close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қалб хотиржамлиги

  • Сешанба, Апр 27 2021
  • Муаллиф  Алихонтўра СОҒУНИЙ

Алихонтўра СОҒУНИЙ замонаcининг йирик алломаси, фозилу нуктадон устозлардан эдилар. Йирик жамоат арбоби, саркарда Алихонтўра энг аввало юксак имон-эътиқодли, дин ва миллат равнақи йўлида фидоий инсон бўлганлар.

Бу зотнинг “Тарихи Муҳаммадий” китоби чоп этилиши юртимизда катта маданий ҳодиса бўлган эди. Устоз аллома ҳар қандай вазиятда ҳам эътиқодларига содиқ қолдилар, ҳаётларининг охирги дамларигача шогирдларини дин асослари, амри маъруф, наҳий мункар сабоқлари ила тарбиялаб ўтдилар. Илмий мажлислардан  бирида Соғуний домладан Сирожиддин Саидбурҳон ёзиб олган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Аллоҳ таоло Қуръонда мар-ҳамат этади:“Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш — ёд этиш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни ёдлаш билан қалблар ором олур”. (Раъд, 28).
Аллоҳ таоло ҳидоятни бандаларига ялиниб бериладиган нарса қилиб қўймади. Барча инсонларнинг хоҳласа-хоҳламаса мусулмон бўлиб яшашини ирода этмади. Одамларнинг босмахонадан чиққан китоблардай бир хил бўлишини истамади.
Аллоҳ таоло уларнинг одам (инсон) бўлишларини хоҳлади. Уларнинг бошқа мавжудотлардан фарқланиб туришларини хоҳлади. Шунинг учун ҳидоят одамларнинг зокир қалб билан Аллоҳга қайтишлари мукофоти бўлиб қолди. Аллоҳ таолонинг мўъжизаларини қабул қилмай, масхаралаш билан айрим кимсалар залолатга кетдилар. Залолатдагиларнинг ҳидоятга қайтмаслигини, аксинча, мўминларнинг ҳидоят топишларини Аллоҳнинг ¤зи хоҳлади. Шунинг учун мўминларни “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш-ёдлаш билан ором оладиган зотлар” деб сифатлади. Айни пайтда қалб-лар фақат Аллоҳнинг зикри билангина ором топиши ҳақида огоҳлантирди.
Бу ояти карима айниқса йигирманчи асрга келиб ниҳоятда яхши англашиладиган бўлиб қолди. Дарҳақиқат, қалблар Аллоҳнинг зикри билангина тинчланади, таскин топади. Тараққиётнинг чўққисига чиққан барча мамлакатларда ҳаёт ҳозирги кунда хотиржам эмас, кишиларда  ором йўқолиб боряпти. Яқин тарихга мурожаат қилсак, хонадондан бир киши деҳқончилик, боғбонлик  ёки бошқа ҳунар-касб қилар, унинг бир мавсумда топгани бутун оиланинг бир йиллик харжларига етар эди. Хонадон қолиб, ҳаттоки муҳтож қариндошларга ҳам ёрдам қилинарди.
Аммо бугунги кунда оиладаги ҳамма — эр ҳам, хотин ҳам, ҳатто болаларгача тирикчилик ғамида елиб-югуради, аммо оромга эриша олмайди. Хотиржам яшаш учун мол-дунё топиляпти, “дунё топиб олай, кейин хотиржам яшаймиз”, деб орзу қилиняпти. Бир шоир айтганидек:

Бир тоғдан ошиб ўтсак,
Сўнгги чўққи шу, деймиз.
Кейинги тоғ тизмасин —
Кўриб, унда не деймиз?

Ҳозирги кунда инсонларнинг аҳволи шундай: мана шу ишни қилиб олсам, сўнг хотиржам яшайман, деб ўйлашади. Аммо бу иш кўпинча кўпдан-кўп бошқа қўшимча юмушларни етаклаб келади. Дунёнинг ҳамма жиҳозларига эришадилар, аммо ҳаётдан ором, таскин тополмайдилар. Буни ҳамма нарсага эришган кишилар ҳам, турли эл-элатлар ҳам тан олишяпти. Тинчлик-хотиржамликка, осойишталикка фақат Аллоҳни ёдлаш билангина эришилади. Ҳар соатда, ҳар сонияда Унинг бирлигини, борлигини ўйлаб, ҳамиша ундан қўрқиб, ҳар бир ишда унга таваккул қилган қалбларгина ўзи истаган хотиржамликка етадилар.
Бу ҳақиқатни фақат мусулмонлар айтмаяптилар. Буни ҳатто  бошқа динлар вакиллари ҳам тан олиш-япти.
Инсон фитратига кўра ҳаётда оз нарсага қаноат қила олади, лекин у бетоқат, бесабр махлуқ. Фақат чинакам мўмин бандагина, Аллоҳнинг зикри билан қалби тинчланади, ўзига етадиган бало-мушкулотларга сабр қилади, Аллоҳ берганига кўнади.  Масалан, у ўзига ато этилган мол-дунёни Аллоҳнинг омонати деб эътиқод қилади. Бу молида, топган дунёсида ўзгаларнинг ҳаққи бор, деб ишонади. Уларни керакли жойга сарф қилиш билан кўнгли таскин, ором топади, роҳатланади. ¤ша молидан ҳақдорларнинг, муҳтожларнинг, камбағалларнинг, етимларнинг ҳаққини беради. Бу ишидан қалби осойиш топади.
Агар мўминга дард келса, буни ҳам Аллоҳнинг бир синови деб сабр этади, ҳамд-шукрона айтади. Кейин Ҳақ таолонинг амрига кўра дардининг сабабини ахтаради, унинг давосига киришади. Дардини Аллоҳнинг қадаридан деб билгани учун бу ҳаракатларини ҳам Аллоҳнинг қадаридан деб ишонади. Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадари томон интилади.
Серфарзанд мўмин айрим “маданият” эгаларига ўхшаб қўрқувга тушмайди, болаларимни боқолмаяпман, деб дод солмайди. У жуда хотиржам: чунки у фарзандлар Аллоҳ неъмати бўлиб, ризқни Аллоҳнинг ¤зи беришига қаттиқ ишонади. Ахир Парвардигори Қуръони каримда “Қимирлаган жон борки, ризқини ўзим берурман”, деб ваъда қилган. Бу ҳақда ташвиш чекишнинг, оҳ-воҳ қилишнинг кераги йўқ. Аксинча, у оиласини ҳалол касб билан боқишга ҳаракат қилади. Аллоҳнинг амрига кўра, фарзандларига Аллоҳ берган ризқни топиб келаётганидан кўнгли хотиржам. У ҳаром йўллар билан оила боқишни ўйламайди. Чунки бунга Аллоҳнинг зикри йўл қўймайди, у Аллоҳ ҳаромдан манъ қилганига имон келтирган.
Ҳаттоки фарзандсиз мўминнинг кўнгли ҳам хотиржам бўлади. Қиёматда фарзанд масъулияти зиммамдан соқит бўлади, дейди. “Нима учун фарзанд кўрмасдан келдинг”, деган савол берилмайди, дейди. У хотиржам ҳолатда шундай ўйлайди: “Фарзанд неъматини Аллоҳ беради, фарзанд бермаслик ҳам Унинг иродасидир. Фарзандли бўлиш учун ҳамма сабабларни қилиб кўрдим, булар фойда бермади, демак, менинг шундай ҳолга тушишим Аллоҳнинг ҳукми илоҳийига боғлиқ”. Ана шу фикрлар билан унинг қалби тасалли топади, Аллоҳнинг тақдирига кўниб, Унинг зикрини кўпайтиради.
Мўминнинг яна бир фазилати шуки, у кишиларни Аллоҳнинг йўлига чорлайди. Ҳидоятни қабул қилганларни кўрганида эса Аллоҳ таолога ҳамд-шукроналар айтади ва бу билан кўнгли таскин, ором топади. Унинг қалбида кибр, мақтаниш бўлмайди, туғён вужудга келмайди: “Одамларни ҳидоятга чорлаб, тўғри йўлга тушириб қўйдим”, деб фахрланмайди. “Уларнинг қалбини Аллоҳ очди, мен эса шунга сабабчи бўлдим, шу ҳатти-ҳаракатим туфайли Аллоҳ мени ҳам, ҳидоят топганларни ҳам мукофотлайди”, деб умид қилади. Мўмин киши бирор одамни бир неча йиллар ҳидоятга чорлаган, аммо унинг таъсири кўринмаган бўлса ҳам, унинг кўнгли хотиржам. Чунки у зиммасидаги фарзни — амри маъруф, наҳий мункар мажбуриятини ўтади. Даъват этилган одамларни Аллоҳ таоло ҳидоятга бошламаса, уларнинг қалби харсангтош каби қотиб кетган бўлса, даъватни масхара қилаётган бўлишса — буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлиб ва Аллоҳ ҳидоят бермагани учун мўмин кишининг зиммасидан масъулият соқит бўлаверади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда яна шундай мар-ҳамат этади:“(У кун ҳаёти-дунёда Аллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб, имон ва эзгу амаллар билан ўтган мўминларга хитоб қилиниб, дейилур): “Эй хотиржам-сокин жон, сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт! Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига киргин ва Менинг жаннатимга киргин!” (Вал-фажр, 27-30, мазмуни)
Мўминнинг жон таслим қилаётган лаҳзалардаги хотиржамлигини қаранг: Унга: қалбинг Унинг зикридан бирор дам холи бўлмаган Раббинг ҳузурига қайт энди, қилган амалларингдан ўзинг ҳам розисан, ўзгалар ҳам рози, ҳаммасидан ҳам Раббинг субҳанаҳу ва таоло рози бўлган ҳолатда Унинг ҳузурига қайтяпсан. Аллоҳ сени бандалари сафида жаннатимга киргин, деб чорлаб турибди, дейиляпти.
Жаннатдаги хотиржамликни эса таърифлаб бўлмайди. Мўмин бу мукофотга қандай эришади? У дунё ҳаётида ҳам хотиржам яшади, беқарор бўлмади. Унинг учун бахтли, ширин кунлар билан мусибатли, маҳзун кунларнинг фарқи бўлган эмас. Яхши кунларида ҳам Аллоҳга ҳамд айтган, Унинг амрларига содиқ қолган. Бошига мусибат-бало келса ҳам ҳамд айтган, сабр кўрсатган. Қалби фақат зикруллоҳ билангина таскин-ором топишини англайди. Аҳли бидъат уни ёмонлаб, туҳмат тошларини отганида ҳам хотиржам тураверади. Туҳматчи-бўҳтончилар, бидъатчилар сафида қилиб қўймаганига Парвардигорига ҳамдлар айтади. Одамлар уни мақтаб кўкларга кўтаришганида ҳам, фахрланиб, кибрланиб кетмайди. “Бу маддоҳлар кўнглимдагини билмай, мени ноўрин мақтаяпти”, деб хотиржам ўтираверади.
Шундай, мўминнинг ҳаёти фақат хотиржамликдан иборат бўлади. Шунинг учун жон таслим қилаётганида унга “Эй хотиржам-сокин нафс”, деб нидо қилинади. Бунинг мукофотига у жаннат билан тақдирланади. Чунки жаннат — хотиржамлик, осойишталик, ором ва таскин масканидир. Бу улкан мукофотга у дунё ҳаётида ҳам Аллоҳнинг зикрида бўлиб, Унинг йўлида солиҳ амаллар қилгани учун мушарраф бўлди. Энди у абадий ором ва хотиржамлик оғушида бўлади.
Аксинча, баъзи инсонлар боши ёстиққа етганидагина ўлим эсига тушади. Ҳаётда қилган гуноҳлари турнақатор бўлиб, кўз олдидан ўта бошлайди. Аллоҳ таолонинг ҳузурига бориб, қилган ишлари учун ҳисоб беражагини ўйлаб, юрагини ваҳима босади, қалб хотиржамлигини йўқотади. Дунёдан хотиржам кўз юмолмай, абадий нотинчлик, безовталик қаърига улоқтирилади. Ана шундай кишилардан бўлиб қолишдан Аллоҳ асрасин!
Дин йўлида ҳизмат қилган бирор инсон дунёдан “аттанг” дея ўтмайди. Аллоҳнинг каломини ўрганиб, Унинг зикри билан машғул бўлган бирор мўмин вақти беҳуда ўтганига афсус чекмаган. Расули акрамнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳадисларини ўрганиб, фарзандларини солиҳ инсон этиб тарбиялаган бирор киши охират сари йўлга тушганида пушаймон бўлмаган. Қалби хотиржам, кўнгли тинч, осойишта, лабида табассум билан кўз юмган. Мўмин киши учун бундан ортиқ неъмат, бундан ортиқ бахт борми?

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase