close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Йўлимиз сабр ва севги йўлидир

Бизнинг усулимиз сабр ва севги усулидир. Машаққати бор, қийинчилиги бор бу йўлнинг... Хизматнинг азоблари бор. Сабр қилурмиз, уйқусиз қолгаймиз, оч қолгаймиз, жароҳат топгаймиз, пулсиз қолгаймиз... Пуллар харжлашимиз керак бўлади, терлашимиз керак бўлади... Сабр қилгаймиз ва хизматимизни суйиб бажаргаймиз.

Бизнинг усулимиз севги, меҳр-муҳаббатдир. Муҳаббат билан жуда кўп эшиклар очилгай. Баджаҳллик билан очилмаган жуда кўп эшиклар меҳр-муҳаббат билан очилгай. Бизнинг тасаввуф йўлимизнинг усули муҳаббатдир.
Бизнинг улуғларимиз кўпгина ўлкаларни муҳаббат билан фатҳ этганлар. Қурол-аслаҳасиз, тўпсиз, тўппончасиз, милтиқсиз, аскарсиз, меҳр-муҳаббат билан фатҳ этганлар. Бизнинг усулимиз шудир. Юнуснинг усули будир, Яссавийнинг усули будир, Ашраф ўғли Румийнинг усули будир, Иброҳим Ҳаққий ҳазратларининг усули будир!
Шайх Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари тўқсон минг мажусийни мусулмон қилган... Уруш биланми?.. Йўқ!.. Жанжал биланми?.. Йўқ! Муҳаббат билан, дўстлик билан, зиёрат билан! Уйларига бориб-келишлар билан, йўқлашлар, яхшилик қилишлар билан... Уруш энг сўнгги чорадир, муҳтарам биродарларим! Аллоҳ йўлида ўлдириш, жанг... Тиғ бориб суякка етгандан кейингина қилинади. Ундан олдин қилинадиган кўп ишлар бор.
Исломни билмаган инсонлар, ишни жанг-жадал томонга буриб, энг сўнгги ишни энг бошида қиладилар, мусулмонликни уруш дини, қон дини, гуноҳкорлик дини қилиб кўрсатмоққа уринадилар. Оврупонинг усули шудир. Бизнинг усулимиз бу эмас!.. Болқонларнинг футуҳоти муҳаббат билан бўлган, дарвишлар билан бўлган... Ўрта Осиёнинг футуҳоти муҳаббат билан бўлган... Қурол-аслаҳа билан бўлган эмас. Қурол билан, ҳарб билан бўлгани йўқ. Бизнинг йўлимиз муҳаббатдир. Севмоқни ўргангайсиз, севги билан – меҳр-муҳаббат билан ҳаракат қилмоқни ўргангайсиз!..
Муҳаббат бир қанча жароҳатларни даволагай... Муҳаббат бир қанча мушкулларни ҳал этгай... Муҳаббат кўплаб эшикларни очгай... Муҳаббат билан роҳиб (поп) мусулмон бўлгай... Меҳр-муҳаббат билан ҳаракат қилганингда, ахлоқи ҳамида билан ҳаракат қилганингда ҳар кимнинг кўнглига йўл топгайсан... кўнглини олгайсан... Қўпол-қўрс бўлса, инсоннинг атрофида бирор кимса қолмас.
Саудияда мендан сўрадилар... Жиддада бир наҳорий нонушта ташкил этиб, бизни тўплашди. Туркиядан борган бошқа профессорлар ҳам таклиф этилган... Дедиларки, «Туркияда 99 фоиз мусулмон бор, аммо нечун улкан Исломий бир тараққиёт йўқ...» Айтдимки, «Юксалиш, тараққиёт, ёрдам фақатгина Аллоҳдандир. Аллоҳга таянмаган бир ишнинг фойдаси бўлмас, шу маълум бўлсин!..» Аллоҳ хоҳламаса, бўлмас. Аллоҳдан сўрамоғимиз лозим, дуо қилмоғимиз лозим... Дуо қилдик, қара, қандоқ ёмғир ёғди!.. Демакки, бундай диёрларда, бундай мамлакатларда ҳали дуогўй инсонлар бор экан-ку!
Нега ёмғир учун дуо қилинди-ю, Исломий юксалиш, ривож учун дуо қилинмайди?.. Нега Фотиҳ жомеъсида ҳозирга қадар ҳеч: шу мусулмонлик ривож топсин, деб дуо қилинмаган?.. Қандай материалист (моддиюнчи) инсонлармиз биз?.. Қандай моддапараст инсонлармиз!.. Ёмғир ёғмай қолса, ўн беш минг киши Фотиҳ жомеъсида тўпланади, йиғлашади: «Ё Раббий, ёмғир юбор!» деб. Ислом кетяпти, аммо ҳеч кимнинг туки қимирламайди!.. Кетса кетаверсин, дейди. Чунки уйида ўзи Қуръон ўқийди, тасбиҳ ўгиради, ётади!.. Шундоқ бепарволик қилиш мумкинми?.. Ёмғир умумий ёғганидек, Исломнинг ривожланмоғи учун, мусулмоннинг қутулмоғи учун нега дуо қилмайсан?.. Ривож бергай!.. Аллоҳ кимнинг дуосини қабул этади?.. Албатта, севган қулининг дуосини қабул этади. Энг биринчиси шу!
Иккинчидан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло ҳазратлари Пайғамбар жанобимизга буюргайки:
«Фа би-ма роҳматим-миналлоҳи линта лаҳум».
Яъни, «Эй Расулим, Аллоҳнинг лутфи, раҳмати бўлиб, (Аллоҳнинг лутфи билан, карами билан, Аллоҳ ёрдам қилиб, Аллоҳ шундоқ илҳом бериб, кўп шукрки), уларга мулойим муносабатда бўлдинг... Атрофингдаги ул қусурли мусулмонларга мулойим бўлдинг». «Валав кунта фаззан ғалийзал-қолби, лан фадду мин ҳавлик» – «Агар қаттиқ қалблик бўлсанг эдинг, атрофингдан тарқалиб кетар эдилар», дейди.
Демакки, инсонларни бирлаштирган, тўплаган нарса гўзал ахлоқ экан, ширин тил экан, тоза, пок қалб экан, ахлоқи ҳамида экан, жўмардлик экан!.. Инсонларни тумтарақай тарқатган нарса қўполлик, қаттиқлик, ғавғо ва терслик экан... Шунинг учун ҳеч иш чиқмаётир. Шунинг учун, шунга тиришамиз, қўллаб-қувватлаймиз, ундоқ қиламиз, бундоқ қиламиз, ортиқ ҳеч иш чиқмайди. Нега?.. Қаттиқлик билан бир иш бўлмас, ғавғо билан бўлмас, адабсизлик билан бўлмас, қош чимирмоқ билан бўлмас, айбламоқ билан бўлмас!..
Тушунгайсан, тушунганингни кўрсатгайсан, юмшоқ ҳаракат қилгайсан, севгайсан... Ёлғондакам севмоқ билан ҳам бўлмайди, сохта муҳаббат билан ҳам бўлмайди, чинакамига севгайсан! «Бу Аллоҳнинг қули», дегайсан. «Бу ҳазрати Одам отамиздан менинг биродарим, ҳамжинсим», дегайсан. «Адашибди, мен ҳам бир сира янглиш ишлар қилувдим. Бу ҳам, иншоаллоҳ, тузалгай», дегайсан, юмшоқ муносабат қилгайсан.
Айрим мусулмонлар қамоққа тушиб, қамоқдан Барбод Сулаймонни мусулмон қилдилар, шундоқ чиқдилар... Барбод Сулаймон деб ном олган, сочини устарага урган одам, қамоқдан мусулмон бўлиб чиқди... Инсон тузалгай. Барбод Сулаймон чиройли мусулмон бўла олганидек, ҳазрати Умар, ҳазрати Пайғамбаримизни ўлдирмоққа чиқиб, оқшомга бориб, мусулмон бўлганидек, бўлиши мумкин. Бу жиҳатдан бизнинг усулимиз сабр ва севгидир, буни ўрганингиз!..
Ғавғо, шовқин-сурон билан бўлмас. Мушт билан бирор инсоннинг Исломга келгани кўрилган эмас... «Фалончи, бу ёққа кел! Ё мусулмон бўласан, ё бир мушт билан бурнингни пачоқ қиламан! Бурнингни қонатиб, ўттиз икки тишингни тўкиб қўлингга бераман!..» Бундай йўл билан бировнинг мусулмон бўлгани кўрилган эмас. Ғавғо билан, шовқин-сурон билан бўлмас, бу энг сўнгги йўлдир. Яъни, «Фа-маниътада алайкум, фаъадуу алайҳи бимисли маътада алайкум» – «Сизларга ким тажовуз қилса, тажовуз миқдорида сиз ҳам уларга қаршилик қилингиз», дейилади. Бу энг сўнгги чорадир. Аммо бундан олдинги чора, севгидир, сабрдир.
Рўпарангдаги инсонни севмоқни ўргангайсан. Севиладиган томонларини топгайсан. Тоза қалб, ишончли, некбин бўлгайсан... Бир улуғ киши айтадики, «Гулнинг тиканли эканини ҳам танқид қилавериш мумкин». Тиканли, қўлимни қонатди, буни қара, ханжардек тиканлари бор. Тиканли бир гиёҳда эса хушбўй бир гул чиройли бир гул бўлишини ўйламоқ – бу кўтаринки, некбин тушунчадир! Яъни, ўша тиканлар орасида сассиқ ҳидли, ёмон бир гиёҳ ҳам бўлиши мумкин эди. Ундоқ эмас! Қара, қандоқ чиройли гул очибди!.. Ҳар бир инсоннинг тикани бор, гули бор. Гулига қараб, шундан севгайсан... «Тиканини сев!» демаймиз. «Тиканини мақта, ялтоқилик, маддоҳлик қил!» демаймиз.

Маҳмуд Асъад Жўшон, роҳимаҳуллоҳ

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase