Инсоннинг иймони икки ўзаро боғлиқ нарсада ўз ифодасини топади: сўзлар, яъни иймонни оғзаки тасдиқлашда; ташқи (инсон ҳаётида қандай ҳаракат қилаётгани) ва ички (қалб иши) ишларда. Бошқача қилиб айтганда, агар иймон инсоннинг қалбига кирса, бу унинг реал ҳаракатларида намоён бўлиши керак. Қуръон ва Суннат, шунингдек, одамларнинг ҳаёт тажрибаси инсон иймони унинг ҳаракатлари ортидан боришини ва уларнинг сифатига қараб, иймон мустаҳкамланиши, кучайиши, ёки заифлашуви, аста-секин ўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Аллоҳ таоло Қуръон каримда айтадики: «Бирон сура нозил қилинган вақтда улардан: «Бу сиздан кимнинг иймонини зиёда қилди?» дейдиган кимсалар бор. Бас, иймон келтирганларнинг иймонини зиёда қилди ва улар шоду хуррам бўлдилар. Аммо қалбларида касали борларнинг ифлосликлари устига ифлослик зиёда қилди ва улар кофир ҳолларида ўларлар» (Тавба сураси, 124-125).
Бу оят тўғридан-тўғри эътиқоднинг кучайиши ва заифлашиши, шунингдек, унинг жойи қалб эканини кўрсатади. Инсоннинг қалби касалликка учраганда - унинг иймони заифлашади.
Энди эса биз руҳий музликнинг асосий кўринишлари ҳақида гапирамиз. Мусулмон киши, ўзида бу белгиларни сезган ҳолда, иймонини тиклаш учун зарур чораларни кўришга шошилиши керак.
Гуноҳкор хатти-ҳаракатларни хато асносида қилишда ҳеч қандай ёмон нарса йўқ, чунки инсонга хато қилиш хосдир. Лекин одам ёмон ишларни амалга ошириш учун ўзига жон деб рухсат бериш ва тизимли равишда Аллоҳ таоло томонидан белгилаб қўйилган чегараларни босиб ўтиши – бу одамнинг иймони пастга қараб шўнғий бошлаганининг ишора белгиси ҳисобланади. Кучли иймонга эга бўлган мусулмон бунга йўл қўймайди. Шайтон аста-секин уни тўғридан-тўғри йўлдан оздиришни бошлаганини сезиши билан у дарҳол Аллоҳга тавба қилиб, истиғфорларни кўпайтириб дуолар қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтадики: «Тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, зикр қиларлар, бас, кўрибсанки, улар (тўғри йўлни) кўрувчи бўлиб турибдилар» (Аъроф сураси, 201).
Аллоҳ таоло худодан қўрқувчилар ҳақида қуйидаги гапларни айтган: «Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдилар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар.…» (Оли Имрон сураси, 135).
Мисол учун, пора олишни яхши кўрадиган одамни олинг. Вақт ўтиши билан, бу гуноҳни килиш унга одатий иш бўлиб қолади, у айбдорлик ва виждон азобини ҳис қилмасдан ҳар куни буни амалга оширади. Бунинг натижасида иймон заифлаша бошлайди, чунки у уни мустаҳкамлайдиган ҳеч нарса топа олмайди. Худди шу нарса ҳижоб кийишни истамайдиган мусулмон қиз билан содир бўлади. Вақт ўтиши билан бундай қиз, бу тақиқланган ҳаракат эканлигини унутиши мумкин.
Ибодатда дангасалик
Соғлом эътиқодга эга бўлган мусулмон Аллоҳга сажда қилишдан завқ олади, динга амал қилишни у қувонч ва ғайрат билан ёндошади. Қуръон оятларидан бирида зикр қилинганидек: «Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг» (Оли Имрон сураси, 133).
Бошқа бир оятда айтиладики: «Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг» (Ҳадид сураси, 21).
Иймони заиф мусулмонга келадиган бўлсак, у динга амал қилишни то ўлгунига қадар елкасида кўтариб юриши керак бўлган юкка қарагандай қарайди: «Агар намозга турсалар, дангасалик билан, хўжакўрсинга турарлар ва Аллоҳни камдан кам зикр қиларлар» (Нисо сураси, 142).
Ибодат ҳаракатларини амалга оширишдан олдин дангасаликнинг намоён бўлиши руҳий музликдан келиб чиқади ва бу сифатни сезган мусулмон имонини янгилаш учун дарҳол зарур чораларни кўриши керак.
Ибодат завқ бермай қўйса
Динга амал қилиш мўмин-мусулмоннинг руҳига ва унинг ахлоқига ижобий таъсир кўрсатиш хусусиятига эга. Бундай одамнинг қалбида ёқимли туйғу, завқ бўлади. Бундан ташқари, ибодат қилиш ҳаракатлари мўминни Худо билан алоқаси ва одамлар билан бўлган муносабатларига нисбатан яхши томонга ўзгартиради. Одамнинг иймони паст даражага тушганда, динга амал қилиш унинг учун бўшлиққа айланади - унинг ижобий таъсири йўқолади, ибодат инсон учун оддий маросимлар, расмий, жонсиз ҳаракатлар шаклини олади. Бундай вазиятда ибодат инсонни Аллоҳга яқинлаштирмайди, «Сажда қил ва қурбат ҳосил қил» ояти (Алақ сураси, 19) бундай мусулмон учун ишламайди. Кундалик ибодат мусулмонни гуноҳга сабаб бўладиган ишларни қилишдан сақламайди, чунки у Қуръонда айтиб ўтилган самарадорликни йўқотади: «…албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур» (Анкабут сураси, 45).
Заиф иймон эгаси Рамазон ойида рўза тутиши ва ҳатто қўшимча равишда рўза тутиши мумкин, аммо рўза тутишнинг мақсади бўлган тақводорлик туйғусини кучайтирмайди: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз» (Бақара сураси, 183). Бундай одам фақат очлик ва чанқоқлик ҳиссини олади, холос.
Закот ибодатини адо қилиш бундай мусулмон учун оддий расмиятчиликка айланади - у буни қалбан бажармай қўяди ва натижада Қуръонда айтилган покланишни олмайди: «Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан…» (Тавба сураси, 103).
Ҳар бир мусулмон, у ёки бу ибодат ҳаракатларини бажарганда ўз ҳолатини вақти-вақти билан кузатиб бориши керак. Ва у диний амалиёт малол келадиган маросимлар мажмуига айланиб, унга фойда (уни маънавий бойитиш, унинг маънавий белгиларини мустаҳкамлаш, ёмон хатти-ҳаракатларини сақлаб қолиш) келтирмай қўйса, бу унинг иймони пастга қараб шўнғий бошлаганидан ташвишли қўнғироқ бўлиб хизмат қилиши ва уни тиклаш учун зарур чораларни кўришга ундаши лозим.
Қуръон ўз таъсирини йўқотиши
Мўмин Аллоҳнинг Китобини ўқиганда ёки бошқаларнинг ўқишини тинглаганда, унинг юраги Аллоҳ олдида итоаткорлик, ҳаяжон ва иззат-икром туйғуси билан тўлади. Мусулмоннинг иймони заифлашганда, агар унинг руҳий қобилияти заифлашади деб айтиш жоиз бўлса, Қуръон оятлари унинг қалбида акс-садо топишдан тўхтайди. Гуноҳкор ҳаракатлар қилиш учун Раббининг ажри ҳақида, унинг буйруқлари ва тақиқлари ҳақида оятлар бундай мусулмоннинг қалбида бефарқлик туйғусидан бошқа ҳеч нарса уйғотмайди. Бироқ, агар инсон иймони кучли бўлса, унда дўзах жазоси ҳақида ўқиганда бу оятлардан ҳар сафар унинг эти жимирлаб, юраги товонига тушган бўларди, Аллоҳнинг жазосидан қўрқиб ва Унинг марҳаматига умид қилиб, кўзлари ёшга тўлган бўларди.
Ибратли насиҳатлар олдида ва ўлим ҳақида эслатиш олдида бефарқлик
Ўлимда ва у билан боғлиқ бўлган нарсалар – ўлим талвасаси, руҳнинг танадан чиқиши, марҳумни ювиш, танани кафанга ўраш, жаноза намози, дафн маросимида – одамлар учун кўплаб панд-насиҳатлар мавжуд. Бу мўмин мусулмоннинг қалбини ларзага келтириш учун кифоя қилади, чунки эртами-кечми бу дунёни тарк этишини эслатади ва уни Аллоҳга қайтишга ундайди. Иймон заифлашганда, бундай вазиятларга дуч келган киши қалбида бефарқликдан бошқа ҳеч нарса топа олмайди. Баъзиларда ўлим ҳақида гап кетганда ҳатто қаҳқаҳа ҳам уйғониши мумкин. Бундай мусулмонлар учун битта матал бор: "ўлим ҳақида эслатиш кимнингдир ақлини киргизмаса, уни фақат дўзах олови тузатади".
Мусулмоннинг маънавиятини уйғотиш ва уни чин дилдан, самимий тавба қилишга ундаши кўзда тутилган ибратли панд-насиҳатлар ва диний сабоқлар олдида мусулмоннинг бефарқлиги ҳам руҳий музлиги ҳақида гувоҳлик бериши мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: «Албатта, бунда қалби борларга ва зеҳн билан қулоқ осганларга эслатма бордир» (Қоф сураси, 37).
Шу сабабли, агар қалбингизда диний панд-насиҳатлар ва ўлим ҳақида эслатиб ўтиш олдида бефарқлик ҳис қиладиган бўлсангиз, ўзингизга савол беринг: «Тирикмисиз ёки аста-секинлик билан тирик мурдага айланиб боряпсизми?»
Аллоҳни кам ёдга олиш
Дунё ташвишларига ҳаддан ташқари берилганлик ва моддий бойликлар ортидан қувиш иймон заифлашувига олиб келадиган сабаблар қаторига киради. Бундай турмуш тарзи мусулмон кишини шунга олиб келадики, у ўзининг диний мажбуриятларига нисбатан бепарволик намойиш қилади ва Аллоҳ таолони тобора камроқ ёдга оладиган бўлади. Дунёвий ҳаётга сиғиниш, бир томондан, иймон заифлигининг сабаби, бошқа томондан эса – унинг оқибати ҳисобланади. Одам Қуръон каримнинг қуйидаги оятида келтирилган одамга айланиб боради: «Аллоҳни унутдилар, бас, У ҳам уларни унутди» (Тавба сураси, 67).
«Дунёвий ҳаётга боғланганлик»ни бандлик билан адаштирмаслик керак. Боғланганлик бу – одамнинг ташвишлари фақат дунёвий нарсалар билан чегараланган ҳолатдир: мисол учун, одам тўлалигича мансаб ортидан, тижорат лойиҳалари, спорт оламидаги ҳодисалар ва ҳ.к. ортидан қувадиган, бунда унга Аллоҳ томонидан юкланган мажбуриятларга нисбатан бепарволик намойиш этган ва Яратувчининг ўзини унутган ҳолат. Бундай мусулмон, агар у буни кези келганда, жума намозига келганда, ҳафтада бир марта қилса, камдан-кам ҳолларда Аллоҳ Таолони ёдга олади. Шунинг учун Аллоҳ таоло бизга имкон қадар кўпроқ эслашни буюради, шунинг учун ҳаётимизда турмуш ташвишлари ва диний вазифалар ўртасидаги мувозанат мавжуд: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч уни поклаб ёд этинглар» (Аҳзоб сураси, 41-42).
Мусулмонларнинг муаммоларига бепарволик
Иймон заифлигининг белгиларидан бири мусулмонларнинг муаммоларига бефарқликдир. Бундай мусулмон адолатсизлик, қашшоқлик, уруш ва бошқалар шароитида яшайдиган диндош биродарларининг азобларини безовта қилмайди. Уни Ал-Ақсо масжиди масаласи, Ғазо секторининг босиб олиниши, Ер шарининг қайноқ нуқталарида мусулмонлар қони тўкилиши ва ҳоказолар қизиқтирмайди.
Қуйида мусулмоннинг иймони заифлашувини кўрсатадиган энг тарқалган белгилар келтирилган. Бу белгиларни ўзида кўрган ҳар бир киши иймонини тиклаш учун зарур чораларни кўриши, Аллоҳга самимий тавба, раҳм-шафқат ва гуноҳлардан кечиш ҳақида илтижолар билан мурожаат қилишга шошилиши керак.
«Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг» (Оли Имрон сураси, 133).
Абу Муслим таржимаси