Мусулмон одам риёдан узоқ бўлади, чунки риё ажрни, амални бекор қилади, у бутун одамлар Аллоҳ таоло ҳузурида тўпланиб турадиган Кунда ўз эгасига шармандаликни олиб келади.
Бу Диннинг асоси сўз ва амалда Аллоҳга ихлос қилган ҳолда У Зотга ибодат қилишдирки, жин ва инсни яралишидан асосий мақсад ҳам шудир. Аллоҳ таоло айтади:
“Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Ваззориёт сураси, 56-оят).
Бу ибодат фақат холис Аллоҳнинг Юзи учун бўлсагина қабул бўлади:
“Ҳолбуки, улар фақат Ягона Аллоҳга, У Зот учун Динни холис қилган, Тўғри Йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу Тўғри (Йўлдаги миллатнинг) Динидир” (Баййина сураси, 5-оят).
Қачон ибодатга риё, ўзгаларга кўрсатишни севиш, обрў исташ аралашса, бу ибодат бекор бўлади, савоби ўчирилади. Биз молларини фақирларга инфоқ қиладиган, аммо уларни беҳожат қилганлари, эҳтиёжларини қондирганлари учун миннат қиладиган, натижада бу миннатлари билан фақирларга озор берадиган кимсаларга Аллоҳ таолонинг огоҳлантиришини ҳам топишимиз мумкин.
“Эй мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва Охират Кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! Зеро, унинг (риёкорнинг) мисоли худди бир устини чанг-тупроқ қоплаб олган силлиқ тошга ўхшайдики, унга шаррос қуйган ёмғир текканда уни (устидаги чанг-тупроқни ювиб тушириб) қаттиқ-силлиқ тошлигича қолдирган (Ундай риёкор) мунофиқлар яхши амаллар қилдик, деб ҳисоблайдилар, аммо Қиёмат кунида топган (ва сарфлаган) дунёларидан ҳеч нарсага эга бўлмайдилар. Аллоҳ кофирларни ҳидоят қилмайди” (Баҳара сураси, 264-оят).
Худди силлиқ тош устидаги тупроқни устидан тўкилган сув қандай кетказса, миннат ҳам савобни шундай кетказади.
Риёкорларнинг асосий ишлари - одамлар олдида яхши амал билан кўринишдир. Уларнинг Аллоҳ азза ва жалланинг ризосига эришиш ғамлари йўқ. Аллоҳ таоло улар ҳақида бундай дейди:
“Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни алдаб қўйгувчидир. Ва улар качон намозга турсалар дангасалик билан, одамлар кўрсин, деб турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар” (Нисо сураси, 142-оят).
Шунинг учун уларнинг амали қабул бўлмайди, чунки улар Аллоҳга бошқани шерик қилдилар. Аллоҳ фақат холис Ўзининг Улуғ Юзи учун бўлган амалларнигина қабул қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинади, айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло деди: Мен шерикликдан энг беҳожат Зотман. Ким менга бировни ширк келтириб амал килса, уни ҳам, шеригини ҳам тарк қиламан”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалада кенгроқ тўхталганлар ва анави риёкорлар мол, фарзанд ҳам фойда бермайдиган, фақатгина Аллоҳнинг ҳузурига тўғри қалб билан келгандагина фойда берадиган катта рўбарў бўлиш Кунида йўлиқадиган шармандаликни баён қилганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Қиёмат куни биринчи ҳукм ўқиладиган одам шаҳид бўлган кишидир. У олиб келинади. Аллоҳ таоло унга берган неъматини эслатади. У эслайди. Аллоҳ таоло: “Бу неъматга яраша қандай амал қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сенинг йўлингда жанг қилиб, шаҳид бўлдим”, дейди. Аллоҳ таоло: “Ёлғон сўзладинг, сени фалончи журъатли дейишлари учун жанг қилдинг, ана шундай дейишди ҳам”, дейди. Сўнгра уни юзтубан ҳолда дўзахга ташланиши буюрилади. Яна илм ўрганиб ўзгаларга ҳам ўргатган, Қуръон ўқиган одамни олиб келишади. Аллоҳ таоло унга берган неъматини эслатади, у эслайди. У Зот: “Бу неъматга яраша қандай амал қилдинг?” деб сўрайди. У: “Илм ўргандим, ўзгаларга ўргатдим, Сенинг Йўлингда Қуръон ўқидим”, дейди. Аллоҳ таоло: “Ёлғон сўзладинг, сен одамлар олим дейишлари учун илм олдинг, қори дейишлари учун Қуръон ўқидинг, шундай дейишди ҳам”, дейди. Сўнгра уни юзтубан ҳолда дўзахга ташлаш буюрилади. Яна У Зотнинг олдига Аллоҳ унга бойлик берган, унга дунёнинг ҳар турини ато қилинган одам келтирилади. Аллоҳ таоло унга берган неъматини эслатади, у эслайди. У Зот: “Бу неъматга яраша қандай амал қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сен инфоқ қилинишини истаганинг нимаики бўлса инфоқ қилдим”, дейди. Аллоҳ: “Ёлғон айтдинг, сен фалончи сахий дейишлари учун шундай қилдинг, шундай дейишди ҳам”, дейди ва уни дўзахга юзтубан ҳолда ташлашга буюради” (Муслим ривояти).
Ҳадиси шариф одатда кўпроқ кўз-кўз қилинадиган, фахрланадиган, мақтанадиган амалларни зикр қилди. Улар шижоат, илм, сахийлиқдир. Ундай инсонлар Қиёмат куни бутун халойиқ олдида ўзлари орзу қилган мақтовли мақомдан маҳрум бўлиш билан бирга шарманда бўлишларини, ҳамда Аллоҳ таоло буюк амаллар учун тайёрлаб қўйган барча савоблардан жудо бўлган ҳолда катта зиёнда қолишларини баён қилди. Энди улар абадият жаннатларига кириш ўрнига юзтубан ҳолда дўзахга ташланурлар.
Динини тушунган ҳар бир онгли мусулмон ҳар бир амалида риёдан пок бўлади, у амални Улуғ Парвардигорининг Юзи учун холис қилишга ҳарис бўлади, бу борада кўз-кулоғини Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига қаратади: “Ким амалини одамларга риё қилиб кўрсатса, Аллоҳ уни Қиёмат куни шарманда қилади. Ким одамлар олдида буюк бўлиш учун риё қилиб амал қилса, Аллоҳ таоло бутун халқ олдида унинг сирларини ошкор қилади”.
Муҳаммад Али Ҳошимийнинг
"Мусулмон ахлоқи" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси