close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Аллоҳ таолонинг нусрати яқиндир!

Одамлар хотиржамликни ва эртанги куннинг яхши бўлишини хоҳлайди. Тақдирига ташвиш чекиб, бўлаётган ҳодисаларга таъсир қила оладигандек ёки келиши муқаррар бўлган мусибат ва синовлардан қочиб қутила биладигандек янгиликларни диққат билан кузатиб боради. Тинчлик ва хотиржамликка бўлган табиий интилишимиз ҳодисаларга қаттиқ боғлиқлигимиздан, ҳатто хавотир олишга сабаб бўлмаса-да, безовта бўлишимиз заифлигимиздандир.

Бу заифликни ҳис қилиш инсонийлигимиздан ва бу ҳиссиёт бизни одам бўлиб қолишимизга ёрдам беради - ачинамиз, раҳм қиламиз, кечирамиз. Агар инсон ўзига қаттиқ ишониб кетса, туғёнга тушиб қолиши мумкин. Қуръони каримда бу ҳақда: «Йўқ! Албатта инсон туғёнга кетадир. Ўзини бой кўргани учун», дейилган (Алақ сураси, 6-7 оятлар).
Мўмин киши ортиқча даражада ишониб кетиш ҳамда бечоралик орасидаги мувозанатни топа олса, хотиржамликка эришади: У ўзини бутунлай бечора ва ноумид ҳис қилмайди, чунки ишонган Роббиси бор. Шунингдек, ўзига ортиқча ҳам ишониб кетмайди, чунки ўзидаги имкониятларни Аллоҳ таолонинг фазли каби қабул қилиб, бунинг учун ҳали жавоб беришиини ҳис қилади. У яхшиликка умид боғлайди, бироқ доим синовларга тайёр туради, чунки биладики, бу дунёга байрам қилиш ёки маишат қилиш учун эмас, балки синовлар учун келган.
Мўмин одам синовларни Роббисига бўлган иймони, солиҳлигини исботлаш, ҳар қандай вазият ва ҳолатга қарамасдан маъруфга интилиб, мункардан қочиш учун яхши имконият деб қабул қилади. Қийинчиликлар олдида у ўзидан авал ўтган солиҳларнинг гапларини такрорлайди ҳамда шу йўл билан бошқа усулллар билан чиқиб бўлмайдиган даражаларга эришади: “Бу бизга Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзларлар” (Аҳзоб сураси, 22-оят).
Оғир хасталиклар, яқинларини йўқотиш, ҳосилсиз йиллар, иқтисодий инқирозлар каби мураккаб даврларда кимдир ўз исмини солиҳлар исмлари ёзилган китобларга ёза билди, бошқалар эса шайтонга эргашиб кетдилар. Улар ҳақида Қуръони каримда: «Шайтон сизга фақирликни ваъда қилади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизга ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қилади. Ва Аллоҳ кенг қамровли, билувчи зотдир», дейилган (Бақара сураси, 268-оят).
Бугун бизларни барқарорсизлик, ишсизлик ва нархларнинг ошиши билан қўрқитишмаяптими? Бизга кимга муҳаббат қилишимиз кераклиги, кимга эса нафратда бўлишимиз, кимдан қўрқишимиз кераклигини онгимизга сингдиришмаяптими? Медиа, телевидение ва интернет ҳаётимизга шу даражада кириб келдики, ўзимиз мустақил фикрлашимиз учун имкониятлар қолмаяпти, уларнинг режалари, уларнинг сценарияси бўйлаб ҳаракат қиляпмиз, уларнинг доирасидан чиқиб кетишга имкон бўлмаяпти. Бироқ Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират қилишга ва ўзининг фазлини ато қилишга ваъда берган. Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақдир.
Илк мусулмонлар очликдан япроқларни ер эдилар, Қурайш мушриклари уларга қаттиқ азоб берсалар ҳам улар туриб бердилар. Уларнинг кўпи оталари ва акаларини Уҳуд жангида йўқотган бўлсалар ҳам тушкунликка тушмадилар, иродасизлик қилмадилар. Улар Мадина атрофидаги ҳандақда жонларини аямай туриб беришди. Византия ва форсларнинг ўрдасини ҳам муносиб кутиб олишди ва ҳар сафар Аллоҳ таолонинг нусрати энг кам кутилган тарафдан етиб келди.
Боболаримиз ҳам очарчилик ва войронагарчиликларни бошидан ўтказди, аммо улар қийинчиликлар олдида синиб қолмади. Юртларини босқинчиларга бой беришди, уруш, мағлубиятларни бошидан ўтказгани билан ниҳоят ғолиб бўлдилар. Қатағонга ва бошқа азобларга учраган бўлсалар ҳам биз учун иймон уруғини сақлаб қола билишди. Бу иймон уруғи эса, униб-ўсибмоқда. Мўминларда кўпинча шундай бўлади: синовлар шамоли уларни букиб қўяди, баъзан йиқитиши ҳам мумкин, бироқ ҳар сафар буғдой бошоғи каби қаддини яна ростлаб олаверади.
«Сиздан аввал ўтганларга келганга ўхшаш нарса сизларга келмасдан туриб, жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми? Уларни бало ва мусибатлар тутган ва ларзага туширилган. Ҳаттоки, Пайғамбар ва у билан иймон келтирганлар: «Аллоҳнинг нусрати қачон бўлади?» деганлар. Огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳнинг нусрати яқиндир» (Бақара сураси, 214-оят).
Аллоҳ таолонинг нусрати, албатта, келади ва қийинчиликлар ўрнини енгилликлар эгаллайди. Бироқ бунинг бир шарти – аввалги умматлардан унга киришга ҳақли бўлганларга юборилган оғир синовлар каби синовларни бошдан ўтказиш зарур, солиҳлар толиҳлардан ажраши керак. Мўминлар ўзларида бор барча имкониятларини ишга солиб, Аллоҳ таолодан бошқа умидлари қолмаган бир вақтда Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни мукофатлайди ва мунофиқларни хор қилади.
Биз бу ҳақда яхши биламиз, бироқ инсонлигимизга борамиз, шошиб, ховлиқамиз. Биз муаммоларимиз тезда ҳал бўлишини ҳамда ҳаётимиз хотиржам ўзанга қайтишини истаймиз. Вақт тез ўтади ва, албатта, бу содир бўлади, бироқ эртанги кун билан яшаш Роббилари билан учрашишни истаганлар учун ҳаддан ортиқ ҳашаматдир. Эртага янги синовлар чиқади, унинг ўз йўли ва қаҳрамонлари бор. Биз бугун сииналмоқдамиз, майли қандай қилсак тўғри бўлишини билмасмиз ҳам, бироқ фитна ва васвасалар даврида, баъзан, самодан туширилган нажот арқонини маҳкам ушлашимиз кифоя қилади.

Эльмир Кулиев мақоласи асосида
Абу Муслим тайёрлади

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase