Ҳар бир динда ўзига хос жиҳатлар мавжуд. Масалан, Ислом динида буюрилган ибодатларни мўмин-мусулмонлар бажаришни бурч ва ҳақ ҳисоблайди, бошқа диндагиларга унинг алоқаси йўқ. Аммо ахлоқий таълим билан боғлиқ амаллар ибодат амаллар қабилида эмас. Чунки ислом фақат мусулмонларга эмас, балки бутун инсониятга ўзидаги одоб ва фазилатларни намойиш этади. Яъни, мусулмон ёки бошқа дин вакили билан муомала қиладими, ким бўлишидан қатъи назар, фақат рост сўзлаши шарт. Нафақат рост сўзлаши, балки берган ваъдаси устидан чиқиши, мурувват изҳор этиши, иложи борича ёрдам бериши ва ҳоказо ўзидаги исломий одоб ва ахлоқни намойиш этиши керак бўлади. Қуръони карим бизларни яҳудий ва насоролар билан хусуматлашмасликка, шунингдек, динга ҳеч қандай фойдаси бўлмаган ишларда улар билан тортишмасликка чорлайди:
«(Эй мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар. Шунингдек, айтингиз: «Бизлар ўзимизга нозил қилинган (Қуръон)га ҳам, сизларга нозил қилинган (Таврот ва Инжил)га ҳам имон келтирганмиз. Бизларнинг илоҳимиз ва сизларнинг илоҳингиз бирдир ва бизлар Унгагина (имон ва итоат билан) бўйин сунувчимиз» (Анкабут сураси, 46-оят).
Мусо ва Исо алайҳимуссаломга эргашганларга хитобан Аллоҳ таоло шундай деб буюради:
«(Эй Муҳаммад), айтинг: «Бизнинг ҳам, сизнинг ҳам Парвардигорингиз бўлган Аллоҳ хусусида биз билан жанжаллашасизларми? Ҳолбуки, бизнинг қилган амалимиз ўзимиз учун, сизнинг қилган амалингиз ўзингиз учун-ку? Биз фақат Унгагина ихлос қўювчилармиз» (Бақара сураси, 139-оят).
Шу ўринда Пайғамбар алайҳиссалом даврларида бўлиб ўтган бир воқеани эслаш жоиз: «Расулуллоҳ бир яҳудийдан қарз олган бўлиб, у қарзини қистаб келди. Шунда Умар ибн Хаттоб бу қўполнинг адабини бериб қўйиш учун шартта қиличига қўл юборди. Расулуллоҳ Ҳазрат Умарни тинчлантириб: «Мен билан у ҳозир бошқа нарсага лойиқмиз, унга чиройли сўрашини ва менга қарзимни тезроқ беришимни айт», дедилар». Ислом мусулмонни кофир ва фожир билан бўлса ҳам адолатли ва инсоф билан муомала қилишга буюради. Расулуллоҳ бу борада шундай деганлар: «Агар мазлум фожир бўлса ҳам, унинг дуоси мустажобдир. Чунки унинг фожирлиги ўзигадир». «Агар мазлум фожир бўлса ҳам, унинг дуоси олдида ҳеч қандай тўсиқ йўқдир. Сен шубҳалантираётган нарсани ташлаб, шубҳалантирмайдиган нарсани маҳкам тут».
Мана шу ҳадисларга биноан марҳаматли динимиз мусулмонларни ҳатто Ислом душманларига ҳам ёмонлик қилишдан қайтарган. Бошқа диндаги кимсалар билан гўзал муомала қилишимизга Ҳазрат Умар ҳаётида бўлиб ўтган мана бу воқеа ёрқин далил бўла олади: бир куни ҳазрат Умар уйига келса, бир қўй сўйилган экан. У зот яҳудий қўшнимизга ҳам насиба бердиларингми, деб сўрайди. Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: «Жаброил биродарим менга чиройли қўшничилик қилишимни буюрар эди. Буни кўп айтганидан қўшним мендан мерос ҳам олармикан-а», деб ўйлаб қолардим», деганларини айтиб берди».
Шунингдек, Ислом дини мусулмонга ота-оналари кофир бўлса ҳам, уларга гўзал муносабатда бўлишга буюради. Чунки ислом динига кириш бу динни рўкач қилиб яқинларига жабр қилиш дегани эмас!
«Агар улар (яъни, ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да,) дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг Менга тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни, қиёмат кунида) қайтиш Менинг ҳузуримгадир, бас, сизларга (ўшанда) қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман» (Лук,мон сураси, 15-оят).
Ҳар бир мўмин-мусулмон бу йўл-йўриқ ва кўрсатмаларга риоя этиши керак. Ислом динига кўра, умматнинг борлиги ва унинг гуллаб-яшнаши бу умматда гўзал ахлоқ борлигига далолат қилади, ахлоқи йўқ умматни мавжуд ва узоқ яшайди, деб бўлмайди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ бир қавмга яхшиликни хоҳласа, у қавмнинг ишларини ҳаким кишиларга топшириб, мол-дунёларини саховатли кишилар қўлида қилиб қўяди. Шунингдек, Аллоҳ бир қавмга ёмонликни хоҳлаб қолса, уларнинг ишларини фаросатсиз кишиларга топшириб, мол-дунёларини бахил кишиларнинг қўлларига ўтказиб қўяди».
Анвар қори Турсуновнинг
"Фазилатлар китоби" китобидан