close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сахийлик ва олийҳимматлик

Аллоҳ хоҳлаган бандаларига Ўз фазли ва марҳаматидан беҳисоб мол-дунё ато этади. Динимиз мусулмон кишининг Аллоҳ берган мол-дунёни бошқалардан қизғанмасдан Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишини истайди. Шунинг учун Ислом мусулмонларни саховатли ва қўли очиқ бўлишга тарғиб қилади:

Аллоҳ хоҳлаган бандаларига Ўз фазли ва марҳаматидан беҳисоб мол-дунё ато этади. Динимиз мусулмон кишининг Аллоҳ берган мол-дунёни бошқалардан қизғанмасдан Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишини истайди. Шунинг учун Ислом мусулмонларни саховатли ва қўли очиқ бўлишга тарғиб қилади:
«Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар» (Бақара сураси, 274-оят).
Шунингдек, ўз тасарруфидаги моли тугаб қолмаслиги учун тежамкор бўлиш, Аллоҳ фазли туфайли эришган бойлигига бошқаларни шерик қилиш ва қийналиб яшаётганларга ёрдам қўлини чўзиш ҳам шарт қилиб қўйилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: «Эй одам боласи, ўзингдан ортиб қолган молингни сарф қилсанг, ўзингга яхшидир. Агар сарф қилмасанг, ўзингга ёмондир. Агар етарли молинг бўлса, шикоят қилма. Сарфни оилангдан бошла. Бергувчи баланд қўл олгувчи паст қўлдан яхшироқдир».
Қуръони каримда ҳам мол-дунёсини исроф қилмай яқин қариндошлари ва мискинларга инфоқ қилиш буюрилади. Исрофгар кишилар ўзининг ҳавойи нафслари йўлида мол-дунёсини йўқ қилиб юборади:
«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди» (Ал-Исро сураси, 26-27-оятлар).
Муҳтож кимсаларга ёрдам беришдан уларнинг шаъни ва обрўсини сақлаш кўзда тутилади. Шунинг учун муҳгожларга ёрдам кўлини чўзиш, агар унга қодир бўлмаса, яхши гаплар билан юпатиб қўйиш буюрилган:
«Агар Сиз Раббингиз (томони)дан бўладиган марҳаматдан умидвор ҳолингизда улардан (қариндош, мискин ва йўловчилардан) юз ўгирадиган (ёрдам бермайдиган) бўлсангиз, у ҳолда уларга юмшоқ сўз айтинг!» (Ал-Исро сураси, 28-оят).
Динимиз мусулмонни сахий ва олийҳиммат бўлишга чақириб, бахил ва қурумсоқликни кескин рад этади: «Саховатли киши Аллоҳга, инсонларга ва жаннатга яқин, дўзахдан эса узоқ бўлади. Бахил киши Аллоҳдан, инсонлардан ва жаннатдан узоқ, дўзахга эса яқин бўлади. Саховатли жоҳил одам бахил обид одамдан Аллоҳга маҳбуброқдир». Мусулмонлар хотиржам ва тинч яшашлари учун кучлилар заифларга ҳамда бой-бадавлатлар камбағалларга меҳрибон ва ғамхўр бўлишлари керак. Модомики, жамиятда шундай тоифадаги инсонлар мавжуд экан, бу зарур нарсадир. Мол-дунёнинг кўп ёки оз бўлиши ақлга боғлиқ бўлганида эди, баъзи кишилар бой-бадавлат ва баъзилари эса кифоя қилгудек мол-дунёга эга бўлар эдилар. Лекин бундай бўлмади. Чунки бу Аллоҳнинг асло ўзгартириб бўлмас тақдиридир. Фақат ўзини ўйлаб, худбинга айланганларида ва бошқалар билан иши бўлмай яшаганларидагина бошларига бир мусибат дўнади. Аллоҳ эса имонлиларни синаб кўриш мақсадида ҳар хил тоифада бўлишларига қарамай, уларни аралаштириб юборган:
«(Эй Муҳаммад!) Сиздан илгари Биз юборган барча пайғамбарлар ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун синов қилиб қўйдик - (қани) сабр қила олурмисиз? Раббингиз эса кўриб турувчи зотдир» (Фурқон сураси, 20-оят).
Инсонлар бир-бирлари билан чамбарчас боғланиб, бойлари камбағалларини қўлласа, бу балодан қутулиб, нажот топишлари мумкин. Бу мақсад амалга ошиши учун динимиз қатъий қоидаларни белгилаб қўйган. Бу аввало жамиятда яхши амалларни қиладиган, бошқаларга ёрдам қўлини чўзадиган ва савобли ишларда бардавом кишиларнинг бор бўлишидир. Шундай олийжаноб шахслар туфайли ночор кишилар бахтли ва хотиржам яшайдилар. Натижада, улар бой-бадавлат одамларга нисбатан гина-адоватда бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳтаоло шундай марҳамат қилади:
«Эй сизлар! Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш учун чақирилмоқдасиз. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, фақат ўз зарарига бахиллик қилур. Аллоҳ Ғаний (бой), сизлар эса фақирдирсиз. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) бош тортсангиз, У (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўяр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар, (балки Аллоҳга итоат қилурлар)» (Муҳаммад сураси, 38-оят).
Динимиз мусулмонни инфоқ-эҳсонли ва олий-ҳиммат бўлишга чақириб, уни бахил ва қурумсоқ бўлишдан қайтаради. Камбағаллик киши учун катта мусибат, унинг ҳаётини издан чиқариб юбориши мумкин. Кийимлари абгор, танаси очиқ, пойабзали йўқлигидан товонлари ёрилган, қорни очлигидан бошқалар таомига қараётган кишига қараш нақадар оғир! Бундай ҳолни кўриб, унга жиддий эътибор бермаган кимса инсон ҳам эмас, мўмин ҳам эмас! Зотан, бани башар фарзандлари бир-бирларига биродар ва қавм-қариндошдир. Қашшоқлик қавм-қариндошлик ришталари узилишига сабаб бўлмаслиги керак. Шундай бахтсиз тоифага мансуб бўлиб қолмаслик учун Парвордигордан паноҳ сўраш имон тақозосидир.
Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом нохуш бир манзарани кўриб, қаттиқ ранжиб, дарҳол мусулмонларни тўпладилар ва уларга инсоннинг бошқа бир кишидаги ҳаққини ҳамда мусулмон киши Аллоҳ-дан ва охират кунидан қўрқиб яшаши кераклигини эслатиб қўйдилар. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Чошгоҳ пайтида Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларида эдик. Музар қабиласидан бир неча киши кийимлари йиртиқ ҳолда келиб қолди. Уларнинг ночорлигини кўриб, Расулуллоҳ алайҳиссалом хафа бўлдилар. Ҳужраларига кириб, Билолга азон айтишни буюрдилар. Азондан сўнг намоз ўқиб бўлишгач, Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар: «Эй одамлар, сизларни ягона нафсдан яратган Пар-вардигорингиздан қўрқинглар. У ягона нафсдан жуфтини яратди ва улардан жуда кўп эркак ва аёлларни тарқатди. Сизларни саволга тутадиган Зот - Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб тургувчи Зотдир. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар. Ҳар бир нафс эртаси учун нима қилаётганига бир қараб кўйсин. Ҳар бир киши ўзининг динори, дирҳами, кийими, буғдойи ва хурмоларидан садақа қилсин». Шунда ансорийлардан бир киши бир халтани аранг кўтариб келиб, Расулуллоҳнинг олдиларига кўйди. Одамлар унга эргашиб уйидаги нарсаларни олиб кела бошладилар. Овқатлар ва кийим уюлиб кетганидан Расулуллоҳ алайҳиссалом беҳад хурсанд бўлиб шундай дедилар: «Кимки Исломдаги бир чиройли амални биринчи бошлаб қилса, унга катта ажр-савоб бор ва ўзидан кейин ўша амални қилганларнинг ажр-савобича савоб ёзилади. Кимки Исломдаги бир ёмон амални биринчи бўлиб бошлаб қилса, у катта гуноҳга мустаҳиқ бўлиб, ўзидан кейин ўша амални қилганларнинг гуноҳларича гуноҳ ёзилади». Расулуллоҳнинг ушбу сўзлари мусулмонларни яхши амалларга ундаб, рахдо-шафқат ва бошқа чиройли амалларда мусобақа қилишга чорлаш бўлса, шу қаторда, кишиларни мушкул ахдолга солиб қўядиган аҳмоқона хурофотлардан ҳам қайтаради. Инсон фитратида мол-дунёга ҳирс ва уни тўплашга қизиқиш мавжуд. У мол-дунёни деб ер юзининг ҳамма жойида кезиб юради. Унинг худбинлиги беинтиҳо бўлиб, ҳаммадан ҳам кўпроқ ўзини ўйлайди. Инсон ер юзидаги жамики бойликка эга бўлса ҳам зиқна табиати инфоқ-эҳсон қилишга йўл қўймайди:
«(Эй Муҳаммад! Мушрикларга) айтинг: «Агар сизлар Раббимнинг раҳмат (ризқ) хазиналарига эга бўлсангиз, ўшанда ҳам (уни) ишлатишдан қўрқиб, мумсиклик (бахиллик) қилган бўлур эдингиз». (Чунки) инсон зоти хасис бўлур» (Ал-Исро сураси, 100-оят).
Ислом дини бундай одатни энг ёмон одат ҳисоб-лайди. Қалбда бахиллик ўрнига сахийликни жо айлаган киши икки дунё саодатига муяссар бўлади.
«Бас, тоқатингиз етганича Аллоҳга тақвода бўлингиз, (насиҳатга) қулоқ тутингиз ва итоат этингиз ҳамда эҳсон қилингиз, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқдир. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, айнан ўшалар нажот топувчидирлар» (Тағобун сураси, 16-оят).
Мискин ва бечораҳол кишилар ҳақлари бўлган мол-дунёни омборда сақловчи кимсалар ўзлари учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам катта хорлик ва шармандалик кутиб турганини билармикан? Бу мол-дунёлар заҳарлаш мақсадида кавакларида писиб ётган илонларга ўхшайди. Динимиз мол-дунё қиёмат кунида чиндан ҳам илонларга айланиб, ўз эгаларини қувлаб юришини баён этган: «Ўз ҳақлари адо этилмаган мол-дунё қиёмат куни илонга айланиб, ўз эгасининг олдига оғзини катта очиб келади. Эгаси ундан қочмоқчи бўлганида: «Ўзинг сақлаган молингни ол», деган нидо келади. «Менга керак эмас!», деб қичқирганида, илон ўз ўлжасини ямлаб ютиб юборгани каби ютиб юборади».
Динимиз мол-дунёга муҳаббат инсонни ҳалокатга дучор этишидан огоҳлантиради. Ҳолбуки, инсон бу дунёда нимага эга бўлиши ва оқибати нима билан тугаши ҳақида озгина фикр юритса, худбинликдан олийжанобликни, бахиллиқцан эса саховатни афзал кўрган бўларди. Банда бу дунёдан «молим, молим», дея ўтиб кетади, топган молидан ўзига фақат уч нарса қолади: еганидан тугатгани, кийганидан йиртгани, Аллоҳ йўлида бошқаларга бергани. Ундан бошқа ўринларда сарф қилгани, зое қилгани ва йўқотганидир». Ўзидан бошқаларга қолдириб кетадиган мол-дунё учун одамзод ўзини қийнаши жуда ғалати иш бўлиб туюлмайдими? Расулуллоҳ алайҳиссалом ана шу ҳақиқатни тўсиб турган пардани олиб ташлаб: «Сизларга нақд сармоя яхшими ёки насия сармоя яхшими?» деб сўраганлар. Саҳобалар: «Албатта, нақд сармоя яхши!» деб жавоб қилишганида, Расулуллоҳ: «Ишлатиб юборилган мол нақд сармоя, сафрлаш орқага сурилган мол насия сармоядир», дедилар.
Шариатимизда закот бериш фарз бўлганида Расулуллоҳ закот йиғувчиларни тайинлаб, закот берувчиларга бундай деб насиҳат қилганлар: «Ҳузурингизга закот йиғувчилар келса, уларни яхши кутиб олиб, сўраган нарсасини беринглар. Агар закотларни адолат билан олсалар, уларнинг фойдаси. Агар зулм қилиб олсалар, ўзларига зарар. Уларни иложи борича рози қилиб жўнатинглар. Чунки уларнинг сизлардан рози бўлиб қайтишлари закотни берганинглардир».
Бир киши Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, қандай садақанинг савоби кўпроқ?» дея савол берганида, у зот шундай жавоб қилганлар: «Ўзинг камбағалсан. Бой-бадавлат бўлишни орзу қиласан ва ночор ҳолдасан. Шунда жонинг ҳалқумингга келиб турган бўлса ҳам: «Бу фалончига, бу эса фалончига. Буниси эса фалончиники эди», деб садақа беришингда».
Мусулмон молини чин ихлос билан инфоқ-эҳсон қилса, у гуноҳларига каффорат бўлади. Бу тўғрида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
«Қайсики, (улар) Аллоҳ аҳдини, унинг битимидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер (юзи)да бузғунчилик қиладиган кимсалардир. Улар, албатта, зиён кўрувчилардир» (Бақара сураси, 27-оят).
«Агар сизлар Аллоҳга «қарзи ҳасана» берсангиз (муҳтожларга эҳсон қилсангиз), У сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва (гуноҳларингизни) мағфират қилур. Аллоҳ миннатдор (оз олиб, кўп берувчи) ва ҳалимдир. (У) яширин ва ошкора ишларни билувчи, Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир» (Тағобун сураси, 17-18-оятлар).
Мусулмон киши бирор гуноҳ ишни қилиб қўйса, у Парвардигоридан узоқлашади. Бундай ҳолатдан чиқиб кетиш ва Аллоҳнинг ризоси ва мағфиратига муяссар бўлиши учун ўзига азиз бўлган мол-дунёсини мискин ва фақирларга эҳсон қилиши лозим.
Абу Зарр Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилади: «Бани Исроилдан бир киши хилват бир ғорда Аллоҳга олтмиш йил ибодат қилади. Бунинг орасида Ер юзи гуллаб-яшнаб кетди. Роҳиб пастга қараб: «Агар пастга тушсам ҳам, Аллоҳни эслаб фақат яхши амалларгина қилган бўлар эдим», деб иккита нонни олиб пастга тушди. У йўлда бир аёлни учратиб, у билан гаплашди ва ниҳоят гуноҳга қўл урди. Ғусл қилаётиб кўлга тушди. Шунда бир девона келиб қолган эди, унга: «Иккита нонни олиб кетавер», деди. Кейин у роҳиб вафот этди. Унинг олтмиш йиллик ибодати билан бир марта қилган зино амали тарозида тортилганида зино амали оғир келди. Яхши амалларига иккита нонни эҳсон қилган амали қўшиб тортилганда эса яхши амаллари оғир келди. Шунда Аллоҳ таоло унинг гуноҳини мағфират қилди». Турли садақалар, ҳиба ва нафақалар берамиз. Инсон уларни бераётганида нияти қандай бўлганига қараб динга ихлоси маълум бўлади. Бахилликдан сақланиш қийин бўлганидек, Аллоҳ ҳақида ёмон фикрда бўлишдан ҳам сақлана олмайди. Ҳудди шундай саховатли бўлишда ва Аллоҳнинг фазли ва марҳаматига ишонишда ҳеч ким у билан мусобақа қила олмайди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: «Савоб ишларни қилиш ёмонликни қайтаради. Махфий ҳолда берилган садақа Аллоҳнинг ғазабини қайтаради. Қариндошлик ришталарини боғлаш умрни зиёда қилади. Бир ҳадиси шарифда: «Закот бериш билан мол-дунёнгизни асранглар! Садақа бериб, дардларингиз-га даво истанглар! Сизга келган балоларга Аллоҳга илтижо қилиш ва ёлбориш билан пешвоз чиқинглар!» дейилган. Садақа берилганда шайтон қийналиб, васвасалари кетиб, ҳийла-найранглари барбод бўлади. Шу боис шайтон садақа қилмоқчи бўлган киши қалбига ҳар хил васвасаларни солиб қўяди:
«... Аллоҳ (эса) сизларга Ўзидан мағфират ва фазл (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» (Бақара сураси, 268-оят).
Инсон маошини ўз эҳтиёжларига тақсимлаб, емоғи, ичмоғи ва дори-дармонига қилган сарф-харажати ҳисобини қила олади. Лекин Аллоҳ йўлида қилган инфоқ-эҳсони ҳисобини қила олмайди. Расулуллоҳ алайҳиссалом хонадонида бир қўйни сўйилганида Оиша онамиздан: «Қўйдан нимаси қолди?» деб сўрадилар. Оиша онамиз: «Бир елкаси қолди» деб жавоб қилганларида у зот: «Йўқ ундай эмас, қўлигина қолмабди», дедилар. Расулуллоҳнинг ушбу сўзлари Аллоҳтаолонинг куйидаги оятига ҳамоҳангдир:
«Сизларнинг ҳузурингиздаги нарсалар тугаб кетур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир» (Наҳл сураси, 96-оят).
Олийҳимматлик ва сахийлик мол-дунёни кўпайтириш йўлидир. Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишда молини аямаган кишининг қўли ҳар доим очиқ бўлади.
Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: «Қасамки, садақа берган одамнинг моли камайиб қолган эмас. Зулмга сабр қилган кишининг обрўсини Аллоҳ зиёда қилади. Бошқалардан у-бу нарса сўраган одамга Аллоҳ камбағаллик эшигини очиб қўяди». Савоб умидида қилинган инфоқ-эҳсонни Аллоҳ қарзи ҳасана, деб номлаган ва бундай қарзи ҳасанани Ўзи бир неча баробар ошириб қайтаради. Аллоҳ бандасини инфоқ-эҳсон қилишга даъват этиб, унинг инфоқ-эҳсони Аллоҳнинг бениҳоя битмас-туганмас хазиналарига етиш учун бир йўл эканини ҳам айтиб ўтган. Аллоҳ айтади:
«... Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир» (Сабаъ сураси, 39-оят).
Инфоқ-эҳсон қилувчиларни Аллоҳ кўриб туради, фаришталар унга салавотлар айтиб, Аллоҳдан мол-дунёларини зиёда этишини сўрайди. Аммо бахиллик туфайли молларини қизғанганлар фақат зарар кўрадилар. Улар мол-дунёлари билан абадий қолмайди ёки мол-дунё ўз эгалари билан абадий қолмайди. Чунки мол-дунё бошқалардан бизга, биздан эса яна бировларга кўчиб юрадиган нарса-ку! Ер юзидаги бутун мол-дунёга осмонлар ва ернинг вориси Аллоҳ эга ҳисобланади. Кишилар эса мол-дунёсиз, ялан-ғоч, аввал қандай яралган бўлса, худди шундай ҳолда Парвардигорига рўбарў бўлади ва қиёмат куни қизғанган нарсаларига ўралиб қолади. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ҳар куни эрталаб ер юзига икки фаришта тушади. Улардан бири: «Эй Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилгувчининг мол-дунёсини Ўзинг сақла», деб айтса, иккинчиси эса: «Эй Аллоҳ, бахилнинг молига талафот етказгин», дейди», деганлар. Ҳар бир банда болаларим қийналмай яшасин деган ниятда мол-дунё йиғишга аҳд қилади. Бу яхши ният. Мусулмон банда ўз болаларини бошқаларга муҳтож қилиб қўймаслиги керак. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Фар-зандларингиз - меросхўрларингизни камбағал-тиламчи ҳолда қолдирганингиздан, бой-бадавлат ҳолда қолдиришингиз яхшироқдир. Мусулмон фарзандлари келажагини қарз ва бошқалар ҳақи ҳисобига қурмаслиги керак».
Мусулмон киши фарзандлари ва мол-дунёларини деб бошқа неъматлардаги каби имтиҳон қилинаётгани динимизда очиқ-ошкора айтиб қўйилган. Агар мусулмон ўз амалларидан ғофил бўлса, қўлидаги барча неъматлар унинг учун катта бало, балки ашаддий душманга айланади. Бу Аллоҳнинг қуйидаги оятида нозил бўлган:
«Эй мўминлар! Албатта, хотинларингиз ва фарзандларингиздан сизлар учун душман (бўладиганлари) ҳам бордир. Бас, улардан эҳтиёт бўлингиз! Агар сизлар (уларни) афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир» (Тағобун сураси, 14-оят).
Фарзандларини бахил, қўрқоқ, нодон қилиб тар-биялаган одам ўзига зарар қилибди. Аксинча, уларга бошқаларнинг хақларини танитган одам нажот топибди. Инсон фарзандларини ўйлаб ха-сислик, бахиллик қилиш билан бой ёки камбағал бўлиб қолмайди. Шунингдек, қиёмат кунида эса ундан ҳеч қандай узр қабул қилинмайди. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтадилар: «Аллоҳ Қиёмат куни кўп мол-дунё ва фарзанд берган бандаларидан икки нафарини ўз хузурида чақириб, бирига айтади:
- Эй фалончи, сенга кўп мол-дунё ва фарзанд берган эдим. Тўғрими?
-Ҳа, тўғри!
- У мол-дунёларни нима қилдинг?
- Фарзандларимнинг қашшоқ бўлиб қолишидан қўрқиб уларга қолдирдим.
- Сен бунинг оқибатини аниқ билганингда оз кулар ва кўп йиғлар эдинг. Энди камбағалликни болаларингга бердим.
Кейин Аллоҳ иккинчи одамга айтади:
- Эй фалончи! Сенга ҳам кўп мол-дунё ва фарзандлар берганман. Тўғрими?
- Ҳа.тўғри!
- У мол-дунёларни нима қилдинг?
- Уларни Сенинг йўлингда инфоқ қилдим. Фарзандларим ризқини эса Ўзинг беришингга ишондим.
- Сен бунинг фойдасини аниқ билганингда кўп кулар ва оз йиғлар эдинг. Ишонганингни эса фарзандларингга бердим».
Ислом дини ҳар бир мусулмонга аввало ўзига, сўнгра оиласи, қариндошлари ва бошқаларга инфоқ қилишни буюради. Бу ишни у ҳаромдан сақланиб, камбағаллигини билдирмаган ҳолда амалга ошириши шарт. Бундан ташқари, исрофга йўл қўймай мақсадга эришса, янада маъқул. Мусулмон мана шу мақсадда мол-дунёга эга бўлмаса, у камбағал ҳисобланади. Бир киши товуқ тухумидек тиллани Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурига олиб келиб: «Буни қазилмадан топиб олдим. Шуни сизга бермоқчиман, ё Расулуллоҳ, бу садақа. Аммо бошқа нарсам йўқ», деганида Расулуллоҳ алайҳиссалом уни олишдан бош тортдилар. Шунда у ўнг томонидан, чап томонидан ва орт томонидан келиб берганида ҳам олмадилар.
Оила бошлиғи аҳли аёли ва фарзандлари ҳаққини адо этиши лозим. Уларни бошқа бирор нарсага муҳтож қилмай нафақасини бериш Ислом қоидаларидан ҳисобланади. Оиласидан ортганини бошқаларга бериши дуруст, чунки ота аввало оиласига эътибор берсин. Расулуллоҳ алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар: «Аллоҳ йўлида бир динорни ёки бир қулни озод қилишдан оилангга бир динорни садақа қилишлик савоби улуғроқдир». Яна бир ҳадисда: «Мусулмоннинг оиласига савоб умидида берган нафақаси садақа қаторида бўлади», дейилган.
Динимиз бу билан нафақалар ўз ўрнида сарфланишини белгилаб беради. Чунки оила жамиятнинг асосий устунларидан биридир. Шунинг учун умматга қараганда оилага эътибор қаратиш муҳим саналади. Мусулмон кишининг қариндошлари унинг ортиқча мол-дунёсидан фойдаланишга ҳақлидир. Расулуллоҳ алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар: «Эй умматим, Аллоҳга қасамки, садақага муҳтож қариндошлари бўла туриб, етти ёт бегонага берилган садақани Аллоҳ қабул қилмайди ва қиёмат куни унга раҳмат назари билан ҳам боқмайди».

Анвар қори Турсуновнинг
"Фазилатлар китоби" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase