close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

001. Фотиҳа сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 7.
Тартиб рақами: 1.
Сура маъноси: очувчи.
Суранинг бошқа номлари: Фотиҳатул Китоб, Уммул Қуръон, Суратул ҳамд, Сабъул масоний, ал-Қуръонул ъазийм, Шифо, Руқя, Суратус солат, Асос, Вофия, Кофия, Воқия, Канз.
Сура фазилати: Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Тавротда ҳам, Инжилда ҳам Уммул Қуръон (Фотиҳа сураси) каби сурани нозил қилмаган. У етти такрорланувчи (оятлардан иборат)дир. (Аллоҳ:) “У Мен ва бандам ўртасида иккига тақсимланган. Бандам учун сўрагани (бўлади)” (деб айтади)”, деганлар” (Термизий, Насоий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Раҳмон (Меҳрибон) ва Раҳийм (ўта марҳаматли Зот бўлмиш) Аллоҳ исми билан (бошлайман).
Яъни, Ўз зоти ва сифатида Ягона, ибодат қилиш учун энг муносиб Зот – Аллоҳ номи билан бошлайман. У ўта Меҳрибон ва ўта Раҳмлидир.
Аллоҳ таоло Каломидаги илк сурани “бисмиллоҳ” калимаси билан бошлаши беҳикмат эмас. Зеро, мўмин банда Аллоҳни доимо ёдида сақлаши, ҳар бир ҳалол ёки мубоҳ ишни (хусусан, емоқ-ичмоқ, кийиниш, масжидга кириш, у ердан чиқиш, уловга миниш, касб-кор қилиш ва ҳ.к) У Зотнинг исми билан бошлаши лозим.
 
2-4. Ҳамд оламлар Парвардигори, Раҳмон ва Раҳийм, ҳисоб кунининг Подшоҳи Аллоҳ учун (хос)дир!
Таржима чиройли чиқиши ва асл маъносига яқин бўлиши учун биз бу ерда учта оятни жамлаб таржима қилдик.
“Ҳамд оламлар Парвардигори... Аллоҳ учун (хос)дир!”
Дунё ва охиратдаги ҳамду сано ва мақтовларнинг ҳаммаси Аллоҳга хос. У Зот барча айбу нуқсон ва камчиликдан холи. Аллоҳ бутун оламлар Яратувчиси, уларни Тарбияткунандасидир. Хоҳ жонли, хоҳ жонсиз, хоҳ ақлли, хоҳ ақлсиз бўлсин, Аллоҳдан ўзга бирон махлуқот ҳамд айтилишга муносиб эмас.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар Аллоҳ бир бандасига неъмат берганида, у: “Алҳамду лиллаҳ”, деса, айтган нарсаси олганидан афзалроқ бўлади”, деганлар” (Ибн Можа ва  Байҳақий ҳасан санад билан ривоят қилган).
“Раҳмон ва Раҳийм...”
Аллоҳ таолонинг “Раҳмон” сифати У Зотнинг барча махлуқотларига, хусусан мўминга ҳам, кофирга ҳам ризқ берувчи, улардан яхшиликларини аямайдиган, ўта карамли Зот эканини англатади. “Раҳмон” сифати фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос. Ундан ўзгаси бу сифат билан аталиши мумкин эмас.
“Раҳим” сифати “Раҳмон”дан хосроқ бўлиб, “охиратда фақат мўминларга шафқат қилувчи” маъносини билдиради. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 43-оятида: “У мўминларга Раҳимлидир”, деган.
“Ҳисоб кунининг Подшоҳи...”
Аллоҳ қиёмат кунининг мутлоқ Подшоҳидир. У Кунда бандалар ҳисоб қилиниб, яхши амаллари учун мукофот, ёмон амаллари учун жазо оладилар. Охиратда Аллоҳдан ўзга подшоҳ ва ҳукм қилувчи бўлмайди. Қиёматда У Зотнинг ҳукмигина устун бўлади, Унинг ҳукмига қарши чиқадиган ёки ҳукмини бекор қилувчи бўлмайди.
Юқоридаги оятларда Аллоҳ таолога муносиб тарзда ҳамду сано ва мақтовлар айтилгач, энди мўминлар тилидан шундай ваъда берилади:

5. Биз Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз!
Аллоҳ таоло бандалар ўзларининг ожиз эканларини бир зум ҳам унутмасликлари учун намозга турганларида уларга ушбу оятларни такрор-такрор ўқишни амр қилган. Бандалар ожизликларини эътироф этиб, Аллоҳга хушуъ билан ибодат қилсалар, Аллоҳ уларнинг илтижо ва ибодатларини қабул қилади.
Оятнинг маъноси қуйидагича: эй Раббимиз, Сен бутун оламлар Парвардигори, ўта Меҳрибон ва Раҳмли, ҳисоб кунининг мутлоқ Подшоҳи экансан, бас, биз фақат Сенгагина ибодат қиламиз, Сендангина яхшилик ва мадад сўраймиз. Биз Сенинг раҳматингдан умидвормиз. Ҳожатларимизни ёлғиз Сенгагина ошкор қиламиз, ибодатларимизни ихлос билан тўлиқ адо этишда мададингга муҳтожмиз!
Фақат Аллоҳгагина ибодат қилиш ва Ундан мадад сўрашга ваъда қилингач, энди дуо қилишга ўтилади:

6-7. Бизларни Тўғри Йўлга – ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас, балки Ўзинг инъом этган зотларнинг йўлига ҳидоят қилгин!
Ушбу ва аввалги оятларда кўпликда келган “ибодат қиламиз”, “ёрдам сўраймиз”, “бизларни ҳидоятга бошлагин” каби жумлалар Исломда жамоатнинг аҳамияти катта экани, мўмин банда бошқа биродарлари ҳаққига ҳам дуо қилиши лозимлигига далолат қилади.
Яъни: эй Раббимиз, бизларни Ҳақ Йўлга, яхшилик ва саодат йўлига, Сенинг розилигинг – жаннатга олиб борувчи йўлга бошла, бизларга тавфиқ бер. Ўзинг бизларни ҳидоятда бардавом қил, имонларимизни зиёда қил!
“Ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас, балки Ўзинг инъом этган зотларнинг йўлига...”
Адий ибн Ҳотим розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғазабга учраганлар” яҳудийлар, “адашганлар” насронийлардир” дедилар” (Термизий, Аҳмад, Ибн Жарир ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Яъни, бу йўл Сенинг ҳидоятинг ва розилигингга эришган, кўп неъматларингга сазовор бўлган зотлар – пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳлар, Аллоҳнинг имон неъмати ва маърифатига эришганлар йўлидир. Бизларни мана шу йўлга бошла. Нонкўрлик қилиб ғазабингга гирифтор бўлган яҳудийлар ва тўғри йўлдан адашган насронийлар йўлидан бизларни асра!

 

078. Набаъ сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 40.
Тартиб рақами: 78.
Сура маъноси: хабар, маълумот.
Суранинг бошқа номи: ъамма, тасаул.

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Улар бир-бирларидан нима ҳақида сўрамоқдалар?
Макка мушриклари инкор маъносида бир-бирларидан нима ҳақида сўрамоқдалар, бир-бирлари билан нима ҳақида суҳбатлашмоқдалар?
Ҳасан Басрий айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ тарафидан пайғамбар қилиб юборилиб, Аллоҳнинг тавҳидини, ўлимдан кейин қайта тирилиш борлигини баён қилиб, уларга Қуръондан оятлар ўқиб берганларида, улар бир-бирларига: “Муҳаммад нима олиб келибди” қабилида бир-бирларига савол бера бошладилар. Шунда мазкур оят нозил бўлган” (Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Макка мушриклари нима ҳақида савол қилаётганлари келаси оятда баён қилинади.

2. Улуғ хабар ҳақида (сўрашмоқда).
“Улуғ хабар” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган, шаъни улуғ, аҳамияти катта бўлган хабардир. Қатода: “Улуғ хабар қайта тирилишдир”, деган. Яъни, улар бир-бирларидан улуғ бир хабар  – ўлгандан сўнг қайта тирилиш ҳақида сўрашмоқда. Аммо улар билмаганларини билиб, ўзларида илм ҳосил қилиш учун эмас, балки инкор ва истеҳзо маъносида бермоқдалар бу саволларини.

3. Улар у ҳақида ихтилофдадирлар.
Макка мушриклари ўзлари сўраётган нарса ҳақида ихтилоф қилмоқдалар. Баъзилари: “Ўлгандан сўнг қайта тирилиш мумкин бўлмаган нарса”, деса, яна бошқаси бунга шубҳа билан қарар эди.

4. Йўқ! Улар яқинда биладилар.
Йўқ! Макка мушриклари бекор айтибдилар. Қайта тирилиш бўлмайди, қиёмат қоим бўлмайди, деганлари ёлғон. Балки қиёмат ҳақ, ҳисоб ҳақ. Сизлар, эй мушриклар, яқинда – жонларингиз таналарингиздан чиқарилаётганда ёки қиёмат куни унинг асл ҳақиқатини билиб оласизлар.

5. Яна бир бор йўқ! Улар яқинда билиб оладилар.
Бу жумла таъкидлаш учун қайтарилмоқда. Яъни, яна бир бор йўқ, сизлар инкор қилаётган, бўлиши мумкин эмас, деяётган қиёмат ва у кунда қайта тирилиш, ҳисоб қилиниш бор. Буни яқин орада аниқ билиб оласизлар.
Макка мушриклари қайта тирилишни инкор қилишлари баён қилингач, энди Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи, У Зот йўқдан бор қилиб, уларни қайта ярата олишига ҳужжат бўладиган тўққизта ақлий далил келтирилади.

6-7. Биз Ерни тўшак ва тоғларни қозиқлар қилиб қўймадикми?!
Бу ердаги савол таъкидни билдиради. Яъни, манавилар қандай қилиб қайта тирилишни инкор қиладилар. Ахир улар Аллоҳнинг чексиз қудрати ва ҳикматига ҳар лаҳзада гувоҳ бўлиб турибдилар-ку?! Улар Ерга бир назар солсинлар. Аллоҳ одамлар фойдаланишлари учун Ерни худди тўшакдек юмшоқ ва бешикдек қулай қилиб қўйган-ку!
“Ва тоғларни қозиқлар қилиб қўймадикми?!”
Аллоҳ таоло махлуқотлар ва устидаги бор нарсани силкитиб, остин-устин қилиб юбормаслиги учун тоғларни Ерга қозиқ қилиб қўйган.
Ушбу ва бундан кейин келадиган Аллоҳнинг қудратига ишора қилувчи оятлардан: “Аллоҳ таолонинг бу ишларни қилиши осон. Бунинг олдида қиёмат куни ўликларни қайта тирилтириб, уларни ҳисоб қилиш ундан ҳам осон”, деган маъно келиб чиқади.

8. Биз сизларни жуфт қилиб яратдик.
Аллоҳ таоло бутун махлуқотни, хусусан одамзотни, бир-бирига таянч ва қувват бўлиши, қалби таскин топиши, наслнинг давомийлигини сақлаб қолиши учун жуфт-жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратди.

9. Биз уйқуларингизни ором (вақти) қилдик.
Аллоҳ уйқу ҳолатини сокин ва оромбахш, инсонлар танаси ва асаблари тин оладиган, тирикчиликнинг серташвиш юмушларидан бўшаб, хордиқ чиқарадиган вақт қилиб қўйди.
Ушбу оятга Муҳаммад Саййид Тантовийнинг “Ал-Васит” номли тафсирида: “Уйқуларингизда ором олиб, сўнг уйқудан уйғонишингиз худди ўлгандан сўнг қайта ҳаётга қайтарилишингизга ўхшайди”, деб маъно берилган.

10-11. Биз кечани либос  ва кундузини тирикчилик (вақти) қилдик.
Худди либос баданни ёпиб, беркитиб тургани каби тун ҳам ўз зулмати билан барча нарсани, хусусан инсонларни кўздан беркитиб туради. Шу сабаб ҳам ояти каримада тун либосга ўхшатилмоқда.
“Ва кундузини тирикчилик (вақти) қилдик”.
Аллоҳ тунни махлуқотлар учун уйқу вақти, кундузни эса бандалари тирикчилик ишларини олиб борадиган, ризқ талабида ҳаракат қиладиган пайт қилиб қўйган.
Шундан сўнг бандалар эътибори осмондаги мўъжиза ва аломатларга қаратилади:

12. Устларингизга етти мустаҳкам (осмон)ни бино қилдик.
Аллоҳ таоло етти мустаҳкам ва баланд осмонларни бино қилди. Осмонларнинг мустаҳкамлиги шундайки, улар ўз жойига маҳкам ўрнашган бўлиб, шунча давр ва замон ўтишига қарамай, Аллоҳнинг изни бўлмагунича завол топмайди, бирон ерга силжимайди ва махлуқотлар устига тушиб ҳам кетмайди.

13. Ва чарақлаб турувчи чироқни (пайдо) қилдик.
Жамики маълуқотлар манфаат олиши учун Аллоҳ таоло зиёси ва ҳарорати ўта кучли бўлган Қуёшни яратди.
Қуёш ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи энг катта аломатлардан саналади. Бу ерда у “чарақлаб турувчи чироқ” дея зикр қилинмоқда. Ҳозирги ривожланган илм-фан бу нарсанинг сирини очди. Қуёшни замонавий телескоп орқали кўрилса, у худди ўзидан олов чиқараётган машъалага ўхшаши ўз тасдиғини топди.

14. Биз сиқиб чиқарувчи (булут)лардан кўп миқдорда сув ёғдирдик.
Аллоҳ таоло махлуқотлар учун булутлардан кўп миқдорда баракали ёмғир ёғдиради. Бу ҳам ҳар бир махлуқотнинг ҳаётида катта аҳамиятга эга. Зеро, сувсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Сув махлуқотлар ризқига сабаб бўлувчи бош омилдир.

15-16. У (ёмғир) сабабли дон ва ўсимлик ҳамда бир-бирига қўшилиб кетган боғларни чиқаришимиз учун (шундай қилдик).
Яъни, Биз Ердан одамлар ейдиган ва захира қилиб қўядиган, чорваларига едирадиган дон – буғдой, шоли, арпа, жўхориларни, турли ўсимлик ва гиёҳлар, таъми, ҳиди ва ранги турфа хил бўлган мевалардан иборат қуюқ боғларни чиқариш учун осмондан кўп миқдорда ёмғир ёғдирамиз.
Аллоҳ таоло мушриклар қиёмат кунини ёлғонга чиқаришганини баён қилиб, қиёматнинг содир бўлишига ақлий далиллар келтиргач, энди қиёмат кунида содир бўладиган баъзи ҳодисаларни келтиради.

17. Албатта ажрим куни белгиланган вақт бўлди.
Инсонлар беҳуда яратилганлари йўқ. Уларга неъматларни берган Зот энди уларни беҳуда тарк қилиб қўймайди, кимдир имон келтириб, яхшиликлар қилган, кимдир куфр келтириб, ер юзида турли бузғунчиликларни содир этган, кимдир зулм қилган, яна кимдир зулм кўрган. Буларнинг ҳеч қайсиси изсиз кетмайди, ўлиб тупроққа айланиш билан якунланмайди, балки ҳали ҳисоб бор, мукофот ёки жазо бор. Бу кун қиёмат кунидир! Бу кун охират кунидир! Ана ўша кун қачон содир бўлиши белгилаб қўйилган.
У кунда коинотнинг низоми бузилиб, Аллоҳнинг изни билан баъзи ҳодисалар юз беради. Жумладан,

18. У кунда сур чалиниб, сизлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келасизлар.
“Сур” пуфлаш асбоби бўлиб, биз унинг қандай эканини билмаймиз. Сурнинг қандай сифатга эга эканини билишга ҳаракат ҳам қилмаймиз. Чунки бу нарса имонимизни зиёда қилмайди. Зеро, бу ғайб илмидандир. Фақат ўша куни сур чалинишига имон келтирамиз, холос.
Ана ўша кунда сур чалишга тайинланган фаришта Исрофил алайҳис салом Аллоҳ таоло амри билан сур чалгач, одамлар қабрларидан туриб гуруҳ-гуруҳ бўлиб, турли ҳолат ва шаклда маҳшаргоҳга келадилар.
Бу ердаги сур чалиниш иккинчисидир. Биринчи бор сур чалинганида барча жонзотлар ўлади ва кейингисида қиёматгача бўлган жамики бандалар қайта тирилиб, Аллоҳнинг ҳузурига йўл оладилар.

19. Осмон очилади ва эшикларга айланади.
Ўша кунда мустаҳкам осмоннинг кучли тизгини очилади, улкан борлиқнинг низоми бузилиб, осмон бўлакларга бўлинади ва худди очиқ эшикларга ўхшаб қолади.
Баъзилар: “Осмон ёрилиб, турли йўлларга бўлинади ва ундан фаришталар тушиб келадилар”, дейишган (Қаранг: Фурқон, 25).

20. Тоғлар учирилиб, саробга айланиб қолади.
“Сароб” аслида чўлдаги чанқаб турган одамнинг кўзига сув бўлиб кўринган нарса. Аслида у ҳеч нарса эмас. Ушбу оятда айтилишича, қиёматда ўзининг улканлиги ва пурвиқорлиги билан одамларни ҳайратга солиб келадиган, дунёда Ерни силкиниб кетишидан сақлаб турадиган катта тоғлар ҳам саробга, кичик зарраларга айланиб қолар экан. У тоғлар шундай майда зарраларга бўлиниб кетганидан узоқдан қаралса, бир нарсага ўхшаб кўринса ҳам, яқинлашганда унинг ҳеч нарса экани маълум бўлади.

21. Албатта жаҳаннам кўз тикиб турувчидир.
Жаҳаннам қиёмат куни қаттиқ қиздирилиб, ёмон амаллари сабаб у ерга тушувчиларни кўз тикиб, илҳақлик билан, худди сергак пойлоқчи каби кутиб туради. Жаҳаннамдаги азоб берувчи фаришталари ҳам у ерга тушадиган осий бандаларни азоблашга шайланиб турадилар.
Хўш, ўзига тушувчиларни азоблашга тайёр бўлиб турган жаҳанамга кимлар тушади.

22. (У жаҳаннам) туғёнга тушувчилар учун макондир.
Аллоҳнинг амрини четлаб ўтиб, ўз ҳавойи нафси билан овора бўлиб, ўз ҳолича, хоҳлаганича ҳаёт кечириб ўтган исёнкор бандалар учун ана ўша кўз тикиб турган жаҳаннам макон бўлади.
Ҳасан Басрий ва Қатодалар: “Ҳар бир банда жаҳаннамдан ўтмагунича жаннатга кирмайди. Агар унга рухсат берилса, нажот топади. Акс ҳолда жаҳаннамда ушлаб қолинади”, дейишган (“Тафсийру ибни касийр”).

23. Улар у ерда узоқ муддат қоладилар.
Туғёнга кетганлар жаҳаннамга тушишгач, у ердан чиқиб кетишмайди, абадул-абад, ниҳояси ва чек-чегараси бўлмаган муддатгача шундай азоб-уқубатларни тортадилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: “Агар аҳли жаҳаннамлар дўзахда дунёда турганчалик муддат туришларини билганларида, хурсанд бўлар эдилар. Агар аҳли жаннатлар жаннатда дунёда турганчалик муддат туришларини билганларида, хафа бўлар эдилар” (Ҳусайн Ибн Масъуд ал-Бағавий, “Маолимут танзийл”).

24. Улар у ерда бирон салқинликни ҳам ва бирон ичимликни ҳам тотмайдилар.
Исёнкор бандалар жаҳаннамга абадий қоладиган бўлиб киришгач, у ерда турли-туман қийноқларга дучор бўладилар. Ана ўша азоблардан бири мана шу оятда айтилмоқда. Қаттиқ иссиқ бўлиб турган жойда одам салқин ичимлик ичишни хоҳлайди. Аммо жаҳаннамдагиларга салқин берадиган ва чанқоқларини босадиган бирон ичимлик берилмайди. Балки,

25. Фақат қайноқ сув ва йирингнигина (тотадилар).
Осийлар жаҳаннамда бирон салқинликни ҳис қилмайдилар, чанқоқни босувчи ичимликни ҳам ичмайдилар, балки азоблари янада зиёда бўлиши учун қайноқлиги ўта юқори даражада бўлган, ичилганда томоқ ва қоринни куйдириб юборувчи сув ва аҳли жаҳаннамлар баданидан оқиб тушадиган тер, қон ва йирингнигина ичадилар.

26. (Бу уларнинг гуноҳларига яраша) муносиб жазодир!
Аллоҳ уларга зулм қилиб, жаҳаннамга бесабаб ташлагани йўқ, балки улар дунёда содир этган қилмишларига яраша жазо олмоқдалар.

27. Улар ҳисоб(-китоб бўлиши)га ишонмас эдилар .
Ўша исёнкор бандалар кофир бўлдилар, турли гуноҳ ва маъсият ишларни қилиб келдилар. Сабаби улар қиёмат кунига, Аллоҳ даргоҳига қайтишлари ва ҳисоб-китобга ишонмас, уни ёлғон дер, қиёмат кунидан қўрқмас, оқибатлари аянчли тугашига беписанд қарардилар.

28. Ва Бизнинг оятларимизни қаттиқ ёлғонга чиқарар эдилар.
Улар Аллоҳнинг борлиги, пайғамбаларнинг ҳақ экани ва Қуръони карим Аллоҳ таоло даргоҳидан нозил қилинганига далолат қилувчи кўпдан-кўп ҳужжат ва далилларни қаттиқ инкор қилишар, куфрда оёқ тираб туриб олишарди.

29. Ваҳоланки, Биз ҳар бир нарсани ҳисоб қилиб ёзиб қўйганмиз.
Аллоҳ таоло илми шомил ва барча нарсадан кенгдир. У Зот бандалар қиладиган барча амалларни ҳисобга олиб қўйган, фаришталар уларнинг номаи аъмолларига дунёда айтган ҳар бир сўзларию қилган ишларини битиб, муҳрлаб қўядилар.
Туғёнкор кофирлар жаҳаннамда минг бир азоб ичида қийналиб турганларида, таҳқирлаш ва азобни янада ошириш мақсадида уларга қарата шундай дейилади:

30. Бас, (эй кофирлар жаҳаннамдаги азобларни) тотиб кўринглар! Биз сизларга азобдан бошқасини ҳаргиз зиёда қилмаймиз!
 Сизлар оятларимизга имон келтирмай, ҳақ йўлни четлаб ўтиб, ҳавойи нафсингизга эргашган экансиз, энди бунинг эвазига жаҳаннамдаги турли хил аламли, қаттиқ оғриқ берувчи азобларни тотиб кўринглар. Сизларга шу хилдаги азобдан бошқаси зиёда қилинмайди!
Абдуллоҳ ибн Амр айтади: “Жаҳаннам аҳли ҳақида ушбу оятдан ҳам шиддатлироқ бирон оят нозил қилинмаган. Улар учун абадул-абад фақат Аллоҳнинг азоби зиёда қилинади”, деган (Абд ибн Ҳумайд, Ибн Жарир ва Ибн Мунзир ривояти).

31. Албатта ютуқ тақводорларникидир.
Бу ердаги “ютуқ”дан мурод “жаннат” ва “Аллоҳнинг розилиги”дир. Яъни, албатта ютуқ, нажот ва жаҳаннам азобидан озод бўлиб жаннатга кириш Аллоҳ таолога ҳақиқий имон келтирган, ўзини У Зот рози бўлмайдиган ҳаром ишлардан сақлаб юрадиган тақводор бандаларгагина насиб бўлади. Зеро, чиройли оқибат тақво эгалариникидир!

32-33. (Улар учун жаннатда) боғлар ва узумлар ҳамда тенг ёшли, кўкраги бўлиқ (гўзал ҳур)лар бордир.
Тақводор бандалар жаннатда турли ноз-неъматлардан баҳраманд бўладилар. Жумладан, улар учун тотли суви ва мевали дарахтлари бўлган гўзал боғлар, хурмо ва узумлар ҳамда турфа хил мевали дарахтлар бордир. Қайси мевадан ейишни хоҳласалар, ҳеч қийналмай ундан узиб тановул қилаверадилар. Жаннат мевалари ўзига хос таъмга эга. Кўринишидан дунёдаги меваларга ўхшаса-да, лекин мазаси ва ҳузур бахш этиши мутлақо ўзгача. Жаннат мевалари мукаммалдир. Уларда ғўрлик, нуқсон, кўнгил айнитиш ва бошқа камчиликлар бўлмайди.
“Ҳамда тенг ёшли, кўкраги бўлиқ (гўзал ҳур)лар бордир”.
Жаннатийлар учун ҳусни-жамолда бир хил бўлган дуркун, тенг ёшдаги ҳурлар, соҳибжамол аёллар бордир. Улар кўзларини тиювчидирлар. Уларга ўзгаларнинг ҳам нигоҳи тушмайди. Жаннатийларни чодирларда кутиб ўтирадилар. Жаннат ҳурларига уларга эга бўлувчи тақводорлардан олдин бирон инсон ёки жин тегмаган бўлади. Улар шу даражада чиройлики, худди беркитилган дур, ёқут ҳамда маржонга ўхшаб кетадилар.

34. (Шунингдек, улар учун) тўла қадаҳлар бордир.
Жаннатийлар учун ақлни кетказмайдиган, маст-аласт ҳолга келтирмайдиган, ўзига хос сифатга эга бўлган тотли ичимликлар тўла қадаҳлар ёш ғуломлар томонидан улашилади. Улар хоҳлаганча ундан ичиб, ҳузурланадилар. Бу ичимликнинг охири,  дунёдаги хамрлар каби мастлик ва уруш-жанжал эмас, балки роҳат ва лаззатдир.

35. Улар у ерда лағв ва ёлғон (сўзлар)ни эшитмайдилар.
Жаннат ҳаёти дунёникидан тубдан фарқ қилади. Жумладан, у ерда бекорчи, беҳуда ва ботил сўз ва гаплар, уруш-жанжалга сабаб бўладиган ёлғончилик ва ғийбатлар бўлмайди. Сабаби жаннат саломатлик жойи ва нуқсонлардан холи макондир.
 
36-37. (Бу) Парвардигорингизнинг – осмонлар ва Ернинг ҳамда улар орасидаги нарсаларнинг Парвардигори бўлмиш Раҳмоннинг мукофоти ва етарли яхшиликдир. Унинг (изни)сиз гапириш (имкони)га эга бўлмайдилар.
Мўмин ва тақводорлар дунёда қилган солиҳ амаллари эвазига Аллоҳ томонидан берилган неъматлар етарли, кифоя қилувчи, қаноатлантирувчи ва давомийдир.
“Осмонлар ва Ернинг ҳамда улар орасидаги нарсаларнинг Парвардигори бўлмиш Раҳмоннинг...”
Яъни, мана шу неъматлар осмонлар ва Ернинг ҳамда улар ўртасидаги барча нарсаларнинг Яратувчиси, Эгаси ва тадбир қилиб турувчиси, раҳмати барча нарсадан устун бўлган Зот – Аллоҳ таолонинг мукофоти ва етарли яхшилигидир.
“Унинг (изни)сиз гапириш (имкони)га эга бўлмайдилар”.
Осмонлар ва Ер аҳли Аллоҳ таоло рухсатисиз бирон сўз айтишга, Ундан бирон нарса сўрашга, Унинг изнисиз бирон нарса қилишга эга бўлолмайдилар, балки Унинг ҳузурида сукут сақлаб турадилар.

38. Ўша куни Руҳ  (Жаброил) ва фаришталар саф бўлиб турадилар. Раҳмон изн берган ва тўғри сўзлаганлардан бошқалар гапира олмайдилар.
Қиёмат кунида фаришталар ва уларнинг энг улуғи Жаброил Аллоҳ таолонинг даргоҳида бўйин эгган, ўзларини ҳокисор тутган ҳолларида саф тортиб турадилар.
“Раҳмон изн берган ва тўғри сўзлаганлардан бошқалар гапира олмайдилар”.
Аллоҳнинг муборак ҳузурида турганларидан Жаброил ва бошқа фаришталар гапиришга қодир бўлмайдилар. Фақат У Зот изн берганларгина гапиради ва гапирганда ҳам рост гапни, Аллоҳни рози қиладиган сўзни сўзлайдилар.
Ибн Аббос, Абу Солиҳ ва Икрималар бу ердаги “тўғри сўз”ни тавҳид калимаси, яъни “лаа илааҳа иллаллооҳ”дир деб тафсир қилишган (Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва  Байҳақий ривояти).
Қиёмат кунида содир бўлувчи воқеалар ҳақида айтилгач, энди ғафлат уйқусида мудраб ётган бандаларни сергак торттириш учун шундай дейилади:

39. Бу ҳақ кундир. Бас, ким хоҳласа, Парвардигорига қайтиш йўлини тутади.
Мана шу қиёмат куни ҳақ! Унинг содир бўлишига, ўша кунда ҳисоб бўлишига ҳеч қандан шубҳа йўқ. Бу кун ҳақида ўзаро тортишиб, бир-бирига савол бериб ихтилоф қилиш ўринсиз. Фақат у кунга ҳозирлик кўриш керак, холос. Ким хоҳласа, вақт борида солиҳ амаллар қилиб Парвардигорига яқинлашсин, имон ва тоат билан Аллоҳга қайтсин, У Зотнинг савоби ва мукофотига эришишга шошилсин, азоби ва жазосидан ўзини сақлаб қолсин!

40. Биз сизларни яқин(да содир бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. Ўша куни ҳар бир киши ўзи қилган нарсага назар солади ва кофир кимса: “Эҳ, қани энди тупроққа айланиб қолсам!!!” деб (орзу қилиб) қолади.
Яъни: эй кофирлар, Биз сизларни, яқинда содир бўлувчи қиёмат кунидаги азобдан огоҳлантирдик. Ўша кунда ҳар бир инсон дунёда қилиб ўтган яхши ва ёмон амалларига қараб қолади – яхши амаллари кўп бўлса, бундан хурсанд бўлади. Агар ёмон амаллари кўп бўлса, ҳасрат-надоматга тушиб, қаттиқ пушаймон чекади.
“Ва кофир кимса: “Эҳ, қани энди тупроққа айланиб қолсам!!!” деб (орзу қилиб) қолади”.
Абдуллоҳ ибн Амр айтади: “Қиёмат қоим бўлса Ер чўзилади ва барча ҳайвонлар, ҳашоратлар бир жойда тўпланилиб, улар орасида шзаро қасос олиб бериилади. Ҳатто шохли қўчқордан шохсиз қўчқорнинг қасоси олиб берилади. Шу иш адо этиб бўлингач, уларга: “Тупроққа айланинглар!” дейилади. Шунда кофир: “Эҳ, кошки мен ҳам тупроққа айланиб қолсам!!!” деб қолади .

080. Абаса сураси

 

 

 

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 42.
Тартиб рақами: 80.
Сура маъноси: юзини буриштирди.
Сабаби нузул: Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш бошлиқларидан бирини даъват қилаётган эдилар. Унинг  Исломга киришидан умидлари бор эди. Шу орада кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли киши келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга тинмай савол бера бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги киши билан бўлаётган суҳбат узилиб қолмаслиги учун кўзи ожиз киши савол беришни бас қилса яхши бўларди, деб ўйладилар ва Ибн Умму Мактумга хўмрайиб, муборак юзларини буриштирдилар. Шунда Аллоҳ таоло севимки пайғамбарига танбеҳ бериб, қуйида келадиган оятларни нозил қилди. Бу ҳақида саҳиҳ ривоятлар кўп. Биз уни қисқа суратда баён қилдик.

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1-2. Олдига кўзи ожиз (киши) келганида афтини буриштирди ва юз ўгирди.
Кўзи ожиз Абдуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига дин ҳақида саволи билан келганди. У бехосдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини бўлиб қўйди. Аммо унинг кўзи кўр. Эй Муҳаммад, шу сабаб унга мулойим ва бағрикенглик билан муомала қилиш лозим.

3. Сиз қаердан биласиз, балки у покланар.
Эй Муҳаммад, Сиз қаердан биласиз, у Сиздан эшитган насиҳатлар сабаб бўлиб, солиҳ амаллар қилар, гуноҳ-маъсият ва жаҳолатдан покланар. Сиз унинг ҳолини билмайсиз.

4. Ёки эслатма олар ва (бу) эслатма унга манфаат берар.
Ёки сўзларингиздан ўзи учун эслатма, панд-насиҳат олар ва бу унга фойда берар.

5-6. Аммо (бойлиги билан) ўзини беҳожат санаган кимсага Сиз эътибор бермоқдасиз.
Бироқ, бойлик соҳиби бўлиб, имон ва илмдан юз ўгирган кимсага Сиз кўпроқ эътибор қаратмоқдасиз. Шояд ҳидоят топса, деб унга даъват қиляпсиз.
Ҳакам ривоят қилади: “Мана шу оятлар нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бой кишига алоҳида эътибор бериб, камбағалдан юз ўгирганларини ҳеч ким кўрмаган” (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

7. Ваҳоланки, унинг покланмаслиги Сизга зарар келтирмайди.
У кимса залолатда қолиб кетса, ширк ва жаҳолатдан покланмаса, Сизга зарари йўқ. Зеро, Сиз фақат етказувчисиз, холос.

8-9-10. Аммо олдингизга шошиб келиб, Аллоҳдан қўрққан кишига Сиз бепарво бўлмоқдасиз!
Парвардигоридан қўрқиб, илм талабида олдингизга келган кишининг саволига жавоб беришдан юз ўгирмоқдасиз, унга беэътибор бўлмоқдасиз!

11. Йўқ! У эслатмадир.
Эй Пайғамбар, Сиз қилган иш тўғри эмас. Бундан сўнг илм талабидан бўлганлардан юз ўгирманг, панд-насиҳат кор қилмайдиган кимсаларга мулозамат қилманг. Зеро, бу оятлар мавъиза ва насиҳатдир.

12. Ким хоҳласа, уни эслайди.
Кимнинг рағбати бўлса, ундан эслатма олади ва амал қилади.

13-14. (Бу эслатма) мукаррам, (қадри) баланд ва покиза саҳифалардадир.
Бу эслатма Аллоҳ даргоҳида қадрли ва ҳурматли, камчилик ва нуқсонлардан холи бўлган покиза саҳифалардадир.

15-16. (У саҳифалар) ҳурматли ва итоатли элчилар қўлларидадир.
Аллоҳ ҳузурида обрўъ-эътиборли ва У Зотга итоат этувчи фаришталар ушбу саҳифаларни олиб тушадилар.

17. Инсон ҳалок бўлсин (ёки лаънатсин)! Унинг куфри қандоқ ҳам қаттиқ (бўлмаса)?!
Аллоҳ таоло ушбу оятда қиёмат куни қайта тирилишни инкор қилиб, неъматларига нонкўрлик қиладиган кофир кимсаларни маломат қилмоқда.

18. (Аллоҳ) уни нимадан яратган эди?
Инсон Парвардигори уни нимадан яратганини биладими?!

19. Уни нутфадан яратди ва белгилаб қўйди.
Аллоҳ таоло бандасини нутфадан – отилиб чиқувчи сувдан яратганки, бандага кибр ва манманлик қилиш, Эгасига кофир бўлиш жоиз эмас. Аллоҳ инсонни мукаммал яратди, ўзига фойдали бўлган нарсаларга нисбатан рағбат ва интилиш хусусиятини берди.

20. Сўнг унга йўлни осон қилди.
Аллоҳ инсонни мукаммал яратиб. Уни яхшилик ва ёмонлик, саодат ва бахтсизлик йўлига илҳом қилди. Инсонга бу икки йўлдан бирини танлаш имконини берди.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ушбу оятни “она қорнидан чиқишини осон қилди”, деб тафсир қилган (Ибн Жарир ривояти).
Оятда иккала маъно ирода қилинган бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!

21. Сўнг уни ўлдирди ва қабрга киргизди.
Аллоҳ ажали етган бандалари жонини олади ва уларнинг ҳурматидан инсонларга ўликларни қабрга қўйишни илҳом қилади. Чунки инсоннинг асли мукаррам. Аллоҳ шу мукаррам бандаси ўлгандан сўнг ер юзида қолиб, қуш ва ваҳший ҳайвонларга ем бўлишини хоҳламайди, балки уларни ер остига қўйдиради.

22. Кейин қачон хоҳласа, уни қайта тирилтиради.
Аллоҳ хоҳлаган вақтида бандаларини қайта тирилтиради ва ҳисоб қилади.

23. Йўқ! У (Парвардигори) амр қилган (амаллар)ни бажармади!
Инсоннинг табиати қизиқ. Унинг ўзи, ҳар бир тана аъзоси Аллоҳнинг қудратига далолат қилиб турса ҳам, банда тўғри йўлга юрмайди, тафаккур қилиб неъматлар қадрига етмайди, Аллоҳ буюрган амалларни бажармайди. Фақат жуда оз бандаларгина бажарадиган У Зотнинг амрини.

24. Инсон таомига назар солсин!
Энди инсон тирик туришига асосий омиллардан бўлган, ҳар куни истеъмол қиладиган таомига ибрат назари билан қарасин! Уни ким яратди, таом ва ичимликка тўйимлилик хусусиятини ким берди, шу ҳақида ўйлаб кўрсин!

25. Биз (осмондан) кўп миқдорда сув ёғдирдик.
Бандалар ризқига бош омил бўлган сув Аллоҳ томонидан осмондан ёғдирилади.

26. Сўнгра ерни ёрдик.
“Ўлик” ерга сув тушганидан сўнг яна бир мўъжиза юз беради – турли ўсимликлар униб чиқади. Буларни ким ундиришини эсдан чиқармаслигимиз лозим.

27-31. (Шундан сўнг) унда донни, узум ва кўкатни, зайтун ва хурмони, қалин боғларни, мева ва гиёҳларни ундириб чиқардик.
Ҳа, инсонга таом бўладиган ердан чиқувчи дон, кўкат, зайтун, хурмо ва турли меваларни Аллоҳ яратади. “Буларни табиат яратади”, “бу табиат инъомлари”, деб ўзимизни алдаш ва ўзгаларни чалғитиш ақлли инсонга тўғри келмайди. Балки бу неъматларни берган Аллоҳга шукр қилишимиз лозим бўлади.

32. (Булар) сизлар ва чорваларингизга манфаат бўлиши учун (ато қилинди).
Юқорида санаб ўтилган неъматлар инсон ва унинг чорвалари учун озуқа қилиб берилди. Чорвалар эса инсон манфаати учун хизмат қилади. Демак, барча неъматлар инсон учун яратилган. Ундан талаб қилинадиган ягона нарса, бу Аллоҳга ибодат қилиш, холос.

33. Бас, қачон кар қилувчи келса...
Инсон ҳаёти фақат онадан туғилиш, неъматлардан баҳраманд бўлиш ва ўлиб, тупроқ остига кўмилишдангина иборат эмас. Ҳали қиёмат бор, ҳисоб қилиниш бор. Бандалар кўпроқ мана шу жиҳатни эътибордан четда қолдирмасликлари керак.
Яъни: вақти соати етиб, қулоқларни кар қилувчи кучли овоз эшитилганида, яъни қиёмат қоим бўлганида...

34-36. Ўша кунда киши ўз оға-инисидан, она ва отасидан, хотини ва ўғилларидан қочади.
Қиёматнинг даҳшати ва ташвишлари кўплигидан ўша куни киши дунёдалик чоғида қалин муносабат билан борди-келди қилиб юрган яқин дўсту биродари, меҳрибон ота-онаси, суюкли ёри ва жигаргўшаси бўлмиш фарзандларидан ҳам юз ўгириб қочади. Ваҳоланки, улар дунёда унга энг яқин эдилар, бошига бир юмуш тушганда биргалашиб, кўмак бериб юрардилар.

37. (Сабаби) ўша кунда ҳар бир кишининг етарли иши (ташвиши) бўлади.
Киши яқинларидан қочишига сабаб ҳам шу. У куни ҳамма ўзи билан овора бўлиб, бошқалар ҳақида қайғуришга, бировнинг муаммосини ҳал қилишга имкон топа олмайди, ўзининг ташвиши ўзига етиб ортади.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда ҳашр қилинасизлар”, деганларида, у зотнинг хотинлари (яъни, Оиша): “Биз бир-бирларимизнинг авратларимизга қарайверамизми?!” деб сўради. Шунда у зот: “Эй фалончи, “ўша кунда ҳар бир кишининг етарли иши (ташвиши) бўлади”, дедилар” (Бухорий, Термизий, Насоий, Ҳоким ва Байҳақий ривояти).

38-39. Ўша куни (баъзи) юзлар чароғон, кулувчи ва хурсанд бўлади.
Бандалар қиёмат куни икки тоифа бўладилар: саодат топганлар ва бахтсизлар. Тақводор мўминлар ўзларига берилган улкан мукофот ва жаннат неъматларини кўриб, хурсанд бўладилар, юзларида шодон кулгу намоён бўлади.

40. (Баъзи) юзлар эса ғубор ичида бўлади.
Иккинчи тоифанинг хафалиги уларнинг юзида акс этади. Чунки улар оқибатлари қандай бўлишини биладилар ва қаттиқ қайғурадилар.

41. Уни зулмат қоплаб олади.
Улар юзини зулмат ва маъюслик қоплаб олади.

42. Улар кофир ва фожирлардир!
Юзини зулмат қоплаб, ғам-андуҳ ичида қолган кимсалар, бу Аллоҳни тан олмаган бузғунчи кимсалардир.

 

 

 

079. Нозиот сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 46.
Тартиб рақами: 79.
Сура маъноси: шиддат билан суғуриб олувчилар.
Суранинг бошқа номи: Соҳира (ер юзаси, майдон).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. (Кофир ва фожир кимсалар руҳини баданларидан) шиддат билиб суғуриб олувчи (фаришта)лар билан қасам...
Кофирлар қалби дунё ҳаётига жуда қаттиқ боғлангани, ўлимдан кейинги ҳаётни инкор қилганлари боис уларнинг руҳи таналарига қаттиқ ёпишиб олган бўлади. Шу сабаб уларнинг жони ўлим фаришталари томонидан шиддат билан суғуриб олинади.

2. (Мўминлар руҳини) осонлик билан олувчи (фаришта)лар билан қасам...
Мўминларнинг қалби ва руҳи Аллоҳга боғлиқ бўлади. Шу сабаб ўлим чоғида уларнинг жонлари осонлик билан олинади.

3. (Осмондан Ерга) сузиб тушувчи (фаришта) билан қасам...
Аллоҳ таоло бу оятда Ўзининг амрини тезлик билан осмондан Ерга олиб тушувчи фаришталар билан қасам ичмоқда.

4. Ўзиб юрувчи (фаришта)ларга қасам...
Бу оятда мўминлар руҳини жаннатга элтишда ўзаро мусобақа қилувчи фаришталар билан қасам ичилмоқда.

5. Ишнинг тадбирини қилиб турувчи (фаришта)га қасамки...
Бу оятда Аллоҳнинг изни билан шамол, ёмғир, ризқ, жон олиш каби ишларнинг тадбир қилиб турувчи фаришталар билан қасам ичилмоқда.
Айтилишича, дунё ишларини тадбир қилиш тўртта фариштага топширилган. Булар. Жаброил, Микойил, Азроил ва Исрофил.

6. Ўша куни титровчи титрайди.
Аллоҳ таоло улуғ фаришталар билан қасам ичиб, қиёмат куни сурга биринчи бор пуфланганда Ер қаттиқ қимирлашини маълум қилмоқда. Ана ўшанда жамики тирик жонзот ўлади.

7. (Унинг кетидан) эргашувчи эргашади.
Сўнгра сурга иккинчи марта пуфланади ва Ер силкинади, тоғлар сочилиб кетади, осмон ёрилади ва бошқа ҳодисалар рўй беради. Кейин Аллоҳ бандаларини қайта тирилтиради.

8. У кунда қалблар қўрқувга тушади.
Қиёмат даҳшатларини кўрган кофирлар қалби қўрқувга тушади.

9. Кўзлари хавфга тўлади.
Уларнинг кўзларида саросима, таҳлика ва қаттиқ изтироб намоён бўлади.

10-11. Улар (дунёдалик чоғларида): “Наҳотки бизлар (ўлиб) чириган суякларга айланиб кетганимиздан сўнг ҳам қайта тирилсак?!” дер эдилар.
Кофирлар қиёмат куни ночор аҳволга тушишларига мана шу қабилдаги сўзлари ва ақидалари сабаб бўлди. Улар қайта тирилиш ва ҳисоб қилинишни инкор қилиб келардилар.

12. Улар: “У ҳолда бу (бизлар учун жуда) зиён кўриладиган қайтиш-ку!?” дедилар.
Бу сўзни улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларини масхаралиш учун истеҳзо ва инкор маъносида айтардилар. Уларнинг бу сўзидан: “Агар сизлар айтаётгандек қиёмат бўлиб, қайта тирилсак, унда ҳолимизга вой экан-да?!” деган маъно келиб чиқади.

13. Бас, у (қайта тирилиш) биргина қичқириқ(дан иборат)дир.
Бунга жавобан Аллоҳ шундай раддия бермоқда: “Қиёматнинг бўлишига шубҳа қилманглар. Уни содир этиш Аллоҳ учун осондир. Менинг изним билан биргина қичқириқ бўлса бас, сизлар қайта тириласизлар.

14. Қарабсизки, улар (маҳшаргоҳ) майдонида (турибди)лар!
 Ҳа, қайта тирилтириш Аллоҳ учун ҳеч гап эмас. Бир қичқириқдан сўнг бандалар қабрларидан туриб, маҳшаргоҳда ҳозир бўладилар ва Аллоҳга ҳисоб берадилар.

15. (Эй Муҳаммад,) Сизга Мусонинг хабари келдими?
Яъни: эй Муҳаммад, Сиз Мусо ва Фиръавн қиссасидан хабардорсиз.

16-19. Парвардигори унга муқаддас Туво водийсида нидо қилиб, “Фиръавннинг олдига боргин, чунки у туғёнга кетди. Унга: “Сенинг покланишга рағбатинг борми? Мен сени Парвардигоринг (йўли)га ҳидоят қиламан ва (шояд) сен (У Зотдан) қўрқсанг”, дегин” деди.
“Туво” Сино тоғидаги муқаддас водийдир. Аллоҳ таоло у ерда Мусо алайҳис салом билан воситасиз гаплашган. Ана ўша қиссанинг баъзиси ушбу оятларда зикр қилинмоқда. Демак, Аллоҳ таоло Мусо алайҳис саломга Фиръавн кибр ва зулм билан туғёнга кетканида, унинг олдига бориб, ширкдан покланишга, Аллоҳнинг йўлига, У Зотдан қўрқишга чақиришни амр қилган.

20. Бас, (Мусо) унга катта бир мўъжиза кўрсатди.
Мусо алайҳис салом Фиръавнни ҳақ динга даъват қилгач, айтган сўзларига далил бўлиши учун унга катта бир мўъжиза кўрсатди – қўлидаги ҳассани илонга айлантирди.

21. (Фиръавн ҳеч иккиланмай) уни ёлғонга чиқарди ва (Парвардигорига) осий бўлди.
Аммо, Фиръавн бу мўъжизани инкор қилди ва Аллоҳнинг амрига бўйин эгмасдан гуноҳкор бўлди.

22. Сўнг (макр-ҳийла) ҳаракатига тушиб юз ўгирди.
Сўнгра ҳақдан юз ўгириб, оқибатини ўйламаган ҳолда ўзининг ботил қуроли билан ҳаққа қарши курашиш ҳаракатига тушди.

23-24. Шундан сўнг у (ўз халқини бир жойга) йиғиб: “Мен сизларнинг улуғ парвардигорингизман!” деб нидо қилди.
Фиръавн уруш учун аскарларни, макр учун сеҳргарларни ва гувоҳ бўлишлари учун халқини бир жойга тўплаб, Миср диёрида унга бас келадиган подшоҳ йўқлигини даъво қилди ва ўзини қавмининг энг улуғ илоҳи деб эълон қилди.

25. Бас, Аллоҳ уни охират ва дунё азоби билан жазолади.
Фиръавн дунёда ҳам, охиратда нажот тополмайди. Аллоҳ таоло Фиръавнни дунёда сувга ғарқ қилганди. Охиратда эса жаҳаннам оловида қаттиқ азоблайди.

26. Албатта бунда қўрқадиганлар учун ибрат бор.
Фиръавн қиссасида Аллоҳ учун тақво қиладиган бандаларга ибрат ва насиҳат бор. У Зотдан қўрқмайдиган кимсалар эса бундай қиссалардан таъсирланмайдилар.

27. (Эй кофирлар,) сизларни яратиш қийинроқми ёки осмонними? (Ваҳоланки Аллоҳ) уни бино қилди.
Бу оятда ўлимдан кейинги қайта тирилиш ва ҳисоб қилинишни инкор қиладиган кофирларла қарата хитоб қилинмоқда. Осмон ва ундага юлдузлар, коинот ва биз билмаган яна кўп нарсаларни Аллоҳ яратиб қўйибди. Осмонга нисбатан Ер курраси жуда кичик. Ана ўша ерда яшайдиган ожиз бир банда қайта тирилишни ёлғонга чиқарадими?! Чек-чегараси бўлмаган улкан осмонни яратган Зот инсонни қайта тирилтара олмайдими?!

28. Унинг шифтини баланд кўтариб, мукаммал қилди.
Аллоҳ таоло осмон шифтини баланд кўтарди. Унда яна кўп нарсаларни жорий қилди. Буларнинг бари мукаммалдир. Осмон ерни босиб қолмайди, ҳар бир жисм ўз ўлчови бўйлаб ҳаракат қилади.

29. Ва У (Зот) тунини қоронғу қилиб, (ундан) кундузини чиқарди.
Аллоҳ таоло кун ва тунни алмашадиган қилиб қўйди. Бу ҳам улуғ неъмат ва мўъжизадир. Агар доимий тарзда кун ёки тун бўлганида нима бўлишини тасаввур қилиб кўринг.

30. Шундан сўнг Ерни ёйиқ – текис қилди.
Осмонни яратиб бўлгач, Аллоҳ махлуқотлар яшаши учун Ерни текис ва қулай қилиб қўйди.

31. Ундан сувини ва майсазорларини чиқарди.
Аллоҳ ердан кўп дарё ва денгизларни чиқариб, улар ёрдамида ўсимлик ва дарахтларни кўкартиради.

32. Ва тоғларни ўрнаштирди.
Устидаги махлуқотларни силкитиб юбормаслиги учун Аллоҳ тоғларни Ерга қозиқ қилиб қўйди.

33. Бу (неъматлар) сизлар ва чорваларингиз учун манфаат бўлсин деб (ато этилди).
Юқорида санаб ўтилган неъматларнинг барчаси инсон ва ҳайвонот олами учун яратилган. Фақат ана ўша ақлли, айни дамда ожиз инсон яратган Парвардигорини унутмаса, қиёматни ёлғонга чиқармаса бўлгани.

34. Қачонки улкан ғолиб бўлувчи келса...
“Улкан ғолиб бўлувчи” қиёмат номларидан биридир. Қиёмат барча нарсадан устун, ўз даҳшати билан барча нарсани қамраб олувчи ва мусибатларнинг энг йиригидир.

35. Ўша куни инсон қилган (амаллар)ини эслаб қолади.
Қиёматда банда номаи аъмолини кўрганида дунёда қилиб ўтган барча яхши ва ёмон амалларини эслайди, қилган ишлари кўз ўнгидан бир-бир ўтади. Банда ўша амалларни унутиб юборган эди, аммо Аллоҳ тарафидан тайинланган фаришталар унинг жамики амалларини саҳифага мудом муҳрлаб борганлар.

36. Ва жаҳаннам кўрадиганлар учун кўрсатилади.
Қиёмат куни жаҳаннамдан парда кўтарилиб, уни ҳамма кўради, ундаги даҳшатларга гувоҳ бўлади.

37-38. Бас, ким туғёнга кетса ва дунё ҳаётини устун қўйса...
Энди кимки куфр ва исён билан ҳаддидан ошиб, дунёни охиратдан устун қўйса, қиёмат кунига муносиб таёргарлик кўрмаса...

39. (Бундай кимса учун) албатта жаҳаннам макон бўлади.
Бундай бандаларга фақат жаҳаннамгина макон бўлади. Улар жаннатга кириш ҳақида умуман ўйламасинлар.

40. Энди кимки Парвардигори (ҳузурида) туришдан қўрқса ва нафсини ҳаво(ланиш)дан тийса...
Энди кимки қиёматда Парвардигори ҳузурида туриб, амаллари ҳақида ҳисоб беришини билса, ўша кундан қўрқса, нафсини ҳисоб қилиб, уни турли маъсият ва шаҳватларга берилишдан сақласа...

41. (Унинг учун) албатта жаннат макон бўлади.
Бундай банданинг борар жойи жаннатдир.

42. (Эй Муҳаммад,) Сиздан (қиёмат) соати ҳақида – у қачон содир бўлади, деб – сўрашади.
Мушриклар истеҳзо ва инкор маъносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қиёмат қачон содир бўлишини кўп сўрар эдилар. У зот бўлсалар, шояд улар ҳидоятга келсалар, деб саволларига жавоб беришни хоҳлардилар. Лекин Аллоҳ таоло у зотни бундан қайтарди ва қиёматнинг қачон бўлиши фақат Аллоҳгагина хос илм эканини маълум қилди.

43. У (қиёмат)нинг зикрини Сиз қаердан билар эдингиз?
Улар гўё Сиз биладигандек қиёмат қачон бўлиши ҳақида савол бермоқдалар. Ваҳоланки, Сиз унинг қачон содир бўлишини билмайсиз.

44. Унинг тугаши (яъни, илми) Парвардигорингизга (тегишли)дир.
Фақат Аллоҳ билади қиёматнинг қачон бўлишини. Ундан ўзга биронтаси, ҳатто муқарраб фаришта ёки пайғамбарлар ҳам бундан хабардор бўлишмалар.
Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат ҳақида сўрар эдилар. Қачонки “У (қиёмат)нинг зикрини Сиз қаердан билар эдингиз? Унинг тугаши (яъни, илми) Парвардигорингизга (тегишли)дир” ояти нозил бўлгандан кейин бу ҳақида бошқа сўрамадилар (Ҳоким, Ибн Жарир ва Баззор ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

45. Сиз фақат ундан қўрқадиганларни огоҳлантирувчисиз, холос.
Эй Муҳаммад, Сиз қиёматда оғир ҳисоб қиланишдан қўрқадиган бандаларни огоҳлантирасиз, холос. Уларга қиёмат соати қачонлигини баён қилиш Сизнинг вазифангиз эмас.
Зайд ибн Аслам розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Жаннатга ун(га кириш)дан умид қилган банда киради. Жаҳаннамдан қўрқувчи банда ундан узоқ қилинади. Аллоҳ раҳм қилган бандасига раҳм қилади” (Байҳақий ва Абу Нуаъйм ривояти. Ривоят санади заиф).

46. Улар уни кўрадиган кунда худди бир кеча ёки кундузнинг бир қисмичалик (вақт мобайнида) тургандек бўлиб қоладилар.
Қиёмат қоим бўлиб, унинг даҳшатли манзараси шоҳиди бўлган кофир ва осийлар дунёда ҳеч қанча вақт турмагандек бўлиб қоладилар. Бу муддат уларга пешиндан шомгача ёки қуёш чиққандан пешин вақтигача бўлиб туюлади. Сабаби қиёмат барча лаззатларни унуттиради. Натижада улар дунёда жуда оз фурсат яшагандек бўлиб қоладилар.

081. Таквир сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 29.
Тартиб рақами: 81.
Сура маъноси: ўраб қўйиш.
Сура фазилати: Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ким қиёмат кунига ишонч кўзи билан назар солишни хоҳласа, “изаш-шамсу куввирот” (Таквир), “изас-самааун-фаторот” (Инфитор) ва “изас-самааун-шаққот” (Иншиқоқ суралари)ни ўқисин” (Имом Термизий ривояти).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Қачон Қуёш ўраб қўйилса...
Қиёмат куни дунёда тинмай зиё сочиб турган улкан Қуёш худди копток каби ўраб қўйилади. Биз бунга имон келтирамиз. Аммо унинг қандай кечишини билмаймиз.

2. Юлдузлар тўкилиб тушса...
Ўша куни юлдузлар сочилиб кетиб, уларнинг ёруғлик таратиш хусусияти буткул йўқолади.

3. Тоғлар қимирлатилса...
Тоғлар ўрнидан силжитилиб, зарраларга айлантирилади ва ҳавода чанг каби учиб юради.

4. Ўн ойлик (боласи бор) бўғоз туялар қаровсиз қолдирилса...
Ҳомиласи ўн ойлик бўлган, туғишига оз қолган буғоз туя араблар наздида энг қийматли ва севимли нарса бўлиб келган. Демак, қиёмат куни банда ўзи учун энг қадрли нарсаларни ҳам беъэътибор қолдирар экан.

5. Ваҳший (ҳайвон)лар тўпланилса...
Бу кун барча ҳайвонот олами бир жойга тўпланилади ва бир-бирларидан қасос олиб берилади. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ҳатто пашша каби кичик ҳашоратлар ҳам ҳашр қилинар экан (Ибн Мунзир ва Ибн Абу Ҳотим  ривояти).

6. Денгизлар ёндирилса...
Биз одатда сувдан оловни ўчиришда фойдаланамиз. Қиёматда бу низом ва қоида бутунлай тескари кўриниш касб этади. Дарёлар, денгизлар ловуллаб ёнади!

7. Руҳлар жуфтлаштирилса...
Инсон вафот этганида унинг руҳи танасини тарк этади ва қиёмат куни яна инсон танасига қайтиб, бадан билан руҳ бирлашади .

8-9. Тириклайин кўмилган қиз қандай гуноҳи сабаб ўлдирилгани сўралса...
Жоҳилият даврида арабларда қиз фарзанд кўришни ўзига ор ва шармандалик санаб, уларни тириклайин кўмиш одати бор эди. Бечора қиз бола фақат аёл бўлиб туғилгани учунгина қатл қилинарди. Бу сабабсиз ўлдиришдир. Қиёматда ана шу хусусда ҳам бандалар ҳисоб қилинадилар.

10. Саҳифалар очилса...
Қиёматда ҳисоб қилиниш учун банданинг номаи аъмоли очилади. Шу маънода Ибн Журайж айтади: “Банда вафот этса, унинг саҳифаси ёпилади. У қиёмат куни очилади ва унда нима борлигига қараб ҳисоб қилинади”, деган (Ибн Мунзир ривояти).

11. Осмон сидириб олинса...
Қиёматда осмон жойидан қўпориб олинади ва осмоннинг ўзидан ҳам, унинг ғилофию шифтидан ҳам ном-ношон қолмайди.

12. Жаҳаннам қаттиқ қизирилса...
Аллоҳнинг душманлари қаттиқ азобланишлари учун бу кун жаҳаннам янада шиддат билан қиздирилади.
Қатода айтади: “Жаҳаннамни Аллоҳнинг ғазаби ва Одам болалари содир этган гуноҳлар қиздиради”.

13. Жаннат яқинлаштирилса...
Кофирлар учун жаҳаннам қиздирилаётган бир пайтда мўминлар учун жаннат яқинлаштирилади ва улар учун муҳайё қилиб қўйилади.

14. (Ҳар бир) жон нима тайёрлаганини билиб олади!
Қиёмат қоим бўлганидан дарак берувчи ҳодисалар юз берганида ҳар бир банда дунёда қилган яхши ва ёмон амалларини, солиҳ амалларидан қайси бири Аллоҳ тарафидан қабул қилингани ва қайсиниси рад этилганини билиб олади.

15-16. Кўздан ғойиб бўлувчи, яширинувчи (сайёра)ларга қасам...
Аллоҳ таоло ушбу оятларда кечаси кўриниб, кундузи кўздан ғойиб бўлувчи, ўз ўқи атрофида тинимсиз айланиб турувчи сайёралар билан қасам ичмоқда.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ушбу икки оят ҳақида: “Улар етти сайёрадир: Зуҳал, Баҳром, Уторид, Муштарий, Зуҳро, Қуёш ва Ой”, деган (Ибн Мардавайҳ ривояти).

17-18. Келиб-кетиб турган кеча ва отадиган тонгга қасамки...
Ушбу икки оятда эса шом пайтида кириб, тонггача давом этувчи тун, инсон ҳамда жамики мавжудотга тетиклик, руҳ олиб кирувчи тонг билан қасам ичилмоқда.

19-21. Албатта у карим, Аршнинг Соҳиби наздида қувватли ва ҳурматли, итоат этилувчи ва ишончли Элчининг сўзидир!
Аллоҳ таоло турли сайёралар, тун ва тонг билан қасам ичгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган Қуръон тўқима ва уйдирма эмаслиги, у Парвардигори ҳузурида ҳурматли, куч-қувватли, улуғ мартабага эга, фаришталар томонидан итоат этилувчи, Аллоҳнинг амрини етказишда хиёнат, унутиш ва камчиликлардан холи бўлган элчи фаришта – Жаброил алайҳис салом орқали нозил қилинганини маълум қилмоқда.

22. Сизнинг Соҳибингиз мажнун эмас.
Бу ерда Аллоҳ суюкли Пайғамбари нолойиқ сифатлардан холи экани, Макка аҳли сифатини беш қўлдек биладиган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мажнун эмасликларини таъкидламоқда.

23. Албатта уни очиқ уфқда кўрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳис саломни Машриқ томонда асл суратида кўрганлар.
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтади: “У зот Жаброилни кўрганларида, унинг олти юзта қаноти бўлиб, уфқни тўсиб турарди” (Ибн Мунзир, Абдураззоқ ва Абд ибн Ҳумайд ривояти).

24. У ғайбга бахил эмас.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам осмон хабарига, ваҳийни етказишга бахиллик қилмайди, балки Аллоҳнинг каломи ва ҳукмларини бекаму-кўст етказади.

25. У тошбўрон қилинган шайтоннинг сўзи эмас.
Ушбу Қуръон илоҳий хабарларни хуфёна эшитувчи, юлдузлар билан уриб туширилувчи жин ёки шайтонларнинг сўзи эмас. Қурайшийлар айтганидек, Қуръон шер ҳам, коҳинлик ҳам эмас. У Аллоҳнинг Каломидир!

26. Бас, сизлар қаерга кетяпсизлар?!
Қуръон оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинганини билиб туриб ҳам қаерга кетаяпсизлар?! Қуръон йўлидан бошқа яна қандай йўлга юрмоқчисизлар?!

27. У оламлар учун эслатмадир.
Қуръон йўлидан бурилиб қаерга ҳам борардинглар?! Ваҳоланки, у бутун инсониятга эслатма ва насиҳат-ку!

28. Орангиздаги собитқадам бўлишни хоҳлаганлар учун (эслатмадир).
Бу ерда аввал Қуръон ҳамма инсонларга ҳидоят эканини айтилиб, сўнгра улар ичидан ҳидоят ва тўғри йўлда юришни хоҳловчидар учунгина йўлбошчи ва дастуруламал экани таъкидланмоқда.

29. Сизлар фақат оламлар Парвардигори Аллоҳ хоҳласагина хоҳлайсизлар.
Ҳамма нарса Аллоҳнинг иродасига боғлиқ, бандаларникига эмас. Мўмин банда бу эътиқодни қалбига чуқур сингдириб олиши лозим.
Салмон ибн Мусо ривоят қилади: “Қачонки “орангиздаги собитқадам бўлишни хоҳлаганлар учун (эслатмадир)” ояти нозил бўлганида, Абу Жаҳл: “Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Хоҳласак, собитқадам бўламиз. Хоҳламасак, йўқ”, деди. Шунда Аллоҳ таоло “сизлар фақат оламлар Парвардигори Аллоҳ хоҳласагина хоҳлайсизлар” оятини нозил қилди” (Ибн Жарир, Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Абу Ҳотим  ривояти).

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase