close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Шайтоннинг одамни йўлдан оздирадиган 10 та найранги

Ваҳб бин Мунаббиҳдан ривоят қилинади, кунлардан бир кун шайтон пайғамбар Яҳё бин Закариё  алайҳиссалом билан учрашиб қолган. Яҳё унга савол берган: «Сен одамларни қайси тоифаларга бўласан?»  Шайтон жавоб берган: «Шундай тоифадаги одамлар бор-ки, улар сен каби адашмайди ва биз улар билан ҳеч нарса қила олмаймиз.

Иккинчи тоифадаги одамлар худди болаларнинг қўлидаги тўп каби бизнинг қўлимизда, биз уларга ҳатто вақт ҳам сарфламаймиз. Биз учун энг қийин бўлган учинчи тоифа ҳам мавжуд. Биз улардан бирини ҳақиқий йўлдан уриш учун жуда кўп ҳаракат қилиб, мақсадга эришамиз, лекин кейин у тавба қилиб, кечирим сўраб, бутун ишимизни бузади. Биз ўз ҳаракатларимизни қолдирмаймиз, аммо шунга қарамай, керакли мақсадга эриша олмаймиз».
Донишмандлардан бири айтган эканки: «Мен шайтон одамларни тўғри йўлдан оздириш учун қўллайдиган найранглари ҳақида ўйладим ва у Аллоҳнинг бандасига ўнта эшик орқали етишини аниқладим.

1. Очкўзлик ва баджаҳллик орқали
Бунга қарши туриш учун Аллоҳнинг қарорига рози бўлиш ва Унга тўлиқ ишониш керак. Бунга Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзлари далил бўлиб хизмат қилади:
«Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир» (Ҳуд сураси, 11-6).

2. Фоний дунёда узоқ умр кўриш умиди орқали
Бу касалнинг давоси бўлиб тўсатдан ўлиш олдидаги қўрқув хизмат қилади. Ахир одам қачон ўлишини билмайди. Аллоҳ Таоло Муқаддас Китобида айтадики:
«Албатта, соат (қиёмат) илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта хабардордир» (Луқмон сураси, 34).

3. Лаззатланиш истаги, шунингдек, дунёвий неъматларни бўрттириб кўрсатиш орқали
Бу касални даволашга ушбу неъматларни тарк этиш ва ҳар бир дунёвий нарса учун жавоб беришга тўғри келишини тушуниш хизмат қилади. Бунга Қуръоннинг қуйидаги оятлари далил бўлиб хизмат қилади:
“Уларни тек қўй, еб-ичиб, ҳузурланиб, умидлар ила машғул бўлиб юраверсинлар. Бас, тезда билурлар.
Ҳозирча, бу дунёнинг беш кунлик ҳаётида кофирларни ўз ҳолига қўйиб қўявер. Ҳайвонга ўхшаб еб-ичиб, ҳузур-мазза қилиб юраверсинлар. Уларнинг еб-ичишдан ва лаззат кетидан қувишдан ўзга ишлари ҳам бўлмасин. У кофирлар, осийлар турли орзу-
«умидлар ила машғул бўлиб юраверсинлар».
Эртага уни, индинга буни қиламан, десин. Орзу кетидан орзу, умид кетидан умид қилаверсинлар. Охир-оқибат келиб, бутун машғулотлари, бутун ишлари шунга ўхшаш тирикчилик орзу-умидидан иборат бўлиб қолсин. Аммо фурсати келса:
«Бас, тезда билурлар».
Нимани биладилар? Асл иш, асл ҳақиқат қаёқда эканини англайдилар. Асл ҳузур-ҳаловат, асл орзу-умид нимада бўлиши кераклигини биладилар. Чунки улар ҳозирги ҳолатларида абадий қолмайдилар. Ҳамма нарсанинг ҳам вақти-соати бор” (Хижр сурасининг 3-ояти, “Тафсири Ҳилол”дан).

4. Ўзига мафтун бўлиш орқали
Бу касалга даво бўлиб Аллоҳга берган неъматлари учун миннатдор бўлиш, бу дунёдан гуноҳлар билан ва иймонсиз кетишдан қўрқиш хизмат қилади. Бунга Аллоҳнинг қуйидаги сўзлари далил бўлади:
«У келган кунда ҳеч бир жон гапира олмас. Магар У зотнинг изни ила (гапирур). Бас, улардан бадбахтлари ва бахтлилари бордир» (Ҳуд сураси, 105).
Ахир одам ўзининг бу тоифалардан қайси бирига киришини билмайди.

5. Атрофдагиларга беҳурматлик кўрсатиш орқали
Бу касалнинг давоси бўлиб одамларнинг ҳуқуқларини билиш ва уларга риоя қилиш хизмат қилади. Аллоҳ таоло айтадики:
«Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларига хосдир. Лекин мунофиқлар билмаслар» (Мунофиқун сураси, 8).

6. Ҳасад орқали
Бу дардга даво бўлиб Аллоҳ барча неъматларни Ўзининг бандалари ўртасида адолатли тақсимлашини англаб етиш хизмат қилади. Бунга қуйидаги оят далил бўлади:
«…ва баъзилари баъзиларини хизматкор қилиб олишлари учун айримларининг даражаларини айримларидан устун қилиб қўйганмиз» (Зуҳруф сураси, 32).

7. Хўжакўрсинга ҳаракатлар қилиш шунингдек, одамлар мақтови орқали
Бунга амаллардаги самимийлик, ҳамма эзгу ишлар булар учун қилинаётган Аллоҳ яратган нарсаларнинг ҳаммаси у дунёда сизга миннатдорчилик билдириш учун етмаслигини англаб етиш билан қаршилик кўрсатиш лозим. Бунга далил бўлиб қуйидаги оят хизмат қилади:
«Сен:«Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта «илоҳ» экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», дегин» (Каҳф сураси, 110).

8. Қизғанчиқлик орқали
Бу дардни даволашга Аллоҳ яратганлар эга бўлган ҳамма нарса йўқ бўлиб кетиши, Аллоҳнинг қўлида бўлганлар эса абадий эканлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ёрдам беради. Бу ҳақида Аллоҳ Таоло Қуръонда айтадики:
«Сизнинг ҳузурингиздаги нарса тугайдир. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса, боқийдир. Албатта, Биз сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз» (Наҳл сураси, 96).

9. Такаббурлик орқали
Бунга марҳаматлилик орқали жавоб бериш лозим. Бундан қуйидаги оят далолат беради:
«Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси, 13).

10. Истаклар эшиги (дунёвий неъматларга эга бўлишга интилиш) орқали
Шайтоннинг бу найрангига қаршилик қилиш учун одамларга умид боғламай қўйиш, балки фақат Аллоҳ таолонинг мукофотидан умид қилиш зарур. Қуръонда айтиладики:
«Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир» (Талоқ сураси, 2-3).
Аллоҳ таоло бизни шайтоннинг барча найрангларидан асрасин ва тўғри йўлдан бошласин! Омин.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase