close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Иймонни мустаҳкамлаш: 7 қадам

Иймонимиз доим ҳам биз истагандай кучли ва мустаҳкам бўлавермайди. У кўпинча турли ҳаётий вазиятларга қараб ўзгариб туради. Иймоннинг сусайишига шайтоннинг айёрона васавасалари ва ибодатдаги камчиликлар каби бир неча хил сабаблар бор. Сабабидан қатъи назар, ҳар биримиз ўзимизга қараб боришимиз ва Иймонимиз сусая бошлаганини ҳис қилишимиз билан уни кучайтириш бўйича чоралар кўришимиз зарур. Бунинг учун иймонни нималар сусайтиришини ва бунга қандай қилиб чап беришни, шунингдек, уни нима кучайтиришини билиш зарур.

Қуйида бугунги кундан бошлаб улар туфайли иймонимизни мустаҳкамлаш учн керак бўлган 7 та қадам келтириб ўтилади!

1. Тан олиш ва тавба қилиш
Гуноҳ қилмасликка қанчалик интилсак-да, барибир ҳамма одамлар гуноҳ қилади. Гуноҳлар эса, иймонни заифлаштиради. Ёлғон, алдамчилик, ўғрилик ва ҳ.к. каби ҳаракатлар инсон қалбида акс этади, бу эса бизни шайтон васвасасига учиш ва Аллоҳнинг йўлидан чекинишга берилувчан қилиб қўяди.
Қилаётган ишларимиз ҳақида ўйлашимиз, Қуръон ва Суннатга зид келадиган ишлардан қочишимиз керак. Аллоҳ бизга адолатлилик, фикр-мулоҳаза юритиш ва соғлом қарор қабул қилиш туғма туйғусини берган. Бизнинг фитратимиз, қачон гуноҳ қилаётганимизни тушунишимизни талаб қилади. Агар ниманидир билмаётган бўлсак, буни билиш учун бир талай жиддий сабаблар бўлиши муқаррар!

2. Мунтазам ибодат қилиш (намоз ўқиш)
Кунига беш маҳал ва Суннатга риоя қилган ҳолда намоз ўқиш иймонни мустаҳкамлашнинг ажойиб усули ҳисобланади. Намоз ўқир эканмиз, нафақат фарзни бажарамиз, балки Яратувчига мурожаат қилиш, Ундан мадад ва раҳматини сўраш имконига эга бўламиз.
Намоз бизни Роббимиз билан боғлайди ва Аллоҳга итоат қилиш билан яхшилик қилиш ва ёмонликдан қочишга ёрдам беради.
Аллоҳ Таоло Қуръон каримда айтадики:
«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса,иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир. Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир.  Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Уларга Роббилари ҳузурида даражалар, мағфират ва карамли ризқ бор» (Анфол сураси, 2–4).

3. Қуръон тинглаш
Тиббий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Қуръони карим матнини шунчаки тинглаш ҳам танамизга ижобий физиологик таъсир кўрсатар экан. Тадқиқотлар шунингдек, Қуръон инсон танасига, ақлига ва руҳига ижобий таъсир этган ҳолда шифобахш хислатларга ҳам эга эканлигини исботлаб берди.
Иймонни мустаҳкамлашнинг Қуръони карим тиловатини тинглашдан ҳам яхши усул борми?! Қуръоннинг гўзал тиловатига қулоқ солинг ва тинглаётган нарсаларингиз ҳақида ўйланишга урининг.

4. Зикр қилиш
«Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?» (Раъд сураси, 28).
Аллоҳни эслаш, ёдга олиш қалбимизга тинчлик ва хотиржамлик олиб келади. Бу, шунингдек, тақво туйғусини, Буюк Аллоҳ яқин эканлиги ва биз доимо унинг кўнглига ёқишга интилишимиз лозимлигини англаб етиш туйғусини беради.
Қуйида айрим фойдали зикрлар келтирилган:

Субҳоналлоҳ
Алҳамдулиллаҳ
Аллоҳу Акбар
 

5. Қўшимча рўза тутиш
Рўза инсон қалбини даволайдиган восита деб ҳисобланиши мумкин. Нафл рўзанинг афзалликлари кўп. Аллоҳга Унинг раҳмати учун шукр қилишга, тақиқланган хоҳиш-истакларни назорат қилишга, омадсизроқ кимсаларга ҳамдард бўлишга ёрдам беради. У, шунингдек, шайтон васвасасини заифлаштиради.

6. Яхшилик қилиш
Эзгу ишлар қилиш қоронғу хонада чироқ ёқишга ўхшаб кетади. Бизга қанчалик оғир бўлмасин, эҳтиёжманд кишига чўзилган ёрдам қўли руҳимизни кўтаради ва Иймонимизни мустаҳкамлайди.
Аллоҳ таоло Қуръон каримда айтадики:
«Албатта, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга битмас-туганмас ажрлар бор», деб айт.» (Фуссилат сураси, 8).
Ҳар биримизнинг қўлимиздан келадиган эзгу ишлар исломга даъват қилиш, кам таъминланганларга ёрдам бериш, кўнгиллилик, донорлик ва ҳ.к.ни ўз ичига олади. Бу ҳаракатлар бошқа одамларга улкан фойда келтиришига қарамай, улар шунингдек, Иймонимизни мустаҳкамлаган ҳолда қалбимизга ҳам фойда келтиради.

7. Аллоҳга ишониш
Иймонни мустаҳкамлашнинг энг яхши усули – тўлалигича ва ҳамма нарсада Аллоҳга ишониш, Қуръон ва Суннатда белгилаб қўйилган ҳамма нарсага риоя қилишдир. Улар бўйича яшанг ва сиз муваффақиятга эришасиз. Мусибат вақтида Аллоҳга мурожаат қилинг ва бахтли кунларда Унга шукр қилинг. Аллоҳнинг Иродасига итоат қилинг ва доимо ёдда тутингки, бу дунёда қандай синовларга дуч келмайлик, вақти келиб, қилган ишларимиз учун жавоб берамиз.

Манба: Sisters Magazine"
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Катта ёлғон Қуръон, ёмғир ва юрак »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase