Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар. Сизнинг амаларингизни солиҳ қилур ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, буюк зафарга эришибдир” (Аҳзоб сураси, 70-71).
Тўғри сўз Аллоҳ таолодан қўрқиш (тақво қилиш) билан бир қаторда қўйилганига эътибор беринг. Бу тасодиф эмас, ахир Аллоҳ таолодан қўрқишдан яхшилик, қалбдаги меҳр вужудга келади ва инсонлар ўзларини уларнинг олдида ҳавф-хатарсиз ҳис этадилар. Худди шундай, Аллоҳ таолодан қўрқмайдиганлар ишонч уйғотмайди ва улардан зиён келиб чиқади. Баъзида биз сўзимиз ёки амалимиз билан кимнидир ранжитиб қўйишимиз мумкин. Бундай ҳолда нима қилишимиз керак? Шариатга мурожаат қиламиз.
Даставвал, росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини эсга оламиз: “Киши ўзига муҳим бўлмаган (беҳуда) нарсаларни тарк қилиши исломининг гўзаллигидандир”. Уламолар ушбу хадисни қуйидагича изоҳлашган: агар инсон шариат талабларига жавоб берадиган фойдали ишлар билан машғул бўлса, росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтганидай, бундай инсоннинг мукофотлари доимо кўпайиб туради, гуноҳлари эса – ўчирилади. Агарда инсон унга тааллуқли бўлмаган ишлар билан шуғулланса, у вақтини бесамар кетказаётган бўлади ва у сезиларли зарарда қолиши мумкин. Бу нима дегани?
Биринчидан, бундай инсон эътиқод ва тўғри йўлга эришишни таъминлайдиган Аллоҳ таолонинг марҳамати ва кўмагидан маҳрум бўлади.
Иккинчидан, бу инсоннинг фикр-мулоҳазалари уни адаштириши мумкин: у унинг ўй ва фикрлари – шайтоннинг найранги эканлигини билмасдан, тўғри фикрлаяпман деб ҳисоблайди. Шайтон амалларини чиройли кўрсатиб туради.
Учинчидан, бундай инсонга ҳақ ва ёлғонни, тўғри йўл ва адашишни ажратиш мушкул, у диндош биродарларининг ижобий танқиди ва маслаҳатларини қабул қилмасдан, тўғри йўлдаман деб ўз фикрларида қайсарлик қилади, қатъий туриб олади.
Тўртинчидан, бундай инсоннинг қалби аста-секинлик билан бузила боради, кераксиз фикр ва ғоялар билан заҳарланади. Гап мисол учун, инфаркт сингари жисмоний юрак касаллиги ҳақида эмас, балки руҳий хасталик ҳақида боряпти – инсон қалбида ишонч ва эътиқоднинг йўқолиши.
Бешинчидан, инсон ўзи сезмаган ҳолда эътиқод ҳақидаги билимларини йўқота бошлайди. Шундай экан, уларни қўллай олмайди.
Олтинчидан, унинг қалби қаттиқ ва қўпол бўла бошлайди, ва унда яқинларга ва атрофдагиларга нисбатан меҳр – мурувватга ўрин қолмайди.
Еттинчидан, бундай инсоннинг ҳаёти ички ташвишлар ва ғам – қайғуларга тўла, арзимас кўнгилсизликлар ҳам уни ўзидан чиқиб кетишига сабаб бўлади. У доимо асабий, безовта, қўрқув ичида.
Яна бир натижа эса, унинг ҳаёти ва мулкидан барака кетади, ҳақиқий мазмунни йўқотади.
Шундай экан, сенга тааллуқли бўлмаган ишлар билан шуғулланиш керакми? Солиҳ салафлар фақат бу дунёдаги ҳаётига, шунингдек абадий ҳаётига фойда келтирадиган ишлар учун вақт сарфлашган. Шу тариқа улар қалбларининг софлигини сақлашган ва савобли ишларини кўпайтиришган.
Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизни бир неча марта ўз сўзимизга эътиборли бўлишга ундаган. У шундай дейди: “Банданинг қалби тўғри бўлмагунича иймони тўғри бўлмайди, шунингдек, тили тўғри бўлмагунича қалби тўғри бўлмайди” (Имом Аҳмад ривояти).
Ислом уламолари таъкидлаганидай: “Сўзни айтиш – осон, унга ҳисоб бериш қийин бўлади”. Бу ҳақиқатда шундай, ахир Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилганку: “Сиздан ким гапни сир тутса, ким уни ошкор қилса ёки ким кечаси беркинувчи бўлсаю ким кундузи ошкор юрувчи бўлса, барибир” (Раъд сураси, 10). Шунинг учун, ҳар биримиз нима деяётганимиз ҳақида ўйлашимиз лозим, чунки Аллоҳ таоло барчамизни бунинг учун ҳисоб қилади.
Имом Қуртубий ўзининг тафсирида: “Яратганнинг сўзлари инсонлар бошқаларнинг ишларига аралашмаслиги кераклигини ва тахминларга кўра, етарли билимга эга бўлмасдан, кимнидир муҳокама қилиш ва нимададир айблаш мумкин эмаслигини белгилаб беради”, дейди ва шундан сўнг Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил — ана ўшалар, масъулдирлар” (Исро сураси, 36).
Келинг, ишларимиз ҳақида тафаккур қиламиз, сўз ва суҳбатларимизни баҳолаймиз, фақат ҳақ сўзларни гапирамиз ва Аллоҳ таолодан қўрқадиган тақводор бўламиз!
Сўзда ва амалда Аллоҳдан қўрқиш
Инсон қалби, Маҳшар куни унга тақдим этиладиган китобга ёзилаётган сўз ва амалларидан кўра, кўпроқ ўзининг ташқи кўриниши ҳақида ўйлайди. Биз Ислом – нафақат дин, балки яшаш тарзи эканлигини унутмаслигимиз керак, шундай экан, мусулмонлар ҳар қандай ҳолатда тақвони тутишлари лозим, бу сўзимиз ва амалимизга ҳам тааллуқлидир.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Тазкия
|
Бошқа мақолалар: Абу Муслим
- Қўрқув формуласи: Россия нима учун қитъалараро баллистик ракетани ишлатди?
- Оқ уй: Путиннинг таҳдидларига қўйганимиз бор АҚШ Украинага ёрдам бераверади
- Супертурбина водородда ишлаб чиқарилаётган энергия: Россия газига алтернатива
- Халқаро Жиноят Суди жиноятчи Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазирига нисбатан ҳибс ордери чиқарди
- Инсон ҳуқуқлари умумий Ислом декларацияси