди бедаво соч экиш бўйича реклама блокига ўзича Қудратхўжаевнинг сочини пайров қилмоқчи бўлиб, ўта бир бачкана нарса ёзибди. Фейсбукдаги янги юлдузлардан бири бачкана киноялар билан бир нималар дебди. Яна бир ютуб қаҳрамони бўлган шреклардан бири оломонга мурожаат қилиб, бир нималар деб ташлабди. Асаб бузилади. Бу сегментда фикр айтишга, таклифлар киритишга чўчиб қоласан.
Тоталитар ҳукуматларнинг зуғум машинаси қанчалик қўрқинчли бўлса, жоҳил оломоннинг нигоҳи ҳам шунчалик қўрқинчли. Буларнинг иккиси ҳам эндигина тетапоя қилаётган фикрни, мушоҳадани ўлдиради.

Абдураҳмон Ташанов

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase