close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ғазо ҳаққига қилинган дуолар нега қабул бўлмаяпти?

Қўллар дуога кўтарилган, кўзлардан эса ёш оқмоқда. Бир овоздан янграган «Омийн» садоларидан ҳаво ларзага келади. «Эй, Аллоҳ! Ғазо халқига нажот бер! Эй, Аллоҳ! Уларга нусрат бер! Эй, Аллоҳ! Уларни Ўзинг ҳимоя қил!», - имом шундай деб, баланд овозда дуо қилади. Рамазон ойида бу ҳолатни деярли ҳар бир масжидда кузатиш мумкин эди. Ўтган йилги Рамазонда ҳам, ундан олдингисида ҳам шундай эди...

Сўнг, уйга қайтамиз, телевизорларни қўямиз ва янги қотилликлар, янги-янги зулмлар, янги азобу мусибатларни кўзларимиз кўради, қулоқларимиз эшитади. Деярли ҳар куни шу тарзда ҳаёт давом этади. Ҳатто, ҳар сафар ҳолат янада қаттиқ оғирлашгандек бўлиб туюлади.
Нега шундай бўлмоқда? Нега дуоларимиз ижобат бўлмаяпти?
Эҳтимол, сабримиз етмаётгандир ва Аллоҳ таоло дуоларимизни қабул қилган ва унинг ижобатини биз кўрмаётган ва тушунмаётгандирмиз... Балки, Аллоҳ таоло бизга ёрдам бераётгандир, ҳолат эса бундан ҳам оғир ва аянчли бўлиши ҳам мумкин эди-ку. Эҳтимол...
Бироқ, Аллоҳ таоло бизнинг дуоларимизни ижобат қилмаётган бўлиши эҳтимоли ҳам кучли, чунки бирон бир нарсада биз ноҳақ бўлгандирмиз, тўғри йўлдан бормагандирмиз. Агар шундай бўлса, дуоларимиз қабул бўлмаётганига бир неча сабаблар бор.

Мунофиқлик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Сўнг сафари чўзилган, сочлари чанг ва тўзиган, қўлларини осмонга чўзиб: «Ё Аллоҳ, Ё Аллоҳ», дейди. Унинг таоми ҳаромдан, суви ҳаромдан, либоси ҳаромдан, ҳаром билан ғизоланган. Қандай қилиб унинг дуолари мустажоб бўлиши мумкин?» (Имом Муслим ривоятлари).
Орамизда шахсий  ҳаётида Аллоҳ таолонинг фарзларига бепарво бўлган қанча-қанча одам борлигини ҳеч қайсимиз билмаймиз. Рибодан сақланишни ўйлаб кўрмаган, ҳалол фойда йўлларини изламаган қанча-қанча одамлар бор? Орамизда Аллоҳ таолонинг таомлар, либослар, эр-хотин муносабатлари ва ота-она розилигини топиш борасидаги буйруқларига амал қилмаётган қанчадан қанча одамлар бор экан-а? Албатта, биз  уларга қози эмасмиз, бироқ Аллоҳ уларга ё мукофот, ё жазо бериши аниқ. Ким Роббисига итоат қилмади, демак у Унинг ёрдамини кутмаса ҳам бўлади.

Молиявий мунофиқлик

Бутун дунё мусулмонлари Ғазо учун моддий ёрдам кўрсатиш учун пул йиғишга киришиб кетди. Хусусан, Ғарб мусулмонлари энг кўп маблағ йиққанлар сафидан ўрин олди. Бироқ, келинглар, бу саҳийликка бошқа тарафдан ҳам нигоҳ солиб кўрайлик.
Ўтган йили Ғазога кўрсатилган ёрдамнинг умумий миқдори асосан мусулмонлар яшайдиган шаҳар ҳудудида қуриладиган битта осмонўпар бино қурилишига сарф этиладиган ўртача маблағ миқдоридан ошгани йўқ. Бошқача қилиб айтганда, ушбу ёрдам миқдори ўртамиёна мусулмон давлатида жинсий ожизликни  даволаш учун мўлжалланган дори-дармонга сарф этиладиган маблағ миқдоридан оз, ёхуд бир мусулмон харид қилган битта футбол клубининг нархидан паст бўлган. Мисоллар рўйхатини давом эттириш мумкин, албатта, лекин бу билан нима демоқчи бўлганимизни фаҳмлаб бўлдингиз, деган умиддамиз. Ғазонинг ташвишини расман роса тортмоқдамиз-у, ҳамёнимиз эса сиримизни очиб қўймоқда. (Яъни, асли кимлигимизни кўрсатмоқда)

Жамиятнинг мунофиқлиги

Уммат адолати, умиди ва Аллоҳга бўлган ибодатлари билан бутун дунёга ибрат бўлиши керак. Аслидачи? Мусулмон мамлакатлари коррупция энг кўп тарқалган мамлакатлар рўйхатининг бошида, ирқчилик, миллатчилик, порахўрлик, мазҳаблараро урушлар, илмсизлик, «обрў учун» қотилликлар қилиш, наркотиклар ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш гуллаб яшнаган.
Озгина имкон бўлиб қолса, аксар мусулмонлар ўз ватанларини ташлаб Ғарбга учиб боришга тайёрдирлар. Турли хил фактларни бу ерда келтиришга зарурат йўқ, зеро кўпчилик ўз уйимизни тартибга келтириш кераклигини аллақачон тушуниб турибди.

Сиёсий мунофиқлик

Ғазо учун дуо қилаётган ва кўз ёши тўкаётганларнинг орасида бир йилгина бурун ўз мамлакатларининг армияси эркаклар, хотин-қизлар ва болаларни, улар бошқа сиёсий мафкурага мансуб бўлганлиги учунгина ҳайдаганда, хурсанд бўлганлар ҳам бор. Ғазо ҳимояси учун намойиш қилаётганлар орасида ҳозир ҳам ўн минглаб мусулмонларни, уларни Исломнинг бошқа йўналишига мансуб бўлганлиги учунгина қатағон қилишни маъқуллаётганлар ҳам кам эмас. Ғазони инсонийликка зид тарзда қамал қилинаётганлиги ҳақида жар солаётганларнинг кўпчилиги эса, ўз ҳукуматларининг озчиликни ташкил этувчи қувғин қилинган мусулмонларга бошпана бермаслик ҳақидаги истагини фаол тарзда қўллаб-қувватламоқда.
Авраам Линколн ўзининг машҳур бир нутқида Инжилдан иқтибос келтириб: «Ўз ичидан парчаланган ҳар қандай уй, бардош бермайди", - деб айтган.
Мусулмон оламининг кўп вакиллари ўз мусулмон биродарларининг ҳаётини, ўзлариники каби, ўз сиёсий қарашларидан кўра муҳим эмас, деб қарор қилишди. Ана шундай одамларнинг дуосини Аллоҳ таоло эшитади (ижобат қилади), деб ўйлаш мумкинми?
Ҳа, бу жуда қайғулидир...
Бироқ, тушкунликка тушмаслигимиз керак. Нега? Чунки, ўзимизнинг нуқсонларимизни тан олишимиз тўғриланишга, ислоҳга қараб қўйилган биринчи қадамдир. Бошқача сўз билан айтганда, биз ўз хатоларимизни бизга дарс бўлиб қолгунича қайта-қайта такрорлашга маҳкуммиз.. Мусибатлар ва синовлар нотўғри иш қилганимизни англашимиз ва сўнг покланишимиз учун керак. Энг аввало, мунофиқликдан халос бўлиш учун.

«...Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас». (Раъд сураси, 11-оят)

Жуда кўп муаммолар борлигига қарамасдан, Ғазодаги инқироз бизда ҳали ҳам жуда кўп хайр борлигини кўрсатди. Биз ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз уқубатларига ҳамдард бўлиш, уларнинг мусибатларини ўзимизникидек қабул қилиш ҳиссиётини ҳали ҳам йўқотмабмиз. Жуда кўпчилик ижтимоий тармоқларда маърифий ишлар билан машғул бўлдилар. Учинчилари эса пуллар йиғишди. Агар биз ушбу ижобий энергияни юқоридаги зикр қилинган мунофиқлик турларини ислоҳ қилишга йўналтирсак ва бу ишни, аввалло, ўзимиздан бошласак, сўнг, оиламиз ва, ниҳоят, жамият ва бутун умматни ҳам ўзимиз орзу қилган тарафга ўзгартиришимиз мумкин бўлади. 
Бу билан биз нафақат Ғазони озод қилган бўламиз... Биз ўзимизни озод қилган бўламиз.

«...Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!» (Зумар сураси, 53-оят).

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase