close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳақиқий эркаклар

Кўпчилик мардлик барча мусулмонларга хос хислат деб ҳисоблайди. Бу ерда гап жинсий мансублик ҳақида эмас, албатта. Мардликнинг акси ишончсиз ва масъулиятсизликдир. Баъзи ҳолатларда ёш бола ҳам ҳақиқий эркакдек ўзини тутиши мумкин.
Қуръони Каримда рожул (эркак) сўзи зикр қилинган барча оятларни зикр қилиб ўтмоқчимиз. У ерда эркак деб қуйидаги бешта  хислатларга эга одамлар айтилган.

У бутун қалби билан масжидга боғланган ва пок одамдир
Қуръони Каримда: “Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир (Тавба сураси, 108).
Мусулмонлар масжидга келиб, таҳорат қилиб покланганларига савоб оладилар: Аллоҳ таоло  бу учун уларни севади. Бундан ташқари, бундай эркакларни масжиддан бошқа ҳеч жойда топа олмайсан. Садоқат ва мардлик не эканини унутган жамиятларда ҳам маънавият устунлари шундай эркакларга суянади, шулар боис маънавиятнинг тириклиги таъминланади.

Улар Аллоҳ таолони доим зикр қилади ва намозларини ўз вақтида адо қиладилар
Ояти каримда: “(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтурлар; Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар (Нур сураси, 36-37).
Яъни, ҳақиқий эркаклар масжидда бўладилар. Бу дунё ва унинг ташвишлари уларни Аллоҳнинг зикридан чалғита олмайди. Улар дунёдаги барча нарсалардан Аллоҳ таоло буюк эканини яхши биладилар. Унга итоатни афзал билиб, Уни рози қиладиган ишларни қилишга шошадилар.
“...Ана ўша инсонларнинг сифатларидан бири Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этиш–тасбеҳ айтиш бўлса, яна бир сифати тижоратга ҳам, олди-сотдига ҳам машғул бўлмасдан, Аллоҳни зикр этишларидир. Яъни, иш вақтда ҳам Аллоҳни унутмайдилар. Тижорат ва олди-сотди билан машғул бўлиб, намозни, хусусан жамоат намозини қолдирмайдилар. Менинг ўзим тижорат қилиб, зўрға маблағ  топдим-ку, деб закот беришдан ҳам қочмайдилар...” (“Тафсири Ҳилол”дан)

Улар ҳидоят йўлидадирлар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркакларнинг яна бир сифатини зикр қилади: “Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибди. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар” (Аҳзоб сураси, 23).
Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ таолога берган ваъдаларига ўлгунча содиқ қоладилар. Афсус, бугун мусулмонлар Ҳаққа бўлган содиқлик сифатини йўқотгандек. Улар Аллоҳ таоло кўрсатган тўғри йўлдан адашиб, Унинг розилигини топиш мумкин бўлган имкониятларни қўлдан бой берди.

Улар пайғамбарларни ҳимоя қилади
Ҳақиқий эрларнинг сифатларидан бири, улар доим, тинмасдан Аллоҳ таолонинг элчилари ҳамда Аллоҳ таолога холис ибодат қилишга даъват қилаётганларни қўллаб-қувватлайди, ҳимоя қилади. Бу иши учун ажр-ҳақ ёки қандайдир моддий нарса сўрамайди. Қуръони Каримда: “Шаҳар четидан бир киши шошилиб келиб: «Эй қавмим, юборилган Пайғамбарларга эргашинг! Сиздан ажр-ҳақ сўрамайдиган, ўзлари ҳидоятда бўлган шахсларга эргашинг!” (Йасин, 20-21).
Ҳақиқий эркак Аллоҳ таолонинг элчиларига холис ёрдам бериши керак. У одамларга даъватни қабул қилиши ва даъват йўлига тўсқинлик қилмаслиги бўйича насиҳатлар қилади. Ҳар қандай эркак пайғамбарни ҳимоя қилишга тайёр туриши керак. Бу масалада макон ва замоннинг эътибори йўқ.

Улар мўминлар қийналган вақтда ёрдам берадилар
Қуръони карим зикр килган ҳақиқий эркакнинг яна бир сифати – мўминларни Аллоҳ учун қўллаб-қувватлаш. Ояти каримда Мусо алайҳиссаломни ўлдирмоқ учун тузилган режани Мусо алайҳиссаломга келиб огоҳлантирган одам ҳақида зикр қилинган. “Ва шаҳарнинг нариги четидан бир киши шошиб келиб: «Эй Мусо, аниқки, аъёнлар сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, чиқиб кет! Албатта, мен сенга насиҳат қилгувчиларданман», деди.” (Қасас сураси, 20).
Бу мард одам пайғамбарни ўлдиришга қасд қилганлардан олдин шошиб аввал етиб келади. Агар у кечикканида Мусо алайҳиссаломни қўлга олганида у ҳам  ўлиб кетиши мумкин эди. Ҳар қайсимиз ўзимиздан: “Мен ҳам шу каби иш тутармидим? Қўлга тушишим ёки ўлдиришим мумкин бўлган ҳолда пайғабарни огоҳлантирармидим?”деб сўраб кўришимиз керак. Ҳақиқатдан ҳам, ўзинг тўғри деб билган нарсани қўрқмасдан амалга ошириш учун ҳам катта мардлик керак.

1999 йилги портлашлардан кейин бўлган бир воқеа эсимга тушди. Аҳли аёлим ва уч ва бир ярим ёш ўғлларим билан бирга Қозоғистондан қайтаётган эдик. У ердан ўнтача китоб сотиб олгандим. Чегарада қаттиқ текшириш бўлди. Диний китоблар ва кундалик дафтаримга диққат қилишиб, МХҲнинг терроризм бўлими вакилларини чақиртириб, уларга протокол билан топшириб юборишди. Махсус машина келиб, РОВДга олиб боришди. Хуллас, терроризм бўлими бошлиғи менга: “Ҳозир масжидга чиқамиз, китобларингни текширамиз, агар улар нормал бўлса, яъни тақиқланмаган адабиётлардан бўлмаса қўйиб юбораман. Агар ноқонуний бўлса хафа бўлма”, деди. Мен ҳаммаси нормал дердим, аммо орасида битта арабча китобга эътироз бўлиши мумкинлигини ўйладим. Яъни бу китоб қандай талқин қилинишига боғлиқ эди. РОВД ёнида масжид бор экан. Масжидга чиқдик. Масжид айвонида учта чол ўтирарди. (Бутун умр коммунист бўлиб, нафақага чиққач масжидга қатнайдиган чоллар туридан). Имом хатиб йўқ экан. Чоллар ушбу китоблар Чор Суда бемалол сотилаётгани айтишди. “Тафсири Ҳилол-29”, “Тафсири Ҳилол-30”лар уларнинг китоб токчаларида ҳам турганини кўрсатишди. Аммо ўша арабча китобга ўша чоллар ҳам диққат қилиб қолишди. Яхшиям улар эски ўзбек ёзувини ўқий билмас эканлар. Биттаси роса ўқишга ҳаракат қилди, китоб номи райҳоний хатда эди. Ходим  ҳам шубҳаланиб қолди. Кейин масжид подвалида Қуръон тиловат қилаётган имом ноибни эслаб қолишди ва уни менга чақириб кел деди. Олдига бордим, улар эса орқамдан кузатиб туришарди. Мен бориб, унга орқамдагиларга билинтирмай: “Биродар илтимос, ёрдам қилиб юбор” деб уларга ишора қилдим. Кейин бирга анавуларнинг олдига келдик. У арабча китобни форс тилида Саъдийнинг “Гулистон” деган шеърий китоби деб мушкулимни осон қилди. Яъни, мени қутқариш  учун жасорат қилди. Анаву битта чол йўқ, Гулистон эмас, деб баҳслашиб кетди. Қори йигит мени қутқариш учун мардлик қиляптию анаву чол эса, мен чўктиришга ҳаракат қиларди... Ана шундай, ўз жонларини хатарга қўйиб бўлса ҳам, кўчадан келган нотаниш одамларни, яъни мўминларни қутқармоқчи бўлган имомлар бор... Ўша имомни танимайман, лекин ундан миннатдорман. Ўшанда ўзини хатарга қўйиб мени қутқармаганида кесилиб кетардим... Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин ва бизларни ҳам шу каби мард ўғлонлардан қилсин...

Демак, эркак бўлиш ва ҳақиқий мард эркак бўлиш ҳар хил нарсадир. Шуни яхши билишимиз керак. Ҳар қандай эркак ўзида ҳақиқий мардлик сифатларини тарбия қилиши керак. У ҳатто ўзи хавф остида қолса ҳам, доим масжидга қатнайди, покланади, доим Аллоҳ таолони зикр қилади, намоз ўқийди, ҳидоят йўлидан чиқмайди, пайғамбарларни, мўмин-мусулмонларни ҳимоя қилади.
Ҳақиқий эркак бўлиб яшашни Аллоҳ таоло ҳаммамизга насиб қилсин. Омин!

Абу Муслим

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase