Кенгаш давлати
Яккаҳокимликка эга бўлишга имкон берадиган фикрлар поклиги, билимлар ва доноликни ўзида мужассам этадиган одам бўлмаса керак. Ислом давлати назариясига бағишланган ушбу туркумдаги аввалги мақолаларимизда ҳукумат муддатини чеклаш ва ҳукмдорни халқ вакилларидан иборат кенгаш томонидан сайланиши ҳақида гапирган эдик. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва солиҳ халифалар жуда яхши тушунардилар. Ислом давлати ҳокимиятни мерос орқали ўтказиш амалиётини рад этадиган ана шу тамойилга асосланади, чунки авлодлар ўз оталари ёки боболарининг фазилатлари ва хислатларига эга бўлиши шарт эмас.
"Исломий давлат" энг яхши демократия тарафдори, аммо "Ғарб" демократиясининг оддий нусхаси эмас. Халқ ўз ҳукмдорини танлаши, ҳукмдор эса уни сайлаган халқ вакилларидан иборат кенгаш олдида жавоб бериши демократияга мос келади. Ва бу кенгаш - аҳлу ҳалли ва ақд - халифани тўғри йўлдан адашган ёки насиҳатга қулоқ солишни тўхтатган, халқ иродасига қарши бир томонлама қарорлар қабул қилган бўлса, уни олиб ташлаш ваколатига эга.
Ислом давлати шу маънода демократияга мос келади-ки, ҳар бир фуқаро ҳукмдорга насиҳат қилиш, уни гуноҳи учун қоралаш ёки яхшиликка чақириш ҳуқуқига эга. Демократиянинг ғарбий шаклининг камчиликлари кўп ва биринчи навбатда, бу демократияда уни чеклайдиган асос йўқ. Бундай давлатдаги парламент қадр-қимматни қораловчи, иллатни маъқуллайдиган, рухсат этилган нарсани тақиқловчи, тақиқланган нарсага рухсат берувчи ёки адолатсизликни қонунийлаштирадиган ва ҳоказоларни қабул қиладиган ҳар қандай қонунни қабул қилиши мумкин.
Назарий жиҳатдан Ғарб демократияси ҳамма нарсани, ҳатто демократиянинг ўзини ҳам бекор қилиши мумкин. Ғарб демократиясининг барча мамлакатларида ўз манфаатларини лобби қилиш, оммавий ахборот воситаларига, сиёсатчиларга таъсир ўтказиш ва парламентда зарур қонунларни илгари суриш учун етарли таъсир ва ресурсларга эга бўлган ошкора ва яширин кучлар мавжуд. Назарий жиҳатдан, демократия - бу халқни, халқ устидан, халқ учун бошқариш, аммо амалиёт бундан узоқдир. Парламент аъзолари халққа эмас, уларнинг ортида турган нуфузли доиралар манфаатига хизмат қилади.
Ғарб демократиясининг замонавий воқелиги - бу энг яхшиларнинг эмас, балки реклама ва сайловолди ташвиқоти учун кўпроқ имкониятларга эга бўлганларнинг сайловлардаги ғалабасидир. Ислом давлатида кенгаш ахлоқий ва мафкуравий омиллар билан чегараланган. У ўз қарорларида ислом таълимотлари, диний ахлоқ ва аниқ қонунларга амал қилади. Аллоҳ парламентдан, ҳукуматдан, президентдан устундир - булар дабдабали шиорлар эмас, балки давлатни бошқаришда аниқ кўрсатмалардир.
Қуръон инсонга сайловчи бўлиш ҳуқуқини берадиган умумий шартларни белгилайди: адолат ва керак бўлганда танлов қилиш бурчи. Номзод Қуръонда кўрсатилган умумий фазилатларга эга бўлиши керак. Юсуф алайҳиссалом «мен муҳофаза қилувчи ва ўта билувчиман» деб (Юсуф, 55) ўз номзодини илгари сурди. Мусо алайҳиссаломга ишга таклиф қилинган, чунки «ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир» (Қосос, 26). Толутни «Аллоҳнинг Ўзи танлади ва илмда, жисмда кенглигини зиёда қилди» (Бақара, 247).
Ислом инсон учун тушунарсиз бўлган нарсада - унинг ўзгармас пойдевори, яъни Қуръон ва саҳиҳ Суннат билан Ғарб демократиясидан устун туради. Агар ўнлаб Ғарб демократик давлатлари улар қабул қилган қонунлар ўз фуқароларининг иродасини ифодалайди, деб даъво қилса, Ислом давлати қонунлари шариат иродасини ифодалайди, деб даъво қилади ва шунинг учун агар бу шариат тамойилларига зид бўлса янги парламент ҳам, янги ҳукумат ҳам қонунларни ўзгартира олмайди.
Йиғимлар эмас, мураббийлик давлати
Мусулмон давлати йиғимлар давлати эмас, балки мураббийлик давлатидир. Унинг вазифаси дунёнинг қолган қисмини ҳақиқатга йўналтиришдир. Исломнинг саховатини, раҳм-шафқатини ва адолатини одамлар яшайдиган жойда ёйиши шарт. Исломий давлат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида мавжуд бўлмаган кўплаб воситалар ёрдамида ислом даъватини дунёнинг исталган нуқтасига етказиши мумкин. У ислом номидан бутун дунёга гапириши ва мурожаат қилиши керак.
Мусулмонлар қўшинлари Хайбар деворлари остида турганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толибга шаҳар раҳбарларига мурожаат қилишни буюрдилар. Али уларга деди: "Исломни қабул қилинглар, биз сизларни шаҳрингизда яшашингизга қолдирамиз, уни аввалгидек бошқаринг, барча бойликларингизни, ерларингизни ва қалъаларингизни сизларга қолдирамиз. Сизлар бизнинг биродарларимиз бўласизлар, ҳамма нарсада бизга тенг бўласизлар".
Бу мурожаатда нима муҳим? Муҳими, мусулмонлар қўшини Маккадан қочганларида бор нарсаларини йўқотган камбағал муҳожирлардан иборат эди. Улар, ҳеч ким каби, бой Хайбарнинг ўлжалари ва олтинларига муҳтож эдилар, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг асосий мақсадини эслатиб ўтдилар: бу бойлик ёки дунё устидан ҳукмронлик қилиш эмас, балки одамларнинг ҳидояти ва оловдан нажотдир.
Ислом давлати учун асосий ғамхўрлик - халқнинг ҳидоятидир. Акс ҳолда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан четга чиқади, ўтмишда кўп мусулмон давлатлари билан содир бўлган нарсалар унинг бошига тушади – заифлашиб, вайрон бўлди.
Ожиз ва ҳимоясизлар давлати
Ислом давлати, шариат таърифига кўра, кучлилар манфаатини эмас, кучсизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи давлатдир. У нафақат бойнинг муҳтожларга закот бериш фарзлигини ўргатади, балки закот йиғади ва зиқналарни ҳам закот беришга мажбур қилади. Шунингдек, давлат бошқа манбалардан тушаётган маблағларнинг бир қисмини аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам бериш учун сарфлаши шарт.
Қуръонда айтиладики: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳ ҳамда «Роббимиз, бизни ушбу аҳолиси золим шаҳардан чиқаргин, бизга Ўз томонингдан валий ато қилгин ва Ўз томонингдан ёрдамчи бергин», – деяётган хўрланган эркагу аёл ва болалар йўлида жанг қилмайсизлар?!» (Нисо, 75)
Ислом васий ва ҳомийларидан маҳрум етимларга ғамхўрлик қилади. Ислом давлатининг вазифаси кам таъминланган ва ҳимояланмаган фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатлашдир. Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида етим ва беваларни парваришлаш нафақат оддий мусулмонлар, балки давлат зиммасига юкланган. Худди шу тарзда давлат мусулмон бўлмаган ва динсизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида ҳам қайғуриши керак. Баъзи уламолар ҳатто Ислом давлатида динсиз кишига зулм қилиш мусулмонга нисбатан зулмдан кўра каттароқ гуноҳдир, чунки динсиз одамнинг ўзини ҳимоя қилиш имконияти камроқ эканлигини таъкидлайдилар.
Ҳуқуқ ва эркинликлар давлати
Ислом давлати ўз фуқароларини тўлақонли инсон ҳаёти учун зарур бўлган барча нарсалар билан таъминлашга, яъни жамоат тартибини сақлашга, зарур қонунларни қабул қилишга, ташкил этиш ва бошқаришга мажбурдир. Асосий мақсадлар - аҳолини ҳаёт ва фуқаролар хавфсизлиги учун зарур бўлган барча нарсалар билан таъминлашдир. Аллоҳ таоло Қуръонда ҳаётнинг мана шу икки ижтимоий асосига ишора қилади: «У уларни очликдан тўқ қилган, хавфдан омон қилгандир» (Қурайш,4).
Ҳуқуқ ва эркинликлар бугунги кунда халқ улуғлаётган асосий қадриятлардан биридир. Уларни француз ва америка инқилобларининг ютуқлари деб ҳисоблаш урф бўлган, аммо бу ҳақиқат эмас. Диний эркинликлар Исломнинг "ихтироси"дир. Ислом дини эътиқодга мажбурлашни тақиқлаб, дин эркинлигини ўрнатди. Ислом дини мажбурий эътиқоддан фойда йўқлигини айтади.
Ислом нафақат сўз еркинлигини берди, балки зарурат туғилганда гапиришга ҳам мажбур қилди: ҳақиқатни сукут сақлаган ёлғон гапирганга ўхшайди. Исломда сўз эркинлигининг асосли чекловлари ҳам шубҳасиздир: ёлғон, туҳмат, ҳақоратли сўзлар, ахлоқсизликни қўзғатиш ва жиноятлар тақиқланади, чунки буларнинг барчаси бошқа одамларнинг ҳуқуқларини бузади. Фикр эркинлиги ва илмий изланишлар Қуръонда мустаҳкамланган.
Қолаверса, Қуръон бизга ҳақиқатни излашда фикр юритишни, коинотни ўрганишни ва нотўғри ва исботланмаган даъволар, андаза фикрлар, афсоналар ва кўр-кўрона тақлидни рад этишни буюради. Бу диний илмларга ҳам, дунёвий илмларга ҳам тегишли. Ислом давлатида илк даврданоқ ислом ҳуқуқининг ўнлаб мактаблари, Қуръон тафсири, турли диний-фалсафий оқимлар пайдо бўлди.
Принциплар ва ахлоқ давлати
Ислом давлати ҳамма нарсада: ўз чегаралари ичида ва ташқарисида, дўстлари ва душманлари билан аниқ тамойиллар ва ахлоққа амал қилади. У ахлоқсиз ва принципсиз воситалар орқали эзгу мақсадларга эришишга имкон бермайди. Ислом давлатида масжид қуриш учун судхўрлик билан пул топиш тақиқланган, камбағалларга ёрдам бериш учун фоҳишалик билан шуғулланиш тақиқланган. Яхшиликни ёвузлик ёрдамида яратиб бўлмайди. Бу эзгу мақсад ва соф воситаларга ишонадиган ва Макиавелли фалсафасини рад этадиган давлат.
Ислом давлати ҳамма учун ва ҳар доим адолатли бўлиши керак: оқ ва қора танлиларга, ўз фуқароларига ва бегоналарга, ҳатто душманлар ва номатлубларга ҳам. «Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-она ва қариндошлар зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга буларга яқинроқдир. Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг...» (Нисо, 135).
Ислом мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар билан зино қилишни, мусулмон ва мусулмон бўлмаганлардан ўғирлашни, мусулмон ва мусулмон бўлмаганларни ўлдиришни тақиқлаган. Ислом бизни дўстимиз ва душманимиз, мусулмон ва мусулмон бўлмаганлар билан тузилган шартномага риоя қилишга мажбур қилади. Ҳатто урушда душманларга бўлган муносабат ҳам адолат чегарасидан ташқарига чиқмаслиги керак.
Маълумки, Расулуллоҳ уруш пайтида аёллар, қариялар, болалар ва руҳонийларни ўлдиришни тақиқлаган, агар улар ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаса. Шунингдек, у хиёнаткор бўлишни, маҳбусларни масхара қилишни ва душманларнинг жасадларини масхара қилишни тақиқлаган. «Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг ва тажовузкорлик қилманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкорларни севмас» (Бақара, 190). Булар ислом давлатининг умумий хусусиятлари. Ушбу шарҳ ислом давлати қандай бўлиши кераклиги ва қандай бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун етарли.
Манба: «Арраид» газетаси, №2(183), 2015 йил
Абу Муслим тайёрлади