Шокирхонтўранинг укаси Аъзамхўжа савдо-сотиқ ишлари билан муқаддас Макка шаҳрига бориб ўрнашиб қолган эди. Шокирхонтўра вақти-вақти билан муқаддас жойларни зиёрат қилгани бориб турар, шу пайтларда укасини ҳам кўриб қайтарди. Шундай сафарлардан бирида етти яшар фарзанди Олимхонтўрани ўзи билан олиб бориб, укасининг қўлига топшириб қайтади. Олимхонтўра беш йил мобайнида Маккадаги диний мадрасада илм ўрганади. Отаси кейинги боришида иккинчи ўғли Алихонни олиб бориб, Олимхонни қайтариб олиб келади. Олимхонтўра кейинроқ, йигитлик даврида, Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида ҳам ўқийди. Етти йиллик ўқишни битириб келганидан сўнг Тўқмоқ шаҳрида отаси қурган масжидда имомлик қилади.
Октябр инқилобигача Олимхонтўра етук уламо сифатида таълим ва нашр ишларида фаол иштирок этган. Хусусан, 1914 йилда Туркистон уламолари томонидан нашр қилинган “Ал-Ислоҳ” журналининг таъсис этилиши ва нашр қилинишида Олимхонтўранинг хизмати катта. Журналнинг илк сонидаги биринчи мақола ҳам унинг қаламига мансуб: унда чойбозлик, беданабозлик каби бемаъни ишларни қўйиб, ҳар хил бидъат, хурофотларга қарши курашга чорловчи мақолалар чоп этиладиган “Ал-Ислоҳ” журналини ўқиш тарғиб қилинади. Журналнинг кейинги сонларида ҳам Олимхонтўранинг мақолалари бериб борилган.
У Бухорода ўқиб юрган кезлари талабалар орасида араб тили дарслигига эҳтиёж кўплиги, дарслик топиш мушкуллигини кўрган эди. Шунинг учун 1915 йилда “Мифтоҳун-наҳв”(“Наҳв калити”) номли китоб чоп эттиришга муваффақ бўлади. 1919 йили Олимхонтўра Қўқон мухторияти ҳукумат аъзоси этиб сайланади.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати қурултойида (1943 й.) Олимхонтўра президиум аъзоси ҳамда Қирғизистон қозиси этиб тайинланади. II Жаҳон уруши шиддатли кечаётган бир даврда у Қирғизистон ҳудудидаги шаҳару қишлоқларни кезиб, халқни фронтда жон олиб-жон бераётган жангчиларга ёрдам қўлини чўзишга чақиради. Қирғизистон мусулмонлари номидан катта миқдордаги маблағ, кийим-кечак ва озиқ-овқат йиғиб, фронтга жўнатишда бош-қош бўлади. У хизмат юзасидан Тошкентга, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг президиуми йиғилишларига мунтазам келиб турган.
Олимхонтўра Шокирхонтўра ўғли 1966 йилгача Қирғизистон қозиси бўлиб ишлаган. У 1966 йилнинг 23 сентябрь куни вафот этган. Жанозасини укаси Алихонтўра Соғуний ўқиган. Қирғизистоннинг Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳридаги Аваарча қабристонига дафн этилган.
Хайдархон Йўлдошхўжаев, Иродахон Қаюмоваларнинг
"Ўзбекистон уламолари" китобидан