Америкада исломофобия касаллиги билан касалланган, ҳақиқатдан бехабар бўлган омма, мусулмонлар тарафидан қилинган ҳар бир ишни терроризмга, бузғунчиликка ва қотилликка йўйиш одат бўлиб қолганини биламиз. Яқинда АҚШда шундай воқеалардан яна бири содир бўлди. 14 ёшли Аҳмад исмли фанга қизиққан бир бола уйида соатнинг янгича механизмини ишлаб чиқиб, ўқитувчисига кўратиш учун мактабга олиб боради. Мактаб ўқитувчиси эса, Аҳмадни мақташ ўрнига, уни синфга қўлбола бомба олиб келганликда айблаб, ёш ихтирочини полицияга топширди (мусулмон боладан бошқа нимани ҳам кутса бўлади, ахир?!).
Бу воқеадан хабар топган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўқитувчи ва мактаб маъмуриятининг адолатсизликда ва исломофобия билан чалинганликда айблаб, дарҳол “IStandWithAhmed” хештеги орқали ўз фикрларини изҳор эта бошладилар. Воқеа ривожланиб, хатто, Оқ Уйга ҳам етиб борди. Ўша вақтдаги АҚШ президенти Барак Обама, болакайнинг кашфиётини мақтаб, уни Оқ уйга таклиф этди.
Бошқалар ҳам қараб турмади... Массачусетс Технология Институти, Фейсбук, Твиттер ва Гугл каби технология соҳаси қироллари ҳам, мусулмонлиги сабабидан бомба ишлаб чиққанликда шубҳаланган ушбу ихтирочини ўз сафига қўшиш учун талашиб қолдилар.
“Салом @IStandWithAhmed, биз @twitter дагилар ҳам кашфиётларни севамиз. Бизда малака оширишни истамайсанми?”, деб хабар тарқалди Твиттернинг расмий саҳифасидан.
“Салом Аҳмад – биз бу хафта охиридаги Гугл Фан Кўргазмасида сен учун жой атаб қўйдик, келасанми? Соатингни унутма!” – деди Гугл расмийлари
Фейсбукнинг отаси Марк Цукерберг эса: “Бирор нарса ихтиро қилиш учун малака ва иштиёққа эга бўлиш олқишга сазовордир, ҳибсга эмас. Келажак Аҳмадга ўхшаганларнинг қўлида. Аҳмад, агар Фейсбукка келадиган бўлсанг, сени кўришдан мамнун бўламан. Ихтироларда давом эт”, деди.
Буни қаранг унинг мусулмонлиги аввалига унинг зиддига таъсир қилгандек бўлди. Ўқитувчилари уни террористларга қиёслади, полиция тарафидан ҳибсга олинди. Ҳа болакайнинг кўнгли чўкди, ихтиро ўзига бало олиб келди, деб умид шамчироғи ўча бошлаганда, воқеалар аксига ривож олиб, қуёш ҳеч ким кутмаган тарафдан чарақлади. Унинг ихтиросини ўзи ўйлаганидек ўқитувчиси эмас, ундан бошқа ҳар ким, бутун дунё мақтади. У ҳатто технология соҳаси қиролларининг ҳам эътиборини тортди.
Ҳа мўминнинг иши қизиқ... Унинг ҳар бир иши хайрлидир. Бу нарса фақат мўминга хосдир. Агар унга хурсандчилик етса, бунга шукр қилади. Бу унинг учун яхшидир. Агар унга бирон мусибат етса, унга сабр қилади. Бу ҳам унинг учун яхшидир.
“Оғизлари билан Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини тугал этгувчидир”. Саф сураси, 8-оят.
Мўминнинг иши қизиқ
“Мўминнинг иши қизиқ. Унинг ҳар бир иши хайрлидир. Бу нарса фақат мўминга хосдир. Агар унга хурсандчилик етса, бунга шукр қилади. Бу унинг учун яхшидир. Агар унга бирон мусибат етса, унга сабр қилади. Бу ҳам унинг учун яхшидир” (Имом Муслим ривояти).
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Жамият
|
Калит сўзлар