Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ана ўшалар нажот топгувчилар” (Ҳашр сураси, 9-оят).
Яна бундай дейилади: “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур” (Оли Имрон сураси, 180-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай буюрдилар: “Хасислик (бахиллик)дан узоқ бўлинг. Сиздан аввал келган қавмлар хасислик сабабли ҳалок бўлдилар. Бахиллик уларни шу даражага олиб келдики, бир-бирларининг қонларини тўкдилар. Ҳаромни ҳалол дедилар”.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Уч нарса хатарлидир. Бири хасислик бўлиб, унга боғланиб қолсанг, қутулолмайсан. Иккинчиси ботил ҳою ҳавас ва орзулар орқасидан югуриш. Учинчиси эса кишининг ўзини ўзи мақтаб кибрга берилишидир”.
Икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига бориб, бир туянинг ҳақини сўрадилар. Улар туянинг пулини олиб, ташқарига чиқдилар ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ёнига бориб, шукур қилдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига, бориб, улар ҳақида айтиб беради. Ҳазрати Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бунга жавобан шундай дедилар: “Фалон киши буларга берилгандан кўпроғини олиб ҳам шукур қилишмади. Сиздан кимдир мендан қайсарлик билан бир нима олиб кетса, оташни қўлига олган бўлади”. Буни эшитган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу деди: “Модомики, у оташ экан, у ҳолда нега уни бердингиз?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай жавоб бердилар: “Чунки улар истакларида маҳкам туриб олишди. Аллоҳ таоло менга хасисликни ман қилган. Бермасликни менга раво кўрмаган”.
Ҳазрати Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Хасис киши Аллоҳ таоло учун золимдан ҳам ёмонроқдир. Ҳақ таолонинг наздида хасисликдан ҳам устун қандай золимлик бор? Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Иззатим ва азаматимга қасамки, бирор бир хасисни жаннатимга қўймайман”.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани тавоф қилаётган эдилар. Бир киши Каъбанинг ҳалқасига ёпишиб олганди. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у одамдан гуноҳининг нима эканини сўрадилар. У одам: “Менинг гуноҳим жуда катта. Уни айта олмайман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй дардли одам, дардинг дунёдан ҳам каттами?” деб сўрадилар. У одам “Ҳа” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй бечора, дардинг осмондан ҳам каттами?” деб сўрадилар. У одам яна “Ҳа” деб жавоб берди. Ва ниҳоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сенинг гуноҳинг буюкми, Аллоҳ таоло буюкми?” деб сўрадилар. У одам: “Аллоҳ таоло буюк”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қараб: “Ундай бўлса, нега буюклар Буюгидан умидингни уздинг?” дедилар. У киши бундай деб жавоб берди: “Менинг жуда кўп молим ва пулим бор. Бирор фақир кишини кўрсам, мендан тиланади деб қўрқаман. Юрагимга оташ тушади”. Бу гапларни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Мендан узоқ тур. Зеро, оташинг билан мени ҳам ёқасан. Минг афсус сенга. Ҳақ таолонинг бундай деганини эшитмадингми:
“Ва ким бахиллик қилса, албатта, ўз зиёнига бахиллик қилур” (Муҳаммад сураси, 38-оят).
“Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчилардир” (Ҳашр сураси, 9-оят).
Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари бундай дейди: “Мен хасис кишини одил дейишни, унинг шаҳодатини мақбул деб билмайман. Чунки бахиллик уни шу даражага олиб борадики, охир-оқибат у ҳақига нисбатан ортиғини сўрайди”.
Закариё ўғли Яҳё алайҳиссалом шайтондан сўрайди: “Энг ёқтирмаган кишинг ким?”. Шайтон жавоб берди: “Мен хасис зоҳидни ўзимга дўст деб биламан! Чунки жон талвасасида ҳам ибодат қилади. Лекин унинг хасислиги бутун ибодатини ботил қилади. Фақат қўли очиқ фосиқни ёқтирмайман. Чунки у доим хушнуд яшайди. Аллоҳ унинг шу хислати туфайли гуноҳларини кечириб юборишидан қўрқаман”.
Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг
"Қалбнинг давоси" китобидан