Ислом дини мусулмондан энг аввало Аллоҳ таолога чин иймон келтиришни, У Зот билан мустаҳкам алоқада бўлишни, Уни доимо зикр этишни, Унга таваккул қилишни, Ундан ҳар ишда мадад сўрашни, қанчалик куч сарфламасин ва ҳар турли сабабларга бош урмасин, ич-ичидан ўзини Аллоҳ азза ва жалланинг куч-қуввати, мадад-ёрдамига муҳтож эканини ҳис қилишни талаб қилади. Қалби уйғоқ, онги очиқ, Аллоҳнинг коинотдаги гўзал санъатига эътибор қилувчи, У Зотнинг кўринмас, лекин шу билан бирга, олий бўлган Қўли коинот ва бутун инсоният ишларини ҳаракатга солувчи эканлигига ишонган инсон - ҳақиқий, ростгўй мусулмондир. Шу сабабли у Аллоҳни мудом зикр қилади, ҳаёт жабҳаларининг ҳар тарафида, коинотнинг барча манзараларида У Зотнинг Қудрати чексиз эканлигини кўради ва Унга бўлган иймони, Уни зикр этиши, Унга таваккул қилиши яна ҳам зиёдалашади:
“Албатта, осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун (бир Яратгувчи ва Бошқариб тургув-чи Зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар бордир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): “Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг Йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) Поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил!” (Ол-и Имрон сураси, 190 - 191-оят).
Мухаммад Али Ҳошимийнинг
Мусулмон ахлоқи китобидан
Заҳириддин Мансурнинг таржимаси