Қуйида валийлик мақоми қандай ҳосил бўлиши борасида Фақир Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратларининг «То ба манзил сирф девона расид» — «Валийлик йўли қадам ба қадам» номли китобларидан бир қанча кўрсатмалар келтирилади:
1. Доимо таҳоратли ҳолда бўл! Токи, нафл намоз, Қуръон тиловати ва бошқа амалларни бажариш осон бўлсин. Ажал етса таҳоратли ҳолатингда етсин!
2. Суннат дуоларни ўз вақтида ўқиб юришга ҳаракат қил!
3. Кундалик уй ишларингни (ейиш-ичиш, ухлаш, кийим кийиш, ҳолога кириш ва бошқа ишларни) суннатга мувофиқ ҳолда бажар!
4. Фарз намозларга эътиборли бўл! Намоз учун масжидга эртароқ чиқ ва кечроқ қайт!
5. Ишроқ, зуҳо, аввобийн ва таҳажжуд нафл намозларини ўқиб юришга одатлан!
6. Маъмулот (зикр, Қуръон тиловати ва муроқаба)ни тарк қилиб қўйма!
7. Аллоҳ Таолога муҳаббатингни, ишқингни чин дилдан изҳор қил! Унга ҳамду-санолар айт!
8. Азон овозига тезда эътибор қарат ва азонга жавоб қайтар!
9. Тилингни «Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу Акбар» зикрига одатлантир!
10. Қуввати етганлар ҳар ойнинг 13-14-15-кунги нафл рўзаси ва душанба, пайшанба нафл рўзаларини тутишга одатлансин!
11. Оз е! Кўп емоқликдан парҳез қил. Кам ейишда саломатлик бор ва шаҳват ҳам пасаяди. Кўп ейишдан сустлик пайдо бўлади.
12. Турли пайтларда ўқиладиган сураларни ўқишга одатлан! Масалан, бомдод намозидан кейин «Ёсин» сураси, пешин намозидан сўнг «Иннаа фатаҳнаа» сураси, аср намозидан кейин «Амма» сурасини, шом намозидан сўнг «Воқиа» сурасини ва хуфтон намозидан кейин эса «Таборак», «Алиф лаам миим сажда» ва «Духон» сураларини ўқиб юр!
13. Шодлик пайтида шукр қил, ғам-мусибат етганда сабр қил!
14. Ҳеч кимнинг дилини оғритма! Кимсага озор етказмасликни ният қил!
15. Бошқаларнинг сенга нисбатан қилган хатолари, ёмонликларини чин дилдан тезда кечириб юбор!
16. Номаҳрамдан нигоҳингни тий!
17. Иккинчи хотинга уйланиш ниятини қалбингдан чиқариб ташла! Чунки шайтон бу сабабли қалбга бадназарлик одатини солиб қўяди.
18. Интернет ва телефонни заруратдан ортиқча ишлатма!
19. Яхши ва ёмон тақдирга рози бўл!
20. Ота-она, устозлар, ёши катталарнинг, ҳамда, оилангдагилар хизматини қилиб, уларнинг дуоларини ол!
21. Ҳаж ва умрага бориб келган ҳожиларга муҳаббат ва шодлик назари билан боқ. Улардан ҳаққингга дуо қилишларини сўра!
Абдулвоҳид Иброҳим таржимаси